“ХАМСА”нинг янги талқини (2019 йил, 14 сон)

292

Мумтоз бадиий асарлар барча замонларда кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келган. Уларга муносабат ҳам турлича бўлган. Ҳар бир давр муайян мумтоз асарни ўз замонининг мезонларидан келиб чиққан ҳолда талқин қилган ва баҳолаган. Уларга турли шарҳлар битилган, луғатлар тузилган. Кейинги асрларда ҳам бу анъана давом этган. Чунончи, Бедил ғазалларини, рубоийларини шарҳловчи бедилхонлар пайдо бўлгани, Сўфи Оллоёрнинг “Сабот ул-ожизин” асарини шарҳлаш учун махсус асар битилгани фикримизга далилдир.

Улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг “Хамса” асари мумтоз асарларнинг шундай бетакрор намунасидир. Бу шоҳ асарга у яратилган XV асрдан бошлаб то ҳозиргача қизиқиш сўнмаган, уни талқин қилиш, шарҳлаш давом этиб келмоқда. ХХ асрда Навоий “Хамса”сига бағишланган кўплаб илмий-тадқиқотлар яратилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Навоийнинг бу шоҳ асарини янгича илмий қарашлар асосида тадқиқ қилишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Афтондил Эркиновнинг “Алишер Навоий “Хамса”си талқини манба­лари(XV — XX аср боши)” (“Тамаддун” нашриёти, 2018) номли монографияси ана шундай янгича йўналишдаги илмий-тадқиқотлардан биридир. Ушбу тадқиқотда муаллиф Навоийнинг “Хамса” асарини адабиётшунослигимизда илк бора адабий герменевтика методо­ло­гия­си асосида тадқиқ қилган.

Матн талқини назарияси ва амалиёти билан боғлиқ герменевтика — талқин этиш санъатидир. Бадиий матн талқини билан шуғулланувчи герменевтика эса адабий герменевтика деб аталади. У қадимий матнларнинг асл маъносини очиш йўлларига доир таълимот бўлиб, ўзгаришга учраб етиб келган адабиёт намуналари мазмунини тиклашга қаратилгандир. Герменевтика фанининг фалсафа ва адабиётшунослик билан боғлиқ бир неча жиҳатлари дунё фалсафа илми ва филологиясида ўрганилган. Ўзбек тилидаги адабиётлар ичида мазкур истилоҳ ва таълимотга доир дастлабки маълумот ке­йинги даврда яратилган адабий-танқидий тадқиқот, фалсафа фани бўйича қўлланмаларда учрайди. А. Эркинов тўғри таъкидлаганидек, герменевтика – талқин назарияси ва таълимотини ўзбек адабиётига кенг татбиқ этиш даври келган. Аслида, ҳар бир адабиётшунос олим ўз тадқиқотида асар матни талқини билан шуғулланади, қайсидир даражада герменевтика билан муносабатга киришади. Бироқ олимларимиз талқин масаласида муайян ишларни амалга оширган бўлсалар-да, бу фалсафий таълимот фанимиз учун нисбатан янгиликдир. Герменевтика таълимот сифатида Европада шаклланган, бироқ ўзимизда матн талқинининг ўндан ортиқ йўналишлари, жумладан, тафсир, илми ҳошия, шарҳ битиш, миниатюра… каби талқин билан бевосита боғлиқ мустақил соҳалари аввалдан мавжуд бўлган. Герменевтикани ўзбек мумтоз адабиётига доир манбаларга татбиқ этиш, уни замонавий ўзбек адабиётшунослигига олиб кириш лозим. “Алишер Навоий “Хамса”си талқини манбалари(XV — XX аср боши)” тадқиқоти ана шу мақсадда яратилган. Монографиянинг кириш қисмида муаллиф масаланинг моҳияти ҳақида қуйидагича ёзади: “Навоийшунослик ХХ асрга келиб фан сифатида ўзбек адабиётшунослигининг муҳим таркибий қисмига айланди. Бироқ ҳануз навоийшуносликнинг XV – XX асрлар оралиғидаги тарихи, шу даврнинг Навоий ижодига ёндашув принциплари махсус ўрганилмаган. Тўғри, совет тузуми даврида навоийшунослик илмида муайян ишлар қилинди. Лекин навоийшунос олим А.Ҳайитметов таъкидлаганидек, “…аксарият ҳолларда, Навоий ижоди сиёсийлаштириб талқин этиб келинди… Яқин ўтмишдаги тадқиқотларда ҳукмрон мафкура белгилаб берган методология таъсири аниқ сезилиб туради. Бироқ ўша давр навоийшунослигида қўлга киритилган ютуқлардан кўз юммаслигимиз даркор”. Навоийшунослик тарихини яратиш ва Навоий “Хамса”сининг бугунги талқинига оид хусусиятларни тадқиқ қилишда Навоий давридан ҳозиргача бўлган манбаларни ўрганиш муҳим вазифа саналади. А.Эркинов тадқиқоти ана шу муҳим вазифани амалга ошириш ниятида яратилган. Муаллиф тадқиқот объекти сифатида Ўзбекистон Фанлар акаде­мия­си Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондидаги Навоий “Хамса”сининг 57 қўлёзма нусхасини ўз ишига жалб этиб, атрофлича тадқиқ қилган. Китобнинг биринчи боби “Алишер Навоий “Хамса”си талқинининг муаммолари” деб номланиб, тўрт фасл­ни ўз ичига олади. “Бадиий матн талқини муаммолари”, “Ислом минтақа адабиётида талқин масаласи”, “Навоий “Хамса”си талқини муаммо ва манбалари”, “Масаланинг қўйилиши” деб номланган фаслларда  тадқиқотнинг назарий асослари, манбалари, методологияси каби масалалар батафсил ёритиб берилган. Муаллиф тўғри  таъкидлаганидек, Навоий “Хамса”сига у ёзилган даврда ва ке­йинги даврларда яхлит асар сифатида қаралган. Салафларимиз ушбу бешликни ўзига хос йўналишда, бугунгидан фарқли тарзда талқин қилганлар. А. Эркинов талқин жараёнини икки бос­қич – XV аср­дан то ХХ аср бошигача, ХХ аср бошидан бугунгача бўлган босқичларга ажратади. Аввалги бос­қич Чор Россиясининг Туркистонни босиб олишидан олдинги давр бўлиб, унда асосан шарқона тафаккур устун бўлган. Лекин 1920 – 1930 йиллардан бошлаб олимларимиз тафаккурида ўарб таъсири кучайган. Монографияда бу жараён мисоллар ёрдамида ёритиб берилган.

“Навоий “Хамса”сида автоинтерпретация масаласи ва манбалари” бобида Навоийнинг хамсанавислик анъанасига муносабати ва ўз “Хамса”сини ёзиш жараёнидаги адабий-эстетик қарашлари ёритилган. Абдураҳмон Жомий билан Алишер Навоий ўз “Хамса”ларини бирин-кетин ёзадилар. Лекин Жомий хамсанавислик анъанаси энди эскирди, деб Хусрав ва Ширин, Лайли ва Мажнун мавзуларини қаламга олмайди. Асосий эътиборни “Юсуф ва Зулайхо” каби фалсафий-дидактик достонларга қаратади. Афсонагўйлик қилиб ўтиришни ўзига эп кўрмайди. Лекин Навоий бу масалага ўзгача ёндашади. Китобда бу тафовут қизиқарли мисоллар билан кўрсатиб берилган.

“Навоий “Хамса”сининг бадиий, илмий ва тарихий асарлардаги тал­қи­ни манбалари” бобида Навоий “Хамса”си бадиий асарлар, жумладан, Абдураҳмон Жомийнинг “Хирадномаи Искандарий”, Хожанинг “Мақсад ул-атвор”, Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонларида қандай талқин этилгани ўрганиб чиқилган. Давлатшоҳ Самар­қандийнинг “Тазкират уш-шуаро”, Сом Мирзонинг “Туҳфаи Сомий”, Фахрий Ҳиротийнинг “Латойифнома” тазкираларидаги мавзуга оид маълумотларга ҳам муносабат билдирилган. Навоий замондошларининг мемуар асарлари, масалан, Ҳусайн Бойқаронинг “Рисолаи Ҳусайний”, Абулвосеъ Низомийнинг “Мақомоти Мавлавий Жомий”, Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ”идаги талқинлар, ке­йинги асрларда ёзилган Абдулмўминхоннинг “Том ут-таворих”, Мир Саид Шариф Роқимнинг “Тарихи Роқимий” каби асарларидаги фикрлар, қайдларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Китобнинг “Навоий “Хамса”сининг қўлёзмалардаги талқини манбалари” деб номланган тўртинчи боби алоҳида эътиборга лойиқ. Мазкур бобда “Хамса” асрлар давомида қўлёзмадан қўлёзмага кўчирилганда ундаги достонлар номи ўзгаришга учрагани, бунда Низомий “Хамса”сидаги достонлар номи баъзан Навоий достонларига берилгани ва бошқа номлар билан талқин этилгани кўрсатиб ўтилган. Ушбу жиҳат, муаллиф таъкидлаганидек, ўт­мишда бадиий асарларнинг номланишида, бугунгидан фарқли ўлароқ, қатъият бўлмаганини кўрсатиш билан бирга достонларга бўлган муносабат – талқинни ҳам англатади. Қўлёзмадан нусха кўчириш жараёнида асарнинг талқин этилишига ундаги таркибнинг ўзгартирилиши, достонлардан ўзига керакли қисмларни кўчириб олиш ҳам мисол бўла олади. Ушбу бобда бадиий асар учун тузилган луғатларнинг асарни талқин этишдаги ўрни алоҳида тадқиқ қилинган.

Сўнгги бешинчи боб “Навоий “Хамса”сининг бадиий талқини манбалари” деб аталади. Унда бадиий кириш ва хотималар, “Хамса” достонларининг халқ китобларидаги талқини (насрий баёнлар), “Хамса”га ишланган миниатюралар, таржималардаги талқин масалалари илмий жиҳатдан тад­қиқ этилган. Умуман олганда, А. Эркиновнинг “Алишер Навоий “Хамса”си талқини манбалари (XV – XX аср боши)” номли монографияси кейинги йилларда яратилган навоийшуносликка оид йирик тадқиқотлардан биридир. Тўғри, тадқиқотнинг айрим ўринларида такрорий фикрлар ҳам учраб туради. Лекин бундай жузъий нуқсонлар илмий асар қимматини пасайтира олмайди. Ўйлаймизки, бундан ке­йин шундай янги йўналишда тадқиқотлар яратилишида бу китоб муҳим аҳамият касб этади.

Абдулатиф Турдиалиев,

филология фанлари номзоди. Қўқон

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг