Одил Ёқубовнинг барча асарлари китобхонлар томонидан нафақат алоҳида эътибор ва қизиқиш, балки соғинч билан кутиб олинган. Адибнинг деярли бутун ижоди ўз вақтида барча нашриётларимизда қайта-қайта чоп этилган. Шундай бўлса-да, ўзлари ҳаётлик чоғларида, мустақилликдан кейинги кўп китоблари бизда – “Шарқ”да чиққан. Аввало, бунда ўша кезлардаги бизнинг раҳбаримиз Ислом Шоғуломов билан ўзаро яқинлиги ҳам роль ўйнаган. Бу яқинлик шундан иборат эдики, қайта қуриш даврида Одил ака “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини бошқарган. Газета эса “Шарқ”да чоп этилар ва шу боис улар иш юзасидан доимий мулоқотда бўлишган. Қолаверса, газетанинг адади ўша кезларда 800 мингдан зиёд бўлиб, бу босмахона учун “яхши буюртма” ҳисобланарди.

Ким-ким, лекин Ислом ака бунақа буюртмачиларни маҳкам ушлар, табиийки, газетанинг биринчилардан бўлиб чоп этилишини таъминларди. Газета қанчалик фойда келтирмасин, раҳбаримиз китобга эътиборли эди. Ўзимизнинг яхши асарларимизни “оёғини ерга теккизмай” чоп этиш тарафдори бўлган. Хуллас, ўша кезларда муаллиф-ноширлик муносабатлари шаклланган эди.

Кейинроқ Одил аканинг тўрт жилдликларини тайёрладик. Орада яна уруш хотираларига бағишланган “Қайдасан, Морико” китоби чиқди. Айниқса, бу китоб оқсоқолни хурсанд қилди: чиройли босилган, муқовада хушрўй япон қизнинг миллий ки­йимдаги расми бор эди. Бир кун телефон қилиб қолдилар:

– Аҳрар (Одил ака мени шундай чақирарди — А.А.), бу “Марико”ни қотирибсан-ку. Марям кен­нойинг рашк қиляпти, – дея кулдилар. – Шунга, кеч­қурун уйга келсанг, бир бешбармоқ қилиб бермоқчи.

Менинг тараддудланиб қолганимни сездилар, шекилли, “Келавер, ўртоғинг Искандар ҳам шу ерда бўлади”, дедилар. Бундай бешбармоқхўрлик ­кейин ҳам давом этган.

Ўтган асрнинг охирларида “ХХ аср ўзбек романи” деб номланган катта туркум ташкил қилгандик. Нуфузли бадиий ҳайъат тузиб, энг сара романларимиздан 10-12 та китобни саралаб, уларни бир хил кўркам ва салобатли муқова остида нашр қилдик. Унга оқсоқол ижодидан “Кўҳна дунё” романи кирди. Қайта-қайта нашр қилдик, қайта-қайта севиб ўқилди. Бу асарни “Аср ошган асарлар” деб номланган туркумда лотин имлосида  чоп этиб боряпмиз.

Оқсоқол ўтгач, ҳамкорлигимиз тўхтаб қолди. Лекин бу орада Искандар хайрли бир иш қилди: уйларининг ертўласида сақланаётган адибнинг қўзлёзмаларидан тортиб, хатлар, турли ёзишмаларгача — барчасини саралаб чиқди. Яхши усталарга буюртма бериб, иккита сандиқ ясаттирди. Йилларига қараб, қўлёзмаларни шу сандиқларга жойлаб, ҳатто мундарижа қилиб ёзиб чиқди. Бир гал бешбармоқдан кейин, ўша ёққа мени ҳам олиб тушди. Қилинган ишларнинг кўламини кўриб, аҳамиятини тасаввур қилиб, Искандарни қутладим. Уларга шунчаки кўз ташлагандаёқ мислсиз бойлик, адабий хазина жамланганини ҳис қилдим. Жумладан, ушбу китобнинг ғояси ҳам ўшанда туғилганди. Режага кўра, уч китобдан иборат бўлишини чамалаган эдик. Мана, бир оз чўзилиб бўлса-да, унинг биринчиси  дунё юзини кўрди.

“Сўз” китобини ўқиган одам катта ёзувчи, романнавис, қиссанавис деб билган адибнинг том маънода публицист, мунаққид эканлигини ҳам билиб олади ва ҳайратга тушади. Китобда Жомийдан тортиб Пушкингача, Жамбулдан Чингиз Айтматовгача бўлган жаҳон адабиёти намояндалари ҳақида ҳаяжонли, теша тегмаган, холис, ҳаққоний фикрлар битилган. Элбек, Усмон Носир, Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Шайхзода, сафдошлари Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, бу ёғига Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов, Алишер Ибодинов, Назар Эшон­қуллар ҳақида турли муносабатлар билан ёзилган, лекин самимий, холис гаплар айтилган.

Китобда санъатимиз, маданиятимиз дарғалари ҳақида ҳам кўплар билмаган, ҳаяжонли ҳолатлар қаламга олинган. Лекин бу китобдаги “мих” мақолалар —адибнинг Мос­квада, собиқ иттифоқ халқ депутатлар съездидаги ­нутқларида ўзбек халқининг, аёлларининг аянч­ли аҳволи, шўро сиё­сати республикалар ҳаётини мустамлака даражасига солиб қўйгани рўй-рост, мардона очиб берилган. Депутатлар ўшанда у кишини минбардан қарсаклар билан кузатиб қолган бўлса, Ўзбекистонда юрт­дошлар кўз ёшлар билан эшитишган. Одил Ёқубов ўзи раҳбарлик қилган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ҳам ҳар бир сонда лоақал битта шундай — халқ дарди айтилган мақола бўлишини талаб қилганини яхши эслаймиз.

Китобда адибнинг сафдоши, маслакдоши, дўсти, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров билан ёзишмаларидан парчалар ҳам берилган. Кези келганда айтиш жоизки, бу икки атоқли ижодкорнинг ёзишмаларини, бир-бирларига ёзган хатларини алоҳида китоб қилиш режамиз ҳам бор.

Ушбу китобдаги кириш сўзида адабиётшунос Шуҳрат Ризаев ёзганидек, “Олий минбарларда туриб дадил сўз айтиш, ўз халқининг келажаги учун қайғуриш – чин маънода маънавий жасорат эди. Одил Ёқубов умрининг сўнгги йилларигача уйғоқ виждон билан яшади, юрагидаги қўр билан тинимсиз ижод қилди. Балки айни шу сифати ва фазилатлари туфайлидан у яратган асарлари, турли битиклари ва ирод этган нутқлари боис адиб жаҳон миқё­сига менгзагулик эътироф ва шараф топди”.

“Сўз” китобини ўқиб, улуғ адибимизни соғинганлар  уни кўргандай, уни эшитгандай, юзма-юз сўзлашгандай бўлади. Зеро, бу – Одил Ёқубовнинг “Сўз”и.

Аҳрор АҲМЕДОВ,

“Шарқ” нашриёти бош муҳаррири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг