Мухлисларга эҳтиром (2019 йил, 12 сон)

366

27-март — Халқаро театр куни

Баҳор азалдан эрка, энг яхши сифатлар, энг гўзал хислатлар қўшиб сийланадиган фасл. Фасллар келинчаги, табиатнинг уйғониш палласи, гуллар фасли, бахт ва қувончга йўғрилган олам каби сифатлашлар, одамлардаги қувонч ва яшариш кайфияти айни шу фасл билан боғлиқ. Баҳорий байрамларни айтмайсизми!

Биринчи март бетакрор ижод соҳибаси Зулфияхоним таваллуд топган кун, 8-март — Халқаро хотин-қизлар байрами, 21-март — юртимизга ризқу рўз, руҳий янгиланиш олиб келадиган Наврўзи олам, ва албатта, мамлакатимизда фаолият юритаётган барча театрлар ходимлари орзиқиб кутадиган 27-март — Халқаро театр куни. Бу йил Халқаро театр куни ҳар йилгидан ўзгача шукуҳда нишонланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Театрларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи

Муқаддас АҲМАДЖОНОВА бу ҳақда шундай деди:

— Аввало, барча юртдошларимизни кириб келган Наврўз айёми билан қутлайман. Театр ходимларига ва мухлисларга қўшалоқ байрам муборак бўлсин. Бу йилги Халқаро театр кунининг ўзгачалиги шундаки, соҳа ходимлари касб байрамларигача бир ҳафта давомида энг яхши спектакллари билан томошабинлар хизматида бўлишади. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан бошланган мазкур тадбир бундан буён мунтазамлик касб этади. Яъни ҳар йили 21-27-март кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри театрларида ҳафта давомида санъаткорлар мухлисларга кўтаринки кайфият улашадилар. Барча театрларда соҳа рассомларининг кўргазмалари, театр либослари ва саҳна безаклари на­мо­йишлари ташкил этилади, ижодий учрашувлар, кечалар ўтказилади. Кўргазмалар вазирлик ҳузурида ташкил этилган экспертлар гуруҳи томонидан баҳоланиб, “Энг яхши декорациялар”, “Энг яхши либослар” каби йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланади. Муҳими, театр ва томошабин ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ушбу ҳафталик давомида юртимиздаги барча театр жамоа­ларининг сара спек­такл­­лари бепул намойиш этилади.

Ўйлаймизки, тадбир доирасида ўтадиган Ўзбекистон академик рус драма театри актёрлари Л.Стоцкая, О.Васильева, В.Сидорованинг ижодий кечалари, Муқимий номидаги мусиқий театрда бўладиган Ўзбе­кис­тон халқ артисти Шаҳодат Раҳимованинг хотира кечаси, шунингдек, драматург Ш.Бошбеков, ёзувчи Э.Аъзам, рассом Алишер Мирзо ва таниқли санъаткорлар билан ижодий учрашувлар, “Драматургия ва талқин”, “Парда ортидаги сеҳрли олам”, “Бола тарбия­сида эртак спектаклларнинг ўрни” каби мавзулардаги давра суҳбатлари санъат ихлосмандларини бефарқ қолдирмайди.

Бир ҳафта давом этган турли томошалар барча театрларда Халқаро театр кунига бағишланган байрам тадбири билан якунланади. Барча театр мухлисларини театр ҳафталигига таклиф этамиз.

 

Г.УМАРОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг