“Маърифат карвонлари” йўлга чиқмоқда (2019 йил, 12 сон)

260

“Эртанги кунини ўйлаган, фарзандларини чин маънода комил инсонлар этиб тарбиялашни мақсад қилган ҳар қандай жамият, аввало, уларнинг қўлига китоб беради, уларни китобга ошно қилади”.

Куни кеча Президент Шавкат      Мирзиёев раҳбарлигида ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор  йиғилишида билдирилган бу фикр   юртимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишларнинг моҳиятини чуқурроқ англаб олишимизга ёрдам беради.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда Сирдарё вилоятида ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус амалда яхши натижалар бераётганини таъкидлаб, бу ташаббусларни мамлакатимиз бўйлаб кенг жорий этиш зарурлигини уқтирди.   

Чиндан ҳам, мазкур йўналишлар бўйича Сирдарё ва Наманган вилоятларида амалга оширилган эзгу ишлар халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Шаҳар ва туманларга бадиий китоблар, спорт-соғломлаштириш анжомлари, мусиқа чолғулари ортилган “Маърифат карвонлари”нинг кириб бориши катта байрамга айланиб кетганига гувоҳ бўлдим.   

– Бу китоблар биз учун қанчалик бебаҳо совға эканини сўз билан таърифлаб беролмайман, – деди янги бадиий адабиётларни қабул қилиб олган сирдарёлик кутубхона мудираси. – Ахир, неча йиллардан бери бир дона ҳам китоб олганимиз йўқ эди. Одамлар келиб, “бизга янги китоб беринг” дейишса, қандай жавоб беришни билмай мулзам бўлардик. Энди уларнинг олдида юзимиз ёруғ бўладиган бўлди.    

Шу куни вилоятнинг бир қатор шаҳар ва туманларида, чекка қишлоқларида адабиёт, санъат, маърифат байрамлари ташкил этилди. Янги қуриладиган спорт масканлари ва китоб дўконларининг пойдеворига ғишт қўйилди. Бу тадбирларда минглаб одамлар, ёшлар иштирок этишди. 

Орадан кўп ўтмай, Наманган вилоятига ҳам 25  минг дона китоб, 2  миллиард сўмлик 80 турдаги спорт жиҳозлари ва мусиқа асбоблари юкланган “Маърифат карвони” кириб борди. Наманган шаҳридаги файзли Адиблар хиёбонида шу муносабат билан ўтказилган тадбир унутилмас хотираларга бой бўлди. Одамларнинг хурсандчилигини кўриб, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус қанчалик ҳаётий аҳамиятга эга эканини дилдан ҳис қилдик. Шунинг учун ҳам бу янгилик қисқа вақт ичида халқимиз қалбидан чуқур жой олиб, умуммиллий ҳаракатга айланди.  

“Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман”, деган эди таниқли рус ёзувчиси Максим Горький. Дарҳақиқат, китоб инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган улуғ мураббийдир. Китоб асрлар давомида ўзининг бемисл зиёси билан инсониятнинг йўлини чароғон этиб келган. Одамзод тараққиётнинг ҳозирги юксак чўққисини ҳам айнан китоб туфайли забт этган. 

Бу ҳақда гап кетганда дунёда тиб илмининг султони дея эътироф этилган буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино ҳаётига оид ибратли бир мисол ёдга тушади. Ул зот ёшлик чоғида Бухоро ҳукмдорини оғир хасталикдан даволайди. Бундан мамнун бўлган ҳукмдор истеъдодли ҳакимнинг ҳар қандай истагини бажаришга тайёр эканини маълум қилади. Қизиғи, Ибн Сино ҳазратлари ундан олтин-жавоҳир, мол-мулк ёки амал тиламайди, балки амирнинг Бухородаги дунёга донғи кетган кутубхонасидан фойдаланишга изн сўрайди. Шу тариқа кутубхонадаги ноёб асарларни  синчиклаб ўрганади. Бу ҳол унинг кўплаб фанлар бўйича қомусий билимга эга улкан аллома сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этган.

Халқимиз ўтмишда ўзининг китобхонлиги билан машҳур бўлган. Одамлар орасида бедилхонлик, машрабхонлик сингари маърифий қадриятлар шаклланган. Улар ўша пайтларда нархи тиллолар билан ўлчанадиган китобларни сотиб олишдан оғринмаган. Китобни энг бебаҳо бойлик сифатида эъзозлаб, кўз қорачиғидай асраб-авайлаган. Биз ана шундай маърифатли инсонларнинг авлоди эканимизни унутишга ҳаққимиз йўқ.  

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда тараққиётда катта ютуқларга эришаётган мамлакатларнинг аҳолиси китобхонлик бобида ҳам пешқадам экан.  Мисол учун, Чин юрти аҳолиси дунё бўйича энг кўп китоб ўқийдиган халқ сифатида қайд қилинган. Иқтисодий юксалишнинг “Хитой мўъжизаси” сифатида эътироф этилган феноменнинг бир учи мана шу омилга бориб тақалиши ҳам сир эмас.

Китоб ўқиган миллатнинг тафаккури кенг, мақсади юксак бўлади. Бундай миллат улкан марраларга эришишнинг йўриғини яхши билади.

Президентимиз ҳам айнан китоб ўқиш орқали олдимизга қўйган улуғ мақсадларимизга эришишимиз мумкинлигини бот-бот таъкидламоқда. Шу мақсадда бугун жамиятимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Юртимизда қисқа вақт ичида шу масалага оид муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ёшлар ўртасида китобхонлик танловлари ўтказилиб, ғолибларга Президент соврини сифатида автомашиналар, қимматбаҳо совғалар тақдим этилмоқда. Китоб ўқиган фарзандларимиз бутун мамлакатга ибрат ва намуна қилиб кўрсатилмоқда.

Биз фарзандларимизни китоб билан дўстлаштиришга ёрдам берадиган ҳар қандай тадбирни амалга оширишга тайёрмиз, чунки мамлакатимизнинг келажаги маърифатли, билимли, қалби уйғоқ ёшларнинг қўлида, деди давлатимиз раҳбари шу кунги йиғилишда.  

Қолаверса юртбошимиз шу йил 8 март куни Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан йўллаган табригида муҳтарама аёлларимизни ҳам фарзандларига кўпроқ китоб ўқитишга даъват қилган эди: “Агар сиз фарзандингизга данғиллма уй қуриб берсангиз – вақти-соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз – уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз – уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан”.

Чуқур ҳаётий аҳамиятга эга бу фикр бугун барчамизнинг асосий шиоримиз, ҳаётий маслагимизга айланиши керак. 

Олиб борилаётган ишлар натижасида жамиятимизда китобга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгармоқда. Шу чоққача тирикчилик ташвиши билан андармон бўлиб, маърифатга, зиёга рағбати бир қадар сўниб қолган одамлар яна қўлига китоб ола бошлади, фарзандлари учун китоб харид қилишга одатланди. Анчадан бери кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиб келган кутубхона ва китоб дўконлари яна гавжумлашди. Автобус ва метрода, жамоат жойларида китоб мутолаа қилиб ўтирган одамлар кўпайди. Ҳозир кўпчилик турли байрам ва тантаналарда яқинларига қимматбаҳо буюмлар ўрнига китоб совға қилишни маъқул кўраётгани ҳам бор гап. Шаҳар ва қишлоқларимизда янги-янги китоб мажмуалари ва кутубхоналар пайдо бўла бошлади.

Албатта, бу жуда қувонарли ҳол. Лекин одамларда пайдо бўлаётган ана шу маънавий эҳтиёжни қондириш учун китоб фондимиз етарлими, деган ўринли савол туғилади.

Тан олиш керак, йиллар давомида бу масалага панжа орасидан қаралгани оқибатида қишлоқ ва маҳаллалардаги қанчадан-қанча кутубхоналар фаолияти бутунлай барҳам топди. Бир амаллаб “жон сақлаб келган” зиё масканларининг ҳам моддий-техник аҳволи ночор, анчадан буён китоб сотиб олиш учун уларга маблағ ажратилмаган. “Ахборот-ресурс” маркази дея жимжимадор ном билан аталган аксарият масканларда компьютер ускуналари ва интернет тармоғи деярли мавжуд эмас. 

Ўтган йили ҳудудлардаги таълим муассасалари, шаҳар ва туманларда жойлашган кутубхоналар, китоб дўконлари фаолиятини ўрганганимизда бу борадаги манзара яққолроқ намоён бўлди. Ўшанда чекка туманлардан биридаги кутубхонада таъмирлаш ишлари кетаётганига гувоҳ бўлдик. Кутубхона мудирасининг изоҳ беришича, улар яқин вақтгача тайинли бошпанага ҳам эга бўлмаган экан. Ҳатто икки йил давомида беш марта китобларини “орқалаб” жойдан-жойга кўчишга мажбур бўлишибди. Доим уларнинг биноси кимларгадир керак бўлиб қоларкан.

– Президентимиз китобхонликка эътибор қаратаётгани туфайли бизга ҳам муносабат ўзгарди, – деди мудира опа. – Ҳокимият мана шу бинони бизга ажратиб, таъмирлаб бераяпти. Лекин энг асосий муаммо шундаки, бизнинг китоб фондимиз жуда кам. Иложи бўлса, бизга китоб, кўпроқ китоб беринглар.

 Бундай муаммо деярли барча кутубхонага хос эканига гувоҳ бўлдик.

Мажлисда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига “Китоб карвони” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳар бирига 1 миллион нусхадан кам бўлмаган миқдорда китоб етказиб бериш вазифасини қўйилди. Ана шунда беихтиёр шаҳар ва туманлардаги ўз касбига борлиғини бағишлаган фидойи кутубхоначиларни эсладим. Улар бу хушхабардан қай даражада хурсанд бўлишини, эрта-бир кун ана шу китобларни қанчалик қувонч билан қабул қилиб олишини тасаввур қилдим. Президентимиз илгари сурган ғоянинг халқчиллиги, аҳамияти ҳам шунда.

Албатта, бир миллион китоб – бу катта рақам. Мазкур лойиҳани амалга ошириш орқали жойлардаги зиё масканларининг фондини сезиларли даражада бойитишга эришилади. Лекин катта саъй-ҳаракат ва маблағ эвазига етказиб берилган ана шу бебаҳо бойлик эртага жавонларда чанг босиб ётишига йўл қўймаслик учун одамларни кутубхоналарга янада кенгроқ жалб қилиш ҳақида ҳозирдан жиддий бош қотириш керак. Ахир, “ер – ишлаганники, китоб – ўқиганники” деган нақл бежиз айтилмаган.

Юртимизда китоб савдоси тизими ҳам аста-секин изга тушмоқда. Лекин бу тизимни янада такомиллаштириш, чекка ҳудудларга етказиб бериладиган китобларнинг таннархини арзонлаштириш чоралари ҳақида ўйлаб кўриш лозим. Шу мақсадда китоб маҳсулотларини транспорт воситаларида ташиш бўйича белгиланган тарифларни қайта кўриб чиқиб, бу борада муайян чегирмалар бериш лозим.   

Жойлардаги кутубхоналар ходимларнинг аксарияти ўз соҳаси бўйича олий маълумотга, етарли билим ва малакага эга эмаслиги ҳам бор гап. Шу боис уларнинг кўпчилиги кутубхона ишини юритишдан яхши хабардор эмас. Олий таълим муассасаларида шу соҳага йўналтирилган сиртқи бўлимлар ташкил этиб, уларни ўқитиш усулини йўлга қўйиш  яхши натижа бериши мумкин.

Бугун мамлакатимиздаги аксарият кутубхоналарнинг умумий китоб фонди ҳақида аниқ статистик маълумотлар мавжуд эмас. Борлари ҳам пала-партиш, бир-бирини инкор қилади. Биргина туманда қанча бадиий, илмий-оммабоп, соҳаларга оид махсус адабиёт борлигини ҳеч ким аниқ билмайди. Бундай чалкашликларга барҳам бериш учун биринчи навбатда зиё масканларининг китоб фондини аниқ ҳисоб-китоб қилиб, вазиятни ойдинлаштириб олиш керак.          

Мажлисда Президентимиз фарзандларимизга соғлом мафкурага эга, савияли китобларни тақдим этиш зарурлигига алоҳида урғу берди. Бу ҳам бугун кўпчиликни ташвишга солаётган жиддий муаммо ҳисобланади. Чунки юртимиздаги кутубхоналарнинг аксариятида ўқувчининг диди ва савиясини ўтмаслаштиришдан бошқасига ярамайдиган бадиий савияси паст китоблар ҳам сақланаётганидан кўз юмиб бўлмайди.  Маънавият соҳаси ходимлари, ёзувчи ва шоирларни жалб қилган ҳолда, бундай китобларнинг бадиий-ғоявий салмоғига холис баҳо бериш, уларни саралаш вақти келди.  

Ахборот-коммуникация воситалари юксак даражада ривожланган ҳозирги даврда информация ҳаммаёқда ўзининг ҳукмронлигини ўрнатиб улгурди. Бунинг фойдаси билан бирга, зарари ҳам етарли экани сир эмас. Қуруқ ахборотга ружу қўйиш оқибатида баъзи одамлар онгида фикрий танбаллик, ҳиссий бефарқлик иллатлари илдиз отмоқда. Зотан, қуруқ ахборот ҳеч қачон инсонга китоб саҳифаларига сингдирилган маънавий озуқани беролмайди. Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам жамиятда китобхонликни ривожлантириш масаласига барчамиз бирдек масъулият билан ёндошишимиз лозим.

Шу мақсадда оммавий ахборот воситаларида китоб тарғиботини янада кучайтириш зарур. Айниқса, мамлакатимиздаги телеканалларда янги нашрдан чиққан китобларни бепул реклама қилиш, ёшларни китоб ўқишга ундайдиган ижтимоий роликларни мунтазам бериб бориш амалда яхши натижа бериши мумкин.  

Мажлисда жойлардаги кутубхоналарни тўлиқ интернет алоқаси билан таъминлаш, ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналари асосида кўплаб аудиокитоблар яратиш ва зиё масканларига етказиб бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, китобхонлик тарғиботини самарали ташкил қилишда интернет тармоғининг имкониятларидан унумли фойдаланиш катта самара беради.    

 Президентимиз илгари сурган “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” акциясини ўтказиш орқали барча бўғиндаги раҳбарлар, зиёлилар томонидан ўзи таълим олган масканга ўн донадан китоб совға қилишини ташкил этиш ҳақидаги таклиф ҳам жуда ўринли бўлди. Бундай эзгу лойиҳага ижодкорлар, санъаткорлар, турли соҳалар вакиллари, умуман, кенг жамоатчилик бош қўшса, мактаб кутубхоналарини минглаб китоблар билан бойитиш мумкин.

Мамлакатимизда ўзининг шахсий кутубхонаси эшигини маҳалладошлари учун очиб қўйган, мактабга, болаларга китоб совға қилаётган маърифатпарвар инсонлар кўплаб топилади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаган, Наманган вилоятининг Норин туманида аҳоли учун кутубхона ташкил қилиб берган ташаббускор фермерлардан бошқалар ҳам ибрат олишса, халқимизнинг олқиши ва дуосига сазовор бўлиши, шубҳасиз. Умуман, китобхонлик, маънавият ва маърифат равнақига хизмат қиладиган ҳар қандай янгиликни олқишлаб, уни оммалаштиришга ҳаракат қилиш фойдадан холи бўлмайди.  

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та ташаббуснинг кўлами ва аҳамияти беқиёсдир. Ана шу ташаббусларни юртимиз бўйлаб тизимли равишда ҳаётга жорий этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш учун раҳбар ва зиёлилардан тортиб, барча юртдошларимиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Бугун бебаҳо маънавий хазина ортилган  маърифат карвонлари мамлакатимиз бўйлаб йўлга чиқмоқда. Бундай эзгулик карвонларининг қадами қутлуғ бўлсин!

Ғафур ШермуҲаммад,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг