Шундай даврлар бўладики, мамлакат ҳам, халқ ҳам эркин ва осуда турмуш кечиради; шоирлар гўзал шеърларини, бастакорлар дилрабо куйларини, меъморлар маҳобатли иншоотларини яратишда давом этадилар. Яна шундай даврлар бўладики, мамлакат бошида ҳам, халқ бошида ҳам чақмоқлар чақиб, момогулдираклар наъра тортади; шоирларнинг қалам ушлашга, бастакорларнинг танбур чертишга, меъморларнинг янги иншоот тарҳини чизишга қўллари бормайди. Давр таҳликалари шундай қудратли кучга эга.

Тарих даврга бошқа ҳуқуқни ҳам берган. Ҳар бир янги эврилиш аввалгисига холисона баҳо беради; кўкраклари нишонлар билан тўлган ёзувчилар, мусаввирлар, бастакорларнинг савлатларига эмас, асарларига қарайди; муқоваси тилла ҳарфларда  товланган, лекин мазмун-моҳияти саёз асарларнинг баҳридан ўтади.

Даврнинг ана шу ҳакамлик ҳуқуқи ёзувчилар ва уларнинг асарларига муносабатда, айниқса, яққол кўринади.  “Жадид адабиёти” деганимизда ўн – ўн беш  нафар ёзувчигина ёдимизга келади. Ваҳоланки, жадид ёзувчилари сони оз бўлмаган. Лекин уларнинг сараларигина адабиёт тарихида қолган.

1917-1918 йиллардан кейин ўзбек адабиётига кириб келган ижодкор ёшлар большевиклар ўйлаб топган пролетар адабиёти бағрида улғая бошлади. Шу “адабий” муҳитда яшаб туриб, Абдулла Қодирий ва Чўлпонларнинг асарларидан кўпроқ озиқ олган ёзувчилар ке­йинчалик пролетар адабиётининг темир деворларини бузиб, майдонга чиқиб олди. Лекин қолганлари 50 — 60-йилларга қадар ижод қилган бўлишларига қарамай, унутиб юборилди. Янги тарихий-адабий давр уларнинг  баҳридан ўтди. Бу — ҳаёт қонуни. Бу ҳар бир янги тарихий даврнинг ҳакамлик ҳуқуқидир.

ХХ аср ўзбек адабиёти тарихига назар ташласак, Беҳбудий ва Авлоний авлодидан кейин Абдулла Қодирий ва Чўлпон авлоди, ундан ке­йин ўафур ўулом ва Ойбек авлоди, кейин  Асқад Мухтор ва Шуҳрат авлоди, улардан кейин эса Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов авлодлари… вакилларини кўрамиз. Бу авлодларнинг ижодий меҳнати билан ўзбек адабиёти янги адабий тур ва жанрлар билан бойиди. Адабиётимизнинг ўнлаб  асарлари ўарб ва Шарқ халқ­лари тилларига таржима қилинди. ХХ аср ўзбек адабиёти кўп асрлик миллий адабиётимиз тарихига “адабиётимизнинг олтин асри” сифатида кирди.

 Ҳозирнинг ўзидаёқ бир пайтлар иттифоқ ёзувчилар съезд­ларига делегат бўлиб сайланган, адабий кечалар ва анжуманлар ҳайъатида савлат тўкиб ўтирган ёзувчиларнинг ярмидан кўпи унутилди, улар ҳам давр синовидан ўтиша олмади. Бугун: рўйхати тузилса бир неча қоғоз исроф бўладиган ёзувчиларнинг асарлари нашр этилмайди, — деб дағдаға қилиш, чамамда, ўринли эмас. Зеро, ҳозирги ўзбек адабиёти бу ёзувчиларнинг асарлари забт этган маррадан шу қадар узоқлашиб, юксак босқичга кўтарилганки, уларни Абдулла Қодирий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Тоғай Мурод асарларини ўқиётган китобхонларга тавсия қилишга уяласан киши. Сирасини айтганда, бу ёзувчиларнинг асарлари ўз ғоявий ва бадиий-эстетик вазифаларини бажариб бўлган кўринади.

Шу кеча-кундузда Фанлар академиясининг   Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти деб аталаётган тармоғида 50 жилдли “ХХ аср ўзбек адабиёти дурдоналари” туркумини яратиш устида иш олиб борилмоқда. М.Беҳбудий ёки А.Авлонийдан Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповгача бўлган ёзувчиларнинг дурдона асарларидан иборат туркумга кимларнинг қайси асарларини киритишимиз керак? Ҳозирги навқирон ва келгуси авлодларга қайси ёзувчимизнинг қайси асарини дурдона сифатида тақдим этишимиз мумкин?.. Бор-йўғи 50 жилддан иборат нашр­га 50 та дурдона асар топиладими?!. Шундай саволлар туғилиши табиий. Бу саволларга жавобан дадил айтишимиз мумкин: “Топилади, албатта, топилади!” Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романи, Чўлпоннинг “Кеча кундуз” романи ва шеърлари, Фитратнинг юрт қайғуси фиғон қилиб турган шеърлари-ю “Абулфайзхон” трагедияси, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” ва “Навоий” романлари ҳамда шеър­лари, ўафур ўуломнинг “Шум бола” қиссаси ва шеърлари, Ҳамид Олимжон ва Миртемирнинг шеър ва достонлари… Кейин-чи? Уй­ғун, Собир Абдулла, Комил Яшин, Шароф Рашидов, Иброҳим Раҳим, Раҳмат Файзий, Туроб Тўла, Ҳамид ўулом, Мирмуҳсин, Шукрулло, Суннатулла Анорбоев, Мақсуд Қориев, Саъдулла Кароматов, Жонрид Абдуллахонов сингари ёзувчиларнинг қайси асарлари давр синовига дош берди? Бу саноқдаги ёзувчиларнинг қайси асари ёки асарларини дурдона дейиш мумкин? Умуман, биз ХХ асрда яратилган энг сара асарларни дурдона деб  атасак, эл-юрт олдида уятли бўлиб қолмаймизми?..

Каминани, бир томондан, шу масалалар ўйлантираётган бўлса, иккинчи томондан, адабиётимиз хазинасини авлодларга қолдириш меъёр ва мезонларининг ишлаб чиқилмаганлиги, ўрта ва олий ўқув юртларида замонавий адабиёт ва унинг намояндалари ижодини ўрганишнинг ғоят ачинарли аҳволга тушгани безовта қилмоқда. Мустақилликкача бўлган даврда 5-синфдан 11-синфгача бўлган адабиёт дарс­ликларида ХХ аср адабиёти етакчи намояндалари ижодининг ҳам, бошқа ёзувчилар яратган асарларнинг ҳам ўрганилишига етарли миқдорда дарс-соатлар ажратилган эди. Шунинг учун ўша даврда улғайган ёшларнинг адабий билимини ва адабиётга муносабатини ҳозирги ёшларнинг билими ва муносабати билан мутлақо қиёслаб бўлмайди. Афсуски, мустақиллик йилларида ўқув юртларига бир қатор янги фанларнинг киритилиши билан адабиёт бўйича дарс соатлари ҳаддан зиёд қисқартирилиб, бу дарсларга  эътибор ва қизиқиш пасайиб кетди. Ўрта махсус ва олий ўқув юртларидаги кутубхоналар янги ўқув, бадиий ва илмий адабиёт ҳамда даврий нашр­лар билан етарли даражада таъминланмади. Аксар кутубхоналар ва газета киоскалари  ёпилди. 200 000 нусхада чоп этилган романларнинг бугунги энг катта адади 5000 дан, шеърий тўпламларнинг энг катта адади эса 500, нари борса 1000 нусхадан ортмаслиги жаҳон тамаддунининг шаклланишига муносиб ҳисса қўшган, Алишер Навоий каби буюк шоир ва мутафаккирларни етиштирган ўзбек халқи учун ачинарли ҳол эмасми?!

СССР парчаланиши арафасида жуда катта қи­йин­чилик билан бўлса-да, манглайига “халқ душмани” тамғаси босилган Абдулла Қодирий, Фитрат ва Чўлпон асарларини тўплаш ва нашр этиш шарафига муяссар бўлдик. Лекин Чўлпоннинг “Аkademnashr” нашриёти томонидан нашрга тайёрланган ва бор-йўғи 1000 нусхада чоп этилган  4 жилдлиги, М.Беҳбудийнинг шу нашриёт томонидан чоп этилган 2 жилдлиги ҳали ҳам наш­риёт омборини тўлдириб ётибди. Ҳолбуки, филология фанлари докторлари, номзодлари, аспирантлар, магистр­лар ва бакалаврларимиз шу қадар кўпки, улар бир нусхадан сотиб олганларида ҳам бу икки нашр аллақачон сотилиб-тарқалиб кетган бўлар эди. Фан доктори ёки номзоди бўлган олимлар, аспирантлар, магистрларнинг шахсий кутубхоналарини бу ва бошқа машҳур ўзбек ёзувчиларининг куллиётлари безаб-ўқилиб турмаса, уят бўлмайдими?!

Шундай бир ақида бор эди. Бу ақидага кўра, бирор кишининг қандай инсон эканлигини билиш учун унга: “Сиз кимнинг ва қайси асарини ўқияпсиз?” деган савол бериш ва шу саволга берган жавобига қараб унинг кимлигини аниқ айтиш мумкин эди. Бугунги ёшларнинг илғор қисми Ойбек, Миртемир ёки Ас­қад Мухторнинг эмас, балки Кафка ё Жойс, ёки Кадзуо Исигоро сингари ўарб ва Шарқ ёзувчиларининг асарларини ўқиётган бўлиши мумкин. Умуман, ўқимагандан кўра хорижий ёзувчиларнинг асарларини бўлса-да, ўқиган яхши, албатта. Лекин адабиёт шундай ғаро­йиб бир оламки, бу оламнинг ичига кириб, шу олам ҳавоси билан нафас олган инсон ундан бутунлай бошқа одам бўлиб чиқади. Китобхонни сеҳрламаган асар — асар эмас. Китобхонни сеҳр­лаб олмаган ёзувчи — ёзувчи эмас. Агар сизни Кафка ё Жойс, ёки Исигоро сеҳрлаб олдими, бас, энди сиз “Ўтган кун­лар”­ни ўқиб, бир олам завқ оладиган одамдан бош­қа бир кишига айлана бошлаган бўласиз. Агар шу жараён давом этаверса, сизнинг тафаккурингиз, дунёқарашингиз, миллий қиёфангиз ва моҳиятингиз тубдан ўзгаради. Сиз энди Ойбекнинг Йўлчисига ҳамдард бўлолмайсиз, сиз энди Миртемирнинг қишлоқ офтобидан қорайган қаҳрамонлари билан гурунг­дан лаззат ола билмайсиз. Ас­қад Мухторнинг Очил бувасига хос донишмандлик энди сизга эзмалик туюлиб, ғашингизни келтиради… Хуллас, сизнинг руҳий оламингиз, “менлигингиз” тамоман ўзгаради. Ҳатто ота-онангиз учун ҳам бегона киши бўлиб қолсангиз, ажаб эмас.

Адабий қаҳрамон, у хоҳ Отабек ёки Йўлчи, хоҳ Шолоховнинг Соколови ёки Айтматовнинг Едигейи бўлсин, бошқа қаҳрамонлар билан бирга китобхонларнинг шахс сифатида шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Агар сиз Отабек ёки Йўлчи, Соколов ёки Едигей сингари “катта” қаҳрамонлар тасвирланган асарларни кўпроқ ўқисангиз, шу қаҳрамонларга ўхшаган катта шахс бўлиб шаклланасиз. Агар сиз енгил-елпи асарларни ўқишдан нарига ўтмасангиз, шу асарлардаги енгил-елпи қаҳрамонларнинг реал ҳаётдаги нусхаларидан бири бўлиб қоласиз. Бадиий асарнинг эстетик таъсир доираси шу қадар кучлики, сиз севимли қаҳрамонларингизнинг учқур сўз ва ибораларини такрорлабгина, уларга ўхшаб ки­йинибгина қолмай, агар улар инжиқ бўлса, сиз ҳам инжиқ бўлиб борасиз, агар улар танти ва саховатли адабий қаҳрамонлар бўлишса, сизга ҳам шу хусусиятлар, албатта, юқади. Алишер, Ойбек, Шуҳрат, Отабек, Анвар, Йўлчи, Нодира, Зулфия, Кумуш, Гулнор, Ҳилола сингари “адабий” исмларнинг халқ ўр­та­си­да кенг тар­қалгани ҳам бежиз эмас.

Бадиий адабиётнинг бу фазилатлари унутилиб бораётган Ойбек ва ўафур ўулом, Ҳамид Олимжон ва Миртемир, Шайхзода ва Миркарим Осим, Асқад Мухтор ва Туроб Тўла каби ёзувчиларнинг асарларида, бу асарлардаги ҳар бир образ ва ҳар бир поэтик воситада — ярим тундаги юлдузлар янглиғ — жилваланиб туради. Бу ёзувчилардан узоқлашиш, бу ёзувчиларни унутиш, бу ёзувчилар ижодидан баҳраманд бўлмаслик янги авлодларнинг шу қутлуғ фазилатларсиз ўсиб-улғайишига, яъни манқуртлашишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Ҳолбуки, Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Фитратдан кейин адабиётимизнинг олтин хазинасини, биринчи нав­батда, худди шу ёзувчилар ўзларининг юксак бадиий асарлари билан бо­йи­тиб берганлар.

Наим КАРИМОВ,

ЎзФА академиги

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг