Борар жойи бўстон бўлган дўмбирам… (2019 йил, 14 сон)

293

Халқаро бахшичилик санъати фестивали

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида 5-10 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалини юқори савияда ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан бугун бошланаётган нуфузли анжуманни кенг ёритиш учун дунёнинг йигирма давлатидан кўплаб журналист ва юртимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Фестивалнинг Сурхондарё воҳасида ўтказилишида чуқур маъно бор. Сайёрамизнинг кўплаб ҳудудларида халқ оғзаки ижодига ёшларда эътибор сусайиб бораётган ҳозирги даврда бу қадим санъатнинг нозик қирралари айнан шу юртда кўпроқ сақланиб қолган. Бир замонлар Шеробод достончилик мактабининг довруғи олис ўлкаларга ҳам кенг ёйилган. Ўтган чорак асрга яқин вақтда мамлакатимизда Ўзбекистон халқ бахшиси унвонига сазовор бўлган йигирма саккиз нафар бахшининг тўққиз нафари айнан сурхондарёлик экани ҳам бунга яққол мисолдир.

Фестивалнинг асосий тадбирлари ўтказиладиган муҳташам Санъат саройи ҳудудидаги 32 гектар майдон бутун мамлакатимиз ҳудудларининг миллий қадрият ва гўзал анъаналарини, ноёб санъати ва ҳунармандчилигини намойиш этиш учун пухта ҳозирланди.

Халқаро фестивалда мамлакатимиз фольклоршунос олимлари, бахши, жиров ва оқинлар, санъаткорлар ва бахшичилик санъати мухлислари билан бирга жаҳоннинг етмиш бешга яқин давлатидан уч юздан зиёд меҳмонлар иштирок этади.

Фестивалнинг очилиш маросимида 500 нафар ёшлар чанқовуз чалади. Байрам дастуридан ўрин олган ушбу мусиқий чиқишда ёш ижрочилар халқимиз урф-одат, анъаналарини ўзида мужассам этган куйни ижро этади.

Фестиваль кунлари вилоят бўйлаб турли маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Бу тадбирлар доирасида бахшиларнинг халқаро кўрик-танлови, хал­қаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилади. Меҳмонлар олти йўналишдан иборат туристик маршрутлар бўйича тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатга чиқади. Фестиваль кунлари маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар Термиз шаҳри ва туманларда вилоятнинг энг яхши фольклор-этнографик халқ ансамбллари, бахшилар ҳамда маданият марказларининг беш юздан зиёд санъаткорларининг ранг-баранг ­дастурларидан баҳраманд бўлади.

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг