“Кўклам  қуёшидан кўкарган  қирлар” (2019 йил, 16 сон)

330

Бизнинг танглайимиз ҳассос ва оташнафас шоир Ҳамид Олимжоннинг мазкур сатри билан кўтарилган, десам янглишмайман. Зеро, кўз ўнгингда жилоланиб, бор бўй-бастини намоён қилаётган баҳор янаям тароватли. Далаларга чиққинг, қийғос гул очган ўрик, олча, гилос, беҳи, аллақачон гулини тўкиб, кўм-кўк барг ёзган бодомлар остида ёш боладай яйраб ўйнагинг келади.

Байрам арафасида яқинларингни йўқлаш, хурсанд лаҳзаларига шерик бўлиш, дийдорга талпиниш – бу табиий ҳол. Икки ҳафта давомида ёмғир ёғмай, кунлар бирданига исиб кетгани, гарчи ҳали тупроқни чанқатиб қўймаса-да, кўнгилда мудом би-ир ёмғир ёғиб берсайди, деган истак туғилган эди. Буни қарангки, кўнгилдаги шу хоҳиш байрам кунлари ижобат бўлиб турса…

Ёмғир ҳавони чанг-ғубордан тозалайди. Сувсаган майса-гиёҳнинг томирига жон ато этади. Тупроқни кўпчитиб, ҳамалга, ҳосилдорликка йўл очади. Отам раҳматли ҳар замон “Сабил изғирин ўтнинг бўғзидан олди”, деб қоларди. Кейин англасам, бу шамолнинг ер юзасини қотириб, майсанинг ўсишига йўл бермай қўйиши экан. Ёмғир қатқалоққа барҳам бериб, ўт-ўланнинг авжига ёрдам бераркан. Одамлар шу боис ўз вақтида бўладиган ёғингарчиликни кутишаркан.

Тошкентда тонг азонда сепалаб, сўнг жалага айланган ёмғир, ажабки, ҳали Жиззахга етиб бормабди. Кўйлакчан, майкачан болакайлар копток тепиб, варрак учириб юрибди. Қизчалар чучмома, қоқигуллар узишган, олисдан келаётган меҳмонларнинг кўнглини олишга интиқ.

Жиззахдан Зарбдорга қараб кетаверишдаги текис йўл бўйи хандон  писта  дарахтлари билан ўралган. Соз тупроқда ўсган пис­талар бошқа жойлардагидан танаси ва шохларининг катталиги, худди бошқа мевали дарахт­лар каби тарвақайлаб ўсгани билан одамни ҳайрон қолдиради. Улар олисдан қараганда ёздаги гужум дарахтига ўхшаб кўринади, яқин бораверсангиз барра япроқларини ёйиб ям-яшил тусга кирганини кўрасиз. Писта олмага ўхшаб аввал барг ёзиб, кейин гуллайди. Юртимизда ўсадиган хандон писталар дунёнинг энг мазали, ҳатто Эроннинг мағизи бир бўғин келувчи писталаридан кўра чандон қиммат баҳоланишини биламиз.

Ўнлаб гектар  майдонни эгаллаган пистазорни асраш зарур. Сабаби мевазор атрофи иҳоталанмаган. Маҳаллий аҳоли, қолаверса, йўловчилар дарахт меваларига пишмай  туриб чанг солишади, беҳуда нобуд қилишади. Ўрмон хўжалиги бошқармасига қарашли пистазорни, балки маҳаллий фермерларга шартнома асосида бўлиб бериш самара берар. Оқсоқолларнинг, жумладан, Бўстон қўрғонида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор Ўриш Мажидовнинг ҳам қатъий фикри шундай. Ахир, бу тансиқ мева увол бўлмаслиги, халқнинг дастурхони кўркига, қолаверса, давлат манфаатига ҳам хизмат қилиши керак. Айтишларича, писта етилиб мевага киргунича оз эмас-кўп эмас, нақд йигирма йил керак бўларкан.

Ховос, Янгиер, Гулистонга элтувчи катта йўлнинг ўнг тарафида поездларни жанубга элтувчи темир йўл тушган. Эътибор берган бўлсангиз, “Афросиёб” поезди худди шу жойда энг юқори тезликка чиқади. Атроф бийдай дала, йўлга яқин аҳоли пункти ёхуд бош­қа объектлар йўқ. Ундан ҳам нарида кўзингизни қамаштирувчи шуълалар жилваланади. Тўхтаб, синчков назар солсангиз, тўлқинсимон йирик тўсиқдай гавдаланувчи Туркистон тизма тоғлари, тоғ бошидаги оппоқ қор қуёш ёруғида жилоланиб ётибди. Нарёғи Ургуту Бахмалдан келиб, бу ёғи Зомину Ўратепага туташиб кетган пурвиқор тоғлар. Кўз илғайдиган яйловларда қорамол, ушоқ моллар кўринади. Улоқ ва қўзичоқлар бирпас янги чиққан майсадан чимдиб, сўнгра диконглаб сакрашга, ўйноқлаб бир-бирини жўрттага сузишга тушиб кетишади.

Қўлимда ўн беш ойлик неварам. У бундай манзарага биринчи бор дуч келиши. Сакраётган, маъраётган, “мў”лаётган, акиллаётган жониворларни энди кўриши. Ўзи истаб-истамай бир нарсалар деб чулдирайди, сўнг завқи тошиб қичқира бошлайди. Чин-да: улоқча ва қўзичоқ учун бу дунё қанчалик янги бўлса, қўлимдаги чақалоқ учун буларнинг барчаси янги ҳамда мўъжиза. Техника тараққиёти чунон авжига чиққан ушбу кунда бола телевизор ёки мобил телефонда бу ҳайвонларни кўрган бўлиши турган гап. Аммо ҳаётдагиси бари бир мўъжиза.

Енгил шабада эсиб турибди. Ҳаво тоза, осмон тиниқ. Тошкенту Гулистондаги шаррос қуйган ёмғирдан бу жойда дарак ҳам йўқ. Офтоб чарақлайди. Катта йўл бўйида қатор тизилган намунали уйлар. Бундай ҳавода уйда ўтириб бўлмайди. Ҳар уйнинг ҳовлисида болалар шовқини. Йўлга яқин жойда чопонини бир чеккага ечиб қўйиб куймаланиб юрган одамга дуч келдик. Ер тозалаб юрибди. Ёнида  икки йигитча, ўғиллари бўлса керак.

Тахминимиз тўғри  чиқди. Ўзини Тўймурод Жуманазаров деб танитган ўрта ёш одам намунали уйлар ортидаги бўш ерларни узумчилик хўжалиги қилиб расмийлаштирибди. Бир ярим гектар жойни олиб, шакарангул, маска, бахтиёри, ризамат, гигант, қора кишмиш, оқ кишмиш, оқ новвот, ҳусайни, тойфи каби узум навларидан 1600 туп ўтқазибди.

– Йигирма йилдан буён майиз савдоси билан шуғулланаман, – дейди у. – Зарбдорда деярли узум экишмайди. Сабаби оқ ерда узум бўл­­майди деб ҳисоблашади. Қўшнилар ҳам, ҳокимиятдагилар ҳам овора бўласан, меҳнатингга куясан, деб ишонишмади. Таваккал қилиб уй олдига ўттиз туп қаламча ўтқазган эдим, мана, тўрт йил бўлди, бино­йидек ҳосил оляпман. Фақат қора кишмишни кўтариб экиб бўлмас экан, ҳосили қотиб қолди, бош­қа­ла­ри яхши – кўнгилдагидек узум ва майиз оляпман.

Зарбдорликлар ер оқ, шўр, икки қаричдан сўнг гипс чиқади, деб дарахт экишга чўчишади. Тажрибамда кўрдим, ер унақа шўр эмас, икки кетмон урсанг гипс чиқиши бор гап, аммо дарахт кўчатини илиқ сувга гўнг қўшиб суғорсангиз, бояги гипс эрийди. Натижада ўқ томир уч-тўрт метр­лаб паст­га кетаверади. Илгари ўз то­мор­қамда синаб кўрганим учун бу ишга астойдил киришдим. Банкдан 42 миллион сўм кредит олдим. Зарб­дорликлар ҳам дарахтдан, токдан мўл ҳосил кўтара олишини исботламоқчиман.

Йигитларга куч-ғайрат тилаб, йўлда давом этамиз. Қариндошларни йўқлаб бир пиёла чой ичдик-да, уловда Жиззах довонига қараб ўрладик. Ортимиздан булутлар қувлайди. Бояги Зарбдор кенгликлари қора тусга кирди. Демак, ёмғир ёғаётир, барака ёғаётир.

Йўл бўйи ўйноқлаган бузоқларга кўзимиз тушади. Улар оналаридан айри боқилади. Акс ҳолда энди увуздан сутга ўтган сигир эгаларини сутсиз қолдириши тайин. Неварам тағин қийқириб шодланади.

Баланд қирда суратларга тушдик. Тепада, пастда, ўтириб, туриб, ёнбошлаб… Яйдоқ яйлов, қўй-қўзилар, мусаффо осмон, ям-яшил майсазор, қоқигуллар, тўрғай, кўк каптарнинг чуғур-чуғури, элас-элас  кўзга ташланаётган оқбош тоғлар, янги фасл ва… яйраб-қувнаётган чақалоқ. Ўшанда эътибор бермабман, фотосуратда алвон камалак акс этибди. Ана холос: осмон ва ернинг, одам ва табиатнинг ажиб уй­ғунлиги!.. Одам кайфияти билан осмон ҳодисаси мос келиши мумкин экан. Уйғониш, мурғаклик, маъсумлик, тиниқлик жам бўлган ғаро­йиб манзара.

Бугунги Ўзбекистон бу! Ҳамид Олимжон куйлаган манзиллар бу:

Кўм-кўк,

        кўм-кўк,

             кўм-кўк,

кўклам  қуёшидан кўкарган

қирлар…

 Собир ЎНАР

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг