Кундалик ҳаётимизни телефонсиз тасаввур қилиш қийин. Кўхна тарихни эмас, яқин ўтмишни бир эслайлик. Талабалик йилларимизда қишлоққа телефон қилиб, бир оғизгина гапни айтиб қўйиш учун қанчалар овора бўлар эдик. Марказий телефон станциясига бориб, буюртма бергач, оператор қизнинг таклифини соатлаб кутиб ўтирардик. Ниҳоят, навбат келгач, “Андижон, еттинчи кабинага!” деган чорлов бўларди. Кўпинча алоқа пайтида линияларда бир ишкал чиқиб, яхши гаплашолмасдик ҳам. Энди булар бари тарих бўлиб қолди. Ҳозирги ёшларга бу гаплар худди эртакдай туюлади.

Очиғи, телефонда гаплашишнинг ҳам ўзига яраша одоби, андишаси бор. Буни телефонга кўп иши тушадиганлар яхши билади.

Театрда саҳнада роль ижро этаётган артистларни ёки бор вужуди билан спектакл томоша қилаётган ёнидаги томошабинларни назар-писанд қилмай, бемалол телефонда шан­ғиллаб гаплашиб ўтирадиган сурбетлар ҳам бор. Ёки меҳмондорчиликда ҳамманинг ғашини келтириб, қўл телефонида бемалол лақиллашаверадиганлар-чи… Андишасизлик шу даражага етдики, шаҳар транспортларида кетаётиб қўл телефонида бор овози билан шанғиллаётган хотинларнинг барча сир–асрорини билиб оласиз.

Телефон, аввало, керакли ахборотни, зарур гапни етказиб қўйишга хизмат қиладиган муҳим восита эмасми? Айрим одамларнинг бу даражада ўзига эрк бериб юбориши ниманинг белгиси?!

Инсоннинг муомала маданияти телефондаги мулоқотларда ҳам яққол билинади. Мен бирон жойга телефон қилсам, албатта, аввало, “Ассалому алайкум!” дейман. Афсуски, кўпинча саломга алик олиш ўрнига “Ким бу?” деган дағдағани эшитаман. Шундай пайтда худди бошимдан бир  челак совуқ сув қуйилгандек бўлади. Асабим бузилса–да, ўзимни қўлга олиб, андак танбеҳ оҳангида: “Мен сизга салом бер­япман” дейман. Шунда ҳам у томон хижолат бўлмайди, яна “Ким бу?” дея асабни эговлайди. Мажбур бўлиб иккинчи марта салом бераётганимни эслатаман. Бу гал алик ўрнига яна савол берилади: “Ким  керак?”. Шунақа пайтда кўпинча тоқатим тугаб, энсам қотиб, гўшакни жойига қўйиб қўяман.

Бирон жойга телефон қилмоқчи бўлсангиз биринчи галда сизга нима керак? Албатта, ўша жойнинг телефон рақами-да! Нега ҳаммага аён бу оддий ҳақиқатни эслатяпман?

Бир журналист дўстим бор. Ниҳоятда назокатли, маданиятли одам. Шундай бўлса-да, битта камчилиги бор. Ана ўша дўстимга даврадош жўраларимиздан биронтасининг телефон рақами керак бўлиб қолса, ҳамиша менга мурожаат қилади. “Нега ўзинг билмайсан? Қачонгача мени безовта қиласан?” дея унга танбеҳ беролмайман, кўнгли нозик, хафа бўлиши мумкин.

Айтишларича, шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаровнинг хотираси ниҳоятда кучли экан. У ўзига зарур бўлган ҳамма телефон рақамларини ёдида сақлаб қоларкан. Афсуски, ҳамма Каспаровдай бўлолмайди. Чораси битта — керакли телефон рақамлари учун алоҳида дафтар тутиш лозим бўлади. Ҳозир кўпчилик қўл телефонига ёзиб қўяди, мен — эски замон одами қўлда дафтарга қайд этишни афзал кўраман.

Орамизда наинки телефон одобини, ҳатто оддий тартибни назар–писанд қилмайдиган одамлар ҳам борки, лоқайдликлари учун, аввало, ўзлари азият чекадилар, керакли телефон рақамини қидириб беҳуда вақт сарфлайдилар. Ўша рақамни сўраб таниш–билишларини ҳам безовта қиладилар. Бу ҳам камлик қилганидек, сўраган рақамини айта бошласангиз, “Шошмай туринг, қоғоз-қалам топволай”, дея узоқ муддат куттириб қўйишдан хижолат чекмайдилар. Ваҳоланки, хоҳ ишхонада, хоҳ уйда бўлсин, телефон ёнида қоғоз, қалам ҳамиша тахт туриши керак.

Одатда, хотира ҳар қанча заиф бўлса ҳам яқин ёру биродарлар (яқин дўстлар саноқли бўлади), тез–тез мурожаат қилинадиган идораларнинг телефон рақамлари ахийри бориб ёдда сақланиб қолади. Мабодо сақланиб қолмаса, албатта, ишончли жойга ёзиб қўйиш керак. Бошқа йўли йўқ.

Яна бир дўстим бор, уйига телефон қилсам, ўзидан олдин болакайлари югуриб келиб гўшакни (кўпинча гўшак нотўғри қўйилгани учун телефони ишламай қолади) олишади. Бутун суҳбат давомида қий-чув, шовқин-сурон эшитилиб туради. Қайта-қайта ерга тушавериб, қирқ жойидан ўраб-чирмаб ташланган телефон аппарати кўз олдимга келади. Дўстим гоҳо суҳбат давомида “Шошманг, бир минут…” дея болалари билан андармон бўлиб кетади, мен бу ёқда энсам қотиб, кутиб тураман. Гоҳо, ҳазиллашиб, “Нима қиляпсиз ўзи, болани эмизяпсизми?” деб қўяман.

Бундай нохуш манзара–ҳолат ҳам сизга таниш туюлмаяптими?..

Ёки булар шунчаки эътибор қилинмаса ҳам бўлаверадиган майда икир-чикирларми? Сиз нима дейсиз?..

Шодмон  Отабек,

Ўзбекистонда хизмат  кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг