Мамлакатимизнинг дунёдаги  барча етакчи давлатлар билан дўстлик, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлиги тенг муносабатлар асосида ривож топмоқда. Чунончи, бугун мамлакатимизда давлат ташрифи билан меҳмон бўлиб турган Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ҳам эътироф этганидек, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар тарихи узоқ ўтмишга бориб боғланади. 

Юртимизда турли миллат ва элат вакиллари билан тенг ҳуқуқда 180 минг корейс миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилади. Улар айни пайтда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Корейс юртдошларимиз орасида кўплаб давлат ва жамоат арбоблари, таниқли шоирлар, кинематографлар, ўқитувчилар, санъат намояндалари борки, бу серқуёш диёримизда барча миллатлар учун бирдек яратилган шарт-шароитларнинг самарасидир. Чунончи, Мактабгача таълим вазири, сенатор Агриппина Шин, сенатор Валерий Тян, Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен, Қонунчилик палатаси депутати, ­Корейс маданият марказлари Ассоциацияси раиси Виктор Пак, бокс бўйича жаҳон кубоги соҳиби Владимир Шин, рассом Николай Шин, академик Владимир Ким, тиббиёт фанлари доктори, профессор Александр Шен, шоирлар Борис Пак, Марта Ким ва бошқа корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистоннинг тараққиёти, гуллаб-яшнаши учун фидойилик намунасини кўрсатиб келишмоқда.

Айни пайтда корейс биродарларимиз таълим муассасаларида ўз она тилларини ўзлаштириш, ижодий салоҳиятларини намоён этиш, олий ўқув юртларида билим олиш ва бош­қа маданий-маънавий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун барча имкониятларга эга.

Ўз мухбиримиз

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг