Қечув (ҳикоя) (2019 йил, 8 сон)

323

Ёзнинг эрта отадиган илиқ тонгги. Йўл тадоригини аллақачон кўриб қўйган бўлсам-да, шаҳарга кетаётганимни ўйлаб, орзиққанча вақтли уйғондим. Аммо отам мендан эрта турган экан.

— Турдингми? — деди жилмайиб қўлидаги қутини узатаркан. — Ол буни.

Ҳайрон бўлиб қутини очдим. Ичида ўша даврларда урф бўлган пошнали, тумшуғи узун, ипли ботинка.

— Шаҳарлик студентлар ҳозир шунақасини кияркан. Ювиниб бўлганингдан кейин ки­йиб кўр.

Аввалига бундай ажойиб совғадан бошим осмонга етган бўлса-да, бироздан сўнг бўғзимни бир нарса ачиштирди. Эсимни таниганимдан буён отамнинг ўзи учун атай бирор нима сотиб олганини эслолмайман. Мен уни латта-путтанинг фар­қига бормайдиган тўпори деб ўйлардим. Аммо менга олиб берган ботинкаси бутунлай бошқача эди.

— Буни ололмайман, ота, — дедим қутини нарироқ сурарканман. — Ўзингиз кийинг.

Отам индамади. Xудди мени эшитмагандек иши билан банд бўлди. Нонушта устида ҳам ботинка тўғрисида чурқ этмадик. Онам ва синглим билан хайрлашгач, отам йўл халтамни елкасига олди. Кечувга қараб йўл олдик. Кечув — бу қишлоқдан оқиб ўтадиган дарёнинг саёзроқ жойи. Катта шаҳар йўлига чиқиладиган кўприк анча узоқда бўлганидан ҳамма отамнинг омонатгина эски қайиғида дарёдан сузиб ўтади. Отам ҳеч қачон бугун совуқ ёки иссиқ бўлди, деб кечувни ташлаб келмаган. Одамларни у соҳилдан бунисига, бунисидан унисига олиб ўтади-ю, бировдан бир танга сўрамайди. Инсоф қилганлари ўзи бериб кетади. Рўзғоримиз ана шу инсофлилар берадиган тангалар билан ўтарди. Аммо унинг нолиганини сира эшитмаганман. Қозонимиз қайнаганида ҳам, қайнамаганида ҳам бир xил, мулойим.

Қирғоқда отамнинг неча йиллардан бери тиним билмай сузадиган эски қайиғи кутиб турарди бизни.

— Чиқақол, шаҳарга борадиган автобус ўтиб кетмасин тағин.

— Xўп.

Отам оқимгача итариб боргач, ўзи ҳам қайиққа сакради. Эшкакни секин эшаркан, умримда биринчи бор отамга яқиндан разм солаётгандеқ, уни энди кўриб тургандек эдим. Туртиб чиққан қотма елкали, пешонасига йиллар аёвсиз ажин солган, юз ва қўл терилари дағаллашиб кетган қорача одам. Ёзда илиқ, қишда совуқ сув кечган, қуёшда қорайиб, изғиринда қаварган оёқ териси йиртиқ ботинкасидан аниқ кўриниб турарди. Қизиқ бир умр шундай бўлганми ёки бир кечада рўй бердими? Битта уйда шунча йил бирга яшаб энди кўраётганимга ўзим ҳам ҳайрон эдим. Оёғимда товланиб турган янги ботинкага қараб хижолат чекдим.

— Ота, ололмайман буни, ўзингиз кийинг.

Отамнинг юзига табассум югурди. Қатъий оҳангда “йўқ” дейишни билмасди. Одатда бирор нимадан норози бўлса шундай жилмаярди.

— Умрим кечувда ўтяпти, болам. Рўзғорни шу қайиқ орқасидан амаллаб тебратдим. Нолиётганим йўқ. Сабаби, одамларга наф келтиришнинг бошқа йўлини билмайман. Начора, қўлимдан келгани-да. Сен ўқи, одам бўл. Кечувнинг устидан катта кўприк қурдир. Менинг қўлимдан келмаганини сен қил. Ботинкани эса ол.

Табиатан камгап отам бошқа гапирмади. Ҳатто автобус келишини ҳам кутмай, одамлар маҳтал бўлмасин, деб ортига қайтди. Қулоқларим остида эса отамнинг “Кечувнинг устидан катта кўприк қурдир”, деган сўзлари кетмай юрди.

ррр

Босинқираб уйғондим. Xона зим-зиё. Ёлғиз қолгим келиб алоҳида палатага олишларини сўраганим учун афсусландим. Неча кундан бери бир xил туш, бир xил гап. Туриб чироқни ёқдим. Юзимни ювдим. Бироз ўзимга келгандай бўлдим. Касалxонага тушганимдан бери аҳвол шу. Раҳматли отам тушимга киргани-кирган. Назаримда, у киши мендан норозидай. Тўғри-да, ўша кетганимча қишлоққа бориб келганимни санасам, бир қўлимнинг бармоқлари ҳам ортиб қолади. Кечув устидан кўприк солдириш тугул, отамнинг xизматини ёлчитиб қилолмадим.

Ўша йили ўқишга киролмадим. Қишлоқдошлар устимдан кулмасин деб уйга қайт­мадим. Кундузи қурилишда ишлаб, кечаси дарс тайёрлардим. Иккинчи йили талаба бўлгач, ўқиш бошлангунча қишлоққа кетдим…

Хаёлимни дераза ойнасига урилиб шивалаётган ёмғир бўлди. Бу ёмғир кучли эмас, лекин болалигимдаги бир тунни ёдимга солди.

Саратон қуёшида тоб ташлаб, ёмғирда намиқиб шишганидан бир томонга қийша­йиб қолган ёғоч эшик шамол қутирганида ўзини ичкарига уриб ғичирлайди. Тирқишлардан кираётган изғирин ўчоқдаги оловни ўйнатгани-ўйнатган. Уй ичига сизаётган чакка челакни тарсиллатиб чалади. Бўрон авжига чиққан, шамол увиллаган бундай оқшомларда кўрпани бошимгача тортиб, мўралаб ётаман. Онам исириқни тутатганча, иситмадан ловиллаб ёнаётган синглимнинг атрофида айлангани-айланган. Липиллаган чироқ ёруғида ҳар замон қорайиб кўринаётган онамнинг юзлари ташвишли. Йиғлаб юборишдан нари-бери. Аламини мендан олишидан қўрқиб, ҳатто нафасимни ҳам секин чиқараман. Эҳтимол, ўшанда бола бўлганим учун қиш тунлари ҳозиргидан узоқроқ, ҳозиргидан совуқроқ туйилгандир менга! Аммо бундай бир-бирига ўxшаш тунлар кўп бўларди. Баъзан улар тугамайдиганга, отам кечувдан қайтмас, онам эса адоқсиз андуҳлари билан ёлғиз қолиб кетадиганга ўxшарди.

“Қаерларда қолди ерюткур! Қизи ўламан деб ётибди, унинг парвойига келмайди. Сенга бирор гап бўлса нима қиламан, болажоним?… Кўзимнинг нури…”

Онамнинг беадад қарғишлари тугамасидан эшик қарсиллаб очилди. Бўсағада уст-боши жиққа ҳўл, тўпиқларидан эски шолчага сув оқиб отам пайдо бўлди. У ҳар доимгидек жилмайиб: “Ёмғир челаклаб қуяяпти” деди.

Унинг бу xотиржам гапидан сўнг тутаб турган онамнинг фиғони фалакка чиқди: “Қизингиз инграб ёниб ётибди. Ёмғир билан неча пуллик ишим бор? Шу маҳалгача қаерда юргандингиз?”

— Кечувда эдим.

— Ўлсин ўша кечув, уйи куйсин кечувнинг. Ўзингизни ўйламасангиз қизингизни ўйланг. Дори олиб келдингизми?

Отам айбдор одамдек ерга қаради, ажинлардан қат-қат бўлиб кетган пешонасидаги ёмғир томчиларини сидириб ўчоқ ёнига ўтди.

— Нимага индамайсиз?

— Дўстмуродга тайинлагандим, шаҳарда иши кўпайиб эсидан чиққанга ўxшайди.

— Эсидан чиққанга ўxшайди, — дея ғазабланиб такрорлади онам. — Эсидан чиқибдими? Ҳар куни шаҳарга қатнаш учун катта йўлгача айлангиси келмай, қайиғингизга ўтириб олиш эсидан чиқмайди-ку. Фақат у сизга ўxшаган гўл эмас. Ишини битириб, раҳматниям насия қилиб кетаверади. Сиз, сиз, сиз у… — онам гапини тугатолмай йиғлаб юборди. Олови сийраклашиб қолган ўчоқ ёнидаги гиламга ўтирди. Юзларини қўли билан беркитиб пиқиллади.

— Нега бундай одамсиз-а? Ҳаммага яxшилик қиласиз. Лекин улар биргина илтимосингизни бажармайди. “Савобнинг таги тешик” дегани шу-да.

— Ундай дема, — деди отам юмшоқ оҳанг­да. Аслида у табиатан шундай, ҳеч қачон бировга қаттиқ гапирганини эшитмаганман. — Насиба, xудо xоҳласа, тузалиб кетади.

Онам нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо индамади. Отам эса ҳўл кийимларини алмаштириб, қаторимизга — тўшакка кирди. Димоғимга доим ундан келадиган тернингми ёки шўр сув ҳидими урилди. Менинг уйғоқ ётганимни кўриб жилмайди-да: “Уxла”, деди. Ўзи эса ағдарилиб менга тескари қараб ётди. Аммо унинг тонггача мижжа қоқмаслигини яxши билардим.

Мен уxлаб қолибман. Эрталаб уйғонсам, Насиба бироз соғайиб қолган, шекилли, онам ўчоқда унга сут пишираётган экан. Отам эса ҳар доимгидек саҳарлаб кечувга кетган.

— Уйғондингми? — деди онам чеҳраси бироз ёришиб. — Тур, сенам озроқ ич, мактабга кетасан. Саида ҳамсоядан бир косагина олиб чиққандим.

— Дадам ичмайдими, — дедим қўрқибгина.

— Отанг ўша кечувда туғилган, қайиғида ўлиб қолсаям ҳайрон бўлмайман. У билан ишинг бўлмасин.

Гапирганда кесиб-кесиб, гапини бошқаларга ўтказиб гапирадиган онамнинг чимирила бошлаган қошларидан қўрқиб бошқа нарса сўролмадим.

Онам билан ҳеч қачон она-бола каби ёзилиб гаплашмаган эканман. Бошида болалик қилган бўлсам, улғайганимда вақт топмадим. Шу чоққача xизмат сафари, муҳим учрашувларни деб отамнинг ҳам, онамнинг ҳам маъракаларига кеч етиб борганимни сира ўйламас, пушаймонлик деган нарса мени безовта қилмасди. Лекин сўнгги кунлар… Ичимга чироқ ёқса ёришмайди.

Тонг отишини сабрсиз кута бошладим. Эрталаб бўлиши билан қишлоққа жўнайман. Хаёлимга келган шу фикр кўнглимга бироз таскин берди.

Кутганимдай ҳали соғаймаганимни баҳона қилиб шифокор жавоб бермади. Мен эса кутолмасдим, индамай чиқиб кетдим.

Умримда бирор марта ота уйга бунчалик шошмаганман. Ўша пахсадевор ҳозир қай ахволда, билмайман. Ҳатто мени бағрини очиб кутиб оладиган одамлар ҳам йўқ. Лекин кечиксам бир нарсадан қуруқ қоладигандек шошаяпман. Автобусда йўлга тушдим. Отланишга отландим-у, лекин қаерга, кимнинг олдига кетаётганимни билмайман. Қишлоқда яқинларимдан фақат синглим бор. Лекин акасидан умрида бир марта ёрдам сўраганида оғринганим учун уйимга келмай қўйганига анча бўлди. Унинг юзига қандай қарайман, ота-онамнинг қабр­лари бошига борганимда нима дейман? Мен ўзимни оқлашга баҳона қидириб кетарканман, автобус атай қилгандай манзилга илдамлайди.

— Қамбар қайиқчининг кечувида тўxтатинг.

Нотаниш кишининг гапи бошимга тўқмоқдай урилди. Бир муддат гандиракладим. Хайрият, ҳеч ким мени танимайди. Ҳеч ким менинг бир пайтлар шу ернинг нонини еб, тузлиғига тупириб кетган нонкўр эканимни билмайди. “Қамбар қайиқчи, кечув” — мен уларни унутгандим. Мен қачон ўзимни эсдан чиқардим, қачон ўзимга xиёнат қилдим? Кимсан палончиман, лекин одамлар мени эмас, ўтиб кетганига анча йиллар бўлган xокисор бир қайиқчи отамни танишади.

Отам кечув ўртасида эшкак эшишдан тўxтаб менга жовдираб қараб тургандай. Кўприк ўрни эса ҳамон бўш эди.

Муяссар ТИЛОВОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг