Хеш (ҳикоя. 2019 йил, 12 сон)

208

– Ҳа-а, бу дунёда ўзгани эмас, ўзни енгмоқ қийин…

Хайрулла устози бўлмиш Тоғай полвондан бу гапни кўп бора эшитган эса-да, ҳалигача маъносини англаб етолмаган. Боз устига, устози кимнидир  назарда тутиб ёхуд шунчаки насиҳатомуз тарзда эмас, ҳар дафъа гуваладек муштини иягига тираб, овулга кунгай қирга ўрлаган энсиз йўлга гоҳ мунгли, гоҳ хаёлчан термулган кўйи, худди бахшилардек оҳангга солиб айтади бу гапни. Бундай пайтларда устози қалбини алам ва ўкинчга ўхшаш нимадир авайсиз кемираётганини сезган йигитча, бирор жумбоқнинг тагига етадигандек, йўлга кўз тикади. Бироқ устози ҳурмати ҳарчанд шуни истаса-да, унинг каби ғамга ботмайди, аксинча, бир-бирига уланиб кетган қирлар оралиғидаги чоққина овулда умргузаронлик қилувчи ва онаси айтмишли, қиздан бойиб, ўғилдан сиқилган ёлғиз тоғаси – Маматқул чўпон оиласини кўз олдига келтириб, соғинчдан беихтиёр энтикиб қўяди.

Агар бу ёғини суриштирадиган бўлсак, устози ҳам асли ўша ёқдан, яъни  тоғолди овулларнинг биридан. Бу томонга бир неча йил нарисида, эндигина  уйланган кезлари кўчиб келган. У вақтда етти-саккиз яшар болакай бўлган йигитча яқинда ўн бешдан ҳатлаб, тақдир тақозосига кўра, ўзларига девор-дармиён қўшни эрмиш Тоғай полвоннинг умидли ва суюкли шогирдига  айланган – устози қаватида курашли давраларда тенг-тўши билан беллашиб, дам ғолиблик нашъасини суриб, дам мағлублик азобини тортиб келади. Бу атрофда энг олди полвонлардан бири сифатида устозининг обрўйи жуда баланд, фақат баъзан бирор-бир яқинини кутаётган боладек, йўлга ғамнок термулиб қолиши ёмон. Эмасам, хешлари қора тортиб келишганидек, у ҳам вақти-вақти билан уларни йўқлаб туради. Аммо шунга қарамай, негадир бу одатини тарк этмайди. Йигитча унинг бу қилиғидан гоҳ ажабланиб, гоҳ нохушланса-да, сабабини сўрашга истиҳола қилади, сўраган тақдирида ҳам устози тушмагур осонликча тиш ёрадиган одамлардан эмас, ақлинг етмаган ишга бурун тиқма, деган йўсинда шундай бир қараш қиладики, айтар гапинг бўғзингда қолиб кетади. Бунга сари йигитчанинг қизиқиши баттар ортади. Бироқ бир кун келиб ўзи ҳам айнан шу аҳволга тушишини, яъни устози каби дам-бадам йўлга термулиб қолишига тўғри келишини хаёлининг кўчасига-да келтирмайди.

Мана, иккинчи ойдирки йигитча қирга тирмашган йўлга алам билан боқади: “Бас, ўлсам-да, ҳа-ҳа, ўлиб қолсам-да, бу йўлга қадам босмайман!”, дейди ичида. Аслида унинг хафалиги йўлдан эмас, ушбу йўл тўғри олиб борадиган тоғасининг оиласидан. Бунгача, табитан ўта жигарчилиги боис, онасининг баъзан жиддий монеликларига қарамай, яйловдан бери келмайдиган камсуқум, йигитча назарида, яккақўл тоғасининг рўзғоридаги айрим кам-кўстларни тўғриламоқ, янада аниқроғи, эркак киши бажариши лозим бўлган оғирроқ юмушларни адо этмоқ учун ойда, йўқ деганда, бир-икки қир ошарди. Болалигида тоғасиникига тез-тез эргаштириб борадиган онасининг эътирозига келсак, дердики: “Энди кап-катта йигит бўп қолдинг, тоғангникига ҳадеб бораверсанг, одамлар, отининг тезагини қуритмайдиган орсиз қўноқ экан, деб уят қилишади!” Йигитчанинг эса одамлар нима деб ўйлашлари билан заррача иши йўқ, имкон топилди дегунча тоғасининг оғирини енгил қилмоққа ошиқади. Аммо буни қарангки, бу ташрифларини, ёт-бегоналар бир четда қолиб, қўли ширин, тили бежороқ, нодон феъл­ли ўз қариндоши – Мисқал янгаси бутунлай бўлакча тушунаркан.

Ўша куни йигитча кўклам жаласи емирган оғилхона деворининг қуйи қисмини сомонсувоқ қилаётиб, тушдан сўнг жиндек ором олиш ўйида том соясидаги оғоч охурга елка тираган ерида кўзи илинганини сезмай қолган экан, шифти қорайган ёзги ошхона тарафдан эшитилган тарақ-туруқдан чўчиб уйғониб кетади. Ана шунда сопол лаганни синдирган  қизларидан бирини эпсизликда айблаб койинаётган Мисқал янгасининг, орада андак нафас ростлаб, тўнғич қизига зардали тарзда айтган гапи қулоғига чалинади: “Кечда қозонга этни мўлроқ солишни унутма! Минг қилсаям, етим етим-да, иш баҳона, ширин томоқ ейиш илинжида келади у!” Кутилмаган бу гапдан йигитча мисли тарашадай қотиб, узалган оёқларини йиғолмай қолади. Чунки ҳар келганида олдига тотли емаклар қўйиб, ол, катта-катта ол, дея доим қистаб турадиган янгасининг бу хатти-ҳаракатида қон-қариндошликнинг ўзига хос меҳр-оқибатини кўргандай бўларди-да.  Энди, аёнки, бу меҳр эмас, шунчаки сағирга шафқат экан! Ахир, у бировнинг шафқатига муҳтож сабий эмас, давра кўрган, эрта бир кун элга танилиши тайин бўлган полвон йигит-ку! Наҳотки, Мисқал янгаси буни билмаса?! Қариндошчиликни қандайдир таом билан ўлчаса?! Шу куни кетмон лойхандакда, андова челакда қолиб, йигитча ими-жимида жилиб қолган, азиз нарсасидан мосуво бўлгандай, абгор бир аҳволда уйига қайтган. Яхшиямки, омади чопиб, болалигидан устоз тарбиясини кўриб келаётган эмасми, бу ҳақда бировга чурқ этмаган, буни ўзига эп кўрмаган. Бор аламини ҳовли гирдаги қўлбола турник пойига қатор териб қўйилган турли вазн­даги тошлардан олган – бирини қўйиб, бирини кўтариб, жаҳд ва жаҳл билан роса машқ қилган, шу билан ҳовурини босган.

Бироқ дардини яширгани билан, аввалгидек қирга интилмай қўйганини онаси қолиб, Тоғай полвон сезган экан, тароватли ёз оқшомлардан бирида  уни ҳовлисидаги баланд супага чорлаб, гап орасида тўсатдан сўраб қолди:

– Бу-у… кейинги пайтда қир ошмай қўйдинг?

Йигитча одоб билан ҳозиргина уй бекаси дас­турхон четига қўйиб кетган чойнакни қўлига олиб, чойни қайтарар экан, юрагига боплаб тиғ санчган Мисқал янгасининг гапи тугул, тур­қини-да эслагиси келмай, шунчаки ўзим, деган бўлди. Лекин Тоғай полвон тишга қараб, ичдагини ўқийдиган одам эмасми, норозиланиб томоқ қирди. Йигитча унинг ўткир қарашини вужуди орқали ҳис этиб, нимасини гапирай, деган йўсинда кўз ости қараш қилди. Устози нигоҳини ўқдек қадаб, ичингда борини тўк, деган маънода бот томоқ қиргач, йигитчанинг ўпкаси тўлиб, овози титраб, лагандаги мевалар устида ғимирлаб юрган чумолига боққан кўйи, не гаплигини ошиқмай баён этди. Сўнгра устозининг қаҳрланиб, агар шундай деган бўлса, янганг ғирт аҳмоқ хотин экан, бундан кейин иззатингни билибгина юр, ҳалакининг итидай тоғангникига югуришни бас қил, дейишини кутди. Бу гапдан пишанг олишини туйиб, ўзини ғийбатга чоғлади. Лекин у кутган қутқули хитобдан дарак бўлавермагач, ажабсиниб, аста қаншарини кўтарди ва устозининг шом пардаси остида хира тортган қир яғринидаги йўлга хаёлчан тикилиб турганини кўрди.

– Демак, янгангдан қаттиқ хафасан? – деди Тоғай полвон бир дамдан сўнг у томон юз буриб.

Йигитча тасдиқ маъносида бош ирғади.

Устози унга синовчан тикилиб, деди:

– Энди боргинг йўқ, шундайми?

Йигитча алам билан, ҳа, деди-да, кейин жаҳл билан қўшиб қўйди:

– Ўлиб қолсам-да, бормайман, ортиқ номиниям тутмайман!

– Ҳа-а, теринг анча юпқа экан… – устози ўнг тиззасини сийпалай туриб, бир зум сукутга чўмди. Кейин ўзига ўзи гапирган оҳангда деди: – Нимаям дердим, рақибнинг энг зўрига йўлиқибсан…

Хайрулла, янгамни назарда тутаяпти, деган ўйда унга ҳайратомуз кўз ташлаб, аёл боши билан у киши қанақасига менга рақиб бўлиши мумкин, демоқчи бўлди. Улгурмади. Тоғай полвон гапни бошқа ёққа буриб, янаги ҳафтада қўшни овулда курашли тўй борлигини айтаркан, ўша куни у билан беллашиши тайин бўлган йигитчалардан бирининг номини тутиб, бу дафъа эплайсанми, дея сўради. Хайрулла у тилга олган йигитчани ўтган куни сой бўйидаги чимзорда илк бора оёғини осмондан келтириб ерга урган эмасми, ғурур ва ишонч билан, ҳа, дея бош ирғади. Бу гапдан сўнг устози қўлидаги бўш пиёлани у томон юмалатиб, ўйчанлик билан деди:

– Агар чинакамига жаҳд қилсанг, бундай рақибларни мағлуб этмоқнинг ҳеч бир мушкул жойи йўқ. Бироқ бу тириклик дунёсида шундай бир баттол рақиб борки, ана уни уддалаш жуда қийин. Бундай рақибга ҳар кимнинг ҳам чоғи етавермайди…

Тоғай полвон сал узалиб, наридаги қирмизи бахмал болишни биқинига  тортаркан, уддалаш жуда мушкул бўлган ўша кучли рақибни нохушланиб эслагандай, асабий бир тарзда ияк чангаллаб, тағин хаёлга толди. Шунда устозининг ҳолат ва ҳаракатларини зимдан кузатиб турган йигитчанинг кўз ўнгида қорачадан келган, мушаклари ҳаддан зиёд бўртган, ўта ҳайбатли бир кимса намоён бўлди. У девсифат бу кимсани хаёлан устозига бақамти қўйиб кўраркан, ҳов бирда унинг кимгадир, биз ҳам аразлаб кеп қолганларданмиз, деган гапи фавқулодда эсига тушиб, ўзича шу хулосага келди: “Устоз ўзи томондаги қандайдир бир зўрга бас келолмаганидан, номусга чидаёлмай, бу тарафга кўчиб келган экан-да! Ҳа-а… дам-бадам қир йўлига қараб қўйишига қараганда, ўша зўрга нисбатан ҳалиям алами кучлига ўхшайди…” Йигитча тасаввурида жонланган полвонни чинданам бор гумон қилиб, ҳамдард­лик билан деди:

– Нима, сиз уни енга олмаганмисиз, устоз?

– Кимни?

– Ҳалиги… ҳозир ўзингиз айтган зўр рақибни?

– Енганман…

– Ким эди у?.. – ҳаяжондан йигитча қалтираб кетди.

Ана шунда қошида ёнбошлаб ётган устозининг қалин лаблари орасидан йигитча асло кутмаган қуйидаги жумла сирғалиб чиқди.

– Ўзим…

– Ни-и-ма?!

Тоғай полвон янгасидан жиддий аразда бўлган ва айни дамда ҳайратдан бақа янглиғ қотиб қолган йигитчага зимдан разм соларкан, шу пайт қулоғи остида акасининг, сендай иним йўқ, мен учун ўлган, ўлиб бўлган у, деган ҳайқириғи баралла жаранглагандай бўлди. У оғир хўрсиниб, алам билан қуйи лабини маҳкам тишлади: агар ўшанда тўйдаги курашда ўзини бир қўлдаёқ мағлуб этган қўшни туманлик Сарвар полвонни атай кўкка кўтариб, ўзини тупроққа қориштирган ширакайф акасининг куракда турмайдиган гап ва қилиқларига бардош бермоққа ўзида куч топа олганида эди, яъни ичидаги бўй бермас рақибни енга билганида эди, оға-ини ўртасида қаттиқ жанжал қўпмаган, ўзи эса ғазаб отига миниб, бу томонга кўчиб келмаган бўларди. Тўғри, кейинчалик акасини кечириб, ундан кўп бора узр сўраган. Афсуски, аввалига укасининг муштидан тотиниб, сўнгра гўнг тўлдирилган қопда­йин айвонга улоқтирилган ака уни кечирмади ва ҳалигача шу ҳол, шу аҳвол – ранг-туси гезариб, ўзини етти ёт бегонадек тутади. Ўтган вақт давомида ўз қилмишидан минг бора азият чекиб, ич-этини еб келаётган Тоғай полвон эндиликда мудом бир нарсани – адоватни яқин хеш тутган нодон акасининг, Худо инсоф бериб, азиз қўноқ сифатида қир йўлида пайдо бўлишини илҳақ кутади. Дарвоқе, оқшом йигитчанинг дарду аразидан огоҳ бўлмаганида, Тоғай полвон мазкур воқеа хусусида икки дунёда ҳам оғиз очмаган, сўзи якунида эса ҳар қандай вазиятда ўзини тута билган одамгина, том маънода, ҳақиқий полвон саналишини алоҳида таъкидлаб, кечиримли бўл, демаган бўларди.

Эртаси якшанба куни тонгдан йигитча тоғасиникига отланди.

Онаси, йўл бўлсин дея, одатдаги гапини бошлади:

– Отининг тезаги қуримасдан…

– Отимнинг тезаги аллақачоноқ қуриб бўлган, энажон! – деди йигитча унинг гапини бўлиб. – Тезроқ бориб отимнинг тезагини янгилаб келмасам, бу ёғи жуда уят бўлиб кетди!..

Йигитча тоғасинининг ҳовлисига қадам қўйиши билан, ҳар доимгидек, боши билан ишга шўнғиди – лой қориб, оғилхона деворининг чала қолган қисмини сувашга тушди.

Тушга бориб ишини тугатди.

У эгнини алмаштириб, қайрағоч остидаги супага тузалган дастурхон четига бамайлихотир чўкаркан, қозон бошида куймаланаётган янгаси томон юзланиб, беғараз, ўктам ва шўхчан овозда деди:

– Янга, ҳо-ов янга, овқатни этлироқ қип сузинг! Биласиз, биз етимлар, иш баҳона, ширин томоқ илинжида келамиз!..

Мисқал янгаси кутилмаган бу шаъмадан лавлагидай қизариб кетди. Азбаройи уялганидан қўлидаги таом тўла лаганни ёнидаги қизига тут­қазиб, ўзи дастурхон бошига келмади, келолмади. Чунки супада ўзи билган етимча эмас, майда-чуйда гап-сўзларни назар-писанд қилмайдиган, жигарчил хеши, Тоғай полвон таъбири билан айтганда, дунё­даги энг баттол рақиб – ўзини енга олган йигитча, овул кайвониларидек чордана қуриб, оғзини тўлдириб, нон чайнаб ўтирар эди-да.

Нормурод НОРҚОБИЛОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг