Матн танлашдан мухлислик савиясигача (2019 йил, 8 сон)

2

Таҳририятдаги қирқ йилдан ортиқ иш фаолиятим давомида кўплаб санъаткорлар билан мулоқот қилишга, суҳбатдош бўлишга, баъзан уларнинг ижодий изланишларини четдан кузатишга тўғри келади. Шу жараёнда ўз мухлисига эга бўлиш, одамлар муҳаббатини қозониш кимга қандай таъсир этганидан ҳам хабарим бор. Очиғи, машҳурлик юкини кўтаришга ҳар қандай санъаткор ҳам қодир бўлавермайди. Чунки айрим истеъдодли ижодкорлар машҳурлашганидан кейин босар-тусарини билмай, бурнининг тагидан нарини кўрмай ёки кўришни истамай қолишига гувоҳ бўламиз. Шукрки, ҳар қанча довруғ таратмасин, меъёрни сақлаб, муомала, кийиниш маданиятини жойига қўйиб, санъат халқники эканини тушуниб ижод қилаётганлар ҳам кам эмас. Бугун биз газетхонларга ижодий портретини тақдим қилаётган инсон ана шу тоифага мансуб санъаткорлар сирасидан.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомаърупов изланишларини кўп йилдан буён кузатиб келаман. Айниқса, “Сенсан севарим”, “Шоҳсуворим келадур”, “Йироқ айла ўзингни”, “Ўйна-ўйна”, “Табассум қил” каби лирик,  дилга яқин қўшиқларини ҳар сафар мароқ билан тинглайман. Бир неча йил “Нола” гуруҳида ижод қилганида ҳам, кейинчалик алоҳида куйлай бошлаганида ҳам Абдулла Шомаъруповнинг ижро фаолияти бир текис, ортиқча шов-шувларсиз давом этаётгани мухлислари сони ортиб бораётганини таъминлаб келаётган бўлса ажабмас. Бир суҳбатда санъаткор маданияти ҳақида сўз кетди. Суҳбатдошларимиздан бири Абдулла Шомаъруповни мисол келтириб шундай деди: “Ана шу йигитни ҳақиқий маданиятли санъаткор, деб биламан. Аввало, саҳнада, ижро жараёнида ўзини қандай тутишни жуда яхши билади. Қолаверса, қўшиқнинг матни, руҳиятига яраша тутади ўзини. Камтарлиги, одоби, муомала маданияти қанчалар гўзал бўлса, куйлаш маданияти ҳам шунчалик намунали”.

Дарҳақиқат, бу эътирофга қўшилмай илож йўқ. Чунки ўзим кўп суҳбатларда, концерт дас­турларида бунга гувоҳ бўлганман. Суҳбатлардан бирида хонанда санъатга кириб келиши ҳақида шундай деганди:

— Оиламизда санъаткор бўлмаган. Ўзим ёшлигимдан мусиқа асбоблари чалишга қизиқардим. Тўгаракларга қатнаб, рубоб, доира, тор, дутор, танбур созларини чалишни машқ қилиб юрдим. Кейин ўша пайтдаги Ҳамза номидаги мусиқа билим юртига ўқишга кириб, ғижжак сози бўйича шуғулландим. Консерваторияни 1991 йили тугатганман. Мусиқа билан астойдил шуғулланаётганимни кўрган тоғам 1996 йили устоз хонанда Камолиддин Раҳимовнинг олдига олиб борган эди. Бир неча йил устоз-шогирд сифатида ҳамкорликда иш олиб бордик. Кейинчалик таниқли хонанда Азим Муллахонов билан бирга ижод қилдим. Улардан кўп нарса ўргандим: давраларда ўзларини тутишлари, ҳамкасблари, мухлисларга, қўшиқ матни ва мусиқасига муносабатлари, муомала маданиятлари мен учун ибрат мактаби бўлди, муҳими, тажриба орттирдим. Айниқса, Камолиддин аканинг санъатга садоқати ва камтарлиги нафақат менга, барча санъат аҳлига намунадир.

Диққатимни тортган, мени қойил қолдирган нарса шуки, А.Шомаъруповнинг репертуарини кўздан кечирган одам, у ижро этадиган қўшиқларда бирорта олди-қочди, саёз, шунчаки қораланган матнни учратмайди. Мусиқалар ҳам ўзбекона. Беихтиёр хаёлингиздан: “Буни қаранг-а, “ликир-ликир”, “шақир-шуқур”, “воей-воей” деган алмойи-алжойи сўзларни қўшмай, тингловчилар меҳрини қозониб, мухлислар орт­тирса бўлар экан-да”, деган фикр ўтади. Бунинг учун санъаткор қалбида ўз танлаган соҳасига чуқур меҳр, халқига, она тилига, адабиётга, мусиқага муҳаббат, санъатга садоқат туйғулари барқарор бўлиши керак. Агар бу хислатларга нозик дид, юксак адабий савия ва миллий қадриятларга эътиқод қўшилса, нур устига нур. Зеро, А.Шомаърупов болалигида миллий мусиқа асбобларига ошно бўлиб, куй сеҳридан завқланишни ўрганди, шеъриятни, мумтоз адабиётни севиб мутолаа қилди. Ҳозир ҳам шеър мутолаасини канда қилмайди. Айниқса, Лутфий, Машраб, Махтумқули каби мумтоз шоирлар ғазаллари, “Ўткан кунлар”, “Шум бола” асарларининг қайта-қайта мутолааси хонандага илҳом бағишлайди. Шеъриятга ошно ижодкор Тоҳир Муҳаммад билан ҳамкорлиги натижасида яхши қўшиқлар дунёга келган. Санъаткорнинг сурат чизишга қизиқиши, табиат манзараларини фотосуратларга муҳрлаши ҳам ижодига катта ёрдам беради. Ўзининг айтишича, бу маш­ғулот унга руҳий хотиржамлик бағишлайди, гўзалликдан олинган таассуротлар завқ беради, фикрлар жамланиб, тиниқлашади. Табиат симфониясидан илҳом олгани учунми, А.Шомаърупов кўп қўшиқларининг мусиқасини ўзи ёзади. Шу билан бирга, унинг истеъдодли композитор Шуҳрат Зокиров билан ҳамкорлиги ҳам яхши натижа бермоқда.

Маълумки, бугун жонли ижро ва фонограмма масаласида турли фикрлар билдирилмоқда. Шубҳасиз, аксарият мухлислар жонли ижро тарафдори. А.Шомаъруповнинг бу борада ўз қараши бор.

— Албатта, жонли ижро хонанданинг овоз имкониятлари, маҳоратини белгиловчи мезонлардан бири. Биз ҳам “Нола” гуруҳи билан анча вақт қўшиқларни жонли ижро қилиб юрдик. Лекин тобим қочиб қолгандан кейин фоно­граммада куйлашга мажбур бўлдик. Ҳозир бемалол жонли ижрода қўшиқ айтишим мумкин. Очиғи, фонограмма хонанда ва созандаларни дангаса қилиб қўяди, ижро маҳоратини пасайтириб юборади. Шу билан бирга, жонли ижронинг ўзига яраша талаблари ва қийинчиликлари ҳам бор. Аввало, созандалар масаласида. Ёппасига фонограммага ўтиш оқибатида маҳоратли созандалар камайиб кетди. Жонли ижрода айнан созанданинг ўрни катта. Муаммолардан яна бири аппаратура масаласи. Чунки жонли эфир мукаммал техникани талаб қилади. Малакали овоз режиссёрлари зарур. Агар катта саҳналарда жонли ижрода куйламоқчи бўлсангиз ансамбль билан, овоз режиссёри билан анчагина машқ қилиш керак. Буларнинг ҳаммаси маблағга бориб тақалади. Хуллас, жонли ижрога талаб билан бирга, ёрдам ҳам керак. Радио-телевидениеда ҳам бу борада ташвишлар кам эмас. Айниқса, “Бизнинг формат эмас”, деб соф миллий қўшиқларнинг қабул қилинмаслиги… Тўғри, бугун йирик давлат тадбирларида фақат жонли ижрода куйлаш йўлга қўйилди. Мухлисларга ҳам ёқаяпти бундай концертлар. Фақат тарғиботни, мақом ва лирик қўшиқлар тарғиботини кучайтириш керак. Оммавий ахборот воситалари бу борада катта кучга эга. Мақомлар, миллий куй-қўшиқларни профессионал тарғиб қи­ладиган, санъатда миллийлик мезонларини ҳақ­қоний баҳолай оладиган олимларни, санъаткорларни бу ишга жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.

А.Шомаъруповдан бугун қайси хонандаларнинг ижросини тинглаб туришини, умуман, мухлислик маданияти ҳақидаги фикр­ларини сўраганимизда, у ўйланиб, шундай деди:

— Ҳар хил шинаванда бўлади. Баъзилар хонандага, баъзилар жанрга ёки асарга қараб мухлис бўлади. Мен мумтоз қўшиқларимизни, устоз санъаткорларимиздан кўпларининг ижроларини мириқиб тинглайман. Бугун урф бўлган хонандалардан Жаҳонгир Отажоновни, айниқса, унинг “Оқ булут, оқ кабутар­­лар”­и­ни, Ўлмас Оллоберганов қўшиқларини тинг­лаб тураман. Уларнинг матнга, ижрога муносабатлари ёқади. Мухлислик маданиятига келсак, бу ҳар кимнинг дид-фаросати, дунёқараши, миллатига муносабати билан боғлиқ. Тўғрисини айтганда, миллий менталитетимизга мос қўшиқларнинг кўпроқ яратилиши фақат хонандаларга эмас, тингловчиларга ҳам боғлиқ. Балки бугун бундай қўшиқлар яратилаётгандир-у, лекин эшитадиганлар йўқдир. “Шашмақом” фильми яратилганида биз бола эдик. Киприк қоқмай кўрганмиз, бутун халқ маза қилиб томоша қилган.

Санъаткорнинг гаплари айни ҳақиқат. Бугун шу ҳақиқатнинг юзага чиқиши учун юртимизда катта ишлар бошлангани ҳам бор гап. “Шарқ тароналари”, “Мақом санъати” фестивали ёнига “Халқаро бахшичилик санъати” фестивалининг қўшилгани, ўлан, алла, лапар каби халқона жанр­ларга эътиборнинг ортаётгани, ёшларимизда миллий куй-қўшиқларга эҳтиёж пайдо бўлаётгани қалбларимизни қувончга тўлдиради. Бундан буён Камолиддин Раҳимов, Азим Муллахонов, Абдулла Шомаърупов сингари санъаткорлар, улар куйлаган ва куйлаётган қўшиқларнинг кўпайишини истаб қоламиз.

 

Гулчеҳра УМАРОВА

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here