Буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг тузуклари қудратли мамлакатни, салтанат ва қўшинни бошқаришда дастуриламал бўлган. Соҳибқирон ушбу тузукларни яратишда халқимизнинг азалдан мавжуд урф-одатлари, анъаналари, маданияти, қадриятларини ва динни асос қилиб олган. “Темур тузуклари” ҳаётий бой тажрибалар ила сайқалланган. Шу боис темурийлар даврида кўплаб адабиёт ва санъат асарлари яратилди. Мовароун­наҳр­нинг барча шаҳарларида илм-фан, маданият, санъат билан бир қаторда меъморчилик ҳам ривожланди. Салтанат маркази бўлган Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида салобатли бинолар, осмонўпар миноралар, масжидлар, гузарлар барпо этилган.

“Темур тузуклари”да соҳибқироннинг “Куч – адолатда” деган машҳур шиори ўз ифодасини топган. Шу боисдан мазкур шоҳ асар олти асрдан буён дунё жамоатчилиги эътиборини тортиб келмоқда. У бир қатор ҳукмдорлар учун дастуриламал вазифасини ўтаган. “Тузуклар”да наинки сиёсатни юритиш, тараққиёт калити, балки комил инсон ғояси ҳам мужассам.

Адолат бор жойда жамият пойдевори мустаҳкам бўлади, одамларнинг давлатга ишончи ортади, мамлакат тараққий этади. Ушбу ҳикматни давлат бошқарувининг устувор тамойили, деб билган Президент Шавкат Мирзиёев, 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Мен бир фикрни такрорлашдан чарчамайман: халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт”, дея алоҳида таъкидлаганди.

“Темур тузуклари” — Амир Темурнинг давлатни бошқариш услуби ва ҳарбий санъатига бағишланган нодир асар ҳисобланади. Бу асар ҳар бир ўсмирнинг кўнглида Ватанга муҳаббат, буюк аждодларимизнинг аслида ким эканлигини ва кимларнинг фарзанди эканлигини ҳис этишида асқотади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони муҳтарам Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28 ноябридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган мажлисида “…Аскарлар ҳарбий қасамёд қабул қилишдан олдин, албатта, Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари”дан синов топшириши керак… ” деб таъкидлаган эди. Соҳибқироннинг Ватанга садоқат, юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик бобида қилган ўгитлари ёш авлод учун катта сабоқ бўлади. Бобомиз сингари мард, қатъиятли, бир сўзли, адолатпарвар, ўз халқига садоқат тимсоли сифатида гавдаланадиган комил инсон бўлишга интилиб яшаш ҳаммамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ҳусан ҲАЙИТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ўқитувчиси, подполковник

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг