Қирғизистон халқ шоири, моҳир таржимон  Марқабой Ааматов қирқдан зиёд китоблар муаллифи, Маҳмуд Кошғарий номидаги хал­қаро мукофот  соҳиби.

Адиб  ҳаётининг кўп  йиллари, Чингиз Айтматов Қирғизистон Ёзувчилар иттифоқининг раиси бўлиб ишлаган пайтларда, у билан ҳамнафасликда ўтди. У ижодий ташкилотнинг  бадиий адабиёт бўлимини бошқарди, кейинчалик  Ёзувчилар миллий иттифоқи раисининг муовини лавозимида  ишлаб,  устози  бошлаган  ишларни  давом эттирди.

Лавҳамиз қаҳрамони Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Хуршид Даврон, Турсунбой Адашбоев каби атоқли ўзбек  ёзувчи ва шоирлари билан   яқин дўстона алоқада бўлди.  М.  Ааматов Марказий Осиё халқлари Ассамблеяси  йиғилишларида фаол  иштирок этиб, унинг  мақсад ва режаларини  амалга оширишда  яқиндан ҳамкорлик қилди.

М.Ааматовнинг ташаббуси билан ёзувчи ва шоирларнинг “Дўстлик карвони” тузилиб, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғис­тонда кўплаб учрашувлар ўтказилган. Бу анжуманларда ўндан ортиқ мамлакатлардан келган адиб ва шоирлар иштирок этишган. Янги ҳаракат доирасида учта журнал ва иккита китоб нашр этилган. Таниқли шоир М. Ааматов ўзбек ва қирғиз халқларининг дўстлигини мустаҳкамлаш борасида кўп ишларни амалга оширган ҳақиқий байналмилал ижодкор ва жамоат арбоби ҳамдир. Айни пайтда  у Қирғизистондаги ўзбек ижодкорларига яқиндан  ёрдам бериб келмоқда.

Таржимонлик соҳасида ҳам Қирғизистонда М. Ааматовга тенг келадиганлар саноқлидир. Ўзининг чуқур билими, бой тажрибаси билан у  қозоқ, ўзбек, озарбойжон, рус, украин шоир ва драматургларининг асарларини қирғиз тилига таржима қилиб, 17 та китоб нашр эттирди. Унинг  шеърлари ҳам ўзбек ва  бошқа қардош  тилларга таржима қилинган. 

Ҳозирги кунда ҳам Марқабай Ааматов халқ­ларимиз ўртасидаги  дўстликни мустаҳкамлашга бағишланган  амалий тадбирларни ташкил этишда етакчилардан. Хусусан, у каминанинг Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш, ёзувчи, шоир, олим, санъаткорлар ҳамкорлигини жонлантириш ва бу борада тизимли  фаолият олиб бориш мақсадида икки давлат зиёлиларини бирлаштирувчи “Ўзбек-қирғиз зиёлиларининг бирдамлиги” маданий ҳаракатини тузиш ҳақидаги ташаббусимни қўллаб-қувватлади. Бир ой муқаддам Бишкек шаҳрида Қирғизистон миллий университетида уюштирилган ўзбекистонлик таниқли болалар шоири Турсунбой Адашбоевга бағишланган  хотира кечасида иштирок этиб, икки қардош халқ ўртасидаги маданий алоқаларни юксалтириш мавзусида  маъруза қилди.     

Камтарин инсон, таниқли  ижодкор, умрини инсонпарварлик ва дўстликни куйлашга бағишлаган Марқабай Ааматовни  “Қирғизистон халқ шоири” унвони билан қутлаб,ижодий ишларига улкан зафарлар тилаймиз.   

Бегижон АҲМЕДОВ,

Қирғизистон Ёзувчилар миллий иттифоқи Евроосиё ижодкорлари гильдияси  аъзоси

    Бишкек шаҳри

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг