Иймонни мерос деб, бердилар онам (2019 йил, 15 сон)

291

***
Юрак жисмимизда бир умр бедор,
Наздимда зарбида Оллоҳ оҳи бор.
ўафлат уйқусида ётган бандаси,
На оҳга, на зарбга қилгай эътибор.

***
Онанг оромингни ўйлар ҳар онда,
Боланг оромидан сўйлар ҳар онда.
Жонидан жон берган онанг ердадир,
Жонингдан жон олган боланг осмонда.

***
Бешик бор оилалар нурли гўшадир,
Бешик бор оилада қувонч қўшадир.
Бола йиғлайдими ё балки кулар,
Бу бахтнинг овози – ўша, ўшадир.

***
Ҳикмат хитобланмас, сокин садодир,
У дилнинг тумори, тилда дуодир.
Кўкдан тушмайди у, ердан чиқмагай,
У қалбнинг қатида, мулки Худодир.

***
Чойнак пиёланинг кўҳна ҳаммоли,
Қайноқ чой меҳрнинг битта тимсоли.
Гоҳида одамзот билмай ўтаркан,
Кимнинг заволида – кимнинг камоли.

***
Қоғоз юз очганда қалам қитирлар,
Ёзмасам дилимда алам қитирлар.
Қитирлар сўзига қофия десам,
Ёнимда набирам ширин қиқирлар.

***
Дерлар, не изласанг ўздан топилур,
Аждодлардан қолган издан топилур.
Ким суврат изласа мушкули осон,
Маҳмуднинг сийрати сўздан топилур.

***
Унган гул – бу ёшлик, шодлик шонаси,
Сўлган гул – кексалик, ғамнинг бодаси.
Елларга соврилган ёшлик баҳори,
Маънисиз қариган жоннинг жоласи.

***
Ўзингдан ўзингни қидириб толдинг,
Топмадинг, ўзингдан гумонда қолдинг.
Ҳечдан кўра, балки кеч ҳам яхшидир,
Чунки сен ўзингдан ибрат ололдинг.

***
Тонг билан тўлғонсанг, тийрак нигоҳсан,
Иймонда собитсан, ўздан огоҳсан.
Элнинг элагидан эъзозда ўтсанг,
Элнинг наздида сен мангу уйғоқсан.

***
Ўлмоқ осон, тирилмоқ қийин,
Ким келибди, кетгандан кейин.
Қулоғимга руҳлар шивирлар,
Яшадим, деб керилмоқ қийин.

***
Қайғу қаритади – бу қадим ҳикмат,
Қувонч ёшартирар, шубҳасиз, минбаъд.
Парвардигор ўзи асрасин, илло,
Тирик ўлдиради бесабаб туҳмат.

***
Дема, булут қолиб, осмон кетгуси,
Рост яшар, бадарға ёлғон кетгуси.
Кўҳна ҳақиқатнинг ҳикмати шуки,
Осон топган обрў осон кетгуси.

***
Шеърни осон ёзиб бўлмайди,
Шеърни ёлғон ёзиб бўлмайди.
Ёлғон билан қоғоз тўлар-у
Шоир бўлсанг, кўнглинг тўлмайди.

***
Ўйлаб ўйларимга етмайман гоҳи,
Ўзига аёндир, билгай Илоҳи.
Билолмам, қай бири бошимга тўқмоқ,
Тилим гуноҳими, дилим гуноҳи?

***
Кўнгилни кенг қилсанг, бори сеники,
Муҳими, шу кўнгил зори сеники.
Бори билан яшаб бахт топганлар кўп,
Паст кетма, оламнинг ори сеники.
***
Айтилган сўз – қайтиб келмас ўқ,
Дардини ҳеч айтиб келмас ўқ.
Хуш ниятда нишонга тегса,
Ҳаёт бордир, асло ажал йўқ.
***
Олтин ўйнатади соҳибин кўзин,
Ҳам яна туширмас самодан ўзин.
Васваса ичинда кечади умри,
Билмай ўтиб кетар таомин тузин.
***
Кулиб қарши олсанг, кулиб кузатар,
Аслида кимлигинг билиб кузатар.
Келмоқда кетмакни ўйлаган маъқул,
Адашсанг, терингни шилиб кузатар.
***
Олам гўзаллиги кўзга сиғмагай,
Не тонг, васфи уни сўзга сиғмагай.
Мадҳин куйлаганда Маҳмуд мастона,
На кўзга, на сўзга, ўзга сиғмагай.
***
Айт, бунчалар бўзлаб толмайсан,
Уввос солиб уммон олмайсан.
Қатра сувни қароқдан чиқар,
Ҳаққа юкин, ёлғиз қолмайсан.
***
Жоҳил жаҳли қаҳри ичрадир,
Оқил ақли шарҳи ичрадир.
Шоирлар-чи, шоирлар десанг,
Шоир кўнгил чарҳи ичрадир.
***
Ҳурматни хоҳлайсан ҳурмат кўрсатмай,
Тиланчи аслида дилдан наридир.
Обрўнинг қулисан, иззат кўрсатмай,
Дилдан нари одам, элдан наридир.

***
Ақлинг остонангда эшик қоқмоқда,
Жаҳлинг кошонангда чақмоқ чақмоқда.
Меҳринг хижолатда барингдан тортар,
Наҳот, юрагингга чипқон чиқмоқда.

***
Қиш қаҳрин эритса қуёш эритгай,
Дил заҳрин аритса бардош аритгай.
Яхши фарзанд – қуёш, қадринг қалқони,
Ёмони бир кунда юз ёш қаритгай.

***
Оҳанг ором бўлиб таралса яхши,
Қўшиқ хуш каломдан яралса яхши.
Ибодат васфида покланган каби,
Ватандан сўз айтса, ўлмайди бахши.

***
Ҳикмат – бу илмнинг боқий меваси,
Эл ичра омонда ҳикмат эгаси.
Қудуқни игнада қазибди, балли,
Дуо денгизида сузгай кемаси.

***
Райҳон ифорида еллар сарсари,
Хуш еллар мафтункор тонгнинг дилбари.
Болишдан бош кўтар, эй, одамизот,
Саломинг кутмоқда олам сарвари.

***
Ҳар япроқ дарахтнинг ҳаққа зикридир,
Қушларнинг чуғури тинчлик шукридир.
Тангри не яратмиш, гумондан ҳоли,
Гумонга бормоқлик инсон фикридир.

***
Ҳар ким бу дунёдан олмоқ истайди,
Ҳам яна шарафда қолмоқ истайди.
Беш бармоқ оғизга баробар сиғмас,
Мендан нарида юр, эй шайтон, дайди.

***
Бу дунё бешиги қўлимиздадир,
У дунё эшиги йўлимиздадир.
Тебратиб, тебраниб кетиб борамиз,
Орзу-армонимиз дилимиздадир.
***
Оллоҳ шонлантирса шонинг поёнсиз,
Аксинча бўлса-чи, ғариб, имконсиз.
Шунда ҳам шукрин қил, соғсан, омонсан,
Сенга демаса бас: – “Анов, иймонсиз”.

***
Танбур садосида кўҳна андуҳ бор,
Кўксингни кўклатган сирли бир руҳ бор.
Чертса, уни Турғун Алимат, чертса,
Раҳмат ёмғиридан томган шукуҳ бор.
***
Кумушкон бунчалар ҳуш ҳаво маскан,
Сойлари шарқирар, ҳуш наво маскан.
Бу поклик шукрин қил, Тангри неъмати,
Кумушкон – бир дардга минг даво маскан.

***
Ҳар неки гўзалдир хумор боқамиз,
Билиб, билдирмаймиз, хуштор боқамиз.
Биз-чи, шоир аҳли гўзаллик кўрсак,
Дилда сурон солган сойда оқамиз.
***
Дилим дер: Пурвиқор тоғларга қара,
Тилим дер: Дилингдан сен аста сўра:
– Хўш, тоғдан баланд не бўлар, айт-чи?
– Дилим дер: Тоғдан баланд тоғ бўлар, жўра!
***
Меҳр бу – толиққан томирга қондир,
Меҳр бу – нажотдир, яхши имкондир.
Меҳр кўрган кўзга, кўргузганга боқ –
Меҳр бу – қуёшдир, яйраган жондир.
***
Ҳар сатр Худонинг инъоми асли,
Хуш сатр хушланган каломи асли.
Юракдан чиққан сўз юракка борса,
Бу – дўстнинг дўстига саломи асли.
***
Турмуш тошдан қаттиқ, дердилар, онам,
Ушоқни ифорлаб ердилар онам.
Ҳар тонг қўл очарди, хуш дуоларга,
Иймонни мерос деб, бердилар онам.
***
Шон билан шарафни самодан кутма,
Дил учун давони ҳаводан кутма.
Гадолар ҳолига боққинда, Маҳмуд,
Меҳнатсиз муродни Худодан кутма.
***
Олинмаган тирноқ кўзга жазодир,
Гуноҳинг титратса тизга жазодир.
Элнинг назаридан қолган одамга,
Эл ичра юрганда юзга жазодир.

***
Чаманлар чиройи кўзнинг кўркидир,
Офтоб дилда бўлса юзнинг кўркидир.
Булбулдек сен гулга дил очмоқ бўлсанг,
Яхши шеър мисли бол, сўзнинг кўркидир.

***
Алам қонда бўлса юзингга тепар,
Алам жонда бўлса сўзингга тепар.
Аммо сен сабрингга султон бўлолсанг,
Дуонинг дурларин изингга сепар.

***
Кимнидир соғинмоқ, кимнингдир аҳди,
Кимгадир бахт бергай, кимнингдир шахти.
Демак ният улуғ, ижобат Ҳақдан,
Бир миллат бахтидир, бир одам бахти.

***
Осмон жисмлари осмонникидир,
Уммонда не бўлса уммонникидир.
Осмонда, уммонда, дунёи дунда
Неки яралибди инсонникидир.

***
Орзу бизни ўз йўлида адаштирар,
Армон эса миннатларни қалаштирар.
Сабр султон, иймон қози бўлиб мудом,
Бир кўнгилнинг икки тоғин яраштирар.

***
Оқилни уқмаган дил бўлмоқ ёмон,
Фақат ўз фикрига қул бўлмоқ ёмон.
Замон ҳар нафасда шиддат сўрайди,
Ўтирган ўринда зил бўлмоқ ёмон.

***
Ўқувсизман йўлга чиқсанг, йўл оввора,
Дуоларга очилгувчи қўл оввора.
Сен ношудга чайнаб берсанг чидаб ютмас,
Бундайларман бўлмасин-да, эл оввора.

***
Ниятинг хуш, қароғингда нур бўлгайдир,
Бошинг омон тароғингда нур бўлгайдир.
Ватан, ахир, остонадан бошланади,
Элу юрт тинч, чироғингда нур бўлгайдир.

***
Шалолага шакл берган сувнинг ўзи,
Ҳар дарахтда куртак ёзар сувнинг кўзи.
Илдизларнинг хиргойиси сув биландир,
Япроқларнинг шивирлаши сувнинг сўзи.

***
Она, ёдинг билан яшаб юрибман,
Йўқсан, додинг билан яшаб юрибман.
Вале, Яратганга шукронам бисёр,
Сен қилган дуодан яшнаб юрибман.

***
Тиниқ туйғу юз-кўзингда бўрта олар,
Тиниқ туйғу юрагингни ўрта олар.
Шу туйғунинг оғушида шеърлар ёзсанг,
Етмиш икки томирингга черта олар.

***
Самимий табассум – юздаги жамол,
Самимий лутф эса сўздаги камол.
Самимий одамлар сабрига султон,
Самимийлик асли ўздаги камол.

***
Яхшидан кўнгилни аритолмайсан,
Ёмонга меҳрингни даритолмайсан.
Ўзинг қаригайсан, унутма, Маҳмуд,
Қилган савобингни қаритолмайсан.

***
Гулда таманно кўрдим, нурда таманно кўрдим,
Мен уни кўздан олдим, бир сенга раво кўрдим.
Сен гулдан аъло эдинг, сен нурдан аъло эдинг,
Ваҳки, икки ўт ичра, мен ўзни адо кўрдим.

***
Ёздан қолган, куздан қолади,
Биздан қолган, сиздан қолади.
Эл ичинда, аммо яхши ном,
Ҳикмати хуш сўздан қолади.

***
Кўнгил кўчасида қолдик жон билан,
Кеча юрган эдик шараф-шон билан.
Бугун отдан тушиб кўрганимиз шу,
Юрган ҳамон бахтли соф иймон билан.

***
Келган билан, кетган билан ишинг йўқдир,
Чунки ҳамон ақл отлиқ тишинг йўқдир.
Билмайсан-да, барча кетган сени кутар,
Маҳшаргоҳни ўйламоққа ҳушинг йўқдир.

***
Уқмаганга ўқигани даримайди,
Тешик томнинг тоғораси аримайди.
Халқ эртаги халқ тўқиган эрмак эмас,
Зумрад билан Қиммат ҳамон қаримайди.

***
Тирикмиз тобланган дурга ўхшаймиз,
Гўё сўниш билмас нурга ўхшаймиз.
Биздан олдин келган, кетганлар қани,
Икки кўзи очиқ кўрга ўхшаймиз.

***
Иймон чорловидир адолат роҳи,
Тик боқмоқ ҳақиқат аҳлин нигоҳи.
Ер чизиб ўтирган одам билгайдир,
Кўзида кўрингай унинг гуноҳи.

***
Ҳавасу ҳайратдан яралган олам,
Яратиб ҳайратга тушади одам.
Орзулар рўёби кулган Ватанда,
Яратгувчи бўлмоқ буюк бахт, болам.

***
Севиб – севилганнинг кўзида зиё,
Севиб – севилгандан наридир риё.
Севиб – севилганни меҳробда кўринг,
Саждада бошини силайди Худо.

***
Кўзлар дил оламин яшира олмас,
Ҳасад истеъдодинг ошира олмас.
Худойим аввалин зиёд қилмаса,
Дуо дарё сувин тошира олмас.

***
Сўз айтсанг, маъносин мадори бўлса,
Бир айтсанг, яна минг хумори бўлса.
Ҳам тилдан, ҳам дилдан тушмайин юрса,
Яхши ҳам ёмонга даркори бўлса.

***
Шарафни баҳолаш ҳар кўнгил иши,
Машаққатни шарҳлар, лек оқил киши.
Фолбинлар бошингни айлантиргандек,
Намаксиз таомдек нодоннинг туши.

***
Ташвиш бизнинг турмушимиздир,
Йўлдан чиққан юмушимиздир.
Эрни эр ёки ер қиладиган ҳам
Гоҳ Зайнаб, гоҳида Кумушимиздир.

***
Бойлик билан олган олам бойларники,
Дил нурида қолган олам ойларники.
Тулпорида турган одам бўй бермагай,
Лек келар кун – тулпор бўлар тойларники.

***
Етти олам, етти осмон, етти дил,
Қай бирини излаб қаён кетди дил.
Етти рақам ҳикматидан бир тўртлик,
Бўзлаб-бўзлаб етти кунда битди дил.

***
Тил тикони дилга кирса ёмондир,
Хоин каслар элга кирса ёмондир.
Эл оғзига элак тутиб бўлмайди,
Иғво, миш-миш гулга кирса ёмондир.

***
Тўртлик дил кўкининг шарори асли,
У ҳикмат аҳлининг дил зори асли.
Эзгулик измида айтилган ҳар сўз
Кўнгил фаслларин баҳори асли.

***
Тасодиф – гоҳ қувонч, гоҳ қайғу тутар,
Тасодиф – гоҳи бол, гоҳ оғу тутар.
Ҳар ким берганини қайтиб олади,
Қиёматда бизни шу кўзгу кутар.

***
Олтин олма дуо ол, элда шундай ҳикмат бор,
Бу ҳикматда қадрият, яшаб келган ибрат бор.
Қўшнига чиқ қўшади, элга айтсанг ошади,
Сирни сириб юрганга Худойимдан раҳмат бор.

***
Миннат маломати бошдаги тўқмоқ,
Заҳарга айланган ошдаги тўқмоқ.
Ўғлингдан, қизингдан қайтса ёмондир,
Қадрсиз кексайган ёшдаги тўқмоқ.

***
Фаввора сув сочиб кўз ўйнатади,
Ошиқлар дил очиб сўз ўйнатади.
Қаро дил қаҳридан нари юр, Маҳмуд,
Улар томошага дард чайнатади.

***
Ёлғон ярашмаган юзлар шувитдир,
Ёлғон етаклаган излар шувитдир.
Ҳақиқат кўкдаги қуёшга ўхшар,
Ёлғон у даргоҳда парча булутдир.

***
Илм ўрганганга ақлнинг тоши,
Сабрсиз қўлида жаҳлнинг тоши.
Шу боис устозлар такрор демишлар,
Тарбия ҳар ишнинг аввали, боши.

***
Қадринг қалқон бўлса, қаддинг шамшоддир,
Нафсинг ўпқон бўлса, шаънинг барбоддир.
Ўрик ўтин тафтин янтоқ бермаган,
Хазоннинг бозори ҳамон касоддир.

***
Умрим кунларининг уволи кўпдир,
Ҳар битта уволнинг заволи кўпдир.
Ё Раббим, ўзингдан ўзга умид йўқ,
Раҳмон, раҳмдилнинг аъмоли кўпдир.

***
Қалбингдаги қўрдан узоқда бўлма,
Манглайдаги тердан узоқда бўлма.
Сен кибру ҳаводан узоқда бўлгин,
Зинҳор-зинҳор элдан узоқда бўлма.

***
Ҳикмат – тафаккурнинг ҳосиласидир,
Тафаккур – ақлнинг восиласидир.
Дунё оқиллари яратган илм,
Ақлу тафаккурнинг силсиласидир.

***
Пулинг бор, улфатлар кўнгилнинг ҳуши,
Пулинг йўқ, сен билан бормикин иши.
Чин дўст қотган нонинг кўзга суртиб ер,
Кетмас, келса ҳамки умрингни қиши.

***
Тилак билан тил ораси қанча чиқар,
Гоҳи камдир, гоҳи бу йўл анча чиқар.
Ният яхши, улар зумда чирмашгайдир,
Тилак ёмон, ўз тилини янча чиқар.

***
Ҳар жоннинг жамоли ўзи биландир,
Камоли – ибрати сўзи биландир.
Жами жонзот ахир, жон билан яшар,
Жон қадри, ҳар қалбнинг кўзи биландир.

***
Ҳалим одамларни кўплар ҳуш кўрмас,
Чунки бу қалбларда кибру кин унмас.
Бойлар, бойга боққан давру замонда,
Тулпор тилагига чавандоз кўнмас.

***
Бахтлиман деганнинг бахтини кўрдим,
Тахтлиман деганнинг тахтини кўрдим.
Кўрсатган Эгамга беҳисоб шукр,
Иймонли одамнинг аҳдини кўрдим.

***
Қай кимса нафсининг чоҳидан чиқмас,
Шайтони лаиннинг роҳидан чиқмас.
Ўзганинг ҳақининг лаънати тутса,
Дўзах оловининг оҳидан чиқмас.
***
Чироқ тун қўйнида нажот нуридир,
Қуёш тонг инъоми, ҳаёт нуридир.
Тўртликдан тўкилган ҳар ҳикмат, Маҳмуд,
Дил дилга илинган баёт нуридир.

Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг