Ҳар қандай халқнинг тарихи, ўзига хос табиати, қадриятлари, аввало, ўша халқнинг она тилида акс этади. Бежиз тилни миллатнинг маънавий иммунитети деб баҳоламаганлар. Боиси, ўз тилини асраб-авайлаган, уни замонлар оша ривожлантира олган миллатгина ўзлигини, миллий қиёфасини сақлаб қолади.

Бу йил “Давлат тили ҳақида”ги қонунимизнинг қабул қилинганига 30 йил тўлади. Ушбу қонуннинг мустабид тузум ҳукмронлиги даврида қабул қилиниши халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди. Бу қонун ўз вақтида халқимизнинг Истиқлолга бўлган умид-ишончини, миллий ғурур туйғусини кучайтирди, Мустақиллигимизнинг ўзига хос пойдевори вазифасини бажарди десак, муболаға бўлмайди.

Юртимиз озодликка эришгач, ўз она тилимизда эмин-эркин сўзлаш ҳуқуқига эга бўлдик, тилимизнинг камситилишига чек қўйилди. Нуфузли халқаро минбарларда ўзбекча сўзларимиз янграй бошлади, тилимизни ўрганишга қизиқувчи хорижликлар кўпайди. Ўзбек тилида чоп этилаётган матбуот нашрлари, китобларнинг тури ва адади кескин даражада ошди. Замонавий ахборот технологияси бўйича ўзбекча дастурлар пайдо бўлди ва ҳоказо. Шубҳасиз, бу жараёнда бундан ўттиз йил олдин қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг хизмати катта бўлди. Аммо шу билан бирга, тан олиш керакки, бу муҳим ҳужжатда акс этган бандлар ижросини ўтган йиллар давомида ҳамиша ҳам таъминлай олдик, дея олмаймиз.

Бугун давр ўзгаряпти. Халқ фикри энг асосий мезон сифатида қаралаётгани, барча муҳим ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий қарорлар юртдошларимиз билан бамаслаҳат қабул қилинаётгани фуқароларда ижтимоий фаоллик ҳиссини кучайтирмоқда. Турли долзарб масалалар қатори, давраларда давлат тили, миллий ғурур, орият, тарих ва қадриятлар ҳақидаги қизғин мусоҳабаларга гувоҳ бўляпмиз. Жумладан, ижтимоий тармоқларда: “Давлат тили ҳақида”ги қонунни ислоҳ қилиб, бугунги кун талабларига мослаштиришимиз керак. Бу жараёнда ёзувчи, шоир, тилшунос олим ва бошқа соҳа вакиллари билан юзма-юз ўтириб, ушбу масалалар бўйича ўзаро фикр алмашишимиз ­лозим” деган мазмундаги мулоҳазалар билдирилмоқда.

Зеро,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари тўғрисида”ги қарори асосида Ҳукуматимиз томонидан 2018 йилнинг 24 декабрида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да ҳам “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш бош масала қилиб қўйилган. Яқинда Ўзбекистон ­Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган давра суҳбатида айнан шу мавзу атрофлича муҳокама этилди. Давра суҳбатини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари
Нодир Жонузоқ олиб борди.

Нодир ЖОНУЗОҚ:

— Биз ҳазрат Алишер Навоийни халқимизнинг маънавий пири, барчамизнинг маънавий устозимиз сифатида эътироф этамиз. Демакки, у зотнинг маслагига эргашиш, ҳаётлик чоғида амалга оширган ишларини баҳоли қудрат давом эттиришга уриниш – муқаддас бурчимиз. Ҳазратнинг она тилимиз тақдири учун қанчалик жон куйдиргани, унинг нуфузини оширишга қай даражада ҳисса қўшгани ёшу қарига бирдай маълум. Хўш, бу борада биз ижод аҳли, Навоий муҳиблари бугун нима қиляпмиз?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 23 декабрь куни Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетига ташрифи чоғида зиёлиларга қарата: “Она тилимизнинг бойлигини, унга бўлган ҳурматингиз ва муҳаббатингизни тилимизни дунё­га тараннум этиш билан кўрсатишингиз керак”, деган эди. Бу улуғвор ишга биз нечоғли тайёрмиз? Она тилига бўлган ҳурматимиз, муҳаббатимиз ҳаётда амалий исботини топяптими?

Тўғри, мустақиллик йилларида тилимиз равнақига оид салмоқли ишлар амалга оширилди. Лекин, шунга қарамай, бу борада ҳал этишимиз зарур бўлган муаммолар кўп экани бугун ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон Республикаси Сенатининг 2018 йилнинг 13 декабрь куни бўлиб ўтган XVII ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев давлат тили мақоми ҳақида гапириб, Қонун амалда ижро этилмаётганини таассуф билан сўзлади. Сенат раиси ҳақли равишда, инсон қайси тилда сўзласа ва фикрласа, кўпроқ ўша тилдаги мафкурага мойил бўлишини таъкидлаб, давлат тили билан боғлиқ салбий ҳолатларга эътиборимизни қаратди: “… аксинча, қонун ижросини назорат қилишга масъул бўлган парламент ҳузуридаги Доимий тил комиссияси ҳамда Атамашунослик қўмитаси фаолиятлари тугатилди, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ишлари эса, белгиланган муддатда тўлиқ якунига етказилмади. Қонунда жавобгарликка тортишга асос бўлувчи нормалар мавжуд бўлса-да, қонун нормаларининг мунтазам бузиб келинаётгани учун бирон-бир айбдор шахс белгиланган тартибда жавобгарликка тортилмади. Аччиқ бўлса-да, айтишга тўғри келади – бу ҳолат қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ўрнига, уни маълум маънода рағбатлантирмоқда”.

Аслида бу муаммолар кўпдан буён олим ва адиблар, зиёлилар даврасида гапириб келинаётган эди. Эътиборлиси, бугун бу масалалар расмий мақомда кун тартибига қўйилиб, жамоатчилик билан биргаликда ечим изланяпти. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарори асосида “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ўн беш банддан иборат бу ҳужжатда юқорида қайд этилган қатор масалалар қамраб олинган. Бу борада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси олдида турган вазифалар юзасидан Уюшма раисининг буйруғи имзоланди. Унга кўра, таниқли адиблар, шоирлар ва адабиётшунос олимлардан иборат Ишчи гуруҳ тузиш ва белгиланган вазифаларни ижро этиш кўзда тутилган. Бугун сизлар билан ана шу муҳим масала – давлат тилининг жамиятимиздаги ўрни, унинг нуфузини янада ошириш учун нималар қилишимиз лозимлиги ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. Хўш, бу борада бугун ўз ечимини кутиб турган қандай муаммо ва масалалар бор, деб ўйлайсиз?  “Давлат тили ҳақида”ги қонун лойиҳасида қандай меъёр ва тушунчалар акс этса, мақсадга мувофиқ бўлади? Умуман, бу жараёнда сизу бизнинг иштирокимиз қандай бўлиши даркор?

Бугун Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўзига хос қиёфаси, обрўси ҳақида қайғуриш – ҳаммамизнинг вазифамиз. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили мамлакатимизнинг хориждаги вакиллари, элчиларимиз билан учрашувида айтган “Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?” деган сўзларида ҳаётий ҳақиқат акс этганини бирдай эътироф этган эдик. Дарҳақиқат, давлат тилига қай даражада эътибор бераётганимиз ёки бермаётганимиз – мамлакат обрўсини белгилайдиган асосий мезонлардан бири саналади. Жумладан, юртимизга кириб келаётган хорижликлар, айтайлик, сармоядорлар ҳам мамлакатда қайси тил юқори мавқега эга эканини кузатади ва ке­йинги ҳаракатларини шунга қараб белгилайди: асосий мав­қега эга тилни ўрганишга ҳаракат қиладилар, мутахассисларни ишга олишда айнан шу тилни билувчиларга имтиёз кўзи билан қарайдилар.

Дунё тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, Францияда 1975 йилда француз тилини бошқа тиллар, демакки, ўзга маданиятлар таъсиридан ҳимоя қиладиган махсус қонун қабул қилинган экан. Бошқа илғор мамлакатларда ҳам шунга ўхшаш меъёрий ҳужжатлар бор. Шубҳасиз, ривожланган давлатларнинг бу борадаги амалиётини ўрганишимиз, ҳаётга татбиқ этишимиз зарур.

Бахтиёр НАЗАРОВ, академик:

— Энг аввало, Ўзбе­кис­тонда тил масаласига ўз вақтида тўғри, оқилона ёндашилганини таъкидлаш ўринли. Узоқ-яқин мамлакатларда тил масаласи баҳонасида чиққан ихтилофлар буни яққол тасдиқлайди. Шу маънода, биз тутган йўл қатор мамлакатларда эътироф этилиши бежиз эмас.

Лекин бу — мазкур соҳада камчиликларимиз йўқ, деган маънони англатмайди. Мавжуд камчиликларни четдан туриб ўзгалар тузатиб бермайди. Ўзимиз уларни бартараф этишга киришмоғимиз керак. Хўш, бу камчиликлар нималардан иборат ва уларни бартараф этиш учун нималар қилинмоғи зарур, деган саволнинг кўндаланг бўлиши табиийдир.

Мен шу масалага оид айрим фикрларим, қарашларим билан ўртоқлашмоқчиман. Улар фақат мендагина эмас, бошқаларда ҳам бўлиши мумкин. Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, давлат томонидан қабул қилинган қонунга амал қилинмаётган ҳолатлар кўп. Бу қонун ижросида етарлича назорат олиб борилмаяпти. Қонунни бузаётганларга ҳеч қандай чора кўрилмаяпти. Толерантлик, бағрикенглик жуда яхши фазилат, аммо давлат миқёсида қабул қилинган қонунга муносабат қоидаси бир хил: шу мамлакат фуқароси унга итоат этишга, амал қилишга мажбур.

Тан олайлик, давлат тили тўғрисидаги қонунга амал қилинмаётган ҳолатлар бугун деярли ҳар қадамда учрамоқда, гоҳида ўзимиз ҳам беихтиёр уларнинг иштирокчисига айланиб қоламиз: расмий иш юритиш, идоралараро ёзишмаларда бу яққол кўринади. Ҳатто қатнашувчилари деярли юз фоиз ерли халқ вакиллари эканига қарамай, осон йўл тутилиб, баъзан мажлисларимиз бошқа тилда олиб борилади.

Тўғри, масаланинг тараққиёт, глобаллашув билан боғлиқ жиҳатлари ҳам бор. Масалан, илм-фанда диссертация, китоблар ёзишда фақат давлат тили билан чекланиш, уларни бошқа тилда (дейлик, рус, инглиз тилида) оммалаштирмаслик фанимиз, илмимиз, олимларимизнинг халқаро миқёсларга чиқиши ва ўзбек илмининг жаҳон илми билан интеграция­лашувига салбий таъсир кўрсатади. Лекин илмий жараён миллий тилда бўлмаслиги давлат тили нуфузи, умуман, миллий тафаккуримизда ижобий роль ўйнамайди. Тарихда бунга далиллар кўп. Ал-Хоразмий, Берунийлар асарларини жаҳонга машҳур қиладиган тилда ёзиб, илмимизни юксакларга олиб чиқдилар ва бу билан тўғри йўл тутдилар. Лекин бу ҳол туркий тил равнақига таъсир қилмай қолмади. Форс ва араб сўзлари Алишер Навоий асарларида кенг қўлланилганига қарамай, у туркий тил равнақи учун жон куйдиргани, бу ҳақда махсус асарлар яратгани бежиз эмас. Демоқчиманки, илм тили давлат тилида бўлмаган халқ­нинг тили доимо кемтик бўлиб қолаверади. Сўнгги 30 йил ичида молия, ҳарбий, тиббий, иқтисодий ва бошқа кўпдан-кўп соҳаларда тилдаги, фикр ифодасидаги қийинчиликларни рўкач қилиб, рус тилидаги тайёр қолипларга мурожаат этилиши, яъни осон йўл тутишга уриниш ва бошқа салбий оқибатлар, энг аввало,  давлат тилининг тўлақонли илм тили даражасига  айлана олмагани натижасидир.

Айтмоқчиманки, илмимизнинг, олимларимизнинг жаҳон миқёсидаги фаоллашувини қўллаб-қувватлаган ҳолда, бу жараённинг давлат тили равнақига салбий таъсир кўрсатмаслиги ҳақида ўзимиз қайғурмасак, яна ким қайғуради? “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги кўринишида бу масалага аниқ таъриф берилиши керак, деб ўйлайман. Сабаби, “илмий ишлар давлат тилида ёзилади, муаллиф хоҳишига қараб бош­қа тилда ҳам ёзилиши мумкин”, деган ифода масалани тўғри ҳал қилиб беролмаслигини ўтган 30 йиллик тарихимиз кўрсатиб турибди. Тадқиқотлар аввал давлат тилида ёзилиб, кейин бош­қа тилларга таржима қилинса, тўғри бўларди, деб ўйлайман. Бу масаланинг муҳимлиги фақат илм учун эмас, кенг доирадаги ишлаб чиқариш ва расмий ҳужжатлар билан ишлашга ҳам таъсир кўрсатишини инобатга олсак, масаланинг нечоғли жиддий экани янада ойдинлашади.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ, адабиётшунос:

—  Бу масалада фикр айтишдан олдин, аввало, мавзу юзасидан, ён-атрофимиздаги қўшни дав­латларнинг “Давлат тили тўғрисида”ги қо­нун­ларини ўрганиб чиқдик. Дастлаб хаёлимизга келгани – гап қонунда эмас, унинг ижроси оқсаётганида-ку, деган фикр бўлди. Бироқ қўш­ни давлатларнинг шундай қонунлари матни билан танишиб чиқиш асносида, аввало, биздаги қонуннинг ўзи номукаммал экани аён бўлди.

Бу ҳол ушбу турдаги қонунларнинг кўламида ҳам кўринади. Қиёс учун, тил ҳақидаги қонун ва унинг электрон белгиси кўлами: Ўзбекистон – 5.187, Қозоғистон – 15.013, Озарбайжон – 12.000, Туркманистон – 15.468, Қирғизистон – 14.063, Тожикистон – 8.600 ва Россия Федерацияси қонуни – 10.158 белгидан иборат.

Қаранг, Марказий Осиёдаги энг “ихчам” қонун – шу минтақадаги аҳолиси энг кўп давлатга тегишли бўлиб чиқяпти. Эътиборлиси, бу ихчам қонуннинг бирон моддаси бажарилмаса, жазо берадиган механизми ҳам йўқ.

Қонунимизда ҳар бир фуқаро давлат тилини билишга бурчдор экани қатъий белгиланмаган. Ҳолбуки, Тожикистон, Озарбайжон, Қозоғистон каби бизга яқин давлатларнинг қонунларида ҳар бир фуқаро давлат тилини билиши шарт экани, бу – мамлакатда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бурчи саналиши алоҳида таъкидланган.

Бошқа бандлар бўйича ҳам солиштирсангиз, бизнинг қонунимиз уларникига нисбатан юмшоқ, “тишсиз” экани маълум бўлади. Шундай экан, қонунни бажартиришдан аввал уни мукаммаллаштиришимиз шарт. Бунинг учун қонуншунос мутафаккирлар тил ҳақидаги қонунимизни бошқаларнинг қонунларига қиёсан кўриб чиқиб, етишмаган моддаларни тўлдириш ҳақида таклиф беришлари керак.

Бунинг устига, мазкур қонунда қонун услубига хос бўлмаган жумлалар ҳам кўп. Чунончи, “таржимаси берилиши мумкин”, “ўзлари танлаб олган тилда иш юритиш”, “ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин” сингари ифодалар анча учрайди. Ҳолбуки, қонун, унинг услуби – йўл бериш, ихтиёрига ташлаш эмас, чеклаш, аниқ йўлни кўрсатиш тарзида бўлиши ҳаммага маълум. Қонун матнида “қилса ҳам бўлади” қабилида сўзлар қўлланилмайди.

Бу – давлат тили ҳақидаги қонун матнига тегишли шахсий фикрларим.

Иброҳим ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби:

– Чиндан ҳам, айрим вазифаларга оид жумла орасига қавс ичида “зарурат бўлганда бош­қа тилларда” деган иборани қўшиш – ўзбек тили мавқеини кўтаришга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни йўққа чиқаради.

Давлат тилининг мавқеини янада юксалтириш мақсадида қатор масалаларга эътибор қаратишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Тилнинг ҳолатини ёрқин кўрсатувчи соҳалар бу кўча-кўйлардаги лавҳалар, ёзувлар, бозорлару дўконларда қўйилаётган рекламалар, пештахтадаги битиклар, тадбиркорлик субъектлари, уларнинг маҳсулотлари, хизматларининг номланиши каби нарсалар, вақтли матбуотдаги эълонлар ва рекламалар ҳисобланади. “Тасвирий ойина” деган ташкилот фаол ишлаяпти. Аммо шаҳарларимизда ўрнатилган сон-саноқсиз тасвирий лавҳалар ва реклама баннерларида ўзбек тили тарғиботига оид бирор жумла ёки ишора ҳам йўқ. Ваҳоланки, ҳар куни кўз тушиб турадиган бу каби тасвирий воситаларнинг аҳамияти катта. Шуни эътиборга олган ҳолда, мамлакат миқёсида шу мавзуда бадиий паннолар, тарғибот-ташвиқот реклама материалларини яратиш ва барча кўчалар, биноларга ўрнатиш зарур. “Тилим – шон-шарафим”, “Тил – номусим, орим”, “Ўз тилим – ўзлигим“, “Тил ўрганган – олим” ва  бошқа қатор таъсирчан, ифодавий ҳикматларни ўртага ташлаш зарур.

Ўзбекистоннинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасидаги мактаблар, лицей ва коллежларда ишчи гуруҳлари маълум саволлар бўйича иш олиб бориб, ижтимоий соҳа, корхоналар, ҳукумат идоралари ва ҳоказоларда тил кайфияти, боқибеғамлик ва ўзибўларчиликнинг сабаблари чуқур таҳлил этилиши шарт. Тадбиркорлар ўз маҳсулотларини, хизматларини таклиф қилишда ўзбек тилига ҳурмат кўрсатса, яхши бўлар эди. Шу­нинг­­дек, қуйидаги жиҳатларни ҳам муҳим деб ҳисоблаймиз:

– тил – давлат ва умумхалқ ҳимоясида эканлиги ва унга доимий ғамхўрлик масаласи барча маънавий-маърифий умумхалқ миқёсидаги тадбирларда акс этиши;

– тил ва адабиёт дарсликлари ва қўлланмалар савиясини замон талаблари даражасига кўтариш;

– ўзбек тили тарғиботини хорижий тилларни ўрганиш жараёни билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ташқил этиш;

– “Давлат тили ҳақида”ги қонун ва Конституцияга дахлдор моддаларни қайта кўриб, муҳокама этиш;

– Вазирлар Маҳкамаси таркибида “Давлат тили қўмитаси” тузиш ва унинг ваколати ва масъулиятларини белгилаш зарур.

Низомиддин МАҲМУДОВ, профессор:

– Она тилининг муҳимлиги, миллат шаклланишида тилнинг беқиёс ўрни ва аҳамияти ҳақида жуда узоқ гапириш, дунё алломаларидан беҳисоб иқтибослар, фикрлар келтириш мумкин. Масалан, Бенжамин Уориф деган америкалик олим шундай ёзган: “Агар Ньютон инглиз бўлмаганида ва инглизча тафаккур қилмаганида унинг яратган қонуни сал бошқачароқ бўлар эди”.

Биз миллат яшовчанлиги, равнақи ҳақида фикр юритсак, аввало, тил бирламчи бўлиши шарт. У давлат тили дейиладими, бошқами – миллат тилсиз бўлиши мумкин эмас. Тил ҳақидаги қонуннинг эскирганига анча бўлди. Ҳатто 1995 йилдаги таҳрири ҳам бугунги талабга жавоб бермайди. Хайриятки, Олий Мажлис Сенатида бу муҳим масала бир неча бор расман кўтарилди. Бу жуда катта воқеа. Биз бу жараёнда фаол ва ташаббускор бўлишимиз лозим.

Америкалик Томпсон деган олимнинг тад­қиқотига кўра, бу мамлакатда энг кўп жиноят ўз тилини унутиб, инглиз тилида гаплашувчи ҳиндулар яшайдиган манзилларда содир бўлар экан. Она тилини унутган инсон ўз-ўзидан бошқа миллатга мансуб бўлиб қолмайди, балки кўп фазилатлардан маҳрум ва муаллақ бир мавжудотга айланади. Шу боисдан юртимизда яшовчи барча миллатлар тилига доимо эътибор билан қаралади. Аммо Давлат тилига алоҳида – давлат рамзлари даражасида ҳурмат кўрсатилиши лозим. Давлат тили худди герб, мад­ҳия ва байроқ сингари юксак мақомда бўлиши, давлат рамзи сифатида қадрланиши шарт. Бундай қоидага бугун дунёдаги кўплаб давлатлар қатъий амал қилади.

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ, ёзувчи,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

— 1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги қонун қабул қилингани катта воқеа бўлганини ёши улуғ зиёлилар яхши эслайди. У пайтда бунақа қонун қабул қилиш ҳазилакам иш эмасди. Қонун муайян маънода ўз вазифасини бажарди, унинг ижроси бўйича кўпгина ишлар қилинди. Буни эътироф этмаслик адолатсизлик бўлади. Агар қонун талаблари тўла бажарилмаган бўлса, бунга биз, ўзимиз айбдормиз.

Бугун давлат тили ҳақидаги қонуннинг янги вариантини ишлаб чиқиш давр талаби. Ахир, 25 йилда мамлакатимизда қанча қонунлар қабул қилинди, уларнинг қанчасига ўзгаришлар, тузатишлар киритилди, қанчаси ўз кучини йўқотди. Конституцияга ҳам ўзгаришлар киритилди-ку. Демак, ҳамма нарсани замонга мослаштириш керак, жумладан, давлат тили ҳақидаги қонунни ҳам.

Қонун ижроси таъминланмаяпти дейиш, унда-бунда гапириш ёки бир-икки мақола ёзиш осон. Унда ҳам, тан олайлик, асосан майда-чуйда мисоллар атрофида ўралашиб қолмоқдамиз. Бордию биз тилимиз фидойилари бўлсак, нега йирик масалаларни кўтармаймиз. Масалан, исм-фамилиямизми нотўғри, бузиб ёзиш ҳамон давом этмоқда. Ҳа, десангиз паспортида шундай, дейди.  Паспортига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси асос бўлган. Хўш, бу ҳужжатларни ким берган? Ўзимизнинг мутасадди идораларми? Шундай экан, нега индамаймиз? Ахир, исм-фамилия одамнинг насл-насабини билдиради-ку.

Давлат тили ҳақидаги қонуннинг ижроси қониқарсиз экани ҳам Сенат мажлисида кўтарилди. Вазирлар Маҳкамасида бу борада махсус “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди, мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди. Унда қонуннинг янги вариантини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Ёзувчилар уюшмасида ҳам шундай ишчи гуруҳ тузилди ва ишга киришди. Нега биз-адиблар, журналистлар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар бу борада ташаббус билан чиқмадик? Эй, биродарлар, қонунимиз эскирди, унинг янгисини яратайлик, демадик. Керак бўлса, мана унинг янги варианти, деб мутасадди идораларга киритмадик. Ахир, Президентимиз ҳаммадан ташаббускор бўлишни, ютуқларни ҳам, камчиликларни ҳам рўй-рост айтишни, мавжуд муам­моларни бартараф этиш бўйича таклифлар беришни талаб қилмоқда-ку.

Азим СУЮН, шоир:

– Очиғи, бугун тилга бўлган муносабатимиз бизни хурсанд қиладиган даражада эмас. Ваҳоланки, ўша 1989 йили ўзбек тили мавқеи учун озмунча курашлар бўл­ганмиди?! Аста-секин негадир бу саъй-ҳаракатларнинг чўғи пасая бошлади. Бугун қандай оқибатни кўряпмиз? Ўзбек тили жайдари бир тилга айланиб қолмаяптими?! Давлат тили, аввало, маданият ва маърифат маркази саналмиш пойтахтда амалда бўлиши, барча жилоларини намоён қилиши керак эмасми?

Президентимиз шу йил бошида жуда зўр иш қилдилар: Ҳиндистон сафарида, “Жўшқин Гужарат” саммити  чоғида ўзбек тилида нутқ сўзладилар. Очиғини айтсам, мен “ойнаи жаҳон”да буни кўриб, ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Бу – ўзбек тилининг дунё саҳнасига чиқиши, улуғ жараённинг бошланиши, дедим. Ахир, халқаро анжуманларда ҳинд – ҳиндча, араб арабча гапиради-ку? Ўзбек тилининг улардан кам жойи борми?

Давлат идора ва ташкилотларида, ҳисобхоналарда ишлар ўзбек тилида олиб борилса, шундагина бу борада силжиш, ривожланиш бўлиши мумкин. Вазирликлар, давлат идоралари бу борада ўрнак бўлиши даркор. Шу даргоҳларда давлат тилига тўлиқ ўтилса – ишларимиз юришади.

 Эшқобил ШУКУР,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:  

– Биз ўтган йили ашаддий қоидабузарлар ва тартиббузарларни ҳам бор-йўғи 3-4 ой ичида тартибга олиш мумкинлигини амалда кўрдик, бунга ўзимиз гувоҳ бўл­дик. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш бўйича кескин чоралар кўрилиши қисқа муддатда  ўз натижасини берди. Тил қоидалари масаласида ҳам худди шундай қатъий ва кескин чоралар зарур бўлаяпти. Гап шундаки, Тил қонунини қўпол равишда бузганларга масъуллар кўпинча бор-йўғи “предупреждения берилсин”, деб қўя қолишади. Бундай чора билан ҳозир бировнинг пишагини “пишт” деб ҳам бўлмайди. “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга беписандлик билан қараган, уни бузган кишилар, ваколатли шахсларга  яхшигина жарима солиш, зарур бўлса, лавозими билан боғлиқ аниқ чоралар кўриш керак бўлаяпти.

“Йўл харитаси”да таълим муассасаларида Ўзбек тили фани бўйича давлат аттестациясини жорий этиш масаласи қўйилган. Бу жуда яхши. Лекин ушбу давлат аттестацияси корхона ва ташкилотлар раҳбарлари миқёсида ҳам ўтказилиши керак, деб ўйлаймиз. Шунда ҳар қандай корхона ё ташкилот раҳбари ўзи раҳбарлик қилаётган жойда Давлат тилига муносабат қандайлигини яхшироқ ҳис этади.

Мен ўзбек тилининг паспорти деганда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни тушунаман. Чунки тилдаги ҳамма сўзлар унинг изоҳли луғатида  акс этиши керак. Бу гўё бир мамлакат аҳолисининг расмий рўйхатга олинишидай гап. Бизда яхшими-ёмонми, ҳарқалай, беш жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бор. Ушбу луғатни тузган заҳматкаш олимларга ҳурмат бажо келтирган ҳолда бир нарсани айтмоқчиман. Бу луғат 80 000 сўздан иборат. Бу – ўзбек халқи ва тили учун жуда кам. Чунки биздан кўра камсонли халқларда ҳам бу кўрсаткич анча баланд. Изоҳли луғатимизга кўп сўзларимиз кирмай қолган. Чин жаҳд қилсак, бу луғатимизда 200.000 ёки 300.000 сўз йиғилиши мумкин.  Кимдир бу нимани ўзгартиради, дейиши мумкин. Бу жуда муҳим. Чунки тилнинг кўлами, мақоми ва  даражаси шу билан белгиланади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, агар бир мамлакат аҳолисининг ярми рўйхатдан ўтса-ю, ярми ўтмай қолса нима бўлади? Худди шу каби Тилни бир мамлакат деб фараз қилсак, ундаги барча сўзлар шу тилнинг аҳолисини ташкил қилади.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Атамалар қўмитаси тузилган эди. Бу қўмитага машҳур адиб Одил Ёқубов раис бўлган. Лекин, афсуски,  бу қўмитанинг каттароқ ишлар қилишга имконияти бўлмади. Қўли ҳам, тили ҳам калталик қилди ўша пайтларда. Чунки зарур маблағ ва ваколат билан боғлиқ жиддий муаммолар бўлган.  Шу сабаб қўмита аъзолари қанчалик фаол ва жонкуяр бўлмасин, ишлар юрмай қолган. Бугун ҳам шундай қўмита ё ташкилотга эҳтиёж бор. Муҳими, махсус ваколат билан Тил қонунини бузувчиларга кескин чора кўра оладиган ҳуқуқларга эга идора керак бўлаяпти. Тил тўғрисидаги қонун ижросини мунтазам назорат қиладиган, ўзбек тилини турли таҳдидлардан ҳимоя қила оладиган расмий идора кўп қоидабузарликлар ва беписандликларнинг олдини олиши мумкин. Шунингдек, “Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси” тузилса, давлат тилини ривожлантириш билан боғлиқ лойи­ҳаларни молиялаштириш асоси яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бизнинг тил тарғиботи масаласида заиф томонларимиз кўп. Қачон 21 октябрь келиб қолса, ҳаммамиз Муҳтарама Онамизни  эслаб қоламиз.  Бу онага совға-саломлар қиламиз, ҳолини сўраймиз. Ҳолбуки, бу онага  ҳар куни меҳр ва эътибор керак. Оммавий ахборот воситаларида  тил қоидалари бузилиши миллий тафаккурни бузиш ва айнитишга хизмат қилади. Бунга эҳтиёт бўлиш шарт. Шарт! Мени яна бир нарса ажаблантиради. Кейинги пайтларда хусусий телеканалларда кўрсатувлар номини  ажнабий сўз билан номлаш “мода” бўлди. Улар буни замонавийлик деб ўйлашаяпти, шекилли. Гўё шу билан замонавий бўлиб қолишмоқчи, гўё шу билан ўзларини ил­ғор ва билгич кўрсатадилар. Баъзи хусусий телеканаллар кўрсатувларининг 80 фоизидан ортиғи ажнабий сўзлар билан номланган десак, муболаға бўлмас. Наҳотки, шундай бой тилдан бу кўрсатувларга битта ном чиқмаса?! Чиқади. Чиққанда ҳам кўп гўзал ва жозибали номлар чиқади. Фақат буни кўрсатув ижодкорлари исташмайди ва ўз она тилларига беписанд қарашади.  Ҳолбуки, Россия телеканалларида кўрсатувларнинг аксарияти рус тилида, уларда ажнабий номлаш беш фоиз ҳам чиқмаса керак. Ё улар замонавийликни бошқачароқ тушунадиларми? Шак-шубҳасиз, тилимизнинг ҳурматини жойига қўйишда, энг аввало, биз ёзувчи-шоирлар, телебошловчи-сухандонлар, маданият ва маърифат вакиллари жонбозлик кўрсатишимиз, бошқаларга ўрнак бўлишимиз даркор. Ана шундагина бу борада қилаётган ишларимиз самарали бўлади.

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор:

— “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига ҳам қарийб 30  йил бўляпти. Бугунги кунда тараққиётнинг шитоби шу қадар тезки, у билан ҳамқадам юриш осон эмас. Шу боис мазкур қонунни Ватан ва миллат манфаатлари, замон талаблари даражасида таҳрир этиш ҳаётий эҳтиёждир. Бизнингча, қонуннинг 6-моддасига “Ўзбекистон Республикасидаги барча таълим муассасаларида, жумладан, хорижий тилларга ихтисослашган таълим муассасаларида давлат тилини ўқитишга мутахассислик тилидан кам бўлмаган миқдорда дарс юкламалари белгиланади ва замонавий педагогик технологияларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади” тарзидаги қўшимча киритилиши мақсадга мувофиқ. 10-модда “Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади” тарзида якунланиши зарур. Мазкур моддадаги “…ишловчиларнинг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин” сўзлари қисқартирилиши таклиф қилинади. 20-модда матни: “Бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларида ўзгача ҳолатлар кузатилган тақдирда ушбу моддага мувофиқлаштирилиб таҳрир этилиши зарур” тарзида якунланса, давлат тилининг ҳуқуқий мақоми муносиб ҳимоя қилинган бўлар эди. Бундан ташқари, қонунга “Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ҳурмат қилиш барча фуқароларнинг бурчи ҳисобланади. Давлат тили меъёрларининг бузилиши, давлат тилига нисбатан ҳурматсизлик қилиниши ҳолатлари аниқланганда, қонун асосида жавобгарлик белгиланади” мазмунидаги янги модда қўшилса, ватандошларимиз қалбида давлат тилига ҳурмат туйғуси янада мус­таҳ­кам­ланган бўлар эди.

Табиийки, қонун қанчалик мукаммал бўлмасин, унинг ижроси талаб даражасига кўтарилмас экан, бир қадам ҳам олдинга юриб бўлмайди. Бизнингча, давлат тилини жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол қўлланишини таъминлаш бўйича алоҳида Давлат дас­тури қабул қилиниши, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши ва унинг ижроси қатъий назоратга олиниши зарур. Юқори даражадаги раҳбар ходимларни та­йинлашда давлат тилини мукаммал билиши, унга оғишмай амал қилиши асосий мезонлардан бири ҳисобланишига эришиш бу борадаги ютуқларни кафолатлаган бўлар эди. Негаки, қонунга раҳбарнинг ўзи қатъий амал қилар экан, бу ҳол элнинг руҳиятига ҳам таъсир этмай қолмайди.

Давра суҳбатида кўтарилган мазкур мавзу кўп қиррали, залворли, ўта масъулиятли масала ҳисобланади. Табиийки, уни бир суҳбат доирасида тўла қамраб олиш имконсиз. Бугун суҳбатдошлар томонидан мавзуга оид айрим жиҳатларгина тилга олинди. Ёзувчилар уюшмасида давлат тили, унинг нуфузини оширишга бағишланган тадбирлар, давра суҳбатлари давом этади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашида Давлат тили масаласи кўтарилгани ҳамда ҳукуматимиз томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилгани, бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилангани бугунги куннинг энг муҳим ва энг эзгу ишларидан бири бўлди. Чунки миллий тил – миллий дид, миллий тафаккур, миллий савиянинг асоси ва мағзи. Ўз тили учун қайғураётган миллат дунё халқлари сафида ўз ўрнини, чинакам мустақиллигини асрашга, ҳимоя қилишга жидду жаҳд қилаётган миллат саналади. Умид қиламизки, бу борада кўрсатаётган саъй-ҳаракатларимиз келажак авлодлар томонидан фахрланишга арзигулик натижалар беради.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ ёзиб олди.

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг