Ижод  ва таржимаи ҳол талқини (2019 йил, 15 сон)

288

Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги

Ҳар бир  улкан ижодкор  ўзича бир олам. Улар бири иккинчисини такрорламайди, бири бошқасидан фарқланади. Бундай адибларнинг таржимаи ҳолини  асарларидан,  асарларини эса  таржимаи ҳолидан айрича тасаввур этиб бўлмайди. Зотан, дунё адабиётшунослигида масаланинг шу жиҳатини  муайян тизимга келтирган биографик метод ҳам бор.

Француз олими Шарль Сент-Бёв ўзининг биографик йўналишда ёзган адабий-танқидий мақолаларида ҳар бир ёзувчи ҳаёти ва аниқ бир асарига талқинига алоҳида эътибор бериб, “Адабий портретлар” китобида: “Мени ҳар доим хатлар, суҳбатлар, фикрлар, характерларнинг ўзига хос турли фазилатлари, маънавий-руҳий қиёфаси, бир сўз билан айтганда, машҳур ёзувчилар биографиясини ўрганиш доимо ўзига жалб этиб келди”, деб  ёзади.  Рус олими Юрий Борев: “Санъаткорнинг индивидуал тақдири унинг ижодини талқин этишда калит вазифасини ўтайди”, дейди.

Албатта, адабиётшуносликдаги бу методга кўра адибнинг  ҳаёти, шахсияти, биографиясига ижодининг энг муҳим хусусияти сифатида қаралади. Ёзувчи биографияси эса бирор бир  йўсинда унинг асарларида ўз ифодасини топади.  Ёзувчи ҳаётидаги ўзгаришлар, руҳий кечинмалар, дунёқарашидаги  ўсиш-ўзгаришлар асосида  бадиий асарни талқин қилиш ўзининг ижобий самарасини беради. Дейлик, адабиётшунослар Абдулла Қодирий замондоши Фитратнинг “Ҳинд сайёҳи”, “Мунозара”, “Раҳбари нажот” каби асарлари  ҳақида муаллифнинг руҳий-маънавий дунёси, эътиқодий қарашлари, унга таъсир этган микромуҳитни теран ўрганмагунча  тўғри хулосаларга кела олмайди. Айни чоғда, 30-йилларда ёзилган “Меърож”, “Заҳронинг иймони”, “Зайд ва Зайнаб” типидаги ҳикоялари талқинида ҳам Фитрат ижодига руҳий-биографик ёндашув лозим. Бундай ҳолларни чўлпоншунослик тарихида ҳам кузатиш мумкин.

Аллома адиб  Абдулла Қодирийнинг Юсуфбек ҳожи, Отабек, Анвар, Кумуш, Раъно сингари қаҳрамонларида намоён бўлган  бебаҳо маънавий қадриятлар адиб  маънавий-руҳий дунёсида мавжуд эди, албатта. “Артист бўлганимда эди, Отабек ролида ўзим ўйнардим…Негаки, Отабек характерини мендан яхши билгувчи йўқ”, деган истаги асосида ҳам ўша руҳий бутунлик сезими бор.

Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” китоби  Абдулла Қодирий биографиясини ойдинлаштиришда муҳим асар ҳисобланади. Китобда Қодирий асарларидаги маълумотлар, баъзи “қолдиқ ҳужжатлар”, адиб ҳақидаги замондошларининг хотиралари, ўғилнинг ўз отаси ҳақидаги хотиралари ўрин олган. Муаллифнинг ўзи китоб аввалида ёзганидек, бунда “чуқур таҳлил ва илмий мулоҳазалар” берилмайди. Айни чоғда, бу манба Абдулла Қодирий таржимаи ҳолининг “тугал баёни” ҳам бўла олмайди. Гарчи қўлида  архив ҳужжатлари, адибнинг “кундалик хотира дафтари”, бировлар билан шахсий ёзишмалари мавжуд бўлмаса-да, Ҳабибулла Қодирий отаси олдидаги фарзандлик бурчини чин дилдан адо этди.

Абдулла Қодирий қаҳрамонларининг маънавий-ахлоқий дунёсини адибнинг эстетик оламидан айри  ҳолда тасаввур этиш қийин. Аммо ижодкор “ўз гапи”ни айтишда қандайдир “туртки”га, ҳаётдаги қайсидир кишилар қиёфасига таянган бўлади. Шу маънода адибнинг ўғли “Отам ҳақида” китобида прототипларга оид асосли, ишончли тахминларни илгари суради.

Масъуд Абдуллаев “Ўтганлар ёди” китобида:  “Мен 1926 йили 12 апрелда оилада тўртинчи фарзанд бўлиб дунёга келганман.  Надоматлар бўлсинки, ўшанда дадамни туҳматнинг қора курсисига ўтқазган эканлар. Дадам “Муштум” журналида ҳажвий мақолалари билан қатнашиб турар эканлар. Жумладан, ўз замонасининг илғор зиёлиларини ҳам танқид қилиб ёзган “Йиғинди гаплар” мақоласидан сўнг дадамни ҳибс этган эканлар. Дадам қамоқдан чиққунларига қадар мен исмсиз ётаверган эканман. Айтишларича, дадам 1926 йил 12 июнда қамоқдан чиқадилар ва мени икки ойлигимда биринчи бор кўрадилар. Эҳтимол, озодликка чиққанларига хурсанд бўлиб, менга Масъуд (бахтли) деб исм қўйгандирлар”, деб ёзади.  Ушбу эътироф  адиб ҳибсдан қутулгандан кейин ёзган “Меҳробдан чаён” романидаги Анварнинг дунёга келишига  оид бир эпизодни эсга солади: “Анварнинг “чилласи чароғ кўрмаган” бўлса ҳеч бокиси йўқдир, бироқ йигирма кунлаб бешикда исмсиз ётиш қизиқдир, чунки янги “қадрлик меҳ­мон”га от қўйиш на отасининг эсига ва на онасининг хотириға келган эди. Орадан йигирма кун ўтса-ку, болаға исм қўймасалар, деб ота-онани айблаш оғир… Исм қўйиш вазифасини йигирма иккинчи кунларда ўн икки ёшлиқ Нодира одо қилди”.

“Ўтганлар ёди” китобининг бошқа бир саҳифасида Қодир бобонинг тожирлиги эсга олинади. Табиийки, бундай биографик маълумот ҳам беихтиёр Отабекнинг тижорат билан турли шаҳарларга борганини  ёдга солади. Ёки Масъуд Абдуллаев онасининг қиз  ҳовлиларига борганида “Ўткан кун­лар”­даги Мирзакарим қутидор ҳовлисига ўхшаш манзараларни кўради: “Ширинқудуқдан бир оз юрилиб, боши берк тор кўчага бурилгач, яна 50-60 қадам юрилса, ойимнинг туғилиб ўсган ҳовлиларига етиларди. Ҳовлига икки табақали эски, бўёқлари ўчиб кетган эшик орқали ташқи-ичкари ҳовлига кириларди. “Ўткан кунлар” романини ўқиганимда “Киройи куёвинг шундай бўлса” фаслидаги манзарада дадам қайнота ҳовлиларининг ички-ташқи кўринишларини таърифлагандай туюлади”. Табиийки, бундай муҳим хотиравий фактлар “Ўткан кунлар” романи биографик талқини учун зарур манбалар саналади. Энг асосийси, Абдулла Қодирий тасвирлаш тамойилига садоқатан, ўз кўзи билан кўрган жой, нарса-предмет, воқеа-ҳодиса, инсонлар феъли ҳамда қиёфасини чизишда реал ҳаётий фактларга таянганини англатади.

Архив ҳужжатларининг илмий-адабий муомалага олиб кирилиши, бир томондан, ўзбек адабиётидаги  сиймоларнинг таржимаи ҳолларидаги қоронғи нуқталарни ойдинлаштиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, қатағонга учраган адабий авлод билан ундан кейинги авлод орасида қандайдир зиддиятлар, мажбурлаш оқибатида  бўҳтонлар битилган  қоғозларга имзо қўйиб беришлар ҳам бўлганини кўрсатади.

90-йилларда архив манбалари асосида ёзилган қодирийшуносликка тегишли китобларда ҳам шу икки ҳолат кузатилади. Набижон Боқий қаламига мансуб “Қатлнома” рисоласи  шу жиҳатдан эътиборга молик. Асар “ҳужжатли қисса” деб аталган ва унга “Абдулла Қодирийни кимлар, қандай йўсинда, қаерда, қачон ва нима учун қатл қилган эдилар?” деган тагсарлавҳа ёзилган. Дарҳақиқат, “дилбар адибимиз Абдулла Қодирийнинг аччиқ қисмати акс эттирилган 976225-сонли” жиноятнома ҳужжатларини қамраб олган “Қатлнома”дан юқоридаги саволларга муайян  даражада жавоб топиш мумкин. Н.Боқийнинг “Қатлнома” китоби соф илмий асар эмас. Унда моҳир публицист нигоҳи бор,  киноя, пичинг, кесатиқ ва жиддият тергов жараёни манбалари ёки “англатма”лардаги фактлар билан уйғунлашиб кетади. Кўпроқ илмий-публицистик услубга хос хусусият  кўзга ташланади.

Муаллиф Абдулла Қодирий жиноятномасини варақлар экан, баъзан адиб қаҳрамонларини “ишга аралаштиради” — уларнинг нутқидан иқтибослар келтиради: “ – Ҳақсиз жазо! – деб Отабек кулимсираб қўйди…”  Эҳтимол, бу Абдулла Қодирий нидосидир.

“ – Кимки қасддан битта мўмин бандани ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлади ва ўша жойда абадий қолади! – дерди бир четда тасбеҳ ўгириб ўтирган Юсуфбек ҳожи.

– Иншааллоҳ!”

 “Қатлнома”да ҳужжатлар талқини жараёнида бундай чекинишлар, шеърий ёки бевосита адиб ижодига доир илмий манбалардан кўчирмалар кўп. Умуман олганда, “Қатлнома” ХХ аср инсоният бошидан кечирган мудҳиш қатағон  сиёсатини тасаввур этишга, хусусан, Абдулла Қодирий ҳаётининг сўнгги саҳифалари билан танишишга имкон беради.

Дарвоқе, адиб ҳаётининг сўнгги кунлари хусусида Ҳабибулла Қодирий ҳам архив ҳужжатлари асосида “Қодирийнинг сўнгги кунлари” номли хотира қисса ёзган эди.  Муаллиф  мазкур асарида  ўзининг таъкидлашича, “Отам ҳақида” китобига кирмай қолган, ўша 70-80-йиллар сиёсати боис киритилиши мумкин бўлмаган “кўпдан-кўп қизиқарли кўрган-кечирган, билган” воқеа-ҳодисаларни қаламга олади. Хотира қиссадаги адибнинг маҳбуслик даври, лагерь ҳаётининг тасвири-тавсифи берилган саҳифалар ўқувчи диққат-эътиборини ўзига оҳанрабодек тортади. Сталинизм сиёсати нақадар даҳшатли экани, қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар арзимаган баҳонаю сабаб туфайли озодликдан маҳрум этилгани қиссада ўзининг ёрқин ифодасини топган, албатта. Зотан, инсон қалбининг оғриқларини кўрсатган бу асар юрак қони билан ёзилган,  чин бир ҳақиқат битилган. Асар устида ишлаётган муаллиф қуйидаги фикрларни бежиз айтмаган: “Мен шу пайтга қадар қалам тебратиб, унча-мунча нарсалар битдим. Аммо ҳеч қачон ҳозир битаётган асарим каби ўзимда ёзишга, кўнглимдагиларни бўшатишга бу қадар кучли эҳтиёж сезган эмасман. У мислсиз оғир дард бўлиб, вужуд-вужудимни ўртамоқда. Шу дард, шу армонни қоғозга туширмагунча, ёзиб битирмагунча бу дунёдан кетолмайман, жон беролмайман”.

“Қодирийнинг сўнгги кунлари”да Абдулла Қодирийнинг инсоний қиёфасини, мардлиги ва жасурлигини кўрсатадиган ўринлар кўп. Ҳ.Қодирий 1937 йили куз фаслида Маннон табиб билан бўлган мулоқотни хотирага олади. Табиб ёш Ҳабибулладан ҳол-аҳвол, кимнинг ўғли эканини сўраб-суриштиргандан сўнг айтади: “Ўзинг тушунадиган бола кўринасан, гапимни ҳеч кимга айтма, дадангга бориб секин айт, у, албатта, ўзини Тошкентдан четроққа олсин… Тожикистон томонларга бориб, тоғ-тош қишлоқларда соқол-муртини ўстириб, эшакарава миниб бир тирикчилик ўтказиб юрсин. Бир куни манови алғов-далғовлар босилиб, “омон-омон” бўлганда яна қайтиб келар. Бу сўзимни дадангга албатта айт, жон болам! Буларнинг арқонни узун ташлаб қўйганидан хотиржам ўтиравермасин. Дадангни ҳам албатта қамашади. Ҳозир турмалар тўлиб кетган, отангни қамашга жой ҳам йўқ! Ўзим ана шу табибчилигим учун яқинда ўн бир ой қамалиб чиқдим, ўз кўзим билан кўрдим, билдим…”.

Албатта, бу гапни Ҳабибулла дадасига етказади. Шунда Абдулла Қодирий анча вақт ўйланиб ўтиради, сўнг сўзлайди: “Менинг ҳеч гуноҳим йўқ! Гуноҳсизни қамамасалар керак. Йўқ гуноҳни бўйинга олиб ватанни тарк этиш, халқ кўнглига шубҳа солиш, аллақайси жойларда бўйин эгиб, сарғайиб юриш… Йўқ, бўлмайди!..”.

 Бу мулоҳаза, қатъият, жасорат улуғ адиб табиатига хос ва айни чоғда, унинг адабий қаҳрамонлари характерига мувофиқдир. Зотан, Отабекнинг туҳматга қолиб, терговга тортилиш эпизодларидаги жасурлиги, Анварнинг бегуноҳ дўстини ўлимдан қутқариш учун ўз оёғи билан дор остига бориши қайсидир маънода “хўрликдан ўлим тансиқроқдир”, “Мен тўғрилик орқасида бош кетса “их” дейдирган йигит эмасман”, шунингдек, қатъиян “Йўқ, бўлмайди!” деяётган Абдулла Қодирий сиймосини беихтиёр хаёлга келтиради.

Хуллас, ижодкор психобиографиясида, хусусан, Абдулла Қодирий таржимаи ҳоли тавсифида унинг ўзи ёзган турли жанрдаги асарлари, замондошларининг хотиралари, фарзандлари томонидан битилган ҳужжатли, хотира асарлари ва, айниқса, архив ҳужжатларида муҳрланиб қолган маълумотлар муҳим аҳамият касб этади.

Баҳодир КАРИМ,

филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг