Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг оддийгина кулгининг ҳам сир-синоати ҳалигача тўлиқ таҳлил этилмаган. Илмий ва тарихий ҳужжатларга назар ташласак, кулги ўтган асрнинг 70-йилларидан илм аҳлини қизиқтира бошлаган. Натижада, алоҳида фан – гелотология (юнончада кулгишунослик, деган маънони беради) пайдо бўлган. Олимлар бу соҳада илмий тадқиқотлар ҳам олиб боришган, турлича хулосалар айтилган ва… масала ҳамон очиқлигича қоляпти.

Нега ҳазил-ҳузул ёки шунга ўхшаш вазиятларда одам кулади? Кулги нима ўзи, нима учун яратилган?

Кулги ҳам Яратганнинг бандасига берган неъматларидан бири десак, тўғри бўлар. Кулиш-ку осон, аммо кулдириш анча мушкул иш. Баъзан амал курсисида ўтирган раҳбар латифа айтса, кулгили бўлмаса-да, ходимлари қотиб-қотиб кулишади. Баъзан эса, энг кулгили аския бўлаётган даврада ҳам хўмрайиб ўтирган бир-иккита кимса учрайди.

Кулги қандайдир механик таъсирнинг эмас, балки ички ҳиссиётларнинг намоён бўлиши. Тўғри, одамни қитиқлаб кулдирса ҳам бўлади. Аммо бу табиий кулги эмас, балки тананинг ташқи таъсирга жавоби, холос. Мутахассислар фикрича, ер юзидаги жонли мавжудотлар орасида фақат инсонгина ўзининг ҳис-туйғуларини кулги ор­қали ифодаларкан. Чақалоқ дунёга келгач, 4-6 ҳафта ўтиб кула бошлайди. Тўрт ойлигидаёқ қиқирлаб куладиган бўлади. Олти ёшга етганда кулги унинг ҳамроҳига айланади. Шу ёшда бола кунига тахминан 300-400 марта кулади. Ёши улуғ одамлар эса бир кунда ўртача 15 марта кулиши кузатилган. Кулгининг “юқумлилик” хусусияти ҳам бор.

Кулги бўйича илмий изланишлар олиб борган олимлардан бирининг хулосасига кўра, аслида кулгига сабаб ҳазил-мутойиба ҳам эмас экан. Тадқиқотчи 2000дан зиёд кулгили ҳолатларни ўрганиб, шундай хулосага келган. Яъни инсон кулгили воқеа таъсирида эмас, балки шу воқеага муносабат изҳори ўлароқ кулади.

Умри давомида деярли кулмайдиган, ҳатто жилмайиб қўймайдиган одамлар ҳам учрайди. Уларни ҳеч қандай комедия, латифа, ҳангома, масхарабоз кулдира олмайди. Нега? Тадқиқотлар кўрсатишича, кулмайдиганлар нотўғри нафас олади, атроф-муҳитдаги ҳар бир воқеа-ҳодисадан хавфсираб, доимий тажанглик ҳолатида яшайди. “Кулмаган кунларимиз — яшамаган кунларимиздир”, деган хулосада жон бор. Атоқли адиб Саид Аҳмад ёзганидек, умр давомида сира кулмаслик – уйланмай ўтиш билан тенг, деса ҳам бўлади!

Ҳатто кулгининг турларига “ихтисослашган” одамлар ҳам бор. Масалан, кимдир масхарабознинг қилиқларидан кулади, лекин сўз ўйини ёки латифани унчалик тушунмайди. Ҳатто одамларнинг жисмоний нуқсони ва муваффақиятсизлиги устидан кулувчилар ҳам бор…

Буюк қизиқчимиз, раҳматли Ҳожибой Тожибоев айтганидек, ростдан ҳам кулгининг 97 хили мавжудми? Ҳар ҳолда, қандай кулиши ва нимадан кулишига қараб, одамнинг феъл-атворини аниқ айтиб берса бўлади.

Кулги тилсимини очишга руҳшунослар ҳам уриниб кўришди. Уларнинг фикрича, кулги – ижтимоий жараён. Масалан, уйда ёлғиз ўзингиз ҳар қанча кулгили комедия томоша қилсангиз-да, қаҳ-қаҳ отиб кулишингиз гумон. Аммо улфатлар даврасидаги бундайроқ ҳазил ҳам гулдурос қаҳқаҳага айланади. Яна бир вазиятни олайлик: бегона даврада айтилган кулгили ҳангомани ногаҳон эшитиб қолсангиз, уларга қўшилиб кулишингиз қийин. Чунки ҳангома кулгили бўлгани билан, ўзингиз бу давра учун бегонасиз. Бу ҳақда латифа ҳам бор: бир даврада раҳбар ҳангома айтар ва гуррос-гуррос кулги кўтариларди. Бир четда хомуш ўтирган одамдан, нега кулмаяпсиз, деб сўрашса, “Мен ишдан бўшаганман”, дебди…

Самимий кулги кўнгилларни бир-бирига боғлайди. Ўринсиз кулгида бунинг акси юз бериши мумкин. Майин жилмайиш қиз болага қанчалик ярашса, ўринсиз шарақлаб кулиш уни шунчалик хунук кўрсатиши ҳам рост.

Кўп кулиш – қалбни ўлдиради, дейдилар. “Қобуснома”да меҳмон бўлгувчи беҳуда кулавермаслиги, кўп кулиш – девоналикнинг бир нишонаси эканлиги айтилган: “…кам кулиш бир нав сиёсат ва сабр-матонатдир. Шундай деганларки, беҳуда ва бевақт кулги ғам ва ташвиш пайтида воқе бўлади”.

Дўппини қўлга олиб, яхшилаб ўйлаб кўрсак, кулгининг ҳам муаммолари кўп: масалан, нима учун ҳаёт даражаси юксак давлатларда кулги “сусайиб” боряпти? Швейцарияда бўлиб ўтган Халқаро кулги ташкилоти (шунақаси ҳам бор!) конгрессининг хулосаларига кўра, ХХ асрнинг 50-йиллари дунё миқёсида иқтисодий танглик чўққига чиққан давр ҳисобланади. Шунга қарамай, ўша вақт­да англияликларнинг кулиш вақти кунига ўртача 18 дақиқани ташкил қилган. 90-йилларга келиб, Англия иқтисоди олдинги даврга қараганда сезиларли равишда ўсди, одамларнинг турмуш тарзи ҳам яхшиланди. Бироқ англияликлар энди кунига атиги ўртача 6 дақиқагина кула олишар эди.

Ҳозирги кунда нафақат англияликлар, балки дунё бўйлаб жуда кўп одамлар кулолмаслик касалига йўлиққан. Масалан, Германия, Япония, ҳатто Туркия ҳам “ҳазилни тушунмайдиган” давлатлар тоифасига киритилган. Самимий кулишни унутаётган халқлар қаторига хитойликлар ҳам қўшилган. Бугунги кунга келиб улар энг кам куладиганлар бўйича етакчиликни японлардан олиб қўйишмоқчи. Замондош хитойликнинг фикрича, уларга ҳазил-мутойибанинг қизиғи қолмаганмиш. Айримлари эса очиқчасига айтганда, кулиш учун арзирли сабаб йўқ, деб ҳисоблашади.  Ҳозирги замон рақобати ҳар бир соҳада анча шафқатсиз тус олган. Шунданмикан, одамлардаги тажанг­лик эллик йил олдингидан ўн марта зиёд. Яна бир сабаб шуки, дунёда бойлар ва ночорлар ўртасидаги тафовут катта. Одамларнинг даромадларидаги фарқ ҳам кулолмасликка сабаб бўлмоқда. Бу фарқ фақат мағлубиятга учраган одамнигина қай­ғуга солиб қўймай, муваффақиятга эришаётганларга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатяпти. Чунки улар ҳам кимларнидир ўзларидан кучлироқ, устунроқ, омадлироқ, деб билиб сиқиладилар, ҳасад қиладилар, куюнадилар, ўз ютуқларидан хурсанд бўлиб юролмайдилар…

Яна, қайдам?

Одамлар тобора жиддийлашиб кетаверса, оқибати нима билан тугайди? Кўп кулган одам ҳақиқатдан ҳам узоқ яшайдими? Кўп кулдирган одам-чи? Кулгининг кучи (калорияси) ростдан ҳам ўнта тухумга тенгми? “Кулгитерапия”нинг истиқболлари қандай? Самимий кулги билан сохта кулги ўртасида қанчалик фарқ бор?…

Кўриб турганингиздек, бу саволлар устида нафақат руҳшунослар, балки социологлар, тиббиёт олимлари ва ҳатто сиёсатчилар ҳам бош қотиришлари мумкин.

Кулгининг яна айрим хосиятлари қу­йи­дагича:

  1. Ҳаётдан қониқиб яшаш ва кулги бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Кулги – тушкунлик(депрессия)га қарши энг яхши шифобахш восита. Атиги бир дақиқалик кулги бутун бошли муолажа ўрнини босиши мумкин.
  2. Кулги қадди-қоматни расо қилади. 10-15 дақиқали кулги пайтида ярим соат спорт билан шуғулланганчалик қувват ажралади. Кулиш чоғида 80 та мушак ҳаракатга келади.
  3. Иммун тизимини кучайтиради. Хушчақчақ одамлар камроқ касал бўлиши исботланган.
  4. Асабларга тинчлантирувчи таъсир кўрсатади.
  5. Кулги терини ёшартиради. Самимий кулгидан юзлар қизаради. Бу – терилар ҳаракатга келиб, қон айланиши ва озиқланиш яхшиланганидан даракдир.
  6. Кулги юрак учун жуда фойдали. Хушчақчақ одамлар хомуш одамларга қараганда юрак касалликларига 40 фоиз камроқ чалинадилар.

Шуниси аниқки, ҳақиқий кулги – худди аксириш каби, инсон ихтиёридан таш­қари ҳолат. Дейлик, ҳарбийча буйруқ билан одамларни зўрлаб кулдириш ёки аксинча кулгини таққа тўхтатиш мушкул. Устоз Саид Аҳмад айтганларидек, кулгиси келган одамнинг бўйнига атом бомбасини осиб қўйсангиз ҳам, кулаверади.

Кулишиб юраверинг, ҳаммаси яхши бўлади…

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг