Буюк уммондан баҳралар (2019 йил, 12 сон)

253

Турли жанрлардаги асарларда ҳазрат Алишер Навоий сиймоси ўзга хос бадиий талқин этиб келинади. Албатта, ўз асарларида Алишер Навоий сиймосини яратишга уриниш ижод аҳлининг деярли барчаси учун хосдир. Уларнинг асарлари орасида ихчам лирик лавҳалар ҳам, йирик эпик асарлар ҳам мавжуд. Муҳими, бу асарларнинг аксариятида Алишер Навоийнинг сермазмун ҳаёти ҳамда серқирра фаолияти бутун ранг-баранглиги билан намоён бўлган. Уларни ўзига хос навоийноманинг алоҳида-алоҳида саҳифалари сифатида тасаввур этиш мумкин.

Атоқли шоир Абдулла Орипов буюк бобокалонимиз образини яратишда замонамиз шоирларидан анча илгарилаб кетган. Жумладан, “Ўзбекистон” шеърида шоир мана бундай ёзади:

Беш асрким назмий саройни,
Титратади занжирбанд бир шер.
Темур тиғи етмаган жойни,
Қалам билан олди Алишер.
Дунё бўлди чаманим маним.
Ўзбекистон Ватаним маним.

Шоир шеърияти ҳикматга йўғрилгани, образли тасвирнинг ёрқинлиги, ҳаёт ҳақиқати бадиий ҳақиқатга юксалгани билан алоҳида ажралиб туради.

Хаёл каби кенг эрур олам,
Майда гапни кўтармагай шеър.
Керак бўлса менинг учун ҳам,
Жавоб берар бобом Алишер.

Бу каби сатрлар шоирнинг қиёфасини, поэтик оҳангларини белгилайди десак, хато қилмаймиз. Мана, Абдулла Орипов буюк салафи ҳақида нима деган: “Аёнки, буюк Навоий ижоди ва фаолияти улуғ бир уммондир. Унинг тубига етиш ёхуд бу баҳрни дафъатан баҳолаш неча-неча авлодларнинг ҳам умрига татигуликдир… Навоий ўз санъатини, ғазалиётини фақат санъат безаги учунгина эмас, балки аниқ муроду мақсадлар учун, эзгу ғоялари, ниятлари учун хизмат қилдирди. Унинг бетакрорлиги ҳам ана шунда…”.

Абдулла Орипов буюк салафининг санъатхонасидан қандай сабоқ олганини қуйидагича ифода этган: “…Мен Навоийдан масаланинг моҳиятига киришни, шеърни сеҳрли таёқчадай ўйнатишни ўргандим”.
Жаҳонки муқаддас нени кўрибди,
Барига онасан, эй қодир ҳаёт.
Беш юз йил наридан боқиб турибди,
Нурли бу юзларга нуроний бир зот.

“Нуроний бир зот” Абдулла Ориповнинг Навоийга нисбатан қўллаган кўплаб эпитетларидан биттаси. Албатта, мазкур парчадаги таянч тушунчалар ифодаси сифатида муқаддас, ҳаёт, беш юз йил каби сўзларни ҳам ажратиш жоиз бўлади. Айни мана шу сўзлар банд мазмунининг яхлит бир ҳолда, қуйма хулоса тарзида жаранглашига асос бўлган.

Дунёда бирор ном қолдирмоқ учун,
Юрт бузиш шарт эмас деган гап-ку рост.
Кимдир пеш қилганда найзанинг кучин,
Алишер қаламни кўрсатди, холос.

Абдулла Ориповнинг Навоий образига ижодий ёндашуви ўзига хос: унингча, шоир тимсоли миллий ифтихоримиз, ғурур ва шараф-шонимиздир, чунки “Унинг номи билан бирга битилган Дунё дафтарига ўзбек деган ном”. Абдулла Орипов учун Алишер Навоий буюкларнинг буюги, устозларнинг устози, унинг “ижоди ва фаолияти улуғ бир уммондир”. Шеър аҳлининг жаҳонгири беш асрдан ортиқ муддатки, назмий саройни титратиб, йигирма биринчи аср шоирларини ҳам ҳайратга солади: шоир Навоий ҳақида сўз юритиб, “Низомий болидан ҳалво пиширган”и-ю, “Фузулий битган девонни” бир лаҳза қўлидан қўймаганлигини таъкидлайди.

Абдулла Орипов ўз шеърларида Алишер Навоийни нафақат шоир, олим ёки мутафаккир сифатида, балки улуғ устоз сиймосида ҳам тасвирлайди. Унинг “Устозга таъзим” шеърида ўқитувчи – мураббий устоз мадҳ этилиб, “Алишербек лутф”и қиёс қилинади:

Буюк Алишербек лутф этган мисол,
Савод ўргатдингиз қанча ранж билан.
Қоплаб бўлармикин бу қарзни аҳвол,
Узиб бўлармикан юзта ганж билан.

Халқимизнинг нақлларидан бирида: “Сен одамларга бир йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, буғдой эк; ўн йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, ток экиб боғ қил; умр бўйи яхшилик қилмоқчи бўлсанг, устозлик қил”, дейилади. Шунинг учун қадимдан кишилар ўз зурриёдларини устоз қўлига топширар эканлар: “Эти сизники, суяги бизники”, деб унга ишонч билдиришган. Абдулла Ориповнинг “Алишер ва талаба” номли шеърида Алишер Навоий устозини юқори даражада эъзозловчи, ҳар қандай юқори мартабада бўлишидан қатъий назар устозни эъзозлаб, уни пир деб билувчи шогирд сифатида гавдаланади:

Сарой йўлга чиқди савлати билан,
Алишер аркони давлати билан.
Ҳирот фазосида янгради такбир,
Шаҳар айланмоқда вазири кабир.

У халқнинг аҳволидан хабар олган ҳолда “улуснинг дарди не? Аъмоли нечук”лиги билан танишади. Қурилаётган иншоотлар, халқнинг турмуш тарзи билан қизиқади. У буюк шоир бўлиши билан бирга шоҳ Ҳусайн Бойқаро ишонч билдирган ҳақпараст, элпарвар вазир ҳам эди. Унинг қўлида жуда катта ҳокимият ва ҳуқуқ бўлиб, унга жами фуқаро эҳтиром ила таъзим қилади, “шоҳона жонлар” теграсида парвона бўлишади. Ҳатто, дастори “ҳайбатли шайхлар” ҳам унга бош эгиб туради. “Сергак сарбозлару содиқ аъёнлар, косибу шоиру наққош”гача Мир Алишер истиқболига мунтазир.

Алишер барчага тараҳҳум билан,
Ҳурмат кўргазарди табассум билан.
Юзлаб талабалар мамнун, сарафроз,
Улуғ Навоийга чиқдилар пешвоз.

Шеърда тасвирланишича, ана шундай шукуҳли паллада “ҳали лабларидан учмай бирор сўз” ҳазрат атрофга кўз ташлайдилар. Сафлар орасидан бир талабага боқиб туриб меҳр ила тикилгач, ногаҳон отдан тушадилар. Бутун халқ ҳайрон бўлиб қолади.
Бориб талабани қучдилар ҳазрат,
Оломон руҳида янгради ҳайрат.
Сарбозлар, аъёнлар ҳайратда эди,
Такаббур боёнлар ҳайратда эди.

Тағин отга миниб вазир сўзсиз, бекалом сафарларини давом эттиради. Анча сукунатдан сўнг охири бир мулозимнинг сабри тугаб, вазири кабирдан бўлиб ўтган воқеа юзасидан савол сўрайди:

Кимга шу аснода бахт кулди экан,
Айтинг, ул талаба ким бўлди экан?
Ўйчан бир табассум қилдию жаноб,
Мулозимга секин айлади жавоб:
Эсимда ёш чоғим, кўп йиллар нари,
Менга сабоқ берган унинг падари.

Абдулла Орипов устозга ҳурмати юксак бўлган буюк Навоий образини ўқувчи кўз ўнгида яққол намоён эта олган. Бу ҳолат халойиқнинг ҳайратига сабаб бўлаётир. Чунки унинг эътиқодича, ота-она фарзандни дунёга келтирса, уни камолга етказадиган, етук инсон қиладиган устоздир.

Маълумки, Алишер Навоий асарларидаги асосий ғоя инсон камолотидир. Шоир жамият ҳаётини синчковлик билан таҳлил қилади, инсоният тарихига назар ташлайди. Шу кузатишлар асносида ниятнинг эзгулиги, комиллик сари интилиш инсонни юксалтиришига ишора қилади. Худди шу ҳолат Абдулла Орипов шеърияти учун ҳам хос.

Гулбаҳор АШУРОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг