Баҳор, ёмғир, фестиваль… (2019 йил, 17 сон)

162

“Тасвирий ва амалий санъат фестивали” айни баҳорда ташкил этилишининг  ўзига хос хусусияти бор. Бу фаслда нафақат табиат уйғонади, балки  атроф гўзаллиги ижодкор аҳлига илҳом бағишлайди. Пойтахтимизда ажиб манзара касб этган баҳор ва фестиваль уйғунлиги шу кунларда Ўзбекистон Бадиий академиясининг кўргазмалар зали ва хиёбонларига ҳам кўчди.

Тадбир Шарқнинг машҳур мусаввири Камолиддин Беҳзод ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Халқ  рассомлари, халқ усталари, ҳунармандлар, санъаткорлар, юртимиздаги элчихоналар ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, устозлар ва талабалар иштирокидаги фестивалнинг очилиш маросими байрамона тус олди. Сўзга чиққан Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов ва бошқалар мамлакатимиз Президенти раҳнамолигида  амалга оширилаётган барча ишлар ёш ижодкорларнинг бахту саодати, уларнинг ёруғ келажагига хизмат қилишини таъкидладилар. Бангладеш Халқ Республикаси элчиси Мосуд Маннан фестивальнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, иштирокчиларни чин дилдан қутлади. “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”га бағишланган тадбирда ҳафта давомида  таниқли рассомлар, ҳайкалтарошлар, ҳунармандлар ва  қўлигул усталарнинг  сара асарларидан ташкил этилган кўргазмалар, улар иштирокида устоз-шогирд  дарслари, қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтмоқда.  Пойтахтимизнинг энг катта кўргазма залларида таниқли санъаткорларнинг нодир асарлари, шунингдек,  навқирон авлод вакилларининг ёшлик нафаси уфуриб турган ижод намуналари    намойиш этилмоқда.

Марказий кўргазмалар залига қўйилган Алишер Алиқуловнинг “Имом Бухорий ҳаёт йўллари ва мероси”, “Имтиҳон” каби маҳобатли ижод намуналари фестиваль иштирокчиларига яхши кайфият бағишлади. Биринчи қаватдаги залга улуғворлик бағишлаб турган  мазкур асарнинг яратилиши ҳақида рассом шундай деди: “Бу суратлар Имом Бухорий музейида сақланади. Уларни яратиш осон кечмади, албатта.  Улуғ алломанинг ҳаёти ва ижодини интернет саҳифаларидан, тарихий китоблардан ўқиб-ўргандим. Олим ҳақида жуда кўп қизиқарли маълумотларга эга бўлдим. Айниқса, “Имтиҳон”  номли асаримда акс эттирилганидек,  ўндан ортиқ олимлар алломанинг билимини синаб кўришади ва унинг зеҳнига қойил қолишади.” Иккинчи қаватдаги кўргазма залида рассомлар Р.Худойбергановнинг “Хурмо пишганда”, “Хаёл”, Ш.Жуманиёзовнинг “Раққоса”, “Қўнғирот гўзали” каби портретлари, Б.Торебаевнинг  “Кўк қуш”, “Тоғларда тонг”, С.Қосимованинг “Лисон ут-тайр”, У.Ражабовнинг ижтимоий  фалсафа ва кундалик  ҳаёт манзаралари акс этган “Кўчиш”, “Йўлда”, “Тарвуз сотиш”, “Бекатда. 91-автобус” каби асарлари хорижлик меҳмонларда қизиқиш уйғотди. ўурумсарой кулолчилик мактабининг вакили Ваҳоб Буваев ижодидан намуналар шакл ва рангларининг мутаносиблиги билан томошабинларга манзур бўлди. Бангладеш, Озарбайжон, Индонезия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг миллий либослари, чолғулари  ва турли буюмлари  ҳам кўпчиликка маъқул бўлди.

“Витраж,  яъни ойнага гул чизиш санъати  нозиклиги билан ажралиб туради, — дейди Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси Зайнобиддин Усмоналиев. — Бу санъат  сабр-тоқатни талаб қилади. Агар бўёғи кўп ёки кам бўлиб қолса, қайта тузатиб бўлмайди.”

Ёш ижодкор ўқувчи-талабалар фес­тивалда фаол иштирок этмоқда. Республика рассомлик,  дизайн коллежлари, тасвирий санъат мактаблари, Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тошкент давлат Педагогика университети, Чирчиқ давлат Педагогика институти талабаларининг ўзига хос ижодий мусобақалари қизиқарли тус олди. Марказий кўргазма зали олди ва атрофларида ёшлар ижодидан  таркиб топган экспозиция ажиб манзара касб этди. Кимдир портрет, кимдир манзара чизади, бири ўймакорлик, бошқаси чарх айлантириш билан банд. Ушбу жараёнга уйғун мусиқа садолари қулоққа ёқимли эшитилади. Тошкент Педагогика университетининг “Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси” бўлими талабалари Умида Улуғбекова ва Малика Наримова иштиёқ билан тикаётган кашта нафислиги билан кўпчилик эътиборини тортди. Қизларнинг қўли чаққон ҳаракатланади, нигоҳларидан мамнунлик уфуриб турибди. Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчилари темир-терсак, пластилиндан турли ҳашорату ҳайвонларни  қизиқарли шаклларда  яратишган.

Тасвирий санъат галереясида турк­манистонлик рассом Мамед ­Ярмамедовнинг олтмишдан зиёд асарлари илк бор намойиш этилмоқда. Рассомнинг ишлари  миллий руҳи, анъаналарга бойлиги билан диққатни тортади. Ҳафталикнинг иккинчи куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Чингиз Аҳмаров ва унинг шогирди Содиқ Раҳмоновнинг “Мўйқалам ила ёзилган  назм” номли экспозиция, “Камолиддин Беҳзод издошлари” республика ижодий танлови якуний кўргазмасининг очилиши ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.  Халқаро Маданият карвонсаройида очилган Халқ амалий санъати секциясининг кўргазмаси ҳам томошабинлар билан гавжум бўлди. Унда наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, кулолчилик асарлари ва миллий чолғулар намо­йиш этилди. Тадбир доирасида ёш мусаввира қизлар танлови ўтказилди. ўолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Ҳафталикнинг учинчи куни қизиқарли воқеа-ҳодисаларга бой бўлди.

Бадиий академиянинг кўргазмалар залида Республика ихтисослаштирилган рассомлик  мактаби томонидан тайёрланган “Шарқ композицияси” номли тарихий либослар лойиҳаси намо­йиш этилди. Халқаро Маданият карвонсаройида кулоллар Назира Қўзиева ва Фаина Деденёваларнинг маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Тошкент Фото уйида Миллий рассомлик ва дизайн институтининг профессори Собир Раҳметов раҳбарлигида “Устахона” лойиҳаси, театр декорацияси рангтасвири кафедраси, либослар дизайни кафедраси кўргазмаси очилди. Шу куни Тасвирий санъат галерея­сида рассом Акмал Икромжонов ва шогирд­­ларининг  кўргазмаси очилди. Таниқли мусаввир Иброҳим Вали­хўжаев: “Бу каби фестиваллар, аввало, ёшлар ва мураббийлар учун жуда муҳим. Фестиваль давомида янги талантлар кашф этилади, уларнинг ижодига яқиндан назар солиш имкони туғилади. Рассомлар ўзлари билганларини ёш ижодкорларга меҳр-муҳаббат билан ўргатишларига умид қиламан. Зеро, устоз-шогирд анъаналари бардавом экан, тасвирий санъат гуллаб-яшнайверади”, деди фахр билан.

Тўртинчи ва бешинчи кунлари Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг анжуманлар залида  “Санъат ва бадиий таълим: инновацион жараёнлар ва ХХI асрга доир самарали ўзаро таъсир масалалари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Халқаро Маданият карвонсаро­йи­да маҳорат дарслари ўтилган бўлса,  Тошкент Фото уйида Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларининг замонавий ва анъанавий либослари намойиш этилди. Бадиий академиянинг кўргазмалар залида  Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати томонидан тайёрланган концерт дастури иштирокчиларга манзур бўлди. Ҳафталик эртага, Марказий кўргазмалар залида  фаол иштирокчиларга соврин ва дипломларни тантанали топшириш маросими билан якунланади.

Сарвара ҚОСИМОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг