Саҳна фидойиларига эҳтиром (2019 йил, 13 сон)

340

27-март — Халқаро театр куни бу йил ўзгача шукуҳда ўтгани билан кўпчиликнинг ёдида қолди. Зеро, шу йилдан бошлаб мазкур тадбир бир ҳафта давомида барча театрларда очиқ эшиклар куни тарзида ўтказилиши, томошалар бепул намойиш этилиши ҳақидаги хабар театр мухлисларини беҳад хурсанд қилди. Етти кун давомида пойтахтимиздаги ва вилоятлардаги барча театрлар заллари томошабинлар билан тўла бўлди, баъзи спектаклларда театр ходимлари йўлакларга стуллар қўйиб беришди. Ҳатто тик туриб спектакль кўрганлар ҳам бўлди.

Албатта, томошабиннинг театрга бундай муносабати борасида одамлар ўртасида ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам турли фикрлар юзага келди. Бундай шов-шувлар орасида “Томошалар бепул бўлгани учун одамлар театрга оқиб келди”, деган гаплар ҳам бор. Бундай гап-сўзлардан баъзи бир мулоҳазалар туғилди.

Агар томошабин спектаклга кириш бепул бўлгани учунгина театрга оқиб келган бўлса, у ўзини қизиқтирмаган томошага вақт сарфлаб ўтирмай, ярмидаёқ бу даргоҳни тарк этган бўларди. Ва, албатта, шу куниёқ “Бориб бекор қилган эканман, бу томоша кўришга арзимайди”, деган мазмундаги гап-сўзлар болалаб кетарди. Ваҳоланки, томошабинлар кўрган томошасидан мамнун экани сезилиб турди. Демак, театр мухлисининг бу санъатдан кўнгли совуган эмас. Хўш, унда томошабинни ушлаб туриш учун нима қилиш керак? Ахир, йил-ўн икки ой текин томоша кўрсатишнинг ҳам иложи йўқ! Аввало, шу ҳафталик давомидаги театрлар репертуарини кўриб чиқсак, энг сара спектакллар намойиш қилинганига гувоҳ бўламиз. Бугун томошабинни қандай асарлар қизиқтираётгани аниқ. Демак, юртимиз театрлари жамоалари бугун репертуар масаласида жиддий бош қотиришлари ва мухлисларни зериктирмаслик йўлларини излашлари зарурга ўхшайди. Қолаверса, театрларнинг чипталари нархини ҳам яна бир бор ўйлаб кўриш керак.

Байрамнинг ўзига қайтадиган бўлсак, 26 март куни Ўзбек миллий академик драма театрига кираверишда эрталабдан янграган карнай-сурнай ва доира садолари театр соҳаси ижодкорларини, мутахассислар ва мухлисларни Халқаро театр кунининг тантанали қисмига чорлади. Тадбирни очган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова барча йиғилганларни касб байрами билан табриклади. “Илк баҳор кунларидан бошланган байрам шукуҳи Наврўз тантаналарига уланиб, театр ходимларининг халқаро байрами билан якунланмоқда, — деди вазир ўринбосари. — Бир ҳафта давомида мухлислар анъана ва замонавийликни ўзида уйғунлаштирган томошалардан баҳраманд бўлишмоқда. Томоша залларининг тўлалиги ўзбек театри мухлислари ўз севимли даргоҳларига содиқ эканидан далолат беради”.

Соҳа ходимларини тақдирлаш маросими ҳам ўзгача руҳда ўтди. Саҳнага таклиф этилганларнинг аксарияти ўз ишига садоқат билан хизмат қилиб келаётган фидо­йилар — декорация, чироқ усталари, саҳна ишчилари, бутафорлар, либос яратувчилар экани барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Зеро, ҳар қандай асарнинг саҳна юзини кўришида саҳна орти ишчиларининг хизмати катта экани ҳеч кимга сир эмас. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган меҳмонларнинг қутлови олқишлар билан кутиб олинди. Пойтахтимиз театрлари томонидан намойиш этилган томошалар дастури, таниқли эстрада хонандалари ижросидаги қўшиқлар тадбирга файз бағишлади.

Шу куни кечқурун Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқий театрида ўтган Ўзбекистон халқ артисти Шаҳодат Раҳимованинг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси Халқаро театр куни тадбирларининг узвий қисми бўлди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев очди.

— Халқаро театр куни арафасида ўтган устозларни эслаш хайр­ли иш, — деди вазир ўз сўзида. — Ўзбек халқининг бебаҳо удуми бу. Шаҳодат Раҳимова шахси билан боғлиқ воқеа­лар театримиз тарихида ноёб ҳодиса. Ҳамма ҳам 13 ёшида саҳнага чиқиб, йигирма ёшида “Ўзбекистон халқ артисти” унвонига сазовор бўлавермайди. Шу билан бирга, Шаҳодатхоним биринчи ўзбек вокал артисти сифатида ҳам санъатимиз тарихида ном қолдирди… Маълумки, сўнгги икки йил ичида маданият ва санъатга эътибор ниҳоятда кучайди. Куни кеча ҳукуматимиз томонидан “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги қарор тасдиқлангани фикримиз далилидир. Театр байрамимиз Бахшилар фестивалига уланиб кетади. Кетма-кет яна қатор танлов ва фестиваллар олдимизда турибди. Байрамларимиз бардавом бўлаверсин.

Театр актёрлари томонидан режиссёр Аҳад Пармонов бошчилигида тайёрланган улуғ акт­риса ҳаёти ва ижодидан ҳикоя қилувчи композицияни мухлислар, санъат аҳли ҳайрат ва ҳаяжон билан томоша қилди. Томоша сўнгида саҳнага кўтарилган санъаткорнинг фарзанди, Россия халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Стахан Раҳимов онасининг руҳини шод этиб, шундай хотира кечасини ўтказгани учун ҳукуматимизга, Маданият вазирлиги ҳамда театр жамоасига чуқур миннатдорлик изҳор қилди. Хонанда Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров билан биргаликда Ботир Зокиров ижро этган қўшиқларни куйлаганида залда ўтирганлар беихтиёр миллий эстрада санъатимизнинг бетакрор давр­ларини эсладилар, ижрога жўр бўлдилар. С.Раҳимов, шунингдек, онасининг 100 йиллиги муносабати билан Москвада тайёрланган “Онамга бағишлов” деб номланган мусиқий альбомни тақдим этди.

Г.УМАРОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг