Халқаро бахшичилик санъати фестивали она Ватанимизнинг маданият, санъат ва адабиёт соҳасидаги салоҳияти нақадар улуғ эканини жаҳон ҳамжамиятига намоён этиши тайин..

Бахшиларнинг дўмбира чалиб достон айтган овозини тинглаганда томирларда қон жўшиб, бутун вужуд титраб кетади, юраклар симобдай эрийди, мардона тебранма овоз қулоқларга мойдай ёқади. Дарахтларнинг шовуллаши, довулларнинг гувиллаши, денгиз тўлқинларининг тошиши, отларнинг кишнаб югуришларини ҳис этаман ушбу ноёб ва бетакрор товушларда.

Бахшиларинг достон айтса, дилга ором,

Адо қилгай қирқ кечаю кундузларни.

Томга чиқиб, ушлаб олсанг бўлар оқшом

Чарақлаган катта-катта юлдузларни.

Биз Алпомиш, Гўрўғли, Авазхон, Рустамхон каби халқ достонлари қаҳрамонларига ҳавас қилиб ўсиб-улғайганмиз. Бахшилар куйлаган Тарлон бия, Бойчибор, ўирот каби тулпорларга меҳримиз ортган. Барчиной, Қалдирғочойим, Юнус пари, Мис­қол пари сингари соҳибжамоллар ёримиз бўлишини орзу қилганмиз. Оналаримиз, опа-сингилларимизни, Ватанимизни достонлардаги ботирлардай ҳимоя қилишга аҳду паймон этганмиз. Шундай қилиб эр етганмиз, йигит бўлганмиз.

Шу ўринда мулла Мусурмон бобомнинг отаси Йўлдош бобо бахши бўлганини айтиб ўтай. Мен бахши бобомни ҳаётда кўрмаганман. Лекин қандай достон айтганини отамдан, амакиларимдан эшитганман. Йўлдош бахши завқу ҳаяжон билан, юракни титратадиган дарду фиғон билан достон айтгани учун у кишини  Афғон шоир дейишар экан.  Бобом дўмбирани олиб, бир уй мухлислар орасида уй тўрида ўтириб достон айтаркан. Завқланганидан силжиб-силжиб айтиб, бўсағага келиб қоларкан. Кейин яна уй тўрига бориб ўтириб, достон айтишда давом этавераркан. Бу ҳолат кўп такрорланар, лекин достонга  маҳлиё  томошабинлар буни сезмаскан.

Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказаётган Ватанимиз жаҳон ҳамжамияти назарида янада юксалди. Бахшичилик санъати ривожига қаратган ниҳоятда катта эътиборлари учун Президентимизга мингдан минг раҳматлар  айтаман.

Одам Отанинг наслига бешик бўлган тоғларим,

Мома Ҳавонинг васлига ошиқ бўлган боғларим,

Авлиёлар иси келган мўътабар тупроқларим,

Оҳувва-ҳай, Ватаним-ай,

Оҳувва-ҳай, Ватаним!

Кундуз қуёш, кечалари ой берган-ей, ой берган,

Қирқ кечалаб қўноқ бериб,

тўй берган-ей, тўй берган,

Меҳмонларга уй тўридан жой

берган-ей, жой берган,

Оҳувва-ҳай, Ватаним-ай,

Оҳувва-ҳай, Ватаним!

Рустам МУСУРМОН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг