Ижод — қалб амри (2019 йил, 9 сон)

2

Ўзбекистон халқ рассоми,

“Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Акмал НУР билан суҳбат

— Акмал ака, аввало, Сизни давлатимизнинг юксак мукофоти билан табриклаймиз. Ютуқларингиз бардавом бўлсин. Ҳар бир инсон умрининг маълум даврида босиб ўтган йўлига бир назар ташлаб қўяди. Сиз ҳозир айни ижодий етуклик палласидасиз. Шу лаҳзаларда кўнглингиздан нималар кечаяпти?

— Донолар ўгитига кўра, ҳар бир кунни ғанимат билган, ўзига ҳисоб бериб яшашни ҳаётининг бош мезонига айлантирган инсон ўтган умридан кўнгли тўқ, эришган ютуқлари кейинги одимлари учун куч-қувват бўлади. Умрни бежиз оқар дарёга қиёслашмайди. Ҳар бир инсон шу дарё каби маълум бурилишларга етганида ортига назар ташлаб, сарҳисоб қилиб, тўғри яшадимми, одамлар, мени тарбиялаб вояга етказган эл, қўлимдан тутиб бепоён тасаввурлар оламига етаклаган устозлар ишончини оқладимми, улар мендан розими, ҳаётда қандай из қолдирдим, деб ўзидан сўраши табиий ҳол. Ҳозирги кунимдан туриб, ҳаёт ва ижодимга бир қур назар ташласам, дастлаб хаёлимга тасвирий санъатга эътиқод боғлаб, 40 йилга яқин қўлимдан келганча  меҳнат  қилиб, бахтимни топдим, кам бўлмадим, мўйқаламимни виждоним амридан айро тутмадим, деган ўй-фикр келади.

Аввало, ижод ҳақида. Шу пайтгача ижод билан муттасил шуғулланиб, ҳар бир одам биринчи галда касбни тўғри танлаши кераклигига амин бўлдим. Ахир, соҳамда эришган ютуқларни сарҳисоб қилганда, беихтиёр қувонч, фахр туйғусини, ижод завқ-шавқи ва гаштини ҳис қилмаслик мумкинми?! Агар ўтган йилларда бадиий олам ва санъат соҳасида кечган катта-кичик воқеаларни эсга олсак, уларнинг ҳар бирида ўзига хос хусусиятлар жамулжам эканини кўрамиз. Бу ҳолат, аввало, ўзбек миллий санъатининг анъанавийликдан тортиб, авангард оқимлари ва услубларида  ривожланаётган барча турларида  ҳурфикрлилик, миллий мероснинг янгича фалсафий талқин этилиши, қотиб қолган эски қарашлардан узоқлашиш, бағрикенглик тамойилларига асосланганида кўзга ташланади.

Ижодкор ҳеч қачон ўз соҳасида фаолият юритишдан тўхтамайди. Лекин айнан бугун нафақат ўзим тенги, балки ёш рассомларимиз учун ҳам айни ижод қиладиган палла. Чунки юртимизда  рассомларнинг эркин ижод қилиши учун барча шарт-шароит яратилиб, ижодий ташкилотларнинг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланиб бораяпти. Шу сабаб мусаввирларимиз фаолиятида бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, гўзал табиат манзаралари, инсоннинг руҳий олами, ўзликни англашга интилишини тасвирий санъатнинг турли жанр ва услубларида, турфа бўёқларда ифодалаш кучайди. Қувонарлиси, сафимизга кўплаб ёш истеъдод эгалари кириб келяпти, турли йўналишларда фаолият кўрсатаётган ижодкорлар, хусусан, рассом ва ҳайкалтарошлар, халқ усталари янгича мазмун ва шакллар асосида ижодлари билан жаҳон санъат майдонида муносиб ўрин эгаллаяптилар. Хуллас, бугун фахрланишга арзийдиган ишларимиз оз эмас.

Ижод, аввало, қалб амри. Тасвирий санъат кишиси  инсон қалби ва руҳиятидаги нозик кечинмаларни илғашга, уларни ранглар воситасида акс эттиришга интилади. Ҳар бир инсоннинг ўй-фикрлари, кечинмалари, орзу-умидларини ифодалай олган, одамларни мушоҳада юритишга, ўзлигини англашга ундайдиган тасвирий санъат намуналаригина юксак поғоналарга чиқа олади.  Танланган  образ руҳий оламини бўёқ ва мўйқалам ёрдамида, муносиб ранглар мутаносиблигида акс эттириш ижодкордан фидойиликни талаб этади. Демак, ижод фидойилик ҳамдир. Зеро, рассом қаҳрамонининг қувонч-ташвишлари, дард-аламларини  ўзининг шахсий кечинмалари каби юракдан ҳис этсагина, чинакам санъат намунасини ярата олади.

Ўзимга келсак, болаликдан тасвирий санъатга чуқур меҳрим ва кўп йиллик  ижодий изланишларим, миллий рангтасвирга мислсиз муҳаббатим мени халқимизга рассом сифатида танитди, ижодим орқали хорижда ҳам мухлислар орттирдим.

— Юртимизнинг таниқли рассомларидан бирисиз. Айни пайтда бир неча йилдан буён Ўзбекистон Бадиий академияси раиси сифатида фаолият юритиб келасиз. Ижодкорлик ва раҳбарлик бир-бирига халақит қилмайдими?

— Халақит қилади, деёлмайман-ку, лекин икки залворли юмуш зиммамга катта масъулият юклайди. Агар Президентимиз таъкидлаётганидек, бугун одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшашлари керак, деган тушунча билан ишласак, бунинг учун барча куч, иродамизни сафарбар этсак, ҳаммаси изига тушиб кетаверади. Бадиий академия раҳбари сифатида анъаналаримизни асраб-авайлаш, миллий санъатимизни ривожлантириш, мустақил тараққиётимиз йўлида эришган ва эришаётган муваффақиятларимизни ёрқин ҳамда таъсирчан тарзда акс эттириш, янги асарлар яратиш борасида  салмоқли ишларни амалга ошириб келяпмиз, дея оламан. Санъат ихлосмандларини юртимиз ва хориждаги бадиий жараёнлар, янгиликлардан хабардор қилиш, ўзаро фикр ҳамда тажриба алмашиш, моҳир мусаввирларнинг маҳорат сабоқларидан ёшларни баҳраманд этишда муассасамиз фаолияти муҳим ўрин тутади. Қолаверса, бу маскан жаҳон тасвирий, амалий, миниатюра санъати ривожига беназир ҳисса қўшган бадиий мактабларимизнинг узвий давомчиси эканлиги ҳам бор гап. Бундан ташқари, замонавий бадиий таълим тизимини яратиш, илмий тадқиқот ишлари, ижодий кўргазма фаолиятини замонавий асосда йўлга қўйиш сингари вазифалар ҳам мазкур тузилма зиммасида турибди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу вазифаларни бажаришимизда дастуриламал бўлиб хизмат қиляпти. Ўз ижодим билан озми-кўпми бу жараёнга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман.

— Турмуш ўртоғингиз ҳам санъат фидойиси, шу билан бирга, кўзга кўринган жамоат арбобларидан бири. Икки ижодкор, икки жамоат арбобининг оиладаги ўрни ва вазифаси қандай? Умуман, вазир ўринбосари оилада ҳам ўринбосарми?

— Бу, аввало, тақдир тақозоси. Рафиқамнинг ютуқларидан қувонаман. Иккаламиз ўзаро бамаслаҳат, бир-биримизга кўмаклашиб, фикр алмашиб иш юритамиз. Оилавий ишларга келганда, фарзандларга меҳрибон, ғамхўр оддий ота-оналарга айланамиз. Оила борки, ўзига яраша ташвишлари, пасту баланди, қувончлари бўлади. Муҳими, қувончни ҳам, ташвишни ҳам баҳам кўриб, елкама-елка бўлиб яшашда. Оиламизда шу тамойилга қатъий амал қилинади.

— Ижодий режаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Асосий вазифамиз — ҳар бир йўналишда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш,  юртимизда ўтказилаётган кўргазмаларнинг  бадиий савиясини ошириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, миллий меросимиз ва қадриятларимизни келажак авлодга етказиш ишига муносиб ҳисса қўшиш. Эзгу ғояларга йўғрилган улкан бунёдкорлик, яратувчанлик  ишлари билан банд замонамиз қаҳрамонлари образини санъат асарларига муҳрлаш, улар фаолиятини тарғиб этиш ҳам асосий вазифалардан саналади. Бу борада рангтасвир ва фотоасарлар, ҳайкалтарошлик йўналишларида ўтказаётган ижодий танловларимиз муҳим аҳамият касб этяпти. Ушбу анъанани давом эттириш ниятидамиз.

Шу кунларда давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида жиддий ислоҳотлар амалга ошириляпти. Адашмасам, бу борада 40 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинган. Шу рақамнинг ўзиёқ бу соҳага эътибор қай даражада эканини англатади. Хўш, рассомларнинг бу жабҳада ўрни қандай бўлиши керак? Ишонч билан айта оламанки, ижодкорнинг битта мукаммал санъат асари юртни танитиши, минглаб сайёҳларни жалб қилиши мумкин. Қолаверса, сайёҳлик тизими ривож топса, санъат аҳлининг ҳам иши юришади. Айниқса, мўйқалам усталари ижоди равнақида бу омил бетакрор аҳамиятга эга. Асосийси, санъат асарлари тарғиботи ҳам ўз-ўзидан яхшиланади. Шундай экан, тасвирий ва амалий санъат соҳасида хориждаги етакчи санъат масканлари билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш, чет элларда таниқли рассомларимизнинг кўргазмаларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Президентимизнинг 2017 йилнинг 25 декабрь куни  маданият ва санъат соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда: “Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак, мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Халқимизнинг ривожланиш даражаси, аввало, миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият — бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Биз Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, буни, аввало, миллий маданиятимизни ривожлантиришдан бошлашимиз лозим”, деган фикрлари зиммамизга улкан вазифалар юклайди.

Ўзимнинг ижодий режамга келадиган бўлсак, шу йили шахсий кўргазмамни ташкил қилиш ва хал­қимизга, санъатсевар мухлисларга сўнгги давр­да яратилган янги ижодий ишларимни намойиш этишни режалаштириб қўйганман.

— Самимий суҳбат учун раҳмат.

Гулчеҳра УМАРОВА

тайёрлади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here