БОҒДАГУЛ (ҳикоя) (2019 йил, 7 сон)

284

Шамол етаклаган аёл

Ўзи қишлоғимизда иккита Боғдагул отлиқ аёл бор. Бири эскидан шу ерда туғилган. Патирни  зўр қилади. Патир нони билан оти чиққан. Катталар Боғда келин, кичиклар Боғда янга, Боғда чеча дейишади. Қишлоқда ўзи шунақа. Бир одамни бир неча оти бўлади. Отини ўзи чиқаради. Иккинчисининг ҳали оти чиқмаган. Янги келин. Андижонлик. Жалойирдан. Туғли-тугли. Қишлоқ зоту будини билмаганни келин қилмайди. Қилгандаям келин ҳисобламайди.

Қишлоқда у билан олдинма кейин тушган келинларнинг шошиб қўйгани учта, олди иккита, кўпи биттадан бўлсаям йўргак ўраган, бешик белаганидан бери уйидан ғурт-ғуртлаган ғурбат аримай қолган келинчак ота уйига етар пул йиққанидан Жаркўчага қандай чиққаниниям, қачон бу фикрга келганиниям, кимнинг гапига кирганиниям билмайди. Яна уй кийимида. Бўлмаса Ўсмат қаерда-ю, Андижон  қаерда. Энамни олдига қандай келиб қолганиниям.

Энам ҳамиша урчуқ йигирганлари учун йигирган юнгни қилқони чиққанидан олдиларига эски дастурхон тўшалган бўлади. Дастурхон, устига егуликлар қўйилган дастурхон сал чеккароқда. Чой ичарда эски дастурхон олиниб, опам Энамни уст-бошларини қилқонлардан тозалаган бўладилар. Дастурхон Энамни олдига тортилади. Энамнинг олдида қўйниларига қўшилиб тўшалган эски  бўш дастурхон, сал четроқда егуликлар қўйилган ва усти ёпиқлик бошқа дастурхонни кўрган келинчакнинг бу ҳолни аввал кўрмаганидан хаёли бир шошади. Энам урчуққа ҳазил қилгилари келганда: “Энди дастур­хонингизни йиғиштирсак майлими Қўлантоқ Мирзо”, дейдилар. Қўлантоқ  дегани ялан­ғоч дегани.  Этикни  пайтавасиз, туфлини пайпоқсиз кийилганда қўлантоқ ки­йибди дейилади. Келинчак салом бериб кириб келиб, эски дастурхон четига ётсирабгина, омонатгина ўтирган, ҳол-аҳвол сўрашиб нафасини ўнглаб бир кўнгилда гапирадиган гапи тугагандай, гап тополмай талмовсираб, бир кўнгилда гапни нимадан бошлашини билмай иккиланиб турганда Энам гап қўшадилар.

  – Ёқмаса ухлаб ётганда қорнига пичоқни тиқиб ол, санам қутиласан, уям. Кейин ҳеч нарса кўрмагандай юрасан, – дейдилар бетигаям қарамай, келинниям ҳуррасини учириб. – Биров зўрлаб эрга берган, олсанг ҳам оласан, олмасанг ҳам оласан деб уйлантирган бўлмаса…

Кейин Жаркўчадан энишдаги ўнг қўлдаги жарнинг чуқуридек охири кўринмас бир нарса Энам билан келиннинг орасида осилиб қолади. Соат ҳам бир жойда тўхтаб қолгандек тиқ-тиқ, тиқ-тиқлайди. Энам оғир ва катта дамсар уриб худди яхшилик қилмоқчи бўлган одамларини яхши кўриб уришганда ишлатадиган товушларида гапирадилар. Биламан. Энам насиҳат қилмоқчилар. Гап юқмайдиган ё ёқмаган одамига “ўзинг яхши биласанг, ўзингдан қолар гап йўқ” деб қисқа қиладилар.

Ўртадаги жарга кўприкни Энам ташлайдилар.

 – Ўзларинг топишган бўлсанг. Неча йил ўқишда бирга ўқидинг. Синашта бўлдинг. Ниманг кам? Ниманг етмайди? Нимани бўлолмай  тортишасанлар? Буни бари синови. Сабр берсин. Сабр сўра. Сабр қил. Худони эслаганни Худо эслайди. Ўқимишли бўлиб санлар шундай қилсаларинг бошқалардан нима умид…

Кейин урчуқ неча минг марта боши айланиб келганча ўртага жимлик чўкади. Вақти соати келганидан кейин  Энам яна давом этадилар: “Аёл зотики эркак билан тенг бўламан деб тирлашдими, Худони ургани шу бўлади. Эркакни Худо ўзи хоҳлаб, ўзи яхши кўриб, бировдан сўрамай, бировни кўнглига қарамай, истаганидай, бекаму кўст яратган”, дейдилар худди мактабда ўқитувчи ўқувчиларга диктант ёздираётгандек, секин ва ҳар бир ҳарфни дона-дона қилиб. “Эрнинг кўнглига қарамаган аёлнинг икки бети қора. Эр ҳамки эрдай бўлса”, дейдилар. Энам куёви билан экаришиб келган келинчакка урчуқларини бошини айлантиришдан бир нафас ҳам тиндирмай. “Ортиқча гап ҳаммага юк. Энди бор-да рўзғорингга эгалик қил. Қозон-тавоғингга  санқи пишаклар эга чиқиб кетмасин. Ҳидлаб қўйса, қатрон қилиш керак”.

Уй кийимидаги, қулоғи ғиппа бўғилгандай, кўзига нима кўринаётганини ўзиям билмаган, билмаётгандай, эшитаётганлариниям фаҳмламаётган келинчак Энамнинг олдида юзма-юз ўтирганини, бетма-бет турганини илкис англар, илғар экан босинқираган уйқудан қўрқиб уй­ғонган одамдай сесканиб кетади.

Энам келинчакни турли йўллар турланиб-тусланиб имлаётган, кўринган қоранинг гапига эргашиб бораётган хаёлини бир жойга келтирмоқчи, хаёлини тозаламоқчилар, чоғи. Ҳар доим шундай бўлган. Аразлашиб келганларга биринчи мана шунақа чаппа-чуппа гапларни айтадилар. Энамни тушуниш учун тинчлик керак. Ҳар тарафлама тинч­лик. Худди Ойқортоғнинг овозини эшитиш учун, чиройини кўриш учун, у билан жўра-жўра бўлиш учун тинч жойга чиқиб томоша қилгандек, тинч жой топиб гапини эшитгандек. Албатта, одамлардан  тинч жойни айтаяпман. Китоб тилида сокинлик дейди-ку, ана шу тинчлик керак. Товуқни катагига адашган итми, итдан қочган пишакми кириб қолгандай вағур-вуғур эмас.

Отинг нима эди?

– Янги жойга қадалган кўчат ҳам ўлдим деганда уч йилда ернинг суву ҳавосига ўрганади. Одам ҳам кўчатдай гап. Худо хоҳласа ҳа демай икки бешикни ўртасида чарчаганингдан тарракдай ухлаб қолмасанг, келиб бетимга туф дейсан, – дейдилар худди дугоналарига гапиргандай.

– Отинг нима эди?

– Боғдагул.

– Чиройли отинг бор экан. Чиройлигини қара. Китоб кўрган одам қўйган. Ўқимишли китоблардан олинган. Ҳидидан маълум. Ўғил туғаман десанг махсини ечма.  Душман оёққа қарайди. Одамнинг иккита душмани бўлса, биттаси совуқ. Совуқ оёққа ёпишади. Оёғдан олган совуқ йиқитмай қўймайди. Махсиям келинликнинг давлати. Кийишга етган, етмаган бор. Кийиш буюрилган, буюрилмаган бор. Ўзингни ерга урма. Лозими динкайиб, жияксиз липаси билан кавушини ораси бир қарич бўлиб очилиб, ширдайиб кўрингандан беўхшови йўқ. Сочи кўкрагини ўртасига тушгандан жаннатни иси келади. Бомдоддан қолма. Бомдодни қўйма. Хат-саводинг бор. Кунни бекорига кеч қилмай китоб ўқи. Кунни томошага чиқармаган. Ўқигандан зиёди йўқ. Саҳар турганга нима етсин, балажон. Художонни ўзи ҳар тонг саҳарга яқин осмондан тушиб тонггача “Тавба қилувчи борми-тавбасини қабул қиламан; истиғфор айтувчи борми мағфират қиламан, гуноҳини кечираман; сўровчи борми-сўраганини бераман”, деб турса. Бандаси ношукурлик қилмасин. Худони олдидаям уят. Ҳар куни эрталаб вахтли туриб, бет-қўлини ювгандан кейин хўжайини билан икки қўллаб кўришган аёлнинг гуноҳи қўллар орасида қум тўкилгандай тўкилиб кетади, деган машойихлар. Ман бир кўрсаводман. Раҳматли катта отангиз китоблардан ўқиб ўргатган гапларнинг эсимда қолганини айтаяпман… Кунниям бетини қаро қилма. Одамга қўшилиб кўрган куниям сўроқ беради. Эр-хотин иноқ рўзғорнинг итини ҳам кўзи ёнади… Бесаҳат одам билан бешохнинг фарқи йўқ…

Бесаҳат дегани қулоғига гап кирмайдиган, тўғри гапни тушунмайдиган дегани, буни ўзимдан қўшаяпман. Тушунмай қолманг деб. Ўрнига китобча гапларни қўшсам Энам гапирмагандай бўлиб қолади, шунга. Энам, қани балажон ёзиқларимизни бир ўқиб берингчи деганларида, ўқиб берсам, Энамнинг гапи эмаслиги билиниб қолади, шунга.

– Ўсмат ота ҳамманиям келин қилавермайди. Тақдирда нима бўлишини эгасининг ўзи ёзган. Андижондай жойдан келин бўлиб тушган бўлсанг, юрагингда вужур, ўт борки бир йигитнинг этагини ушлаб келибсан. Ҳамма аёл ҳам узоққа тушолмайди. Отангни уйи қаерда, гап қаерда. Итинг адашмаган бўлса керак. Андижондан ёмон одам чиқмаган. Одамни оти бир ёмонга чиқмасин, бузуққа чиқмасин. Эрдан чиққан аёлникига ҳар иккисиниям кўзи жизиллаб қараб туради. Эрдан чиққан аёлнинг бошига Пухордаги қарғаям келиб тезаклаб кетармиш деган эскилар. Элни яхшисидан ямони кўп, эҳтиёт бўл, ямонга қўшилма. Қайнатанг, қайнананг бор демаган тўйларга борма. Борсам майлими деб сўрамаям. Ўзлари, ўз билгича бор деганда бор. Дунёни аёли бир ерга йиғилгандаям бир пал шолини сувдан чиқаролмаган. Чиқара олмайдиям. Ювуқсиз оғизларнинг гапларига эргашма. Ўсмат отани келини деган отинг бор. Тортишгандан ямони йўқ. Тортишганга дунё ҳамиша тор. Тортишган ҳамиша ютқазади. Тортишув гуноҳдан бошқасига тортмайди. Пайғамбаримиз ҳам  тортишган одамни қиёмат куни шафоат қилмайман деганлар. Художоннинг одамлар ичида энг ямон кўрган одамлари  тортишган одам. Худонинг кунини Бисмилло билан бошламаган, кеч бўганда бошини ёстиққа Биру-Борсан деб топширмаганни бешох дейдилар. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин ювуқсизнинг кўзи тушган жойдан барака кўтарилмаса палакатнинг кўнгли жойига тушмасмиш. Эрта тур, ишларингни эрта кунда саранжомла. Биров қилиб бергандай бўлади. Зериксанг Энамни олдига борсам майлими деб уйдагиларингдан сўраб, олдимга кел. Одам одамга бегона эмас. Сан ҳам мани болам. Эрингга айт урчуқ олиб берсин, ўзим сенга  йигиришни ўргатаман. Кўз кўзга меҳмон.

ўириллаб айланиб турган урчуқ олача устига тап этиб тушади. Осилган нарсанинг оғирлигини кўтаролмай узилган арқондай. Думалаб эшик олдига боради.  Ирғиб туриб олиб келиб бераман. Энам кўнгилларига келганча узунликдаги ипни шарт узиб келинчакнинг олдига ташлайдилар.

– Маҳсини кийишингдан олдин ўнг оёғингни шиллагига бойлаб қўй. Ётга­нинг­даям ечма. Қўшилганингдаям. Бегона кўзга кўрсатма. Хўжайининг сўраса Энам берган дегин.

Кейин ўнг қўл кўрсатгич бармоқларини тилларига бир теккизиб намлаб, урчуқдан чуваланган ипга теккизиб намлаб, ҳанжаладан тушган ипнинг учини бошма-бош қилиб бош ва кўрсатгич бармоқлари ўртасига олиб товлаган, улаган бўладилар. Ипнинг улатқисини одам зоти тополмайди. Яна ўзини Энамни қўлида кўрган урчуқ ўпкаси тўлиб, кўкси тўлишиб, ҳишмаланиб яна қайта бошдан айланишни бошлайди. Қани энди унинг хурсанд бўлаётганини жонзотлар, жонлиқлар кўрса, билса. Гувуллагандан гувуллайди, гуриллагандан гуриллайди. Урчуқ айланиши билан баробар Энамнинг бошида айланган гап-сўзлар тилларига чиқади.

– Илонниям ини бузилмасин, қушни қўноғидан айирмасин. Ерда бузилган бир ватаннинг юки етти осмонни фаришталарига қўшиб бесаранжом қиларкан. Бу гаплар катта машойихларнинг гапи. Бизага ўхшаган мурри кампирлардан нимаям гап чиқарди. Этагинг болага тўлсин. Қишлоқнинг юзини ерга қаратма. Фалон қишлоққа фалон жойдан келин тушган экан сиғдиришмапти, деган сассиқ гап ҳаммагаям уят, – дейдилар-да ёнларида, бир четида ўроғлиқ турган идишни ўнг қўллари билан келин томон суриб қўядилар.

Ҳанжаладан чиқиб келаётган ипни товлаш учун урчуқни кўтарган чап қўллари баландда бўлади. Товланишдаги ипнинг маромга келганидан чиқарган овози эшитилгач, нафаси билингач ипни урчуғ белига ўраб бўлиб, дов-даскаларини этакларига олиб, эски дастурхонга ўраб бўлиб, келинчакни ўзларига яқин келишини имлайдилар. Хонада ўзи уччовимиз. Мен энг яхши кўрган жойим Энамнинг  елкаларига ташланган отамнинг эски чопонлари остида ўйнаб ўтирган бўламан.

– Тугунда ўғилтуғар. Ҳеч кимга кўрсатмай уйингга олиб бориб е, – дейдилар биров эшитмасин дегандек шивирлабгина. – Худо хоҳласа ўғилчали бўлганингда идишни чочаласи (сочала) билан қайтарасан. Унгача идишни санга бердим. Анавуни бу ёққа торт, – деганча четда турган дастурхонни кўрсатган бўладилар: – Қутлик уйдан қуриқ чиқма. Нонга қара.

Келинчакнинг кўзларидан ёш тирқирайди. Тили калимага келмайди. Силкиниб-силкиниб, титраниб-титраниб йиғлайди. Овоз чиқариб юборай-юборай  дейди-ю, уялади, чоғи.

– Бисмилло деб эшик ҳатла-да, сўрамасларидан олдин, Энамни кўргим келувди, бориб келдим дегин. Мендан ўтганни кечиринглар де-да, индамай ишингни қилиб кетавер. Жаркўча болаларинг қучоғини тўлдириб чангитишини кутиб ётибди, агар билсанг. Тур энди, жўна. Сен яхши одамнинг боласисан. Сендан яхши хотин чиқади. Ўзингни ўтга-чўққа урма. Биров сал хафа қилса Энамга айтаман де, мен рухсат бердим. Қишлоқни уятга қўйма. Уйига қайтиб бориб бирорта барака топган келин бўлса, мана, ман эшитган бўлардим. Ана, сой ҳам, – дейдилар деразадан Каттасойни кўз қирлари билан кўрсатганча.

Энамнинг хаёли Каттасойга энганда қушлар ҳам жим турадилар. Тек турадилар. Каттасой хаёли Энасойгача кетади. Эдил билан диллашиб, Ёйиққача ёйилади, ёзилади. Энасой бошланадиган Танг­ри тоғ қорларидан айланиб тушиб, Ой­қорнинг ой суратлиғ қорларига келиб дамсар уриб ўзига келмагунча ҳеч ким гап қўшмайди. Қуш ҳам, қузғун ҳам.

Энамнинг “политика”си

Келинчак катта гуноҳ қилиб қўйган ва гуноҳини ишонган одамига бир мартага айтмаса бўлмайдиган оҳангда калтачасининг киссасидан майда пул ва тангаларни чиқариб, қўллари қалтираб дастурхон четига қўйган  бўлади.

– Йўлга деб йиққан эдим, уйдагилар кўриб қолса хафа бўлишади… энди менга керакмас… мен ҳеч ёққа кетмайман…

– Мен бундан безорман, – дейдилар, пулни назарда тутиб ва хафа бўлмасин деб  келиннинг бетига бир қарарканлар. – Ана, пўстакни тагига таша…

Келинчак пўстакни кўтарганда бели боғлиқли, боғлиқсиз пулларга кўзи тушиб, хаёли баттар қочади. Уларни Энамни кўргани келган одамлар бекитиқча ташлаб кетишган. Энамдан хабар олиб, хайр­лашиб чиқиб кетишаётганда туфлиларини кийган киши бўлиб билдирмайгина оёқ учидаги пўстакни кўтариб остига ташлаб қўйишади. Пулларга фақат “қишлоқнинг тентаги” отлиқ Мардон тегина олади. Мардонни Энам яхши кўриб кетганларида: “Ҳа, Девонателпак, қийналмай юрибсанми, шоху бешох, қуш-қузғунни ичида”, дейдилар. Девонателпакнинг телпаги тугул ҳуши ҳам бошидан учгудек хурсанд бўлади.

– Эртага бир кун биров сендан неча эр қилувдинг, нечта уй солувдинг, гиламинг нечта, нечта тиллонг бор деб сўрамайди. Сўраса, нечта баланг бор деб сўрайди. Нимага тортишасанлар. Энди рўзғорни тортинглар. Хушу хурсанд ишинг­ни қилиб юрмайсанми, ўзингниям, бошқаларниям кўзини қувонтириб. Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кўтарилади, деган машойихлар. Жалойирниям  юзини ерга қаратма. Ўсматниям. Уч балани етти эрдан туққанлардан узоқ юр.

Энам ҳам, келинчак ҳам гап кимга тегаётганини бирдай биладилар. Мен ҳам. Келинчакнинг эгилган боши янаям хам бўлади. Келинчакнинг кўзида у ерга борганимни Энага ким айтди экан, деган хаёл ўтади. Энамнинг ярим эртак, ярим матал, ярми тошойна, ярми музойна гаплари давом этади: 

– Бир қиз бир йигитни  ёқтириб бир катта шаҳарда бир катта дарахтни соясида ўтиришганда йигитни қулоғини тортиб ўйнаган қиздек хуш-хурсанд юрмайсанми, – дейдилар Энам китоб ўқиётгандек, бироқ кўзларини юмиб ип йигирганларича.

Келинчакнинг хаёли паққос тан беради. Боя йўлда келаётганда катта толнинг остида  ерга тўкилган сапсариқ гулларини босиб ўтаётганда, Тошкентда ўқишда юрганда “бир қиз бир йигитни ёқтириб” қолганини, қиз йигитнинг ҳазиллашиб “қулоғини торт”ганини эслаб аввал энтикиб, ютиниб, кейин “бўлган бўлса бўптида энди” деганча ўзидан ўзи ғашиққани кўз ўнгидан ўтаркан. Энамнинг олдида ҳар нарсани ўйлайвермаслик кераклигига ақли етиб қолади.

– Аёлнинг рўзғорига меҳри ўчоқ бошини тоза тутишида, итнинг ялоғига қарашида билинади. Қўқиган жойга фаришта қўнмайди, – дерди Энам. – Итининг ялоғини тоза тутмаганнинг ўчоқбошисиям гўрам бўлмайди.

Келинчак чиқиб кетарда “Яхши билмайман”, дейди. Энам:

– Қайнанангга айт, ўргатсин. Ўргатганимдай қилиб ўргатсин. Куни кеча қачон балалик бўларканман, деб ҳу-ҳулаб, кўзи кўчага сув сепиб юрувди, бугун катта хотин бўлиб қоптиларми? Бировни баласини сарсон қилишдан уялмадиларми? Дунё қайтар дунё, нима эксанг шуни ўрасан. Ҳаммаси олдингдан қайтади. Қайтмагани қолмайди. Беайб Парвардигор. Ҳаммаям… айбдор, керак бўлса, аввал ўзидан қидирсин. Ўзини ёқасини ҳидлагани маъқул. Энам ўргатгандай қилиб ўргатар экансиз, десанг ўзи тушунади. Тушунмайгина қолсин…

Биламан, бу гаплар келиннинг қайнонаси ҳақида. Бу гапларни келин қайнонасига айтолмайди. Лекин, хабар топганини кўз кўзга тушганда қайнона деган илғасин деб айтаяптилар. Энам, Мардоннинг тили билан айтганда, политика қилаяптилар. Қайнонаям уйида ўтиргани билан гапларни эшитгандан зиёд билиб турибди. Уй тугул ҳовлигаям сиғаётгани йўқ.

Келинчак уйда бешикка белаб келган боласи уйғониб йиғлаётгандек ўрнидан туради. Ҳали чапу ўнги йўлга тушиб кетмаган келинлик калишиниям ўнги-чапига қарамай оёғига илдирганча жўнайди. Қўйнида янги сурпга ўралган идиш. Қулоғида Энамнинг гаплари. Эсимдан чиқмай бирор жойга ёзиб қуяй деган хаёлда бўлади. “Аёл киши эрталаб туриб, юз-қўлини ювиб…”

Табассум таҳоратни бузмаган

Келинчак Ойқортоғнинг булбуллари китоб ўқишидан олдин туради. Қўл-бетини ювиб, ҳовли-ю бўсағани супуришга чоғланади. Ҳар турли уйқусираган қушлар супургининг бир маромда бориб-келиши овозидан уйқулари қочади. Келинлик маҳси-ковушининг “тановари”га маст бўладилар. Келинчак келин бўлиб тушганда катта бўсағада куёвнинг ортидан изма-из босиб оловни айланган ўринларга кулиб-кулиб қарайди. Биров кўрадиям деган хаёлгаям бормай куёвини орқасидан эргашган изларини оёқ учида бирма-бир босиб айланади. Қизиқ, ўшандаги излар ҳалиям ўчиб кетмаган экан. Шунча ўтиб-қайтиб кўрмаганини қаранг.

Келинчак елкалари узра Энанинг гаплари сирдош дугонадай эргашгани эргашган. Сочларига осилишиб олгандай ҳам. “Хотин – эрнинг жойнамози”. Одам бир вақтлар бўлиб ўтган бирор гапни эслаб, эслаган гапидан ўзи уялиб кетишини ўшанда билган. Қизариб кетган юздаги табассумининг, жилмайишининг чиройлилиги ўзига кўриниб кетиб, ўзидан уялиб  кетади.

Дераза ортидаги эркак

Бир неча кундирки, хотинининг саҳар мардондан махси ковушда ташқарига чиқиб кетишидан, ишларини қилиб бўлиб, қайтиб келиб кўзига тик қараб салом бериб икки қўллаб кўришишидан, кун бўйи тандирхонадан, ўчоқ бошидан чиқмаслигидан, итни ялоғини қайта-қайта ювишидан, уйқудан олдин елкадаги сочни, бўйнига етмаётган сочни қайта-қайта бўйнига ўрамоқчи бўлаётган, калталик қилиб етмаганидан ўролмагач, сочининг учига қаричини улаб кўксига қўяётганидан  хавотирга тушган, дераза ортидан, уй ичидан, пардани сал суриб қараб турган эрнинг ранги-қути ўчади. Бу туришда хотини ўзини ўзи бир нарса қилиб қўймаса гўрга эди. Ўзини бир нарса қилиб қўйган келинчакларнинг эрини қамаб қўйишларини эшитган, кўрган. Айниқса, хотини ўзини бир нарса қилишдан олдин ёзиб кетган хатлари топилгандан кейин. Кетганнинг йил оши ўтган бўлсаям, терговга фарқи йўқ экан. Тиззаси дераза токчасига тўшалган газетага тегиб кетиб, газетага қўшилиб тушган икки буклоғлик хатга кўзи тушаркан сесканиб кетди. Очиб кўрганди совуқ тер босди. Ёзув таниш. Талабаликдан таниш. Бир вақтлардаги ўлдим-куйдимига сув сепган ёзувлар. Энди бира-тўла жинжай қилади чоғи… Аввал ўпка оғизга  келиб тиқилди. На бир ютум ҳаво ичкарига киради, на чиқади. Кейин кўз кетди. На кўз кўради, на кўрганини илғайди. Кейин қўл-оёқ бирдан бировникидай ўзи билан ўзи бўлди-қолди…

Худди холини ҳамма кўриб тургандек, улардан бекинаман, панага ўтаман, юраман деб кўрувди, оёқ-оёқдан ўтмади. Ўткизмади. Қотди-қолди. Бир гал Айдаркўлда чўмилганда шундай бўлувди. Икки оёқ орасидан ўтган илонни ўшанда кўрганди. Ҳозир эса ҳеч нарса кўринмаган бўлса-да, қулоқлари остида хавотир вишиллаб ўтгандек. Йўқ, вишиллаб  тургандек. Кетмаётгандек. Кетишни хаёлигаям келтирмаётгандек. Ўнг қўлидаги хатнинг бир четини чап қўли билан ушламоқчи бўлиб хатга узанганди қўлни ўзи эмас, бошқа биров бошқараётгандай икки кўзи бақрайди-қолди. Эсидан ажралаётганини илкис илғади. Қўрқувнинг кучини шунда сезди. Эси борида ўнг қўлини йиғиштириб олмоқчи бўлганди, бунисиям бировникидек. Қўлнинг, бармоқларнинг учи, тирноғининг тошга қарсиллаб урилиб оғриганиниям билди. Жони ачиб оғриди. На оёқ, на қўл, на тил, на кўз, на хаёл аввалдан унга тегишли эмаслигига,  бериб қўйилган омонат эканлигига иқрор бўлди. Туюнди. Кўпи кетиб ози қолгандай туюлди… жойида серрайди – қолди…

Дераза ортидаги Ҳаёт

Худо меҳрибон бўлди… деразани илкис ва овозсиз очган шамол бетига совуқ урди. Қўйворди. Аввал кўз кўрди. Кейин ёзувларни ўқишга ақли етди. Хаёли ил­ғади. Кўзи ўтди. Ақли етди. Пўст ташлаган илондай енгил тортди.

Хотини қаердандир кўчириб олган ёзув. “Эрта туриб бет-қўлни ювиб эрига икки қўллаб салом берганниям…” Хатни яна бош-оёқ қайта ўқиб, жойига, дераза токчасига тўшалган газета остига қўйганча  бир муддат серрайиб, кейин нимага бундай турганига ўзи ҳайрон бўлди.

Келинчакнинг тош териб ўтириши, букилган қўштизза оёқларини бир ёнга салгина ташлаб ўтириши куёв бўлмишнинг хонумонини куйдириб юборади. Дераза ортидаги ҳаёт кўзига жаз этиб урилди-да, бўз боладек беҳуш қилди-қўйди. Ҳовлига ошиқди. Талабаликнинг телбалиги қайтиб келгандек бўлди. Худди келин келганда олов айлангандан кейин келинни азот кўтариб айвонга олиб боргандагидек кўтариб жўнайди. Бу сафар энди шипирги-пипиргиси билан қўшиб. Бу сафар энди айвонгача эмас. Бу сафар  энди нақд ўзларига ажратилган хонагача. Бу сафар энди чимилдиқ тортилган хонагача. Бу сафар энди пардаларни ўзи зич ёпади. Кунни томошадай эмас, байрамдай ўтказишни ўзлари билиб-билмай бошлайдилар. Келин-куёв аввал “ойна кўрсатар” ўйнайдилар, кейин, “келиннинг қўйнига тухум солар”, кейин “кампир қўрқитар”, кейиндан кейин “маҳси ечар” дегандек… маҳсисини ечолмаган, ечишга қўрқибгина турган келиннинг кўнглини олиш йўлида “ширин чой” тутиб, “соч сийпатар”дан кейин ҳам маҳсини ечишга кўндириш осонми… яна тўпиғи устида Эна берган ип боғлоқлиқ оёққа кийилган маҳсини… Аёлнинг чиройлисини жандани ичида кўр… Кўр.

Ой ёруғида, эгаси бекасини кўтариб бораётган қўшсояга кўзи тушган итнинг ўтакаси ёрилади. Итлигига бориб нима бўлаётганига ақли етмай шошган Олапар вовуллашиниям, ялтоқланиш ё қочишиниям  билмайди. Бойқадам бўлгилари келиб кетади.  Бойқадам унинг кучукликдаги оти. “Вов” деб қўйса, балога қоладигандек, демаса итлиги қаерда қоладигандек. Шунча йил ит бўлиб бунақасини кўрмаганди. Ҳовлининг у бошидан бу бошига бирда икки оёқлаб ирғиб-ирғиб, бирда тўрт оёқлаб сакраб-сакраб югуради. Тутагандан ичи тутайди. Ёнгандан кўзи ёнади. Итнинг кўзлари ёнганини ҳамма кўради. Фақат икки қўли билан  бетини, йиғлаётган кўзларини ёпиб олган, куёв қўлида кўтариб борилаётган келинчак кўрмайди. Итнинг ҳансирашидан кўзини ёнганини кўрганлардан зиёд кўргандай бўлади. Қўлларини бетидан олишга уялади. Ҳовлидаги дарахт шохларини қўноқ қилган бир гала товуқнинг ўртасига кириб олган хўроз бошлиқ мокиёнлару қишлоқнинг хўрозли катаклардаги   кун ёришмаса кўзи кўрмайдиган, шабкўр товуқлар Олапарнинг ўпкаси оғзига тиқилган югур-югуридан бесаранжом бўлиб ғурт-ғуртлашади. Хўрозсиз катакларнинг дами чиқмайди. Қўшнини хўрозидан бўлсаям дон еб юрган товуқларнинг овози дадил чиқади. Қишлоқнинг тили узунлари Боғдагулнинг “Маҳсилик келин” отини олганидан энсалари қотади: “Нима биза маҳси киймай нима кийган эканмиз”, деганча ғуртиллашади…

 

Боўда гуллар орасида

Ер энди кўкланаётганди…

Беланчак осган ой оғзининг бир чеккаси билан кулибгина қўяди. Ой беланчаги Ойқорнинг ой суратлиқ минг-минг йиллик қори билан тенг турганидан қўшбеланчакдек кўринади…

Жаркўчанинг димоғи чоғ, хурсандчилиги ҳеч бир ерга сиғмайди. Бир қўлида папалаб тозаланган бир тугун юнгни кўтарган, бир қўлида қайнонаси ювуқсизнинг кўзи тушмасин деб бир парча сурпга ўраб берган урчуқни тўғри кўтардимми, чаппа кўтардимми деган ўйда қайта-қайта урчуқ бошини кўкрагига босиб-босиб текшириб бораётган келиннинг йўлига чиққанларнинг бутини осмондан келтиришдан тоймайди. “Тановарли” маҳси-ковуш  изларини янги изчалар босганигача, қаватида пилдирашиб из қолдиришларигача асраб қўйишига ўзи-ўзи сўз беради. Қўйнига яширади… кўкайига беркитади… ювуқсизлар назари ҳеч қачон тушмайдиган кўнглига кўмибгина қўяди…

Жаркўча елкасини босиб ўтган ҳар бир изнинг дарду дунёсини билади. Яхшисиниям, ёмониниям. Қизалоқлигида, етишмовчиликдан қизалоғи отасига мўлтираб айтолмай, отаси қизига мустариб дами ичида ироқи дўппига етишолмай ўтиб кетган болалигини эслаб, қўмсаб, ўксиниб болалари бир-бирини қўлини ушлаганча етаклашиб, қизларининг бошидаги ироқи дўппиларга қараб-қараб, атрофида бир нарса ғилтиллаб айланган кўзини болаларидан яширибгина эргаштириб, етаклаб, бети кулса-да, ичи тўкилиб бораётган, ота уйига меҳмонга келаётган хотинларнинг хаёлинигина кўтара олмайди. Ўзини оёқлар остига таппа ташлайди.

Дераза ортидаги юлдузлар

Қадим ва сокин эски таниш – қорашом энади. Оқшомга ҳали бор. Юлдузлар сирларимни айтсамми, айтмасами деган ўйда турган дугоналардек туюлади. Хаёли хаёлига гап қўшдими,  эригами униям билмайди: туннинг чиройлилигини қаранг. Боя Ойқорга салом берувди. Тоғ саломига жавоб қайтаргандай, жавобни илғагандай бўлганидан сесканиб кетди. Боя шамол тоққа қараб эсаётганди, энди тоғдан эсаяпти. Шамол тоғдан эсганда яхши бўларди, деб ўшанда хаёлидан ўтказганди-я. Дарров қайтиб келипти. Тоғ томон бир бориб келган таниш шамол рўмолидан чиқиб пешонасига тушган сочини ўйнаб эрининг бет-у кўзига урганидан, эрнинг икки қўли бандлигидан бир тутам сочни тишлаб олганиданми, иссиқ нафаслар учрашганиданми ичи ёришиб кетди. Кўз ўнгидан Олапарнинг хурсандлигидан ҳаллослаб, оғзи очилиб, бир  қарич бўлиб чиқиб, ақли шошганидан йиғиштиролмай қолган тили, чақнагандан чақнаган кўзлари ўтади. Ҳали мағзини чақа олмаган бўлса-да, икки елкасида Энанинг гаплари: “Итнинг нияти ҳамиша яхши. Ит эгамнинг боласи кўп бўлсин, бири бўлмаса бири нон опчиқиб беради, қанча кўп бўлса шунча яхши, қўлларидан нон олиб ейман, дер экан… эгасини эгарига қараб итини ҳурмат қилган кундан асрасин…”.

Таниш-нотаниш, катта-кичик юлдузлар дераза ортида тизилишганча мўралашади. Зуҳро бир тароқ ўзининг, бир тароқ дугоналарининг сочини тарайди. Бетма-бет тикка турғизиб қўйганча Ойни ойна қилиб олган бўлади. Юрагида ғужури бор дугоналардан биронтаси бирон узоқроқ жойга тушади, чоғи. Муштарий ўша-ўша: хат-қалам юритади. Элнинг оғзидан эшитганини бир бўлак, кўрганини бир бошқа, ўзидан қўшганни бир қўш. Эгизаклар бежағимлигини қўймайди. Қулоғига гап кирмайди. Минг гапирганинг билан бунисидан кириб унисидан чиқиб кетади. Бир-бири билан итолиш ўйнагани-ўйнаган. Кундузлариям бир кўзлари деразада. Хабар кутиб, хабар пойлаб. Юлдузлар ҳамма балони  билади.

Ойқор келинчакдек бош-оёқ оққа ўранган. Ер энди кўкланганди… кўкланади… бор бўйига бўзалам тортади… тоғ-у тош, қир-у ўр, тўр-у гўр демай бўз аламини тортади… Вақту соат шошмайгина, буюрилганидай, йўриғидан адашмай мол араламайдиган, одам оёғи ойда, йилда бир тегадиган, бироқ борар жойлари бўлмиш Ўсмат ота қаватидаги пасту баландларнинг чаккаларига чечаклар тақади. Бу сафар бойчечакларни укам ва икки жўрам билан бирга кўрганман. Чечаклар бизни, биз чечакларни кўрганимиздан хурсанд бўламиз. Жўраларим таниш бойчечаклар энсаларини қитиғлаб қўйишади. Лекин юлмаганмиз. Энамга бойчечак келганини айтишим керак. Ўтган йили айт­ганимда “гул вақтиям ғанимат” деб Каттасойга қарагандилар…

(Ҳикоя қисқартириб босилмоқда.)

Баҳодир ҚОБУЛ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг