Дашт юзлари қизарди – лола (2019 йил, 14 сон)

337

Тоғ этагида ёйилиб ўтлаётган қўйлар сурувини чўпонтаёғига суяниб, четдан кузатиб турган йигитни суҳбатга тортдим. Исми Озодбек экан.

– Шу қўйларнинг ҳаммаси ўзингизникими? Беш юздан зиёд бўлса керак?

– Шунақа. Икки юзтачаси қўзичоқ. Ҳозир қўйлар қўзилайдиган палла, – дея жавоб берди Озодбек узоқдаги қирга ёйилган сурув томон тикилиб.

– Нариги тепаликдаги сурув-чи, ҳамсояникими? – дедим мен ҳам ўша ёққа қараб.

– У ҳам бизники – икки юзтача. Улар энди қўзилайди, шунинг учун ажратиб олиб, қўтонга яқин яйловда боқаяпмиз.

– Ҳар чўпоннинг ўзига қарашли яйлови бўлса керак?

– Йўқ, чўпон ўзининг қўтонига, қўрасига эгалик қилади. Ундан ташқариси элники. Ҳамма истаган яйловда қўй боқади, – дея тушунтирди Озодбек, кейин сўради: – Эртанги байрамга биз ҳам келсак бўладими?

– Албатта, байрам юртники. Кўпкари ­чопиб, соврин олинг­лар, – деди ҳамроҳим ­Жуманазар ака.

Бу йилги кўклам чорва аҳли учун барака, эртанги кунга ишонч бағишлагани чўпон йигитнинг очиқ чеҳрасидан, хотиржам гап-сўзларидан яққол сезилиб турарди. Жуманазар ака, йўл-йўлакай, бундайин кўклам 10-15 йилда бир келади, эл орасида “икки баҳор” дейишади, ҳосил ҳам, чорва ҳам яхши бўлади деб изоҳлади, кейин икки баҳорда ёғадиган ёмғир бир баҳорда ёққани учун шундай дейилишини таъкидлади.

Даштқўтон яйловларида икки кун аввал майдалаб ёққан ёмғирнинг ипларига осилиб кўкка интилган ўт-гиёҳлар бир текис, яшил гиламдай ястанган. Кўкда, қуёш нурида товланган парча-парча оқ, қора, қўнғир тусли булутларнинг тоғларга тегай-тегай деб тургани бу ерлар денгиз сатҳидан анча баландлигидан белги беради. Булутлар оралаб ­иккита бургут парвози ҳам бизни ҳайратга солди.

***

Бу суҳбатлар Даштқўтонга, Деҳқонобод калий заводи ишчи-хизматчилари Наврўз байрами тадоригини кўраётган кенгликка борганимизда бўлиб ўтди.

Заводнинг ташкил топганига ҳали ўн йил тўлмаган бўлса-да, ўзига хос анъаналари шаклланиб улгурган: ишчилар бир оила фарзандларидай ўзаро меҳр-оқибатли, касб янгиликларини ўзлаштиришга, фарзандларини давр талаблари даражасида тарбиялашга, меҳмондўстликка интилишади. Улар халқимизнинг эзгу фазилатлари, урф-одатларини ўзида мужассам этган Наврўз айёмини меҳр билан, кўтаринки руҳда кутиб олишга одатланишган. Бу йил Наврўз нафақат завод жамоаси, балки бутун туман аҳли иштирокида бепоён Даштқўтонда ўтказиладиган бўлибди.

Завод бош директори Ҳамидулла Шерматов ва туман ҳокими Зоир Алиқулов эртанги байрам тадбирини маслаҳатлашиб, китоб кўргазмаси, болалар аттракциони, спорт майдончаси сингари кўплаб қизиқарли, кўнгилочар тадбирлар уюштиришни келишиб олишди.

Мана шу ёқимли юмушлар билан елиб-югуриб юрган кишиларга қараб Наврўз байрами йил сайин тобора янгиланиб, ёшариб, бойиб боришига ишонасиз. Зеро, китоб кўргазмаси ҳам, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ҳам болалар учун жуда қизиқарли, тарбиявий аҳамияти муҳим тадбирлардир.

Икки томонда тикилган ўтовларнинг юқорисида баланд саҳна қилиниб, атрофини гул ва байроқчалар билан безатаётган усталарга “Ҳорманглар” деб ўтарканмиз, Ҳамидулла ака кўнглидаги гапни айтди:

– Эртага пойтахтдан, вилоят марказидан ҳам санъаткорлар келишади, аммо мен кўпроқ ўтган йили заводимиз қошида очилган мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларининг чиқишини кутяпман. Кичкинтойлар бир ойдан буён Наврўзга тайёргарлик кўришяпти.

Мана шу заводда ишлаб нафақага чиққан Жуманазар ака суҳбатимизни давом эттириб, завод томонидан ке­йинги бир-икки йилда эл-юрт равнақи йўлида амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берди:

– Деҳқонободнинг ҳар бир кунига янгилик эш бўлишини, ёш авлод маънавияти бо­йиб боришини мақсад қилганмиз. Ўтган йили очилган боғчамиз ҳам, соғ­ломлаштириш маркази ҳам, катта тадбирлар ўтказиладиган залимиз ҳам, беш минг китоб фондига эга кутубхонамиз ҳам нафақат заводга, балки шу туман аҳлига, деҳқонободликларга хизмат қилади.  Завод ишчи-ходимлари томонидан бунёд қилинган ўрикзор, олмазорлардан иборат йигирма гектардан зиёд янги боғларимиз бу йил мевага киради. Икки мингдан зиёд киши меҳнат қилаётган заводимиз ҳозир йигирмага яқин хорижий давлатларга маҳсулот етказиб беряпти, йилдан-йилга ишчилар сони ҳам, чиқарилаётган маҳсулот миқдори ҳам ортиб боряпти.

Суҳбатимиз доираси кенгайиб, заводнинг келажаги, кўзда тутилган режалар, малакали ишчилар тайёрлаш, уларнинг хорижий корхоналар тажрибаларини ўрганиши учун яратилган шароитлар ҳақида гаплашдик. Албатта, Жуманазар аканинг бу гапларини завод фаолияти билан яқиндан танишмаган кишининг тўлиқ англаши қийинроқ. Мен танишувни дастлаб смена бошлиғи Ойбек етакчилигида Тепақўтон тоғ-кон мажмуидан келтирилган хомашё захираси турадиган жойдан бошлаб бутун бир ишлаб чиқариш жараёнини кўриб-кузатдим. Ҳар бир иш ўрнида малакали ходимлар меҳнат қилаётгани, иш жараёни узлуксиз занжирдай бардавомлиги мени ҳайратга солди. Завод фаолиятининг юксак самарадорлиги, бунга эришиш йўлидаги фидокорона меҳнатлар ҳақида яхлит бир китоб ёзиш мумкин, аммо бу ўринда қуйидаги фактлар билан чекланамиз: завод 2014 йили 160,6 минг тонна калийли ўғит ишлаб чиқарган бўлса, 2018 йил якунига кўра бу кўрсаткич 304,0 минг тоннага ортган.

***

Эртаси куни завод ишчи-хизматчилари Наврўз байрамини Даштқўтон кенглигида, барча қариндош-уруғлари, ҳамқишлоқлари билан бирга нишонладилар. Байрамнинг асосий тадбирларидан бири – деҳ­қонободлик оилаларнинг йигирма нафар ўғилчасига хатна тўйи ўтказилди, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Кенг сайҳонлик атрофига тикилган ўтовлардаги давра тўрида ўтирган боболар ва момолар юртга тинчлик тилаб дуо қилдилар. Мана шундай ўтовлардан бирига кирганимизда биргина ноннинг йигирма икки хилини, ўнлаб миллий ва Наврўз таом­ларини кўриб, дастурхонимиз тўкинлигига, риз­қи­миз бутунлигига шукрона келтирдик.

Тонгда бошланган байрам тобора қизғин тус олиб, тушдан кейин кўпкарига уланди. Барча туманлар ва қўшни вилоятлардан келган чавандозлар учун Дашт­қўтон кенгликлари мардлар майдонига айланди.

Наврўз бир кунлик байрам эмас, табиатга уйғун тарзда тоғу тошлар, дала-даштлар  уйғонар экан, инсон қалбида янги орзу-ниятлар туғилиб, бунёдкорликка чорлайверади.

Албатта, Деҳқонобод осмони бизга ҳам илҳом бағишлади: майин ёмғир нафасида, ложувард булутлар остида янги шеър туғилди:

Шивир-шивир…

Бошлади ёмғир,

Самолардан келтирдими сир?

Тошдан тошга оҳудай чопди,

Сўқмоқларга поёндоз ёпди.

Воқиф бўлгач сирдан қир, дала,

Дашт юзлари қизарди – лола…

Тоғлар сирни тошга ўйдилар,

Аммо боғлар гуллаб қўйдилар.

                                                                                                                            Ҳумоюн АКБАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг