Шоирни хотирлаб (2019 йил, 11 сон)

293

Инсонни қадрлаш, меҳр-мурувват кўрсатиш, ўтганларни ёд этиш одамийликнинг эзгу фазилатларидандир. Токи бу туйғулар бардавом экан, одамлар ҳаёти маънили кечади. Хотира эса, эзгу амаллар марҳамати… Бу каби теран фикрлар таниқли шоир Исмоил Тўхтамишев қаламига мансуб шеърларда кўп қайд этилган.

Қарши туманининг Араловул қишлоғида таваллуд топган Исмоил Тўхтамишев сўзга меҳри, ихлоси баланд, элнинг корига ўзини мададкор айлаган Қашқадарёнинг муносиб фарзанди эди. Мен у билан талабалик йилларида танишган эдим. Танишлигимиз самимий дўстликка айланганди. Кейинчалик у шоир сифатида танилди, жамоат арбоби бўлди, бироқ самимиятини йўқотмади.

Унинг “Чўл бойчечаги”, “Жоним муҳаббат”, “Онам тилаклари”, “Ўчмас хотиралар”, “Сийпантош”, икки жилдли “Сайланма” китоби, вилоятимиз санъаткорлари ҳақидаги мақолаларини жамлаган “Бу гулшан саҳнида” тўпламлари кўпчиликка манзур бўлди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими бошлиғи сифатида ёзувчи ва шоирларнинг таваллуд айёмларини ўтказишда бош-қош бўлди, жамоадошларининг ҳурматини жойига кўйди. Унинг ташаббуси билан ёш ижодкорлар баёзлари чоп этилди.

Исмоил Тўхтамишевнинг ёзувидаги бири-биридан сара, содда ва самимий шеърлари, бадиалари, ўйлайманки, дилларга ҳали узоқ йиллар завқ улашади. “Маънавият сарчашмаси”, “Насафнинг ҳадис мактаби”, “Абадият йўли”, “Тўй”, “Маданият иймондан бошланади”, “Ихлос”, “Виждон тарозуси”, “Топиб, дўст тутинаман” сингари бадиалари ҳамон маданият ва маънавият тарғиботига хизмат қилаётир.

Қуйида Исмоил Тўхтамишев қаламига мансуб шеър­ларни ўқиб, юқорида айтилган фикр­ларга ўзингиз ҳам иқрор бўласиз, деган умиддамиз.

Дамин ТЎРАЕВ,

филология фанлари доктори

Эртага кеч   бўлиши мумкин

 

Ўтмай қолса кўзинг нарига,

Қулаш мумкин жарлик қаърига,

Бу кунларнинг етгин қадрига,

Эртага кеч бўлиши мумкин.

 

Алмашади баҳорлар, қишлар,

Барҳам топар мушкул ташвишлар,

Улгур қилиб савобли ишлар,

Эртага кеч бўлиши мумкин.

 

Жой олмасин дилингдан қаҳр,

Ўз-ўзингдан қилма кўп фахр,

Бу ҳисобли дунёдир, ахир,

Эртага кеч бўлиши мумкин.

 

Ўртамасин рашк, ҳасад жонинг,

Судралмасин лаҳзаю онинг,

Яхшилик қил бўлса имконинг,

Эртага кеч бўлиши мумкин.

***

Нур таратар нақшин олма юз,

Забт айлагай икки шаҳло кўз.

Табиатнинг мўъжизаси сиз,

Қиндан чиқар кўрганда юрак,

Сизга фақат термулмоқ керак.

 

Ял-ял ёнар лола ёноқлар,

Гул баргидек нафис бармоқлар.

Учмоққа шай қошлар, қабоқлар,

Ўз комига тортади тилак,

Сизга фақат термулмоқ керак.

 

Майли, Сиз деб аламлар ютсам,

Йўлларга зор термулиб кутсам.

Ҳуснингизни куйлаблар ўтсам,

Мазмунларга тўлар келажак,

Сизга фақат термулмоқ керак.

Ҳад

Ҳолини билганни дейдилар “Ҳормас”,

Ҳадди сиғмай ишнинг олдига бормас.

Меъёр бузилмаса ҳаётда, зинҳор,

Ҳар қандай дардга ҳам топилгуси кор.

 

Тоғу тош мангуга ичилган қасам,

Чек бордир ҳаттоки виқорликда ҳам.

Мозийлар сасига қулоқ тутгум жим:

— Устун бўлмагандир дунёга ҳеч ким.

 

Ҳақиқат кўзига боқа ол тикка,

Ҳирс қўйма ҳеч қачон шонга, бойликка.

Ерга тенг қилади қадрингни шу зум,

Ҳаддидан ортиқча бўлсанг камсуқум.

 

Камтарлик, хоксорлик толедан тортиқ,

Мақтов ҳам панд берар ҳаддидан ортиқ.

Манманлик, киборлик ҳаддан ошмасин,

ўазаб чегарадан минбаъд тошмасин.

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг