Гулчеҳра ЖЎРАЕВА ижодидан… (2019 йил, 10 сон)

283

Гулшода

Яна баҳор келди бизни соғиниб,
Ойлар санаб кутдик, гулга сиғиниб.
Ҳар чечак ўзгача куйлайди баёт,
Яна гўзалликдан яшарди ҳаёт.

Ҳар гулнинг ўз чиройи, рухсори бор,
Ҳар гулнинг мушки анбар ифори бор.
Гулсиз макон латофатга бегона,
Гуллар асли аёлларга дугона.

Гул бор жойда кўнгилларнинг севинчи бор,
Гул бор жойда ошиқларнинг севгиси бор.
Гул бор жойда жаранглайди тўй ва байрам,
Гул бор жойда, албатта, бор Гулчеҳра ҳам.

Бизнинг кексалар
Қариси бор уйнинг
Париси бор дейдилар…
Қариси бор уйнинг
Бариси бор, дейдилар…

Тинч оила устуни,
Иссиқ бағир бутуни,
Файз, барака ҳар куни,
Бизнинг доно кексалар.

 

***

Қишки гуллар, омонмисиз эй, бормисиз,
Қиш-қировдан эсон ўтган гулзормисиз,
Чинни гулим, атиргулим, бойчечагим,
Хонатласдек товланасиз, мойчечагим.

Тўрт фасл ҳам сизлар учун баҳор фасли,
Сиз бор жойда севишганлар бўлур таслим…
Сиз меҳр ва муҳаббатнинг дил изҳори,
Гулга боқиб унутилар дил озори…

Исмингизни ўғирлаган қиз қолмади,
Бири Райҳон, бири Лола ё Нилуфар,
Чиройлари мафтун этиб Мажнун қадар,
Мақтайвериб йигитларда сўз қолмади.

 

Устоз

Ёшлар деганда устоз,
Қалбда юксалар ғурур.
Нечун бу қадар эъзоз,
Иззат учун ташаккур.

Ўзим ҳали шогирдман,
Бу ҳаёт мактабида.
Не дунёлар бор экан
Етиб бўлмас тагида…

Бир қувватим Бухоро,
Бир қудратим Тошкентим.
Илми донишлар аро,
Не синовлардан ўтдим.

Ҳам эшитдим, ҳам кўрдим,
Ҳам ўқидим, ҳам уқдим.
Идроким ожиз жойда,
Хатоларга йўлиқдим…

Ҳали билмаганим кўп,
Китоб сари яшасам.
Қани ёшлик қайтса хўб,
Янги ҳаёт бошласам.

Устоз номи – улуғ ном,
Заҳматкашга муносиб.
Шон-шарафли бу унвон,
Ҳар кимга қилсин насиб…

Гулчеҳра ЖЎРАЕВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг