Кўплаб нодир диний асарлар ва ҳадислар муаллифи, жаҳон ислом таълимотида улкан ўрин эгаллаган буюк бобокалонимиз Абу Исо Муҳаммад Термизий ҳақидаги “Абу Исо Муҳаммад Термизий” бадиий фильми экран юзини кўрди. Мазкур фильм ижодкори Абдухалил Мингноров бир йўла учта муҳим вазифани адо этган (у сценарий муаллифи, режиссёр ва актёр). Фильм лойиҳаси “Инсон” хусусий студияси томонидан ишлаб чиқилган. Томошабинлар билан учрашувда Абдухалил Мингноров барча саволларга жавоб берди. Томошадан олган таассуротларим таъсирида туғилган фикр­-мулоҳазаларни газетхонлар билан ўртоқлашишни лозим топдим.

Сценарий муаллифи атоқли аллома Абу Исо Муҳаммад Термизий ҳамда унинг хизматларини кино экранида жонлантириш қанчалик масъулиятли вазифа эканини яхши англаган. Лекин фильмда бош қаҳрамоннинг болалиги, ёшлиги ва кексалик чоғларидан келтирилган лавҳалар асос қилиб олингани ҳолда уларга боғлиқ ва ёритилиши лозим бўлган воқеалар чуқурроқ кўрсатилмаган. Яна ҳам муҳими, буюк алломанинг тафаккури, хизматлари, Термизий билан беш йил давомида бирга елкама-елка меҳнат қилган буюк илоҳиётшунос олим Имом Бухорий билан қилган суҳбатлари ҳам кўрсатилмаган. У ҳолда фильмнинг моҳияти нимада? Шунчаки турмуши бошқалардан ажралиб турадиган бир аждодимизнинг ташвишли ҳаётини кўрсатишми? Назаримда, бу фильмни кўрган одам зиғирдай бўлса ҳам алломага ўхшашни, унингдек ноёб қобилиятга эга бўлишни – мураккаб матнларни бир мартанинг ўзидаёқ эслаб қолишни, уларни кўплаб далиллар билан солиштиришни ва чиндан ҳақиқий илм беришни истаб қолиши лозим. Кино экранида икки аллома — Термизий ва Бухорий ўртасидаги самимий дўстликни, уларнинг ўзаро муносабатлари қандай бўлганини томошабин кўришни исташи табиий.

Назаримда, фильмда кўрсатилган ҳолатлар Термизийнинг чин ҳаётида кечган воқеаларга таянилмай, асосан, фильм ижодкори фантазияси, хаёлоти орқали берилган. Ундан кўра ҳар қандай замонавий кино маҳсулоти қобиғини олиб, унга ўз ҳаётида кўрган-билганлари, ҳис этганларидан қўшиб қўйиш ва безак учун торт устига қўйилган олча каби эстетик жиҳатдан диний таълимотдан аралаштириб суратга олиш осон эмасми?!

Шубҳасиз, фильм ёрқин бўёқларга бой. Албатта, бу ёшларни ўзига жалб қилади. Айрим режиссёрлик топилмалари жуда ажойиб. Лекин шуниси ҳам борки, топилмаларнинг воқеа­ларга дахлдорлиги бор-йўқлиги томошабинни ўйлантириб қўйиши табиий. Ариққа ташланган ва сувда оқиб кетаётган нон мени беихтиёр болалигимга қайтарди. Ёки грузин режиссёри Тенгиз Абуладзенинг “Орзулар дарахти” фильмида тасвирланганидай, кўзга салгина ташланиб ўтадиган ва сценарийда кейин ривожини топмаган анҳор бўйидаги қизнинг фильмда иштирокида қандай маъно бор? Сув билан бирга қизнинг мис челагига тушган, сўнгра зилол сувда оқиб кетган ўша қизил олмаларга нима бўлди? Нима учун ўша оғриқли, соф, тиниқ оҳанг кейинчалик ҳеч қаерда намоён бўлмади?

Шу ўринда фильмдаги ўзимни сергаклантирган воқеликлар ҳақида ҳам айтишим жоиз. Дастлабки салбий фикр фильм бошланишидаёқ, бир тўда эркаклар қонга беланган, қандайдир гуноҳда айбланган чолни уламолар олдига судраб келганида хаёлимдан ўтди. Тўрт уламо саф бўлиб турибди. Тун, ҳаво совуқ бўлишига қарамай, улар ташқарида шўринг қургур ўша гуноҳкор қариянинг келгуси тақдирини муҳокама қилишмоқда. Дастлаб уламолардан бири муқаддас Қуръон оятларини ўқиди, кейин уни шарҳлаб берди. Бу саҳна кўриниши оддийгина бир хориж фильмини ёдимга солди: бир-бирига душман икки томон вакиллари табиат қўйнида тинчлик ҳақида маъруза қилишмоқда гўё. Шунга ўхшаш фантастик йўсинлар бу фильмда ўзини оқламайди, тарих ҳам бундай ёндашувни ёқламайди. Бизнинг уламоларимизга сокинлик, осойишталик ярашади, улар инсонлар тақдирини елвизакда ҳал қилмайдилар…

Мазкур фильм, мазмунига кўра, бир ривоят сифатида идрок этилиши, унда метафорик ва ассоциатив йўсинлар тўғри чизиқ бўйлаб ўтиши керак бўлган. Аммо, буни қарангки, ана шу усуллар бошланмасиданоқ тугаб қолади. Масалан, қум барханида ўтирган маккор кампир сув ичмоқда ва идишни чанқоқликдан ҳолсизланган Муҳаммадга узатмоқда. Идишдан эса кишини тетиклантирувчи сув ўрнига қум тўкилмоқда. Кейин-чи, кейин нима бўлади? Кампир қаерга ғойиб бўлди, ахир, у кейинчалик пайдо бўлмайди-ку? Бу манзарани қандай тушуниш ёки изоҳлаш мумкин? Эҳтимол, бу бир синовдир, ёвуз руҳларнинг ишидир… Шубҳасиз, томошабин буни англаб етишга қийналади.

Режиссёр воқеликни бадиий жиҳатдан тасвирлаб кўрсатиш ўрнига, негадир шарҳловчининг кадр ортидаги овозини берган жойлар бор. Ўзимча, кадрлар ўрнини бир неча марта алмаштириб кўрдим. Фильмда айнан Термизийга хос ёки унга тегишли жиҳатларни кўргим келди. Туяларнинг чексиз карвони, қароқчиларнинг ҳужумлари, персонажларнинг ўз ишлари билан у ёқдан бу ёққа қатнашлари, Қуръон сураларининг араб тилида ўқилиши – буларнинг ҳаммасини шарҳловчининг тилидан бериш керак эди, менингча. Ёки ёрқин мультипликация усулидан фойдаланиш мумкин эди.

Биргина усулдан такрор фойдаланиш – таҳликали дақиқаларда муқаддас Қуръон оятларининг ўқилиши туфайли бош қаҳрамон омон қолаверади. Бошқа усулларни кўрсатиш ижодкордан катта саъй-ҳаракатни талаб қилади. Афсуски, муваффақиятсиз бажарилган “дубликат” (Термизийга қарши уюштирилган суиқасд саҳналари) қаҳрамоннинг бошқа персонажлардан четга чиқиб қолишига олиб келган.

Ушбу кино маҳсулотини яратишда учта асосий кучлар орасида (сценарий муаллифи, режиссёр, оператор) оператор ўз ишини жуда яхши бажарган. Бир қатор фильмларни муваффақиятли суратга олган Азизбек Орзиқулов ранг танлаш борасида малакасини намоён қилган. Фильмга алоҳида чирой бахш этган операторнинг ўткир нигоҳи шундоқ сезилиб турибди. Айниқса, Муҳаммаднинг оиласи ва болалик чоғлари тасвирга туширилган кадрлар яхши чиққан, у отасининг елкасида, ёнида онаси кетиб боряпти, атрофда бепоён буғдойзор мавжланиб турибди. Кулаётган персонажлар йирик планда олинган, бундан томошабин  кўнглида  қувонч  пайдо бўлади.  Сўнгра  жуда баландликдан тобора узоқлашиб бораётган уч нафар персонаж  кўринади, бу ҳам томошабинда ажиб фалсафий кайфиятни уйғотади. Гўёки “Бу кунлар ҳам ўтиб кетади”, деган маъно англашилади. Орзиқулов фильм­га сарин ҳаво олиб киргандай бўлади, бунда лирика мусиқийлик ва хаёлотга уйғунлашиб кетади. Бургут парвози, қор билан қопланган бепоёнликда оппоқ кийинган одам, сариқ тусли даладаги болакай, айниқса, ариқ сувида оқиб кетаётган қизил олмалар тасвирлари томошабинни мушоҳада қилишга ундайди. Аммо ўнлаб шахслар иштирок этган ҳаракатларга бой саҳналарни суратга олишда негадир камера ушлаган қўл саросимага тушгандай бўлади. Одамларнинг бир жойда бундай ғуж бўлиб туриши, улар тасвирланган кадрларнинг кесиб ташлангани диалогларнинг узуқ-юлуқлигида сезилади (мактабда болаларни ўқитиш, бир уйда уюштирилган суиқасд ва ҳ.к). Аниқ, равшан ташкил этилган мизансаҳна талаб қилинадиган конструктив кадрларни суратга олиш ишлари режиссёрнинг ваколатига киради. Ишга оид махсус йўл-йўриқларининг ноқулайлиги эмас, фильм кадрларининг чалкаш, тартибсиз бўлишига олиб келади.

Мазкур фильм вояга етиб келаётган ёш авлод учун таништирув қўлланмаси сифатида хизмат қилиши мумкин. Шу жиҳати билан ҳам фильмнинг яшашга ҳаққи бор. Бироқ асл кино мухлислари, жамиятнинг ҳақиқий зиёли қатлами учун бундай асарнинг даражаси баландроқ бўлиши, уларнинг талаблари ҳам инобатга олиниши керак, деб ўйлаймиз. Мазкур фильм намойишидан сўнг бўлғуси киношунос талаба таажжубини яширолмади: “Нима учун фильмда улуғ алломаларимиз Термизий ва Бухорий яшаган даврда давлатга ҳукмдорлик қилган подшолар номлари эсланмаган? Ахир, бу ҳукм­дорлар ўша даврда илм-фан, маданият тараққиётига бевосита таъсир кўрсатмаганми?” Йигитнинг бу саволи жуда ўринли. Атоқли аллома замонасидан узилиб яшай оладими? Фильмда олимнинг дўсту душманлари ҳақидаги сюжетлар тўқима. Агар бу фильмни эртак жанрига киритадиган бўлсак, унда асар ўзини оқлаши мумкин. Шарқда илм-фан намояндалари атрофида ҳамиша уларнинг салафлари, издошлари, алломалар, шогирдлари бўлган. Афсуски, бу фильмда Термизий атрофида аксар зарур бўлмаган персонажларни кўрамиз.

Актёрлар ижросига тўхталадиган бўлсак, менда Термизийнинг душмани – нафрати кўзлари, имо-ишорасидан яққол кўриниб турган мўйсафид Жаъфар (Нозим Тўлахўжаев) образи кучли таассурот қолдирди. Қолганлари – ўткинчи қиёфалар. Инсоннинг юзи, кўзлари, пластикаси, энергетикаси – бу жиҳатлар образни ҳар томонлама эслаб қолишга мажбур этади.

Кино усталари ўз асарларига “чиройли” безак беришга чин дилдан ҳаракат қилганлар. Фильмни ташкил этган нарса борки, бари – актёрлар, уйлар, кўчалар, бозорлар ва шу кабилар, худди супермаркетдан чиққандек. Кино учун янги қурилган иморатлар сиртида тасодифан тушиб қолган хасни ҳам кўрмайсиз. Бари тартибли, озода, силлиқ, ёғочлар ҳам эндигина пўсти шилиниб олингандек ялтираб турибди. Шарқ бозорида одамлар бақир-чақир билан савдо қилмайдилар, овқатланмайдилар, ҳеч жойни ифлос қилмайдилар. Бу манзарадан зерикмайсизми?…

Лекин айтиб ўтилган жиҳатларга қарамай, мазкур фильмдаги аллома образи ёшларимизни қизиқтиришига умид қилса бўлади. Бу образ онгни замонавий поп-маданиятнинг кераксиз, зарарли чиқитларидан тозалайди, ўтмишимиз, тарихимиз, келиб чиқишимизни ўрганишга қизиқиш уйғотади, туғилган янги ҳиссиётлар ўтмиш воқеа-ҳодисаларини баҳолаш, улар ҳақида баҳс юритиш ва изланишга даъват этади.

Жаҳон кинематографиясида бир асарни вақти-вақти билан қайта экранлаштириш анъанага айланган. Вақти келиб, киночиларимиз улуғ Абу Исо Муҳаммад Термизий шахси, фаолияти билан қизиқиб қолишлари мумкин. Ўша пайт­да бугун тилга олинган камчиликлар такрорланмаслигига умид қиламиз.

 

Муяссар Мақсудова

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг