Пешвоз чиқинг, Алпомиш келди!.. (2019 йил, 15 сон)

395

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивали очилишига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида:  “Бахшилар нафақат халқ ўтмишининг акс-садоси, айни пайтда бугунги куннинг ҳам жарангдор овозидир”, дея таъкидлаган сўзидан бахшичилик санъатининг боқийлигини, юртимизда илк бор ўтказилган ушбу Халқаро фестиваль бу борада қўйилган илк ва улкан қадам эканини англаймиз. Зеро, минг йиллар довонидан ўтиб келаётган халқ достонлари янграб турган экан, уларни қалб тўрида асраб, халққа бахш этаётган бахшилар ҳам эл-юрт эъзозида бўлади.

Фестивалнинг очилиш маросимида дунёнинг 74 та давлатидан 160 нафардан зиёд атоқли маданият арбоблари, фольклор санъати намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда 140 нафар дипломатик корпус вакиллари иштирок этди. Ушбу тадбир нафақат юртимиз бахшичилик санъатини жаҳонга намойиш этди, балки бутун дунёдаги жиров, оқин, манасчи, шоир ва ошиқлар ижоди ривожида янги босқични бошлаб берди.

АФСОНАВИЙ ШАҲАРЧА

Инсоният тамаддунининг қадимий бешикларидан бири, “Алпомиш” достони яралган замин, қолаверса, бахшиларнинг кўҳна макони Сурхон воҳаси, ҳар бир қадам ери сиру синоатларга бой Термиз фестивал кунлари эртаклардагидек гўзал қиёфа касб этди. Шаҳар марказидаги ўттиз гектардан зиёд ҳудудни эгаллаган Марказий боғда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан, шунингдек, Сурхон воҳаси туманларидан келган ижодий жамоалар ўзига хос этнографик шаҳарча бунёд этдилар. Миллий анъаналар руҳида жиҳозланган, ҳунармандларимиз яратган турфа буюмлар, мусиқа чолғулари, чеварлар кўз нури сингган кашталар, либослар, дор ўйинлари, олис юртлардан келаётган карвонлар кўриниши билан безанган боғ беихтиёр сизни халқ достонлари яралган кўҳна даврларга бошлайди. Шаҳарча бўйлаб юриб халқимиз эъзозлаган бахшилар, шоирлар, санъаткорлар, фольклоршунос олимлар билан учрашиб суҳбатлашамиз. Бу қўрғонлар оралаб  ҳайратга чулғанган хорижлик меҳмонлар билан танишамиз.

– Ўзбекистондаги ўзгаришлар мени ниҳоятда ҳайратлантирмоқда, – дейди Швейцария ва Лихтенштейндаги хорижий ОАВ ассоциацияси президенти Жон Мюсей. – Бу юрт маданияти ва тарихи, қадриятлари, мусиқаси, достонлари ҳақида билмаганларим кўп экан. Кўп йиллардан буён қадимги қўшиқларни ёзиб олиш, тўплаш ва ўрганиш билан шуғулланаман. Бу фестиваль мен учун жуда қизиқарли ва самарали бўлди. Ранг-баранг ижролар, ҳар бир ҳудудга хос қўшиқлар, либослар, халқ ўйинлари ва миллий таомларни кўриб, диёрингизга яна келиш истаги уйғонди. Сафарим қисқа бўлганидан афсусдаман.

Шаҳарчага кираверишда Навоий вилоятига ажратилган қўрғонда кўзга яққол ташланган туялар карвони сизни асрлар оша саёҳатга чорлайди. Бу сафарнинг ҳар қадами таассуротларга бой. Жумладан, бойсунлик йигирма нафар каштадўз фестивалга совға сифатида олти ой  давомида тўқиган сўзананинг узунлиги 25, эни 6 метр, оғирлиги эса 60 килограмм экан. Бу сўзанага 16 килограмм ипак ишлатилибди.

– Биз катта сўзанамизни тўқишда момолардан мерос каштачиликнинг тўлдирма услубидан фойдаландик, – дейди бойсунлик чевар Нилуфар Жўраева.

Андижон вилояти жамоаси қўрғонида эса, мусиқа чолғулари дўкони гавжум. Маълум бўлишича, вилоятдан машҳур “ўижжаки Бобурий” корхонаси вакиллари Термизга келибди. Бу корхонада 37-40 турдаги мусиқа чолғулари ишлаб чиқарилади. Корхона раҳбари Абдумалик Мадраимов билан суҳбатимиз қизғин кечди.

– Бугун фестивалга туҳфа қилиб дўмбиранинг оҳангга бой янги шаклини олиб келдик, – дейди Абдумалик ака. – Биз ҳамкасблар билан фикрлашиб, Бобур даврига оид ғижжаклар туркумини, Алишер Навоий бобомиз асарларида тилга олинган “дилнаво”, “хушнаво” сингари мусиқа ­чолғуларини, Айритомдан топилган қақнус созини қайта тиклашга ҳаракат қилдик.

Янгиликка интилувчан корхона жамоаси ­Мусиқа ва санъат мактабларини 14 хил мусиқа чолғулари билан таъминлар экан.

Шаҳарчанинг ҳар қадамида мўъжизага дуч келасиз. Элимиз ардоқлаган устоз санъаткорлар – Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов, Эркин Комилов, Саидкомил Умаров, Гавҳар Зокирова бошчилигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган театр ва кино актёрлари иштирокидаги саҳналар барчани ўзига жалб этади. Хуллас, мўъжиза излаганга мўъжиза, ҳайрат истаганга ҳайрат, ҳикмат излаганга ҳикматли шаҳарча барчада ёрқин таассурот қолдиради. КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ

Фестивал доирасида Термиз давлат университетида “Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг ўрни” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция, Археология музейида “Сурхон воҳаси – бахшилар диёри” мавзусида кўргазма, шунингдек, янги нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов варианти асосида чоп этилган “Алпомиш” достонининг янги нашри тақдимоти қизиқарли бўлди.

– Сурхон воҳасида халқ оғзаки ижодининг беқиёс намуналари яратилган, – дейди Абдуназар бахши. – Шу қатори “Алпомиш” достонининг ушбу варианти қўлёзмаси 600 саҳифадан иборат, жумладан, шеърий қисми 14 минг 230 мисрани ташкил қилади. Достоннинг бу шаклини устозим Чоршамби бахши Раҳматуллаевдан ўрганганман. Ўзим ҳам достоннинг қозоқча, қорақалпоқча шаклларини тингладим, ўқидим. Нашр этилган мазкур китоб воқеа­ларнинг кетма-кетлиги, ижро услуби, хал­қоналиги билан бошқаларидан ажралиб туради.

Тақдимот маросимида иштирок этган Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази талабаси Асадулло Азизий ўзи учун бу китоб янгилик бўлганини эътироф этди:

– Афғонистонда халқ оғзаки ижоди намуналари, термалар кўп, аммо “Алпомиш” достони мен учун янгилик, – дейди талаба. – Мардлик, садоқат, якдиллик сингари фазилатлар улуғланган дос­тоннинг китоб ҳолида чоп этилгани ғоят олижаноб ишдир.

Тақдимот маросимида бахшилар ижросида “Алпомиш” достонидан парчалар янгради.

Шунингдек, “Академнашр” нашриётида чоп этилган “Олтин қобоқ”, “Малла савдогар” достонлари, “Сурхон-нашр” нашриёти тақдим қилган Ўзбекистон халқ бахшиси Чори Умировнинг “Шерали” достони, Ўзбекистон халқ бахшиси Шодмон Хўжамбердиевнинг “Куйла, Сурхондарё дўмбираси!” термалар тўплами, бахши Муҳаммад Темирали ўғлининг “Устозлар” номли термалар китоби ҳам фестивалга муносиб туҳфа бўлди.

Тадбир доирасида юз жилдли қорақалпоқ фольклор тўплами ҳам намойиш этилди. Бой тарихга эга қорақалпоқ хал­қи ижодиётида дос­тонлар алоҳида ўрин тутади. Мазкур нашрдан “Алпомиш” дос­тонининг саккиз варианти жой олган бўлиб, улардан ҳар бири асл қўлёзмага мувофиқ тайёрланган.

– Қорақалпоқ фольклорини ўзида жамлаган юз жилдли тўпламни бежиз олиб келмадик, бу ерга ташриф буюрган бахшилар улардан баҳраманд бўлади деган умиддамиз, – дейди “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғис­тон бўлими раҳбари Шароф Уснаддинов.

АДАБИЎТ СУВ ИЧГАН БУЛОҚ

Халқ оғзаки ижоди адабиёт гулшанини яшнатган тиниқ булоқдир. Шу боис устоз Ҳамид Олимжон ўз даврида бахшилар билан ҳамкорлик қилган, халқ достонларини ёзиб олиб, ўзбек адабиёти хазинасини бойитишга ҳаракат қилган. Рус шеъриятининг қуёши Александр Пушкин яхши шеър­ни ўқиб ҳайратланганида, худди халқ қўшиқларидай чиройли чиқибди, дея баҳо берган. Чунки асрлар давомида авлод-авлод бахшилар томонидан куйланиб, сай­қалланган термалар, достонлар тобора жозибали бўлиб бораверади.

Ўтган асрнинг 80-йилларида адабиётимизга Элбек бахши тимсолида чинакам ватанпарвар, ҳақ сўзни айтгувчи шоир образини олиб кирган устоз – Бойсунда туғилиб ўсган Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим асарлари ҳам халқ оғзаки ижодидан куч олган. Унинг “Бахшиёна” туркумида эл-юрти учун жонини фидо қилишга тайёр шоир тимсолини кўрамиз:

Ҳақ гап учун ҳар бир ишга кўнади эл,

Тўғри сўздан кўпаяди, тўлади эл.

Дордан кўрқиб, ёлғон айтиб турганим йўқ,

Шоирлари ёлғон айтса, ўлади эл.

Бахшиёна туркумидаги ҳар бир сатр халқ достонларидаги сингари сеҳр, жозиба билан безанган: “Бу қўшиқни айтиб, Элбек бахши қуёшга тик қараган экан, кўзи ёшланмабди”, деб ёзган шоирнинг “Карвон кўрдим…” сингари шеърлари халқ қўшиғидай жаранглайди.

Фестивалда Халқ шоири Усмон Азим  билан бўлган гурунглар ҳам ҳикматга бой бўлди. Жумладан, Термиз Маданият саройида Бахшилар мактаби ўқувчилари ва устозлари билан бўлган учрашув маҳорат дарсига айланиб кетди. Шоир ўз фикрларини айтар экан, бахши ҳар бир сўзга жиддий эътибор қаратиши, уни аниқ талаффуз қилиши лозимлигини таъкидлаб, бахшичилик тарихига ҳам қисман тўхталиб ўтди:

– Илгари терма, достон куйлаган кишини “юзбоши” деб атар эди. Юзбоши юзта одамни бир жойга йиғиб, бош бўлиб, дўмбира чертиб достон айтар эди. Дўмбирани чертган кишини созанда дейдилар. Кейинчалик уларни “бахши” деб атай бошладилар…

Бу суҳбатлар ўқувчилар учун қанчалик мароқли бўлганини таърифлашга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Учрашув якунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди ҳомийлигида чоп этилган китоблар Бахшилар мактаби ўқувчиларига совға қилинди.

Худди шунингдек, ўзбек насри хазинасини шоирона роман, қиссалар билан бойитган,  Саид Аҳмад таъбири билан айт­ганда “Тоғай Муроднинг қўшиқлари” яралишида ҳам халқ ижоди таъсири яққол кўринади.

Республикамиз мусиқа ва санъат мактабларида бахшичилик бўлимларининг очилиши, қолаверса, Бахшилар мактабининг ташкил этилиши келгусида адабиётимиз равнақига самарали таъсир кўрсатади. Бу мактаблардан нафақат бахшилар, балки шоир, ёзувчи, созанда, хонандалар ҳам етишиб чиқишига ишончимиз комил.

Ўзбек тили ва адабиёти бакалавриат йўналиши бўйича юзга яқин талаба таълим олаётган Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази кутубхонасига ҳам Ёзувчилар уюшмаси томонидан янги китоблар тақдим этилди ва бу ерда ўқиётган ижодкор талабаларнинг шеър, ҳикояларини адабий нашрларда ёритиш бўйича келишиб олинди.

Шунингдек, фестиваль доирасида Термиз давлат университети ва бошқа таълим муассасалари ўқувчи ва ўқитувчилари билан учрашувларда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Хосият Бобомуродова, ўайрат Мажид, Шодмон Сулаймон ва бошқа ижодкор­ларимиз иштирок этдилар.

ШАРҚУ ўАРБ САНЪАТИ ҲАМОҲАНГ

Афсонавий шаҳарчани кезар эканмиз, таниқли композитор Ойдин Абдуллаева билан учрашиб суҳбатлашдик.

– Президентимиз ташаббуси билан ўтган Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўзбек мусиқа санъатининг улкан ютуғидир, – дейди О.Абдуллаева. – Қадимий тарихга эга бу санъат турли даврларда ўзига хос синовларни бошдан кечириб, боболар саъй-ҳаракати билан бугунги кунгача етиб келган мусиқий-маънавий меросимиздир. Аслида, бахшилар санъати ўзбек маданиятининг ибтидоси, десак тўғрироқ бўлади. Инсоният ўзининг фикр-мулоҳазаларини, ҳис-туйғусини бадиий образ орқали ифода этиши, ушбу жараёнда ўзи ҳам еру само билан руҳан уйғунлашуви бахшичилик санъатининг беқиёс маънавий-эстетик воқелик сифатида дунё тамаддунидан ўрин эгаллашига омил бўлди.

– Фестивалнинг очилиш маросими ҳар доимги концертларимиздан ўзгача, янги қўшиқ ва рақсларга бой бўлди, деб ўйлайман…

– Шубҳасиз, фестивалнинг очилишига бағишланган бадиий-мусиқий дастур барча томошабинларни бирдек мафтун этди. “Алпомиш”, “Қирқ қиз”, “Ошиқ ўариб ва Шоҳсанам” достонларидан айтилган парчаларнинг мақом ва халқ мусиқасидан олинган куй-қўшиқ, рақслар билан моҳирона уйғунлашуви орқали дастур яхлит композиция сифатида бир нафасда ўтди. Созандаю хонандалар икки соатга яқин вақт мобайнида юксак савиядаги жонли ижрони намойиш этдилар. Ошиқ ўарибнинг кўзи ожиз онаси билан бўлган учрашув саҳнаси томошабинларнинг юрагини сел қилиб юборди.

 – Фестивалда хотин-қиз бахшилар иштирокини қандай баҳолайсиз?

–  Хотин-қиз бахшилар қатнашгани алоҳида эътирофга лойиқ. Ижродаги ёрқин ифодавийлик, кучли ҳиссиёт, мусиқий асосни томошабинга мукаммал етказиш борасида қизларимиз бахшичилик санъатида янги поғонани белгилаб бердилар, десам муболаға бўлмайди.

– Хорижлик бахшиларнинг бизнинг куй-қўшиқлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқдингизми? 

– Концерт чоғида Бельгиядан келган меҳмон томошабин эътиборимни тортди. “Алпомиш” достонидан парча айтилиб, созандалар ансамбли унга битта пардада туриб жўр бўлган пайтда, меҳмон ўз халқининг мусиқасига мос тарзда хиргойи қила бошлади. Унинг хиргойисига қулоқ тутиб, мусиқий ҳаракатларида бахшиларимиз томонидан куйланадиган оҳангларга хос ўхшашликни илғадим. У бахшига қўшилиб, жўр бўлишда давом этаркан, хиргойиси “Алпомиш” достонининг куй йўли билан уйғунлашиб кетди. Гарчанд, бу ҳолат бадиҳагўйлик бўлса-да, бунда Шарқ ва ўарб санъатини бирлаштирувчи умумийлик яққол кўзга ташланди.

Сурхондарё фестивали эзгу мақсад йўлида бутун дунё бахшиларини бирлаштирди. Тили турлича, аммо санъати бир бўлган санъаткорлар бир-биридан маънавий озуқа ва тажриба олдилар. Фестиваль доирасида ўтган илмий-назарий конференцияда бахшичилик санъатининг долзарб масалалари ўртага ташланди ва муҳокама қилинди.

Ўзида чуқур маънавий-эстетик мақсадни жам этган бахшичилик санъатини ўрганиш билан боғлиқ масалалар келгуси авлодларга ҳам татийди.

БАХШИЛАР ЭЪЗОЗЛАНДИ

Туркманистонда таълим олган ва халқ орасида Анна бахши номи билан танилган афғонистонлик Шерван Арна Жума туркман, ўзбек ва дарий тилларини билиш билан бир қаторда ушбу тилларда мумтоз қўшиқлар ва достонларнинг моҳир ижрочиси ва ноёб овоз соҳиби ҳисобланади. Анна бахши билан фестиваль таассуротлари ҳақида суҳбатлашганимизда ўзининг ҳайратларини шундай баён қилди:

– Мен фестиваль давомида бахшилар дос­тонини тинглаб, ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз, афғон халқларининг анъаналари, урф-одатлари, достонлари бир эканига амин бўлдим. Қолаверса, Ўзбекистонда ўтган ушбу фестивалда бахшиларнинг юксак даражада эъзозланишига гувоҳ бўлиб турибман. Халқаро танлов қатори республика босқичида ҳам ўттиздан ортиқ бахшиларнинг тақдирланиши таҳсинга сазовор.

Ҳақиқатан, Термизда бир пайтнинг ўзида республика миқёсида ҳудудлардаги бахшичилик мактаблари анъаналарига мувофиқ уч йўналишда ўтказилган бахшилар танлови натижаларига кўра, ички овозда айтиш бўйича қашқадарёлик Баҳром Раҳимов, таш­қи овозда айтишда қорақалпоғистонлик Ерисбой Аскаров ва жиров, оқин йўналишида тошкентлик Талгит Ўринбеков биринчи ўринга сазовор бўлдилар. Шунингдек, номинациялар бўйича: тадбирнинг энг ёш ижрочиси беш ёшли ўолибжон, ёши улуғ ижрочи Нурмамат Эшмуродов, энг яхши аёл ижрочи ҳамда томошабин эътирофига сазовор ижрочи сифатида Зулхумор Шерназарова билан Гулрухсор Жўраева ғолиб деб топилди. Бундан ташқари 4 та иккинчи, 5 та учинчи, 15 дан зиёд рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди.

Халқаро фестивалнинг Олий мукофотига қозоғистонлик машҳур бахши Улжан Байбусинова, биринчи ўринга ҳамюртимиз Абдуназар Поёнов ва туркманистонлик Керван Ёвбосаров сазовор бўлди. Шунингдек, икки нафардан иккинчи ва учинчи ўринлар, 12 нафар бахши эса, йўналишлар бўйича фестиваль дипломи ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Дунёнинг турли мамлакатларидан келиб, ўз халқининг қўшиқ, достонларини куйлаган бахшилар, оқинлар, жировлар, шоир ва ошиқлар овози, дўмбира садолари янграган Сурхон оқшомларида хаёлингиздан Алпомишнинг етти йиллик машаққатли синовларни енгиб, юртига қайтгани ҳақидаги манзаралар жонланади:

Омон-эсон элга етган,

Пешвоз чиқ, Алпомиш келди…

Ҳумоюн АКБАР

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг