Ўлжас СУЛАЙМОНОВ: Тоғларни ерга урмай, даштларни юксалтирмоқ (2019 йил, 16 сон)

330

Хайрлашув
Менинг залим сукут сақлар. Жим.
Қўлимдан келганин барчасин айтдим.
Сукут сақлар мўйсафидлар,
соч-соқоли олинганлар,
олинмаганлар.
Қани, эй зал,
қўзғал энди юмшоқ креслолардан,
Бўронга чиқ.
Оқ йўл бўлсин сенга!
Оғу эмас, хушбўй тамаки
сизнинг узун муштукларингизга,
капитанлар.
Гўзал коинотлар ёр бўлсин сизга!
Ҳозирча,
Насиб этсин
Яхши тушлар, яхши таомлар,
яхши уйлар,
ошхоналар,
яхши гиламлар!
Қўну қўшниликка – ишончли дўстлар.

Мана, бир навжувон,
Ато этсин сизга яхши фарзандлар,
яхши эрни эса сўзсиз топарсиз!

Ана, шофёр,
Мошин ғами ўртайди қалбин,
Чўпоннинг кўнглига қил сиғмас –
Қўзилатиш мавсуми яқин.

Мен ўйлайман:
Сизга фақат яхши касб-корлар!
Сизга – яхши Америка,
яхши россиялар!
Эй, пойтахт
ва қишлоқ болалари!
Сизларга – зўр шоир,
оқил арбоблар!
Севинг, билинг,
тўғри тушунинг
бир-бирингизни
бўлажак ҳукуматларнинг аъзолари!
Уни ўйланг,
буни орзу қилинг,
яшангиз лоақал эҳтиёткорроқ!
Яшангиз шоирлар васияти-ла:
улар сизга тилар
фақат яхшилик!
Тунги таққослар

Сен асалсан гўё,
эсладимми – тишлар инграйди,
Сен – бир ҳазил,
ки дастингдан юрак ҳўнграйди,
Мен фақирман, ким ҳам хафа қиларди!
Дўзах кўрдим, энди жаннат истар дил.

Эҳ, нечун бошқалар сени севадир,
Севмагин, ў, улар одаммас, ахир!..
Кишнайди, нокаслар, ўхчиб, ҳиқиллар,
Улар одам эмас, улар – йилқилар!

Тилларим тишларни синдирганида,
Кўзим киприкларни
куйдирганида,
Айт,
барчасин кўриб туриб, дош бериб,
тағин
одам дея саналмоққа қолурми ҳаққим?

Тунлар қурбақадек бўзламасликнинг
айт чорасини,

Мен сени севаман
бева – фарёдни,
балиқ – дарёни,
тулпор – кенг яйловни
севса қанчалик.
Мен сени севаман
ношуд – шуҳрат-шонни,
қуёш – соф осмонни
севгани янглиғ.
Сен зиқнасан, сенга яшаш осон,
менга ризқин тутди ҳатто гадо ҳам,
гўёки гўдакка сут берган каби.
Ў, мен номард, Хайём бўлсайдим агар,
Ў, мен нокас, Ҳофиз бўлсайдим агар,
Ў, Махамбет бўлсайдим агар
Муродимга етардим балки!..
Фақат барча шеърлар ёзиб битилган.
Шундай севгандилар тоғу даштда ҳам,
Шундай севгандилар қувнаб, қон ютиб.
Ўзгача севиш ҳам мумкинми ёки?..
Мен сени севаман –
ўзим севгандай!..
Шивир
Ў, қандайин зўр тонглар
Буюк Арабистонда!
Ошкор нозланар юзлар
Ҳарир парда остида.
Чўл узра,
Олам узра.
– Нимага?
– Иримига.
Қизларнинг сийнасидай
Сузар пирамидалар…

– Карвонбоши…
Карвонбоши…
Туялар сояда секин одимлар…
Ким келяпти?
Хўжаларми
Ё савдогарлар?
Карвон билан ким келяпти?
– Одамлар…
Кўпнуқталар қуми бўйлаб
Жавоблар қудуғига…

Рус тилидан
Сирожиддин САЙЙИД таржималари.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг