Муҳит ва образ талқини (2019 йил, 16 сон)

251

Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Исломхўжа” тарихий фильми ўзбек киносида тилга олишга арзигулик воқеа бўлди, десак хато қилмаган бўламиз. Асар сценарийси Ж.Рўзметов қаламига мансуб. Аввало, ижодкорлар унутилиб бораётган, ёшлар, албатта, билиши зарур бўлган шахс ҳақида фильм ишлашга бел боғлагани таҳсинга сазовор. Тарихий воқеликни аслига мос тарзда тиклашдан кенг миқ­ёсда фойдаланиш жаҳон кино тажрибасида кўп йиллардан буён мавжуд.  Бу тажрибанинг ўзбек киносида фаол қўлланиши қоғозлардагина сақланиб қолган маълумотларнинг экранга кўчиб, томошабин онгига муҳрланишига хизмат қилган. Шу ўринда фильм операторлари Ж.Ибрагимов ва Р.Йўлдошевнинг ишига алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Зеро, кўз ўнгимизда қаҳрамонлар қиёфалари образли тарзда намоён бўлиши, биринчи навбатда, оператор маҳорати билан боғлиқ. Секинлаштирилган кадрларни, ним қоронғу тасвирларни ўтмишнинг рамзий ифодаси сифатида қабул қилиш мумкин. Фильмдаги кадрларда уйғунлик, яхлитлик мавжуд, ракурс­лар тўғри танланган. Қаҳрамонларнинг йирик пландаги кўринишлари маҳорат билан суратга олинган: томошабин тасвирлар орқали уларнинг характерини сўзсиз ҳам тушунаверади. Бинобарин, бу ўринда кадр ортида ўқилган матн­лар ортиқчадек туюлади. Мутахассислар орасида фильм­да туркларнинг “Муҳ­ташам юз йил” номли кўп қисмли фильмининг  тасвирга олиш услубидан фойдаланилган, дегувчилар ҳам топилди. Бу фикр­га қўшилиш қийин. Биз­нинг­ча, оператор ўз ишига мус­тақил ёндашган. Эҳтимол, кадр­лардаги ҳашамат, жимжимадорлик ва тарихий муҳит шундай тасаввур уйғонишига сабаб бўлгандир.

Лекин баъзи ўринлардаги такрор саҳналар фильмнинг яхлитлигига бироз путур етказган. Масалан, Исломхўжанинг рус тилини мукаммал билгани ҳикоя­чи томонидан кадрда, кадр ортида ҳам такрорланиб, боз устига подшо ва Исломхўжа ўртасидаги суҳбат саҳнасининг киритилгани бир маълумотнинг уч марта қайтарилишига сабаб бўлган. Табиийки, меъёрнинг бундай бузилиши томошабинни бироз зериктириб қўяди. Шунингдек, ҳам ҳикоячи, ҳам актёрлардан фойдаланилгани фильмни кўпроқ телевидение учун тайёрланадиган тарихий кўрсатувларга яқинлаштириб қўйгани ҳам бор гап. Асарга нисбатан “бадиий-публицис­тик” атамаси қўлланишига келадиган бўлсак, бу жанр фильм конструкциясига тўла мос, деб бўлмайди. Кўзга ташланадиган асосий камчилик бош қаҳрамон – Исломхўжа(У.Қодиров)нинг характер хусусияти тўла очилиши учун кам ўрин ажратилганидадир. Эҳтимол, қаҳрамоннинг феъл-атвори ёрқинроқ кўринган саҳналар баъзи сабабларга кўра қисқартирилгандир. У.Қодиров яратган образдан кўра Исломхўжанинг ўз портрети кўпроқ “сўзлагандек”, назаримизда. Бу  актёрнинггина эмас, сценарий муаллифи ва режиссёрнинг ҳам камчилиги. Фильм сўнгига қадар томошабин Исломхўжа шахсининг янада ёрқинроқ намоён бўлишини кутади. Аммо, афсуски, буюк вазир шахси манбаларда сақланиб қолган кам сонли маълумотлар сингари мав­ҳумлигича қолган. Шу ўринда режиссёрнинг Исломхўжага нисбатан шахсий ёндашувини намойиш этишга уринганини таъкидлаб ўтиш жоиз: фильм давомида кутубхонада хаёлан Исломхўжа билан қисқагина суҳбатда ўзини хавф-хатар кутаётганини қалбан ҳис этса-да, ҳеч кимдан ўтинмаган мард сиймо қиёфасини режиссёрнинг тасаввур олами орқали кўрамиз.

Рассом ва операторнинг кўзга ташланиб турган камчиликларидан бири бугунги кунда мавжуд бўлган унсурлардан ХХ аср бошидаги давр тасвир этилган фильмда фойдаланишганида. Масалан, Муҳаммад Раҳимхон II Ферузнинг тахти жойлаштирилган айвон ўша давр­да бундай кўринишда бўлмаган. Фильмда ушбу жой саройнинг сайёҳлар учун мўлжалланган кўргазма қисмида суратга олинган. Бундай камчиликлар бир неча ўринларда учрайди.

Бироқ мавжуд камчиликларга қарамай, “Исломхўжа” фильми замонавий жаҳон киночилиги услубларидан ўзбек киносида биринчилардан бўлиб фойдаланилган тарихий фильм сифатида муҳим воқеа бўлди. Тарихий факт­ларга максимал даражада таянилгани фильмнинг хорижий давлатлар, хусусан, Америка кино ижодкорлари томонидан илиқ кутиб олинишига сабаб бўлди. Ижодкорлар мутахассислар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, тарихий мавзуда янги ва яхши асарлар яратишда давом этадилар, деган умиддамиз.

 Моҳинур АҲМАДЖОНОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг