“Тошкент баҳори” сепини ёйди (2019 йил, 17 сон)

169

Апрель ойининг гоҳ булутли, гоҳ булутлар орасидан офтоб мўралаб турган серёғин кунларида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри саҳнаси “Тошкент баҳори” Халқаро опера ва балет санъати фестивалининг чароғон нурларига бурканди. Бешинчи бор ўтаётган ушбу санъат байрами Маданият вазирлиги, вазирлик қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Алишер Навоий номидаги театр, “Ўзбекнефтегаз” АЖ ҳамда “Театр дўстлари” клуби ҳамкорлигида ташкил этилди.

— Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур фестиваль санъаткорлар ўртасидаги дўстона ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳларни юртимиз ҳамда турли давлатлар опера ва балет солистларининг ижрочиликдаги энг яхши ютуқлари билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга, — деди биз билан суҳбатда театр бадиий раҳбари Элдор Азимов. — Фестивалда намойиш этиладиган опера ва балет спектаклларида театримизнинг етакчи ижодкорлари билан бирга Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Хитой каби давлатларнинг таниқли артистлари асосий рол­ларни ижро этишади.

20 апрель куни композитор С.Юдаковнинг “Майсаранинг иши” (режиссёр Ҳайдарали Қосимов, мусиқа раҳбари ва дирижёр Фазлиддин Ёқубжонов) операси намойиши билан очилган фестиваль 5 май куни П.Чайковскийнинг “Оққуш кўли” балети билан ниҳоясига етади. Тадбир давомида мухлислар Ж.Вердининг “Аида”, “Трубадур”, “Травиата”, Ж.Бизенинг “Марварид изловчилар” операларини, “Қақнус” (И.Стравинский), “Шаҳризода” (Н.Римский-Корсаков), “Конфуций” (Хитой Миллий опера, рақс ва драма театри), “Баядерка” (Л.Минкус) балетларини томоша қиладилар. Шунингдек, томошабинлар эътиборига “Тумор” ансамблининг концерт дастури, Миллий рақс ва хореография олий мактаби талабаларининг ҳисобот концерти ҳавола этилади.

Юқорида қайд этилган опера ва балет спектаклларида Қозоғистондан солист Альфия Каримова, Озарбайжондан дирижёр Аюб Қулиев, солист Офоқ Аббосова, Россиядан Асқар Абдуразоқов, Иван Гингазов, Россия Большой театри солистлари Анна Никулина ва Руслан Скворцов ўз маҳоратларини намойиш қиладилар.

Фестиваль спектаклларига ташриф буюраётган мухлислар орасида ёшларнинг кўплиги қувонарли ҳолдир. Консерваториянинг учинчи курс талабаси Рўзивой Шаҳназаров таассуротлари билан ўртоқлашди: “Опера билан учрашув мухлис учун ҳамиша юксак эстетик завқ, мўъжиза ато этади. Шахсан ўзим учун бу амалиёт ҳамдир. Фақат тинглаб қолмасдан, саҳнада кечаётган воқеликни кузатаман. Чунки бу нарса келгусида юртимизнинг бирор театрида ишлайдиган бўлсам, албатта, ёрдам беради. Очиғи, мана шу тарихий саҳнада ижод қилишни жуда истайман”.

“Тошкент баҳори” дилларни қувнатиб давом этмоқда. Бугун саҳнада дунё опера санъатининг дурдоналаридан бири бўлган “Травиата” операси намойиш этилади. Шуниси муҳимки, ушбу фестиваль фақат чет эллик моҳир санъаткорлар билан учрашув бўлиб қолмай, Ўзбекистон опера ва балет санъатининг дунё маданий ҳаётидаги ўрнини белгилашга, ўарб ва Шарқ мусиқий ютуқларининг ўзаро алмашувини таъминлашга хизмат қилади.  

Фазлиддин ЁҚУБЖОНОВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби:

— Опера ҳамда балет санъатини мусиқа ва оркестрсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабабли театрнинг бош дирижёри сифатида оркестрнинг юксак профессионал даражада жаранглашига жиддий аҳамият бераман. Муҳими, фестивалда қатнашаётган меҳмон санъаткорларнинг мусиқачиларимизнинг ижросидан кўнгиллари тўлаётганидир. Лекин асосий баҳони ҳамкасбим Эйюб Қулиевдан эшитдим. Демак, имтиҳондан яхши ўтибман. Ушбу фестиваль театримизнинг ҳар бир ходими учун катта аҳамиятга эга. Бу тадбир ор­қали нафақат қардош халқларнинг мусиқаси, опера ва балет маданияти билан яқиндан танишамиз, балки бундай учрашувлар профессионал маҳоратимизни оширади, янада яхши ижод қилишга ундайди. Меҳмонлар орасида хонандалар, балет артистлари, дирижёрлар бор. Ҳар бирининг ўз йўли, ижро мактаби мавжуд. Фестиваль жараёнида эса, улар бошқа ижрочилар билан ўзаро уй­ғунлашиб кетишлари лозим. Шундай бўляпти ҳам.

 

Ҳайдарали ҚОСИМОВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Фестивални ўтказишдан асосий мақсадимиз халқимизни, айниқса, ёшларни опера ва балет санъатига яқиндан ошно қилиш. Зеро, опера — вокал санъатининг юксак мактабидир. Айтишларича, оригинал тилда куйланган яхши операни тинглаган томошабин саҳнадаги воқеликни ички ҳиссиёти билан қабул қилади. Рақс санъатининг юксак намунаси бўлган балет ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Спектаклларимизни кўраётган меҳмонлар биз билан фикр алмашяптилар. Демак, бу ҳам улар учун қайсидир маънода дарс. Уларнинг санъатимизга эътибори эса бизни хурсанд қиляпти. Аслида, спектаклга киришиб кетиш учун бир-икки кунлик машқлар ниҳоятда камлик қилади. Бироқ ҳозир бу сезилмаяпти. Ишимиз аъло даражада давом этяпти. Ҳаммаси тезда илғаб олинаётгани ҳар икки томон ижодкорларининг профессионал маҳоратидан дарак беради. Фестиваль кунларида барча масалада ҳақиқий ижодий ҳамкорлик ва ўзаро якдиллик ҳукмронлик қилмоқда.

 

Альфия КАРИМОВА, Бошқирдистонда хизмат кўрсатган артист:

— Алишер Навоий номидаги театр жамоасининг таклифи билан биринчи марта ниҳоятда ажойиб тарзда ташкил этилган ушбу фестивалда қатнашишим ва Ўзбекистонда бўлишим. Бу театрда истеъдодли ҳамкасбларим билан танишдим. Дунёнинг энг таниқли санъаткорлари куйлаган машҳур саҳнада роҳатланиб куйладим. Ижроимни тушуниб, самимий қабул қилган томошабинлардан миннатдорман. Мухлисларга тилагим шуки, классик мусиқани севинг, сиз учун ижод қилаётган солистларни, созандалару дирижёрларни, шу даргоҳда ишлаётган барча-барчанинг меҳнатини ҳурмат қилинг. Ахир, улар мусиқа санъати учун, залда саҳнага нигоҳини қадаб ўтирган ҳар бир мухлис учун умр бўйи изланишдан чарчамайдилар. Ҳамкасбларимга эса яна бир бор мухлис учун ижод қилиш умумий ишимиз эканини, спектакль яхлит вужуд бўлиб, ҳар биримиз унинг ўзимизга тегишли қисмига жавобгарлигимизни эслатиб қўймоқчи эдим. Театр жамоасига дунёдаги барча яхшиликларни, ҳамиша илҳомлари жўш уриб туришини тилайман.

 

Ф.ФАХРУТДИНОВА, Г.УМАРОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг