Фалсафага бой томоша (2019 йил, 10 сон)

3

Сурхондарё вилоят мусиқали драма театрида атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар” қиссаси асосида саҳналаштирилган “Шунқор” спектакли адиб таваллудининг тўқсон йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Саҳналаштирувчи режиссёр, Ўзбе­кис­тон санъат арбоби Мансур Равшанов томонидан юксак дид ҳамда усталик билан қурилган мизансаҳналар воқеалар ҳаётийлигини таъминлашда қўл келган. Жуда сокин, эркин ва қувноқ тарзда бошланган сюжет аста-секинлик билан куча­йиб, томошабин диққат-эътиборини саҳнага михлаб қўяди. Чунки режиссёр рассом (У.Исмоилов) билан яқин ижодий ҳамкорликда ишлагани учун ҳам илк саҳналарда одатда бўрон олдидан ҳукм сурадиган ажиб бир сокинлик муҳити яратилган. Саҳнада шу муҳит усталик билан жонлантирилгани боис, томошабин яқинлашиб келаётган тўфону бўронни у ҳали бошланмай турибоқ ҳис этади ва беихтиёр воқеа иштирокчисига айланади.     

Спектакль ижодкорлари абадийлик рамзи бўлмиш осмон, қуёш, уммон дея аталмиш учлик бағрида  инсон умри кечишини файласуфона талқин этишга муваффақ бўлган. Ушбу саҳна  воқеалари тирикчилик илинжида денгизга чиққан инсонлар тақдири пис­та­пўчоқ мисоли чайқалиб турган оддийгина балиқчилар қайиғида кечади. Кутилмаганда бошланиб кетган табиат хуружлари эса томошабин кўз ўнгида инсон ҳаётининг омонат эканлигига ишора сифатида гавдаланади. Бошқача айтганда, инсон ва унинг тақдири табиат, айниқса, тўфон кўтарилиб турган уммон олдида заррадек гап. М.Равшанов ўзига хос ечимларни, урғу ва таъкидларни ўрнида ва меъёрида қўллаши натижасида ана шу ҳаётий ҳақиқат саҳнада бор бўйича ўз ифодасини топган.

Аслида инсон ҳаёти табиат билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кечади. Лекин одам боласи ҳаётида худди спектаклдаги овчи қайиғидагилар дуч келгани каби  ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Бундай кезларда тушкунликка туша бошлаган кўнгилларни кўкда чарақлаб турган қуёш ҳам ёрита олмайди. Ана шундай, муқаррар ҳалокатга олиб борувчи ҳолатга спектакль қаҳрамонлари ҳам дучор бўлишади. Режиссёр қаҳрамонларни, одатда шундай ночор вазиятга тушиб қолганда учрайдиган тушкун ҳолатда тасвирламайди. Аксинча, “денгиз билан тиллаша оладиган, унинг синоатларини яхши билган, тўфонлари-ю қаҳрига дош берадиган”  инсонлар сифатида тасвирлайди. Шунинг учун ҳам спектакль қаҳрамонлари кайфиятида тушкунлик сезилмайди. Бу эса режиссёр ва актёрларнинг маҳоратидан дарак берувчи талқин услубидир. М.Равшанов қайиқдагиларнинг бутун диққат-эътиборини Бола (Р. Обраҳматова) образи атрофида жамлай олган. Яқинлашиб келаётган ҳалокатни қалбан ҳис этган қайиқдагилар болани, яъни келажакни қутқаришга интиладилар. Бир томчи бўлса-да, тоза ичимлик сувини болага берадилар, аммо ўзлари ҳалок бўладилар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист­лар Йўлдош Мирқурбонов,  Бозор Рамазонов, тажрибали актёр Марат Шарипов бундай ҳолатларни маҳорат билан кўрсатиб берганлар. Айниқса, Й. Мирқурбонов ижросидаги Урхон бобо образи воқеа кечаётган манзил-макон ва давр руҳига шу қадар уйғунлашиб кетганки, беихтиёр денгиз қирғоғидаги олис овулда яшаётган донишманд қиёфали қариялардан бирини атай спектаклда роль ижро этиш учун таклиф этишдимикин, деган фикр ўтади хаёлингиздан.

Спектакль ютуғини таъминлашда режиссёр топилмалари орасида инсонга етказаётган озорларини табиатнинг ўзи бартараф этишга қодир эканлиги ғояси асар мазмунига усталик билан сингдирилгани яққол сезилиб турибди. Шу фалсафий ғоя тўғри танланганлигини денгиз қаърига чўкиши тайин бўлиб қолган танг ҳолатларда болага денгиз кучларининг мададга келиб, қайиқни рост­лаб қўйиши тўла оқлайди. Бу жараён тўфон тинмагунча давом этиб туриши урғуни янада кучайтиришга хизмат қилганини алоҳида таъкидлаш зарур. 

Ҳар қандай драматургик манба тўлақонли саҳна асарига айланишида айнан либос ва мусиқа муҳим аҳамият касб этади. “Шунқор”да воқеа жойига, мазмунига, илгари сурилаётган ғояга мос ранглар ва либослар, мусиқалар  танланган. Бу ўринда инсон руҳий қувватни аждодлардан олади, уларнинг хотирасини унутмасагина ўзлигини танийди, деган ижтимоий-фалсафий қараш мужассам бўлганини кўрамиз.

Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Масалан, қуёш мангу порлаб туради. Аммо унинг нурлари турли вазиятларда, ҳудудларда турлича бўлиши ҳам бор гап. Қайиқ ҳам, қайиқдагилар ҳам кутилмаган тўфон туфайли минг кўйга тушади. Демак, қуёш жойлашиши ҳам шунга яраша ўзгариб, кичрайиб ёки баланд-пастлашиб турса, мақсадга мувофиқ бўларди. Спектаклда эса қуёш бир нуқтада турибди. Агар қуёшнинг бундай ўзгармас ҳолатда туриши ҳаёт мангу эканлигига ишора сифатида саҳна асари мазмунига киритилган бўлса, унда бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўриш керак. Демоқчимизки, қуёш ҳозирча бу тушунчани аниқлаштиришга хизмат қилмаяпти. Чунки деярли ҳалокат ёқасига келиб қолган қайиқдагилар бирон жойда бўлсин, қуёш тафти ёки ҳароратини ҳис этгани сезилмайди. Шу маънода, қуёш оддий саҳна безаги ёки деталь вазифасини ўтаб турибди, холос.

Яна мулоҳаза шуки, қайиқни ҳаракатга келтирувчи саҳна ишчилари (балки актёрлардир) либослари ҳозиргидек яшил эмас, денгиз суви каби тўқ кўк рангда ва бичими бошқача бўлганда эди, у рамзий маъно касб этиб, режиссёр илгари сураётган ғояни янада ёрқинлаштирган бўларди. Чунки режиссёр қайиқни ҳаракатлантиришни шунчаки вазиятдан чиқиш учунгина қўлламаган. Агар шундай бўлса, сув париларининг ёки онанинг тўлқин­лар­аро пайдо бўлиши, сув парилари фалокатдан омон чиққан болакайга балиқ инъом этиши каби саҳналар аҳамиятсиз бўлиб қоларди. Шунинг учун ҳам қайиқни ҳаракатга келтирувчиларнинг либоси ишчи коржомасига ўхшаб қолмаслиги керак, деб ўйлаймиз.    

Бироқ бу каби майда камчиликларга қарамай, театр ижодий жамоаси репертуарини яна битта жиддий саҳна асари билан бойитганини алоҳида қайд этиш керак. “Шунқор” спектакли нафақат вилоятимиз, балки республикамиз театр санъати тарихида ҳам муҳим воқеа бўлиб қолади, деган умиддамиз.

 

 Исроил ШОМИРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here