Телеграм роман (2019 йил, 11 сон)

705

Ушбу номдаги романнинг қаҳрамони кўрган-кечирганларини ўз дил розининг аввалидаёқ “телеграм орқали хат ёзиб” баён этишини сабабини шундай изоҳлайди: “Бир ҳисобда шуниси яхши: ёзаётган одам мақбул сўз қидиради, фикрини чиройлироқ ифодалашга уринади, кечмишини таҳлил қилади, қолаверса, суҳбатда айта олмайдиганларини хатда бемалол ифодалаш имкони яралади — бу жуда соз!” Изоҳда айтилган: мақбул сўз, фикрнинг чиройли ифодаси ва кечмиш таҳлили — мазкур асар поэтик хусусиятларини ўзида акс эттирган.

Асарда “бозор иқтисоди”, “глобаллашув” каби атамалар тавсифланган давр — ҳаётда, одамлар тақдирида кечаётган туб бурилишлар, эврилишлар замони ҳақида ҳикоя қилинади.

Ҳаётимиз неча маротаба турланди. Турмуш пучмоқларида аёлларнинг руҳиятида-ботинида нималар рўй берди? Таниқли шоир Иқбол Мирзонинг “Бону” романи (“Шарқ” НМАК, 2018) ана шулар ҳақида сўйлайди. Бу асардаги воқеалар баайни ҳақиқат, уни ўқишли қилган жиҳат – ҳаққонийлигида. Турмуш заҳматлари, тирикчилик ташвишлари кўчага – четга чиқишга мажбур қилган  сулув бир қизнинг “оқдард”га йўлиқиб, еттинчи осмондаги парипайкардан бир зумда ерга тушиши, эътибордан қолиши, нафратга учраши, дардига дармон излаб торт­ган азоблари, алалоқибат тирикчиликнинг тошдан қаттиқ ташвишлари ортидан минглаб чақирим узоқларда, бегона юртларда саргардон юришлари – буларнинг бари зийрак китобхонни бефарқ қолдирмайди. “Сочим олингандан кейин икки кўзим ости ҳам оппоқ доғ бўлди…Ўн икки кун ётиб “кафолатланган муолажа” олдим. Яна бошимни қиришди, ҳар кун вакуумга солиб, нур билан аввал уч, ке­йин беш, ва ниҳоят ўн дақиқагача нур билан куйдиришди…” 

Бонунинг чекка – овлоқ жойларда, инсон қадри ерга уриладиган турли мардикорлик ишлари билан боғлиқ воқеалар баёни бирида ачинарли, бирида ҳайратомуз таассурот қолдиради. Бу кечмишлар аро ўқувчи бир ҳақиқатни теранроқ англайди гўё: “Мусофирлик бу – ўз ихтиёринг билан келиб, ўзгалар ихтиёри билан яшайсан дегани”.

Асар равон ўқилади. Унда воқеликка мос мақолларни учратасиз: “Мусофирнинг нафақат думи, тилиям қисиқ”, “Кўпчиликнинг қозони барака пиширади”. Шунингдек, асар мазмунини очиб юборадиган кўплаб чиройли ибораларни ўқийсиз: “Бозор шайтоннинг айвони, ҳам­ма фириб шу ер­да”, “Келин кўйлакнинг нархи бойвуччани капалакдек қитиқласа, мендақаларни чаёндек чақиши тайин эди”. Асар қаҳрамонининг салкам уч юз саҳифадан зиёд ҳаяжонли кечмишлари баёнидан сўнг саргузаштлари ҳам чиройли бир ибора билан якун топган:  “Худодан амр бўлса, мўъжиза муддати киприк қоққандай гап”.

Одатда монолог бадиий асар очқичларидан бири вазифасини ўтайди ёки бирон қаҳрамон феъли-сажиясини  ёрқинроқ очишга хизмат қилади. Ноҳақлик, адолатсизлик, хиёнат каби иллатлардан безиб, ибодатда умргузаронлик қилаётган Ҳувайдо бобонинг дил сўзлари китобхон шуурида муҳрланиб қолади, уни мушоҳадага ундайди: “Уйландиму, рўзғор топмадим, фарзанд кўрдим, ота бўлмадим, кўзим кўрди, қўлим тутмади, саксондан ошдиму яшаганим йўқ” деганлари мен бўлсам керак. Лекин нав­мид эмасман. Аллоҳнинг висолидан умидим бор, кўп қатори қудуқ ёнида сочилган ризқдан баҳрамандман, бировдан тамам йўқ, талашадиган нарсам йўқ, беғаразман, тўрт мучам соғ, дилимда қаноат ва сабр ҳоким… ҳа болам-а, бу оламда минг йил Фиръавндек давр суриб яшасанг ҳам қаноатинг бўлмаса, бад­бахт­лигингча қулоғингни ушлаб кетаверасан”.

Ҳаётнинг мезони – ҳақиқат. Ўзининг минг бир азобда топган маблағини эзгу – хайрли, савобли ишга – ноҳақ қамалган валинеъмат кишини озод қилишга уринган Бону аччиқ ҳаёт манзарасига дуч келадики, бу нарса зукко ўқигувчига-да таниш: “У жуда катта одам… (5000 $), ўғилчасининг  туғилган кунини Ҳавайи оролларида ўтказади. Сиз билан менга чегирма қилиб бераяпти. Бошқасига борсангиз йигирмадан камига кетини кўтармайди…”.

Бонунинг изтиробларини идрок этароқ, унга ачина борган сари бу муаммолар бўлмаслиги мумкинмиди, деган оғриқли саволлар хаёлда айланаверади. Жавоби мушкул ўринларда ривоятлар ёрдамга келади… Қадим замонда бир донишманднинг шогирди сув олиб қайтаётса, от чоптириб келаётган аскар унинг кўзасини бир қамчи уриб синдириб, ўзи соҳилда қў­ниб, отини суғора бошлабди. Шогирд бола аскарнинг важоҳатидан қўрқиб, ҳеч нима дея олмабди ва воқеани устозига айтиб берибди. Шунда устоз у нобакорга бир тош отиб келишни буюрибди, шогирд буни қилолмагач, бир аччиқ сўз айтиб келишни айтибди, уни ҳам қилолмагач, дилозорга бир ёмон кўз билан қара, дебди. Учинчи марта борганда қараса, суворийни илон чақиб ўлиб ётган эмиш. Устоз дебди: “Бир кўза сув учун битта инсоннинг ўлимига сабабчи бўлдинг. Ҳеч бўлмаганда уни сўкиб хуморинг босилганида унга нисбатан Аллоҳнинг ғазаби бироз пасайган бўларди. Худо аскарнинг гарданидаги ҳаққингни унинг жонига қўшиб олди”, деган экан.

Одатда, бадиий асар турли мақсадларда яратилади. Бири – хаёлот, фантазияни кенгайтиради, бошқаси узоқ мозийдан сўйлайди, яна бошқаси эртак каби қалбга ҳузур олиб киради. Яна шундайлари ҳам борки, дил малҳами бўлган – ҳақ йўлни, адолатни қадрлашга ўргатади, чин сўзни, ёлғон, шуб­­ҳа-ю гумон ва юзаки пардадан холи – асл воқеликни англатади. Иқбол Мирзонинг “Бону” романи ҳазрат Навоий айт­ган “Хирадманд чин сўздан ўзга демас, Вале бори чин ҳам дегулик эмас, Киши чинда сўз деса зебо дурур, Неча мухтасар бўлса, авло дурур” ҳикматига амал қилиб ёзилгандай. Бу асарда энг ёққани, кўнгилга ҳаяжон солгани бу – ҳаёт, реал воқеликнинг акс этгани. Асарнинг  манзур жиҳати шуки, у ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Бону – ким учундир сингилдай, яна кимгадир суюклисидай, ким учундир опадай яқин бўлиб қолади. Ёзувчи бир қарашда ҳаётий ҳақиқатни ва яна бир қарашда эса Арасту ҳакимнинг бадиият қонунияти – “катарсис”(изтироб воситасида кўнгилни поклаш)ни ёдга солади:

Танангда оғриқ ҳис этсанг,

             демакки сен тирик жонсан,

Ўзгалар оғриғин сезсанг,

      демак инсонсан, инсонсан!

Асар “катта-катта ҳажмдаги” телеграм-хабарлар шаклида тартибланган бўлса-да, бу янги усул  мавзуни тўла ёритишга халал бермаган. Одатда, дилга яқин асарнинг ўз ички мусиқаси – ритми, оҳанги  бўлади. Шу жиҳат китобхон зеҳниятида ўрнашиб, мутолаа завқини оширади.  Мазкур ҳазин кечмишлар  мутолааси давомида мумтоз шоиримиз Хўжаназар Ҳувайдонинг дилтортар ғазалиёти сеҳрини ҳам ҳис қилиб турасиз. Мазкур романда бадиий асар безаги-зийнати – бадиият хамиртуруши мисоли хизмат қилгувчи адабий унсурлардан: афсона-ривоятлар, монолог, мақол-маталлар, иборалардан юздан ошиқ санадим.

Адабиётшунос сифатида асарнинг нуқсон ва камчиликлари ҳақида сўз юритишим ҳам лозимдир балки. Лекин бу асар, фикри ожизимча, ҳаётдаги бир ижтимоий фожиани бутун кўлами билан яққол, жуда таъсирчан  ва бадиият талабларидан оғишмай очиб бера олгани мен учун муҳимроқ туюлди.

Ҳошимжон АҲМЕДОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг