Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг Мир Алишер Навоий бобомизга доимо ҳавас билан қарагани ва бу «кўб ва хўб» ижод қилган даҳо шоирни ўзига устоз деб билгани кўпчиликка маълум. Шу боис улар шеъриятида ўхшашликлар учраши табиий, лекин бундай яқинликни Бобурнинг Навоийга тақлиди деб талқин қилиш улар шеъриятига  юзаки, ножиддий ёндашувдан бошқа нарса эмас. Аслида эса, Бобур лирикасидаги Навоийга татаббулар икки шоирнинг ҳам ўзига хос мусобақаси, ҳам даҳо шогирд томонидан даҳо устоз асарини  тасдиқ усули орқали муайян маънодаги тўлдирилишидир.

Ҳазрат Навоий рубоийлари шакл гўзаллиги мазмун гўзаллиги билан ким ўзарга баҳслашади. Бу икки гўзаллик шеърхон кўзи ўнгида худди қуёш билан ой муносабатлари каби тенгсиз бир мақомда намоён бўлади. Масалан, қуйидаги  рубоийга эътибор қилайлик:

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,

Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

Ҳар неники севмоқ ондин ортиқ бўлмас,

Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

Мазмуни: эй, ҳаёти, умри мен учун азиз бўлган ёр, мен сени танимдаги жонимдан ҳам кўпроқ севаман, ҳаттоки бу дунёда (математикада) қанча сон энг кўп миқдор ҳисобланса, ўшандан  ҳам ортиқроқ севаман. Гарчанд, киши нимани қай даражада кўп севмасин, у бундай севгидан ортиқ бўлолмайди, лекин мен сени ўшандан ҳам, сон-саноқлар қамраб ололмайдиган миқдордан‑да, ортиқроқ севаман. Кўриб турибсизки, мазмун гўзаллиги рубоийдаги даҳо шоирга хос муболаға усули туфайли шундай юксак даражага кўтарилганки, бу гўзаллик олдида ҳар бир диди юксак китобхоннинг беихтиёр «воҳ!» деб юбориши табиий ҳол.

Энди рубоийнинг шаклига назар ташлайлик. Асар йигирма етти сўздан иборат ва унинг фақат тўққизтасигина лисоний асос, қолганлари эса радиф. Учта бир ҳижоли сўз қофия: жон, сон, он. Радиф эса  уч бор такрорланадиган олти сўздан ташкил топган. Шундай қилиб, ўн иккита асосий сўз йигирма етти сўздан иборат рубоийни қуёшни кўтарган осмондек енгил ва табиий кўтариб турибди.

Бу рубоийда ҳазрат Навоий риторик такрордан қандай миқёсли ва самарали фойдаланиш мумкинлигини кашфиёт даражасига кўтарган ҳолда намоён қилади. Бундай юксак маҳорат камдан-кам ижодкорга насиб этади. Бобур ҳазратлари ҳам ана шундай ноёб истеъдод эгаларидан эди. Унинг қуйидаги рубоийси буни яққол исботлаб беради:

Туз оҳ, Заҳири дини Муҳаммад Бобур,

Юз оҳ, Заҳири дини Муҳаммад Бобур,

Сарриштаи айшдин кўнгулни зинҳор

Уз оҳ, Заҳири дини Муҳаммад Бобур.

Энди рубоийнинг мазмунини ўзим тушунган шаклда тақдим этаман.

Эй Заҳири дини Муҳаммад Бобур, фарёд кўтар, оҳингдан дастурхон туз, у дастурхонга юзта оҳни қўй, шу боис, яна бир оҳ кўтар‑да, айш‑ишратга, ўткинчи қувончларга изн бермаслик учун кўнглингни айш чилвиридан узиб яша!  Нима учун шундай?

Бу саволга жавобни кейинроққа қўяйлик‑да, ҳозир Бобур рубоийсининг шаклий гўзаллиги хусусида фикр юритайлик. Бу асарда ҳам Навоий рубоийси каби қофияни бир бўғинли сўз ташкил этади, ҳатто келишик қўшимчаси йўқ, фақат сўзнинг ўзи: «туз», «юз», «уз». Шундай қилиб, рубоийдаги йигирма иккита сўздан еттитаси асосий сўзлар, ўн бештаси радиф.

Навоий олти ўзак сўз ва бир келишик қўшимчасидан рубоий яратган бўлса, Бобур етти ўзак сўздан иборат худди шундай гўзал рубоийни бизга тақдим этади.

Бундай қараганда, Бобур рубоийсида Навоийга тақлид бордек кўринади. Бироқ бу алдамчи таассурот. Жиддий эътибор қилинса, ҳар икки рубоий фақат шаклан ўхшашликка эгалигини, лекин мазмунда кескин фарқ борлигини илғаб олиш мумкин; пировард натижада улар бизга икки қутбдаги ҳолат тасвирлари сифатида намоён бўлади.  Навоийнинг рубоийси Ватанда эмин-эркин яшаган, салтанатда ва раиятда жуда катта обрўга эга, умрини асосан ўзи танлаган ягона йўлга – ижодга бағишлаган бахтли ижодкор инсоннинг ўз кўнгил маҳбубасига дил изҳори, ошиқона сатрлар. Бобурнинг рубоийси эса, ўзи севган ижод йўлини ягона мақсад даражасига кўтара олмаган, тақдир иккига ажратган бир умр билан гоҳ  ижод йўлидан, гоҳ салтанат йўлидан юришга мажбур бўлган, бир қўли қиличдан бўшамаган, асарларини гоҳо жанговар от устида ўйлаган ва ёдаки ёзган «толеи йўқ» ижодкорнинг фарёди.        

Энди  юқорида асосий таҳлилимиз сабабчиси бўлган Бобур рубоийсининг сўнгги икки сатрига эътибор қилинг:

Сарриштаи айшдин кўнгулни зинҳор

Уз, оҳ, Заҳири дини Муҳаммад Бобур.

Ватан соғинчи, ҳузур-ҳаловат нималигини билмаган, умри жаҳонгир-жаҳонгашталик, жангу жадал, сарсон-саргардонликда ўтаётган шоирнинг ҳаётий хулосаси бу!

Бобурнинг яна бир шунга ўхшаш рубоийси бор. Ундаги Навоийга шаклий татаббу шоҳ ва шоирнинг ҳаётидаги айнан ана шу  реалликка урғу бериши билан бу асар бизнинг Навоий рубоийсига тақлид эмас, бутунлай оригинал ижод маҳсули сифатида қарашимизни таъминлайди. Гап ҳазрат Навоийнинг қуйидаги машҳур рубоийси ҳақида. Навоий ёзади:

ўурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса

Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш.

Бобур ёзади:

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши.

Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,

ўурбатда севинмас эмиш албатта киши.

Рубоийда Навоийга ўхшашлик борми? – Бор. Лекин Бобур ҳаётини билган одам «ўурбатда севинмас эмиш албатта киши» деган сатрга эътибор қаратади ва у, Бобурнинг татаббуси оддий тақлидни эмас, балки «албатта» сўзи ор­қали ифодаланган тасдиқни англатишини илғаб олади. Зеро, Навоийнинг мазкур рубоийси жуда оммалашиб кетгани, ўша пайтдаги туркий адабиётнинг шоҳ асарларидан ҳисобланиб, ҳамма уни ёд олгани шубҳасиз. Буни Бобур жуда яхши билган. Шу боис бу ўринда оддий тақлид ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Масала шундаки, мазкур рубоий, таъкидлаганимдек, Навоий рубоийсининг лирик тасдиғи сифатида вужудга келган. Бошқачароқ айтганда, Бобур учун Навоий рубоийси мавзу вазифасини ўтаган. Яъни Бобур  бу рубоийни, реалликда, менинг ҳаётий тажрибамда устоз Навоий сўзлари ўзининг ҳикмат сифатидаги тасдиғини топди, деган мақсадда ёзилган ва ундаги биргина «албатта» сўзи бу рубоийни тақлид ҳудудидан олиб чиқиб кетган.

Шундай қилиб, таҳлилга олганимиз –  икки даҳонинг тўрт рубоийсидаги шаклий ўхшашликлар уларнинг мазмунан икки хил дунё, икки руҳий оламдан иборат икки хил асар сифатида идрок этилишига асло халал бермайди; улар ўзбек мумтоз шеъриятининг гўзал ва оригинал шоҳ асарлари ­сифатида бизни ўзига мафтун этиб,  абадий яшайверади.

 Абдулла ШЕР

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг