Маданият  ривожига нима  тўсиқ  бўлмоқда? (2019 йил, 13 сон)

344

Маданият муассасаларининг санъат ва маънавият ошёни, истеъдодли ёшлар камол топадиган зиё маскани сифатидаги ўрни беқиёс. Бугун шундай даврда яшаяпмизки, маданиятимиз ва миллий ўзлигимизни турли ёт ғоя ва мафкуралардан юксак маънавиятга таянган ҳолдагина ҳимоя қилиш мумкин.

Маълум бўлишича, ҳозир экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти ўттиз ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётир. Ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилишига шароит яратиш, зўравонлик ғоялари тарқалишининг олдини олиш учун уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва бандлигини таъминлаш долзарб вазифа бўлиб қолаётир. Давлатимиз раҳбари ­Шавкат Мирзиёев шу йил 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ёшлар бандлигини таъминлашнинг бешта йўналишини белгилаб берди. Бу йўналишларнинг, қамрови жиҳатидан, энг каттаси маданият соҳаси бўлиб, бу борада Маданият вазирлиги томонидан ёшларни  маданият ва санъат  муассасаларига кенг жалб этиш бўйича Концепция ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Концепциянинг учинчи босқичида 32 та маданият марказида 95 та қўшимча тўгарак ва ҳаваскорлик бадиий жамолари ташкил этилиб, минг нафар ёшни қамраб олиш кўзда тутилган. 15 та болалар мусиқа ва санъат мактабида 11 та йўналишда 56 та қўшимча синфлар очилади  ва уларда 540 нафар ёш ўзлари қизиққан санъат турлари билан шуғулланади. Бундан ташқари, таниқли санъаткорлар, мусиқачилар ва ёшларнинг севимли  хонандалари, миллий рақс ва хореография санъати намояндалари иштирокида концертлар, маҳорат дарслари, ижодий учрашув ва мулоқотлар, кўрик-танлов ва фестиваллар ўтказилади. Маданият марказларидан узоқда жойлашган 150 дан ортиқ умумий ўрта таълим мактабда таҳсил олаётган  ўн мингдан ортиқ ўқувчи қизлар учун рақс санъати тўгараклари ташкил этилади. Ҳар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари вилоят театрида ёшлар учун махсус спектакллар, сешанба ва жума кунлари вилоят музейида очиқ эшиклар куни, маданият марказларида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган Ишчи гуруҳи аъзолари вилоятнинг туман ва шаҳарларида ёшлар билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, сўровномалар асосида минг нафарга яқин ёшларнинг истаклари, таклифлари ва қизиқишлари билан танишишди. Сирдарё туманидаги маданият муассасалари фаолияти ўрганилганда учта болалар мусиқа ва санъат мактаби, бешта маданият марказидан фақат “Истиқлол” маданият маркази таъмирдан чиқарилгани аниқланди. Шу муносабат билан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш учун тумандаги маданият марказларининг аҳволи, уларда яратилган шарт-шароитлар етарлими, деган табиий савол келиб чиқади.

Таассуфки, туман марказидаги пештоқига “Маданият маркази” деб ёзилган ғариб ва хароба  аҳволдаги  иморатни кўриб ранжидик. “Марказий”, “Малик”, “Бахт”, “Ором” маданият марказларининг ҳолати янада ачинарли. Туман маданият марказининг биноси йўқлиги сабабли, марказ ходимлари беш жойга кўчиб ўтишибди. Марказ қошида фаолият юритиб келаётган “Ёшлик” ва “Дўстлик” ашула ва рақс халқ ансамбли  ҳамда “Бодом гуллари” фольклор-этнографик жамоасининг нуроний отахон ва онахонлари муқим жой йўқлиги сабабли, кўчишлардан юраклари безиллаб қолган, дастурларни тайёрлаш ва машғулот ўтказиш учун умуман шароит йўқ. Айни кунда “Ўзбекистон” кўчаси 210-уйда жойлашган “Йўл қурилиш унитар корхонаси”га қарашли бинонинг иккинчи қаватида фаолият кўрсатаётган маданият ходимлари яна бошқа жойга кўчамизми, деб юраклари безиллаб туришибди. Маданият бўлими ходимлари бир неча марта туман ҳокимлигига мурожаат қилганига қарамай муаммолар ечимини топмаяпти. Очиғини айтганда, бу ишга масъул туман раҳбарларининг эътиборсизлиги туфайли кўп  йиллардан бери фаолият юритиб келаётган тажрибали мутахассислар, шунингдек, миллий маданиятимиз ривожига ҳисса қўшиш истагидаги истеъдодли ёшлар шароит етарли эмаслигидан сарсон-саргардон бўлишмоқда.

Ишчи  гуруҳ аъзолари туман раҳбарлари билан мулоқотда маданият ходимларининг шарт-шароитларини яхшилаш бўйича аниқ амалий таклиф ва муаммони ечиш йўллари ҳақида сўрашганда, камчиликларни бартараф этишга доир илиқ гапдан нарига ўтилмади. Тушунтиришлар натижасида маданият маркази учун 40-ўрта мактабнинг бўш турган  хоналари тавсия этилди. Ишчи гуруҳ мактабга борганда, бинонинг ички  кўриниши хароба аҳволда эканлиги, дераза ойналари йўқлиги, хоналар электр, иситиш тизимларига уланмагани, бу ерга ёшларни жалб этиб тўгараклар ташкил қилиб бўлмаслиги аниқланди. Ахир, қайси ота-она фарзандини шундай жойга жўнатади.

Туман марказидан 7-8 километр масофадаги 1976 йилда маданият саройи сифатида махсус лойиҳа асосида қурилган, икки қаватли 600 ўринли  томоша зали ва 20 та хонага эга, паркет полли “Малик”  маданият  маркази эса сўнгги 5-10 йил ичида қаровсиз ҳолда қолдирилган, томдан ёмғир ўтиб, аллақачон ночор аҳволга келиб қолган. Марказ директори Ф.Ботиров ҳаваскорлик тўгаракларини ташкил этиб, ёшларни қамраб олиш учун шарт-шароит йўқлигини айтиб, бинони реконструкция қилишда амалий ёрдам сўради.

“Бахт” маданият  маркази “Шерхон” хусусий корхонасига қарашли бинода ижарада фаолият олиб боради. Ҳолбуки, 1980 йилда махсус лойиҳа асосида қурилган ва 2001 йилгача туман маданият бўлими балансида бўлган ушбу маданият саройи туман раҳбарларининг ўзбошимчалиги билан               2002  йилда Бахт енгил саноат коллежи биносига қўшиб юборилиб, ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси балансига  ўтказиб берилган.  Айни чоғда коллеж тугатилган. Маданият саройи эса бўм-бўш бўлиб, эгасиз аҳволда ҳувиллаб ётибди. Туман ҳокимлиги  аввалги хатоларни тўғрилаш учун маданият саройини “Бахт” маданият маркази балансига ўтказиб берса, айни муддао бўлар эди. Ана шунда, бўш вақтини қаерда ўтказишни билмай юрган 11 мингдан ортиқ бахтлик ёшларни турли ҳаваскорлик тўгараклари ва маданий тадбирларга жалб этиш учун катта имконият яратиларди.

– Бахт шаҳарчамизда истеъдодли ёшлар жуда кўп, уларни тўгаракларга жалб этиш учун эса бино йўқ. Ҳозир марказимизда фаолият юритаётган учта ҳаваскорлик театри, катталар ва болалар учун эстрада хонандалиги тўгаракларига қирққа яқин ёшни қамраб олганмиз. Ижарада турганимиз, хоналар етишмаслиги сабабли тўгаракка қатнашиш истагини билдирган ёшларни жалб эта олмаяпмиз, – дейди тўгарак раҳбари Сайёра Алиева.

 “Ором” маданият марказининг ҳам биноси йўқ. Ҳозир Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Сирдарё ўқув ишлаб-чиқариш  корхонасига  қарашли авария ҳолатидаги бинода ижарада фаолият юритмоқда. Хона деворлари ёрилиб кетган, уларнинг совуқ ва захлигидан этингиз жунжикади. Ёшларни бу маданият марказига жалб этишга қўрқасиз.

2018 йилда фойдаланишга топширилган “Истиқлол” маданият маркази эса “хўжа кўрсин”га таъмирланган. Шунга қарамай маданият ва санъат фидойиси Эркабой Жумаев ташаббуси билан қишлоқ аҳолиси учун турли маданий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Маданият марказларини чол­ғулар, овоз кучайтириш воситалари  ва  бошқа  зарур  жиҳозлар  билан таъминлаш масаласи ҳам ачинарли аҳволда. Иккита иситиш қозонхонаси мавжудлигига қарамай кўмир билан  таъминланмаган. Хоналар  совуқлиги учун  ёшларни  жалб этиш қийинчилик туғдирмоқда. Ёшларнинг тўгарак ва маш­ғулотларга қатнаш истаги бор, лекин борадиган жойи йўқ.

Мана, сизга Сирдарё туманидаги маданият масканларининг аҳволи ва ёшлар тарбиясига бўлган муносабат.

Санъат ва маданиятнинг ривожи миллат равнақи демакдир. Зеро, дунё воқеалари шиддат билан ривожланаётган, глобаллашув жараёнлари янада жадаллашган пайтда маданият соҳаси ҳаётнинг асосий ва муҳим жабҳаларидан бири эканлиги ҳаммага маълум. Президентимиз таъкидлаганидек: “Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак – мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди”.

Бу сўзларнинг моҳиятини Сирдарё тумани ҳокимлиги мутасаддилари ҳам бот-бот эслаб туришса, маданият соҳаси ривожланиш сари юз тутган бўларди, деб ўйлаймиз.

 

Аброр МЕЛИБОЕВ,

ишчи гуруҳ аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг