Ўзбекистон-Хитой: Макон ҳам, йўл ҳам битта — тараққиёт! (2019 йил, 17 сон)

288

XXI аср ўз тараққиёт йўлидан оғишмай дунё тамаддуни сари  шашт  билан интилаётган мамлакатимиз тарихи учун тикланиш, танилиш, ўзлигини англатиш, таъкидлаш жоиз бўлса, ўтмишда оламга донғи   таралган улуғ аждодларимизнинг мустаҳкам илдизлари билан боғланиш даври бўлиб қолажак.

Ўтган ҳафтада яқин ҳамкорларимиздан бири – Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонда бўлиши, икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш сари қўйилган дадил қадамлар, қадимдан Буюк Ипак йўли ўтган, дунёда маданий, маърифий, иқтисодий муносабатларнинг боғланишига асос бўлган Самар­қанд шаҳрида бўлиши ва бугунгача етиб келган асори-атиқалар қатидан ватани Қуриё изларини топиши том маънода юртимизнинг ўтмишда ҳам оламга мунавварлик таратиб турган маданий маконлардан бири бўлганлигини исботлайди.

Ҳафта ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига  биноан 24-27 апрель кунлари  “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форум тадбирларида иштирок этиш учун  амалий ташриф билан Хитойда бўлиши ҳам мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни ва обрў-эътибори юксаклигидан дарак беради.

ОАВда таъкидланаётганидек, сафар доирасида давлатимиз раҳбарининг минтақадаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, узоқ муддатли тараққиётнинг янги манбаларини излаб топиш борасидаги шерикликни  фаоллаштириш, “яшил” иқтисодиёт ва инновацияларни илгари суриш каби устувор инфратузилмавий ло­йи­ҳаларни амалга ошириш юзасидан ХХР раиси Си Цзиньпин ва Бутунхитой халқ вакиллари билан учрашиши  ушбу стратегик шериклик нуфузи нақадар катталигини англатади.

Ўзбекистон нафақат  яқин қўшниларимиз жойлашган Ўрта Осиё, балки Марказий Осиёда, шунингдек, дунё ҳамжамиятида тинчлик, ўзаро дўстлик, тенг шерикликка асосланган манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ташаббускори сифатида танилган мамлакат.

Минтақада ўз салоҳиятига эга  бўлган Хитой Халқ Республикаси билан  йўлга қўйилган ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг илдизлари ҳам қадим муносабатларга бориб тақалиши тарихдан яхши маълум.

Шарқ мамлакатлари – ҳозирги Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Индонезия ва Япония каби диёрлардан ҳунармандлар, савдо вакиллари ўз карвонлари, билан нафақат  аҳоли учун истеъмол моллари олиб келишган, балки бу ҳамкорлик ўзаро маданий алоқаларни ҳам  шакллантирган. Ўтмишда Шарқдан чиққан карвонларнинг ўарбга Ўрта Осиёнинг Шош, Самарқанд, Бухоро, Хива каби маърифатли шаҳарлари орқали ўтиши бевосита улуғ аждодларимиз ижодий салоҳияти яратиқларининг ҳам оламга ёйилишига сабаб бўлган. Бугунги кунда бу каби муносабатлар илғор технологияларга асосланиб ривожланмоқда.

Мамлакатимиз тараққиётида хитойлик савдо ҳамкорларининг ҳозир ҳам илғорлик қилаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Юртдошларимиз мамлакатимизда хитойлик мутахассислар кўмагида 900 кунда Қамчиқ довонидан  19 километрдан зиёдроқ  туннел очилиб,  Фарғона водийси билан боғланадиган темир йўл қатнови ташкил этилганини яхши эслашади. Айнан  ана шу бунёдкорлик намунаси ҳам  “Бир макон, бир йўл” лойиҳасида юртимизнинг иштирокидан даракдир.  Фақат бугина эмас, 2018 йил якунларига кўра Ўзбекистон- Хитой ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 6,43 миллиард АҚШ долларини ташкил этганига эътибор қаратишнинг ўзи кифоя.

Ўзбекистон—Хитой муносабатлари маданий-маърифий, адабий жараёнларда ҳам юксак даражада давом этмоқда. Хитойда ўзбек тилини ўрганишга бўлган интилиш, мамлакатимизда хитой тилида сабоқ берилаётган таълим муассасалари сонининг ортиб бораётгани бу ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳосилидир.

Ўзбек ижодкорлари Хитой адабий муҳити, хусусан, танлар шеъриятининг энг машҳур вакиллари сифатида танилган — Ли Бо, Ду Фу ва Бо Цзюйи каби шоирлар,  Конфуций таълимоти, ҳозирги замон театр ва кино, тасвирий санъат намояндалари фаолиятига ҳам катта қизиқиш билан қарайди. Айниқса, туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳар икки мамлакат халқ­лари учун самарали бўлмоқда. Биргина Сирдарё вилоятида “Хитой-Ўзбекистон дўстлик боғи”нинг очилгани ҳам мисол бўла олади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда  буюк хитой донишманди, Осмоности ўлкасининг биринчи профессионал педагоги Конфуций ёдгорлик мажмуасининг барпо этилиши бежиз эмас.

Жаҳонга машҳур мутафаккирнинг фалсафий педагогик таълимоти Мовароуннаҳрда дастлаб Самарқандга етиб келганлиги тарихдан маълум. Буюк Ипак йўлининг маркази ва чорраҳаси бўлган, дунё халқлари илми ва маданияти учрашган нуқтада жойлашган кўҳна Самарқанд маданият, иқтисодий муносабатлар ривожланган манзил бўлиши баробарида таълим-тарбия ўчоғи ҳам эди.

Қадимдан Самарқанд маданият ва маърифат маркази сифатида хитойлик илм истовчиларда ҳам қизиқиш уйғотиб келган. Машҳур пилигримм, хитойлик роҳиб, аллома, сайёҳ, файласуф ва таржимон сифатида машҳур бўлган Сюаньцзан (602 — 664 й.й.) Фарғона, Тошкент­га саёҳат уюштиришдан ташқари илм олиш мақсадида Самар­қанд­га ҳам ташриф буюргани тарихий манбаларда ўз аксини топган.

Ўзбекистон — Хитой алоқалари бугунги кунда янада янги босқичга кўтарилган. 2018 йилда Пекин шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ҳамкорлик бўйича «Бир макон, бир йўл» форумида мамлакатларимиз ўртасида келажакдаги истиқболли режалар белгилаб олинган эди. Буюк Ипак йўлидаги мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган бу лойиҳа Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини ривожлантириш ва намойиш этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди, албатта. Эндиликда Самарқанд давлат университети Улуғбек мадрасаси таълим академиясининг давомчиси сифатида ёш авлодни тарбиялашда, маънавий қадриятларни шакллантиришда Конфуций фалсафасидан ҳам фойдаланиб келмоқда.

Бу каби хайрли алоқалар Хитой томонидан ҳам алоҳида эътибор, эҳтиром билан кутиб олинмоқда. Масалан, Шанхай университетида Ўзбе­кис­тон ва Хитой ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийнинг ҳайкали очилгани ҳам фикримиз исботидир.

Шу кунларда халқимиз давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг  Хитойда “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форуми тадбирларида иштирокини янада катта қизиқиш билан кузатмоқда. Ўзбекистон Президенти ушбу тадбир доирасида  мазкур форумда иштирок этаётган бошқа   хорижий давлат делегациялари ва халқаро ташкилотлар  раҳбарлари  билан ҳам икки томонлама қатор музокаралар ўтказилмоқда.

ОАВ материаллари асосида

тайёрланди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг