Навоийнинг мусаммани ўз ғазалига боғланганми? (2019 йил, 8 сон)

2

Алишер Навоий шеърияти жанрларга бойлиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Унинг туркий тилда яратган шеърлари 16 жанрда бўлиб, ушбу ижод намуналари том маънода шакл ва мазмун бирлигининг юксак намунаси ҳамдир. Мазкур лирик жанрлар орасида мусамматларнинг ўзига хос ўрни бор.

Мусаммат арабча сўз бўлиб, “ипга ўтказилган марварид” деган маънони билдиради ва яратилиш хусусиятига кўра 2 хил бўлади: табъи худ, яъни мустақил мусамматлар ва тасмит — ғазал асосида яратиладиган мусамматлар ёки тазмин мусамматлар.

Табъи худ мусамматда барча мисралар бир шоирнинг ўзи томонидан яратилади. Бунда ижодкор ўзга шоир шеърини асос қилиб олмайди, балки ўзи мустақил равишда мусаммат яратади. Тазмин мусамматда эса муаллиф ўзга шоир ёки баъзида (жуда кам ҳолларда) ўз ғазалини асос қилиб олиб, мавзуни давом эттиргани ҳолда, вазн, қофия ва радифни сақлаб қолиб, мусаммат яратади. Бунда асос қилиб олинган ғазалдаги ҳар байт­нинг юқори қисмига 3 ва ундан ортиқ мисралар қўшилади. Мақтаъ банд­да тасмит боғлаётган шоирнинг тахаллуси ҳам келтирилади. Одатда, ғазалга тасмит боғлаш мухаммас ва мусаддас доирасида амалга оширилади, агар ғазал бешлантирилса, у тахмис деб, агар олтиликка айлантирилса, тасдис деб аталади.

Алишер Навоий ижодида мусамматларнинг мухаммас, мусаддас ва мусамман турлари қўлланилган. Биз аввалги изланишларимизда “Хазойин ул-маоний” куллиётидаги мухаммас ва мусаддасларнинг яратилиш хусусиятларини ўрганиб чиқиб, шоирнинг барча мухаммаслари тазмин йўналишида (10 мухаммасдан учтаси Лутфийга, қолган еттитаси ўз ғазалларига боғланган) эканлиги ҳақида маълумот берган эдик. Куллиётдаги 5 мусаддасдан иккитаси Лутфийга, биттаси Ҳусайнийга, биттаси шоирнинг ўз ғазалига тасдис эканлиги ва биттаси Навоийнинг ўз табъидан яратилган мусаддас эканлиги ҳам айтиб ўтилганди. Лекин қизиғи шундаки, “Хазойин ул-маоний”даги битта мусамман (саккизлик) ҳам шу йўналишда, яъни тазмин мусамман бўлиб, шоирнинг ўз ғазалини саккизликка айлантириши, бошқача айтганда, тасмин қилиши асосида вужудга келган экан.

Мусамман куллиётнинг сўнгги девони — “Фавойид ул-кибар”га киритилган. Олимларимизнинг маълумот беришларича, шоирнинг кексалик даври лирикасига мансуб, 7 банд — жами 56 мисрадан иборат бўлиб, қуйидаги банд билан бошланади:

Ҳар тараф азм айлаб ул шўхи ситамгор, эй кўнгул,

Тиғи ҳажридин неча бўлғайбиз афгор, эй кўнгул,

 

Чун сафар айлаб эди бир қатла дилдор, эй кўнгул,

Дарди ҳажриға бўлуб эрдук гирифтор, эй кўнгул,

 

Буйлаким, таъриф этиб ғурбатни бисёр, эй кўнгул,

Шаҳру кишвардин малолат айлаб изҳор, эй кўнгул,

 

Англадинг ё йўқмуким, айлар сафар ёр, эй кўнгул,

Ваҳки, бўлдуқ яна ҳажри илгидин зор, эй кўнгул…

 Мусамман муайян маънода ҳасби ҳол мазмунига эга бўлиб, шоирга яқин бўлган инсон(ёр ёки дўст)нинг сафарга чиқиши муносабати билан ёзилган. Шу маънода унда кичик лирик сюжет бор. Матлаъ бандга эътибор қаратилса, бу ёрнинг биринчи сафари эмаслиги маълум бўлади: ёр аввал ҳам сафарга отланган ва лирик қаҳрамон(Навоий)ни ҳижрон аламига гирифтор қилган экан:

Чун сафар айлаб эди бир қатла дилдор, эй кўнгул,

Дарди ҳажриға бўлуб эрдук гирифтор, эй кўнгул…

Кейинги бандлардан ўрин олган мисраларда шоирнинг унга ҳамроҳ бўла олмаётганлиги сабаблари англашилади:

Ул худ айлар азм, мен ҳам хастадурмен, ҳам ғариб,

Гоҳ-гоҳи бўлғасен мендин хабардор, эй кўнгул…

…Гар десам ҳамраҳ борай, заъф ичра кўптур шиддатим,

Йўқ турарға тоқату муҳликтур онсиз меҳнатим,

Не борурға қувватим бор, не турарға тоқатим…

Лирик қаҳрамон хаста. Ёрнинг сафарга кетиш хабари уни янада заифлаштирган. Ёрига ҳамроҳ бўла олмаслигидан озор чекаётган ошиқ унга кўнглини “рафиқу ҳамқадам” қилиб жўнатади ва ёрнинг хизматларини бажаришни, унга маҳрами роз бўлишни, агар бунга имкон бўлмаса, итларига ҳамдам бўлишни ўтинади.

Шоир нашрлари асосида фикр юритадиган бўлсак, мусамман учун асос бўлган ғазал аввал шоирнинг биринчи расмий девони “Бадоеъ ул-бидоя”га, кейинчалик “Хазойин ул-маоний”нинг иккинчи девони “Наводир уш-шабоб”­га киритилган. Шу маънода ғазални шоирнинг ёшлик лирикаси маҳсули де­йиш мумкин. Агар ушбу ғазалнинг “Оққуюнли мухлислар девони”да ҳам мавжудлиги ҳисобга олинса, бу фикр янада конкретлашади. Демак, ушбу ғазал шоир ўттиз ёшга тўлгунга қадар яратилган ва ҳатто қўшни сулоладаги мухлислар орасида ҳам машҳур бўлган экан.

Анъанага мувофиқ, одатда, ғазалга тазмин боғланаётганда, унинг бандлари сони ғазал байтларига мос ҳолга келтирилади. Лекин баъзан шоирнинг хоҳишига кўра, ғазалдаги айрим байтларга тазмин боғланмаслиги, яъни улар қисқартирилиши мумкин. Айнан шу ҳолат юқоридаги тазминда ҳам кузатилади. Тазминга асос бўлган ғазал “Бадоеъ ул-бидоя” ва “Наводир уш-шабоб”да ҳажман 8 байтдан иборат. Аммо тасмин(саккизлик)га айлантирилганда, унинг бир байти қисқартирилиб, 7 банд ҳолига келтирилган. Мусамманда қуйидаги байт учрамайди:

Бўлса сенлик, васл йўқтур ҳар неча қилсанг талаб,

Бўлмаса, матлуб эрур ул дам талабгор, эй кўнгул.

Бунинг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, ушбу ғазал Навоийнинг тахаллус мақтаъдан аввалги байтда жойлашган ғазаллари сирасига киради. Шоир ғазал байт­ларига тазмин боғлар экан, тахаллус қўлланган байтни сўнгги банд сифатида олиб, ундан кейинги байтни ташлаб юборган ва шу билан мусамманни 7 банд доирасида якунлаган. Чунки, одатда, мусамматлар тахаллус қўлланган банд билан интиҳо топади.

Иккинчидан, ғазалда мақтаъдан кейинги байтда шоирнинг васлга талабгорлиги билан боғлиқ фикр келтирилган. ўазал мусамман ҳолига келтирилганда мазмунан тугаллик ҳосил бўлиб, ушбу талабга эҳтиёж қолмагандай туюлади. Зеро, шоир олтинчи бандда кўнгилга мурожаат этиб: агар сенга толеъ ёр бўлиб, ул ёр билан сўзлашиш имкониятига эга бўлсанг, суҳбат одобига риоя қил, телбалардек ун чекма, кўп узун сўз айтиб, уни хижолат қилма ва иложи борича Навоийнинг дардини элдан яширин тарзда изҳор қил, деб илтимос қилади ва мана шу ўтинч, илтимос оҳанги бевосита мусамман якунига етаётганлигини, шоир ўз эстетик муддаосига эришганини англатади ва энди унга яна бир банд қўшишга ҳожат қолмаганлигини кўрсатади.

ўазалга мусамман боғланганда, ундаги баъзи сўзлар ўзгартирилганлигига ҳам гувоҳ бўламиз. Хусусан, ғазалнинг бешинчи байтидаги иккинчи мисра “Итларига ҳамнишину соҳиб асрор, эй кўнгул” тарзида келади. “Оққуюнли мухлислар девони”да ҳам, “Бадоеъ ул-бидоя” ва “Наводир уш-шабоб”да ҳам айнан шу вариант сақланган. Лекин мусамман таркибида бу мисра “Итларига роздору соҳиб асрор, эй кўнгул” тарзида ўзгартирилган. Бу тасодифий эмас, албатта. Чунки мусамманнинг ушбу бандида олтинчи мисра “Сен бўлурға маҳрами рози ҳарамким бўлғасен” шаклида бўлиб, унда ошиқ кўнгилнинг “маҳрами рози ҳарам” бўлишига умид билдиради, еттинчи ва саккизинчи мисраларда эса агар маҳрам бўла олмасанг ҳам, майли, ҳеч бўлмаса итларига роздор (сирдош) ва соҳиби асрор бўласан, дер экан, бу ўринда “ҳамнишин” (бирга ўтирувчи, улфат) сўзидан кўра, ҳам мазмунан, ҳам шаклан “роздор” сўзи кўпроқ мос тушиши англашилади ва шоир шу сўзни қўллашни афзал кўради. Шеъриятга ҳам илм, ҳам санъат сифатида муносабатда бўлган Алишер Навоийдек ижодкор учун бундай ўзгартиришлар киритилиши табиий ҳол бўлиб, биз бу ҳолатни шоирнинг бошқа лирик шеърларида ҳам кузатамиз.

Навоийшунос олим А. Ҳайитметов мусамманнинг сўнгги бандидаги “Боргоҳи айшида бир гўшада тутсанг ўрун, Жаннат ойин базмиға эл маст бўлмастин бурун” мисраларига қараб, бу мусамманда маъшуқа қиёфасида султон Ҳусайн Бойқаро тасвирланаётган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари суради. Дарҳақиқат, ушбу фикрда жон бор. Мусаммандаги кўп ўринлар (ёрнинг “ҳар тараф азм айлаб”, “шаҳру кишвардин малолат айлаб” бир неча бор сафарга чиққанлиги, баъзан ўз ихтиёри, баъзан рақибнинг “ғурбат сари тарғиб” этиши оқибатида тарки ватан қилганлиги…) шундай дейишга асос бўлади. Лекин мусамман учун асос бўлган ғазал ҳақида бундай дея олмаймиз. Агар мусаммандаги ҳажм имконияти ёр тимсолининг конкретлашуви ва реаллашувига замин ҳозирлаган бўлса, унга асос бўлган ва кўпроқ ошиқона мазмун касб этган ғазалдаги ёрда эса мусаммандаги ёр тимсолидан фарқли ўлароқ, севикли маъшуқага хос сифатлар етакчилик қилади. Бу, айниқса, ғазалнинг сўнгги байти учун хосдир:

Бўлса сенлик, васл йўқтур ҳар неча қилсанг талаб,

Бўлмаса, матлуб эрур ул дам талабгор, эй кўнгул.

Байтнинг мазмунига кўра, агар ишқда сенлик (ва менлик) сақланиб қоладиган бўлса, ҳар қанча талаб қилинса ҳам, васлга эришилмайди, чунки ишқда матлуб билан талабгор бир бўлиши керак… Ваҳдат ғояси етакчилик қилаётган ушбу байт ёр тимсоли илоҳий ишқ йўлидаги мазҳар эканлигини кўрсатувчи далиллардандир. Муайян кичик лирик сюжетга эга бўлган мусамманда эса ёр тимсоли энди конкретлашганлиги ва реаллик касб этаётгани учун мазкур байт­га тазмин боғланмаган ва у мусамман таркибига киритилмаган. ўазалнинг саккиз, мусамманнинг етти банд тарзида яратилганлигининг сабабларидан бири шу билан боғлиқ.

Шу ўринда баъзи саволлар пайдо бўлиши табиий: мумтоз адабиётимизда ўз ғазалларига тазмин боғлаш ҳодисаси Алишер Навоийгача мавжудмиди? Бу ҳолат Алишер Навоийдан кейин қай даражада давом этди?

Ўз ғазалларига тазмин, хусусан, тахмис боғлаш мумтоз адабиётимиз тарихида Алишер Навоийгача кузатилмаган. Навоийдан кейин эса бундай ҳолат баъзи шоирлар, жумладан, Хива адабий муҳити ижодкорларида кўринади. Муҳаммад Раҳимхон Феруз давридаги XIX аср Хива адабий муҳитида темурийлар ва Алишер Навоий ижодига қизиқиш, эҳтиром юксак даражада бўлиб, Ферузшоҳ ўз фаолияти давомида Ҳусайн Бойқарога тақлид қилишга уринган ва Алишер Навоий сингари ўз ғазалларининг аксариятига ўзи тахмис боғлаган. Худди шу муҳитнинг яна бир йирик вакили Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳам Алишер Навоий, Фузулий каби улуғ сўз усталарига мухаммас боғлагани ҳолда ўзининг ўнта ғазалини бешлантириб, тахмис ҳолига келтирган. Лекин буларнинг барчаси ғазални бешлантириш, яъни ўз ғазалларига тахмис боғлаш доирасида кузатилган ҳолатлар эди. Биз ўз манбаларимиз доирасида ўз ғазалини саккизликка айлантирган бош­қа шоирни учратмадик.

Демак, юқоридагилардан маълум бўлаяптики, шоир ўзининг ёшлик ва йигитлик чоғидаги ижодига алоҳида эътибор билан қараган ва бу даврда ёзган ғазалларига ўз ижоди жараёнида қайта-қайта мурожаат этиб турган. Шоир муайян мавзуга доир ғазал ёзар экан, орадан вақт ўтиб, шу мавзуга қайтишга эҳтиёж сезган ва шу тариқа ўз ғазалини мусамман ҳолига келтирган. Бунинг учун у айнан ўз ғазалини танлар экан, ундаги руҳнинг ёшликка хос жўшқин ва шиддаткор эканлигига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Натижада биз мазкур мусамманни ўқир эканмиз, ёши улғайиб бораётган Навоийнинг ички дунёси ва навқирон Алишернинг қайноқ ҳиссиётлари санъаткорона уйғунлашганига гувоҳ бўламиз. Шу билан бирга, шоир ўз ғазалини тасминга айлантириши натижасида мумтоз адабиётимизда мавжуд анъаналарга янгича руҳ бахш этиб, ўзининг новаторлик салоҳиятини яна бир бор намоён этди.

Мазкур хулосалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Алишер Навоий мусамманининг яратилиш хусусиятларини тадқиқ қилиш шоирнинг ижод ва ил­ҳом билан боғлиқ тасаввурларини аниқлаштиришга ёрдам беради.

Дилнавоз ЮСУПОВА,

филология фанлари номзоди, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here