ОАВда аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2019 йилнинг 14-15 апрель кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди.

Икки мамлакат ўртасидаги қардошлик алоқалари ва стратегик шериклик, жумладан, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалалари ўзбек-қозоқ муносабатларида, жумладан, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларида мужассамлашгандир.

Ўзаро келишувларга асосан 2018 йил 16 ноябрь куни Чимкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг биринчи форуми ҳамда 2019 йил 15 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатларининг биринчи минтақавий иқтисодий форуми якунлари ана шу узвий ҳамкорликнинг ижобий самараларидир.

Икки давлат раҳбарлари тадбирлар доирасида, ўзаро мулоқот чоғида 2018 йилда “Қозоғистонда Ўзбекистон йили”нинг муваффақиятли ўтказилганлиги ва 2019 йил 15 апрелда “Ўзбекистонда Қозоғистон йили”нинг тантанали очилишини мамнуният билан қайд этдилар ҳамда бундай ҳамкорлик ўзбек ва қозоқ халқларининг биродарлиги ва маънавий қардошлиги, икки мамлакатнинг самимий дўстлиги ва тақдирларининг узвий яқинлиги рамзи ҳисобланишини, шунингдек, халқлар ўртасидаги аҳил қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро англашув, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлашни чуқурлаштиришга кўмаклашишини алоҳида таъкидладилар.

Тадбир доирасида ҳафта бошида “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда ҳар икки давлат раҳбарлари  халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталари мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

“Бу муҳим воқелик, шунингдек, халқларимиз ўртасидаги азалий ва самимий дўстлик, маданий ва маънавий якдиллик рамзидир.

Қозоғистоннинг Абай Қўнонбоев, Мухтор Авезов, Ахмет Байтурсунов, Илёс Есенберлин, Ўлжас Сулаймонов ва бош­қа кўплаб атоқли маданият намояндалари тинчлик ва эзгуликни асраш, халқларимизга хос юксак инсоний  фазилатларни тараннум этган”, деди Шавкат Мирзиёев.

Юртимизда Қозо­ғис­тон йилини юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар — ҳар икки мамлакат ўртасида ижтимоий, иқтисодий, тадбиркорлик, фан, таълим, маданият, санъат соҳаларида ва бошқа жабҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш юқорида тилга олинган барча йўналишларда янги уфқлар очиши, ­шуб­ҳа­сиз.

Айниқса, икки мамлакат санъат усталари ва театр жамоаларининг гаст­роль сафарлари ташкил этилгани маданиятларимиз ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Чунончи, ўтган ҳафтанинг душанба куни Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида Чимкент шаҳар ўзбек драма театри жамоаси мухлислар эътиборига “Қашқир улиган тун” спектаклини ҳавола этди. Қозоғистон Давлат мукофоти ва М.Шолохов номидаги Халқаро мукофот совриндори Собир Дўсанов қаламига мансуб ушбу асар (таржимон Меҳмонқул Исломқулов) ўзбекистонлик таниқли режиссёр Сайфиддин Мелиев томонидан саҳналаштирилган.

Шуни таъкидлаш керакки, Икром Ҳошимжонов раҳбарлик қилаётган Чимкент театри репертуаридан М.Али, Н.Қобул, Ш.Бошбеков, И.Зойир, Э.Хушвақтов, Н.Аббосхон каби ўзбек ижодкорларининг асарлари мустаҳкам ўрин олган. Шунингдек, М.Авезовнинг “Абай”, С.Раевнинг “Макка сари олис йўл”, А.Ўразбековнинг “Ёлғиз олма дарахти”, Ч.Айтматовнинг “Чингизхоннинг оқ булути”, Софоклнинг “Шоҳ Эдип” каби асарлари асосида қатор спектакллар ҳам намойиш этилмоқда. Театрнинг бош режиссёри Қуандиқ Қасимов.

“Қашқир улиган тун” драмасида ёш йигит Дониёрнинг ўз тўйида тасодифан вафот этиши, умуман, шу оила бошдан кечирган яхши ва ёмон кунлар маҳорат билан қаламга олинган.

Спектаклда асосий ролларни ижро этган Одилжон Тўғонбоев, Дилфуза Ибрагимжонова, Венера Нишонбоева, Жавлон Сайитов, Васила Абдураҳманова, Зулкарам Тўғонбаева, Улуғбек Насиров, Клара Шодибекова, Аҳмадвай Эргашев каби актёрлар ўзларига топширилган образларни томошабинга етказиб бериш учун бор имкониятларини сарф­ладилар.

Юртимизда бошланган Қозоғистон йили доирасида ўзбек театр мухлислари қозоғистонлик театр санъати усталарининг кўплаб чиқишларидан баҳраманд бўладилар.

Ўз ахборотимиз

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг