Она тилимизнинг улкан жонкуяри (2019 йил, 16 сон)

180

Озод ШАРАФИДДИНОВ таваллудининг 90 йиллиги

Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз  Озод Шарафиддинов – замонавий ўзбек адабий танқидчилигининг ёрқин намояндаси, атоқли жамоат арбоби, моҳир сўз санъаткори эди. Унинг ўткир фалсафий қимматга эга ва адабиётшуносликнинг юксак намунаси бўлган асарлари, бадиий таржималари, поэтика ва тил ҳақидаги сермазмун  мақолалари жуда  кўп. Олимнинг қаламида она тилимиз хазинасидаги ҳар бир сўз янгидан-янги имкониятларини намоён қилади, беқиёс фалсафий мазмун ва моҳият  касб этади.

Озод Шарафиддинов ижодида маънавият, миллий яхлитлик муаммоси устувор мавзу саналар экан, олим учун унинг ўзак масаласи бўлган миллий тил, давлат тили, тил таълими, тил тараққиёти ва софлиги каби масалалар  етакчи  бўлиши табиий. Зеро, ҳар бир даврда замоннинг пешқадам олимлари тил ва жамият муаммосига алоҳида эътибор қаратишган. Озод Шарафиддиновнинг она тили — ўзбек тили ҳақидаги қарашлари, мақолалари, чиқишлари олимнинг  чуқур билими, шижоати ва маҳоратини ифодалаб  туради. Хусусан, “Она тилим – ифтихорим, инжа ганжинам”, “Тилда ҳикмат кўп”, “Тил илмининг дарғаси”, “Навоий сабоқлари” каби мақола ва эсселари бевосита она тили ва унинг хусусиятлари ҳақида бўлса, бошқа  кўплаб эсселарида ҳам  йўл-йўлакай она тили, тил таълими, уни ривожлантириш  муаммоларини кун тартибига қўяди.

Олимнинг “Она тилим – ифтихорим, инжа ганжинам” мақоласи  муаммолар қамровининг кенглиги, чуқур  фалсафий мушоҳадаларга бойлиги, фикр­ларнинг илмий асослилиги билан ажралиб туради. Фикрлар марказида зоҳиран Ўзбекистон Қаҳрамони,  Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Она тилим” мақоласи таҳлили тургандек бўлса-да, ботинан қаралганда, бу нарса олимнинг йиғилиб ётган фикрларини бир қолипга солиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этишига туртки бўлган.

О.Шарафиддиновнинг она тилимиз нафосати ҳақидаги фикрлари ўзига хос теранлиги  ва илмий асослилиги билан ажралиб туради. Масалан, тилдаги миллий руҳ, аввало, ундаги ибора, мақол, матал ва кўчма маъноли бирликларда намоён бўлади. Буни тил ва жамият, тил ва тафаккур муаммоси билан шуғулланган тилшунослар ва бошқа мутахассислар ҳам эътироф этишади. Бунга доир ўз фикрларини олим қуйидагича ифодалайди: “Минглаб ибораларимиз борки, улар ихчамлиги, тўкислиги ва теранлиги жиҳатидан математик формулаларни эслатади. Масалан, “йўғон чўзиладиган, ингичка узиладиган замонлар” деган ибора бор. Шу бешгина сўз замирида қулоч-қулоч мақолаларда ифодаланадиган мазмун бор. Яна унинг образлилигини айтмайсизми? Осонгина эсда қолишини айтмай­сизми?”

Тилшуносликка доир ўткир муаммолар ҳам олим нигоҳидан четда қолмайди. Масалан,  Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган мақоласига алоҳида эътибор қаратади. Ундаги тилимизнинг бугунги ҳолати, унинг дахлсизлиги, анъанавийликка ҳурмат билан қараш ҳақидаги фикрларини эҳтиром билан эътироф этади.

Олим ўзбек тилининг ҳақиқий фидойилари сифатида Ўзбекистон халқ ёзувчилари А.Қаҳҳор, О.Ёқубов, П.Қодиров, Ўзбекистон халқ шоири Э. Воҳидов, таниқли шифокор Ш.Хўжаев, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ориф Алимахсумов, моҳир таржимашунос ўайбулла ас-Салом, атоқли тилшунослар А.ўуломов, С.Иброҳимовларнинг хизматларини алоҳида таъкидлайди ҳамда уларнинг тил ҳақидаги қарашларига,  тилдан фойдаланиш маҳоратига юксак эҳтиром билан муносабатда бўлади. Айниқса, ўзбек бадиий таржимашунослиги мактабининг асосчиси ўайбулла ас-Саломнинг хизматларини улуғлаб, уни изтироб билан эслайди: “Шу муносабат билан таржима тўғрисида ўйлаб кетдим — раҳматлик ўайбулла ас-Салом “таржима тили”даги бунақа бесўнақайликлар, ўзбек тилини бузишларга сира чидай олмасди. Домла вафот этгандан ке­йин бунақа таржимонлар учун “Сулаймон ўлиб, девлар қутулган (ёки қутурган)” замон келди, шекилли, яна беписандлик, пала-партишлилик кенг томир ёя бошлади. Мен бу ўринда ҳам ҳаммаёқни мисоллар билан тўлдириб ташламоқчи эмасман. Фақат таржимон укаларимни огоҳ қилмоқчиманки, сўзма-сўз тўғри таржима қилинган матн ҳамма вақт ҳам ўзбек тилининг табиатига бутунлай мос келавермайди. Масалан, “С чем пришёл?” деган иборани “Қайси шамоллар учирди?” ёки “Қандай хабар келтирдинг?” деб таржима килиш мумкиндир, лекин “Нима билан келдинг?” деб таржима қилиб бўлмайди. Бунақа мисоллар жуда кўп”.

Олим тириклигида замон сийламаган тилшунослардан бири Отажон Ҳошимов ҳақида ҳам шундай  ёзади: “Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги Қонун амал қилаётган бир шароитда, атамалар яратишда, сўз қўллашда зиддиятли хатолар кузатилаётган бир вазиятда Отажон Ҳошимовнинг ярим аср аввал айтиб кетган мулоҳазалари ғоят диққатга лойиқдир”.

Кўринадики, О.Шарафиддинов тил ва тилшуносликнинг нозик масалаларини теран тушунгани ҳолда, бу борада “оқни қорадан ажра­тиш”­да ҳақиқий ватанпарвар аллома каби мулоҳаза юритади. Бу борадаги муҳим тадқиқотлар, қарашлар ва фикрларни журъат билан тафаккур тарозисида ўлчай олади.

Озод Шарафиддинов моҳир сўз санъаткори бўлиш билан бирга, тил, тилшунослик, тил таълими, тил тар­ғиботчилари ва тадқиқотчилари хусусида қимматли публицис­тик мақолалар ёзди. Бунга доир ҳар бир масалада адиб тил ва жамият, тил ва тараққиёт, тил ва мафкура, тил ва маънавият, тил ва руҳият муштараклиги тамойиллари асосида ўз нуқтаи назарини баён қилди. Бу фикрлар бугунги кунда оммалашаётган, тил таълимида унинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қиладиган прагматик йўналиш қарор топаётган бир шароитда ўта зарур ва тил амалиёти масалаларида муҳим методологик  аҳамиятга моликдир.

Ҳулкар ҲАМРОЕВА,

филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг