Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, улар келгуси авлодга ўзидан из қолдириш ниятида тўрғайдан аввал уйғониб, чаманлар яратиш ишқида ёнадилар. Улар учун ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат.
Ўзбекистон халқ рассоми Зокир Иноғомов ана шундай ижодкорлар сирасидан эди.
Орадан йиллар ўтиб устоз ижодига назар ташлаш ёш умидли рассомлар учун ҳам фойдадан ҳоли эмас.
Инсон ва ижодкор сифатида ниҳоятда камтарин ҳаёт кечирган Зокир Иноғомов 1919 йили Тошкент шаҳри яқинидаги Қорасув қишлоғида дунёга келган. Отаси моҳир қурувчи, онаси қўлигул каштачи бўлган. Мактабда ўқиб юрган вақтларидан расм чизишга қизиқар, кўрган нарсасини дарров қоғозга туширишга ҳаракат қиларди. Навбатдаги расм дарсини тоқатсизлик билан кутарди. Ўқувчининг қизиқиши устозлари диққатини тортмай қолмади. Ўша вақтларда мактабдаги расм чизиш тўгарагига биринчи ўзбек рассомларидан Акром Тошкентбоев раҳбарлик қиларди. У ёш Зокир Иноғомовга расм чизиш сирларини ўргатгандан кейин, бадиий техникумга ўқишга киришни маслаҳат берди ва бу таклиф ёш рассомнинг келажак йўлини белгилади. Дастлаб ўқитувчиси, моҳир рассом Б.Ҳамдамийдан сабоқ олди. Устози талабалар билан суҳбат ўтказар, очиқ ҳавода қисқа муддатли расмлар чиздирарди. Афсуски, ёш рассом назарий билимларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлай олмади. 1939 йили ҳарбий хизматга чақирилди. Хизматни тугатиб юртига қайтай деб турганида, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолди. З.Иноғомов урушнинг сўнгги кунига қадар Узоқ Шарқда хизмат қилди. 1945 йили “Япония устидан қозонилган ғалаба учун” медали билан тақдирланди. Ватанга қайтгач яна соҳага оид ўқиш-ўрганишга бел боғлади. Одамларнинг портретларини, этюд ва манзараларни чизиб юрди. Узоқ давом этган уруш ўз таъсирини ўтказган эди. Унга тажрибали устознинг йўл-йўриғи зарур бўлди. Бу борада рассом Н.Караханнинг маслаҳатлари унга асқотди. 1950-йилларда ўзбекистонлик рассомлар Москва ва Ленинград шаҳарларига ижодий сафарга юбориб туриларди. З.Иноғомов Россияда таниқли рус рассоми А.Пластов билан учрашди ва санъат ҳақида дилдан суҳбатлашди. Бу учрашув унинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этди. Ёш рассом ўша йиллари Б.Иогансон, С.Герасимов, И.Чуйков, Ф.Решетников каби рассомларнинг устахоналарида, Санкт-Петербургдаги рассомлар устахонасида ва И.Репиннинг уй-музейида бўлиб, Рус музейи, Эрмитаж залларини, Москвадаги Третьяков галереяси-ю Пушкин музейини ҳафталаб томоша қилди. Бой таассуротлар билан қайтган рассом Н.Кашина билан бирга улкан полотно устида иш бошлади. Шу тариқа “Ҳосил” полотноси ишланиб, оммага тақдим этилди. 1954 йили “Ошпаз”, “Боғда” каби картиналарини яратди.
Зокир Иноғомов ҳаётдаги қизиқ воқеаларни топиб, уларни ранглар ёрдамида ёритишга ҳаракат қилди. Шулардан “Керосинчи” асари ўтган кунларимиздан қолган ҳаётий ёдгорлик, десак муболаға бўлмайди. “Новвой” картинаси ҳузурбахш ҳаётнинг бир мўъжизасидек таассурот қолдиради. Зокир Иноғомов асарлари қалбга яқинлиги ва ҳаётийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Ўзбекистон давлат Санъат музейидаги “Чойга”, шу картина ёнидаги “Чойхоначи” картиналари музей залини безаб турибди. “Чойга” асарида чойга чақираётган ўзбек аёли қиёфаси том маънода миллий кўриниш касб этган. Айниқса, манзарали ҳолат эсда қоларли ишланган. “Чойхоначи” асарида эса боғдаги дам олиш жойи тасвирланган. Дарахтга осилган карнайдан ўзбек миллий қўшиғи янграб, кўнгилларга ором бағишламоқда. Катта самовар қайнаган, чойхоначи елкасида сочиқ, қанд-қурсларни солиш учун патнисларни артиб тайёргарлик кўрмоқда. Эгнида оқ яктак, белида маҳкам боғланган қийиқ, қийиғига чуст пичоғи осилган. Чойхоначининг очиқ табассуми, мулойим кулиб турган юзи, бошида миллий дўппи кўнгли ҳам чеҳрасидек очиқлигини яққол кўрсатиб турибди. Ҳар икки асарда ҳам қишлоқ ҳаёти моҳирона тасвирланган. 1959 йилнинг декабрь ойида Зокир Иноғомовнинг шахсий кўргазмасига ташриф буюрган давлат раҳбари Шароф Рашидов унинг асарларини кўриб “Мана, халқнинг ҳаётини моҳирона тасаввур этолган рассом”, деб катта баҳо берган эди. Кўргазма рассом учун ўзига хос бир мактаб бўлди.
Бир куни Қорасув соҳилига дам олиш учун келган индонезиялик талаба рассом эътиборини тортди. У билан танишди, устахонасига таклиф қилди, унинг портретини ишлаш нияти борлигини айтди. Шу тариқа “Индонез Исмет портрети” яратилди. Портрет очиқ ҳавода чизилган ўзига хос ажойиб асарлардан бири бўлиб қолди. Рассом, шунингдек, оддий меҳнаткашлар, ўзбек адабиёти, санъати равнақига улкан ҳисса қўшган давлат арбоблари образларини ҳам яратди. “Халқпарвар”, “Анорчи бобо”, “Зуҳра Комилова портрети”, “Кабобпаз”, “Ўғлим портрети”, “Тоғ ёнбағрида” каби юзлаб миллий колорит уфуриб турган асарлари бунга мисол бўла олади.
Мустақиллик рассом ижодига барака ато этди. Унинг асарлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, 1996 йили “Ўзбекистон халқ рассоми” унвонига сазовор бўлди. Атоқли рассомнинг беқиёс асарлари ҳамон санъат ихлосмандларига завқ бағишлаб келмоқда. Шу йил таваллудига 100 йил тўлган З.Иноғомов асарлари нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон музейларини ҳам безаб турибди. Ҳозирги ва келажак авлод учун мактаб вазифасини ўтаётган рассом картиналари халқимизнинг маданий мероси сифатида эъзозда.
Иқбол ИЛҲОМОВ,
Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси аъзоси