Овоза

Сўнгги пайтларда кино санъатимиз ҳақида танқидий мулоҳазалар кўп айтилаётир. Бунинг сабаблари ҳақида ўйлайман. Эҳтимол, фильмларимизнинг аксарияти заифдир… Ушбу соҳани тадқиқот объекти сифатида ўрганиб келаётганим сабабли бундай фикр мунозарали, деб биламан. Янги шароитда фақат давлат студияларигина эмас, хусусий киностудиялар ҳам фильм яратиш имкониятига эга бўлгани туфайли ишлаб чиқарилаётган фильмларнинг сони кескин ўсиб кетди. Ижодий ва техник кадрларнинг сони эса аксинча. Шу боис ҳаваскорлик даражасидаги асарлар ҳам экрандан ўрин ола бошлади. Бу соҳада ўзгариш бўлиши хусусий кинонинг давлат киносига яқинлашуви, ягона комплексни ташкил этиши ҳамда ёш истеъдодларнинг кино даргоҳларига кириб келиши билан боғлиқ (АҚШда шундай бўлди: Голливуд “мустақил кино” билан бирлашди).

Ўзбек кинематографияси ҳақида тусмол билан айтилган фикрлар тарқалишига яна бир сабаб бор, чамамда. “Ўзбеккино” маҳсулоти кўпчиликка етиб бораётгани йўқ. Барча шароитлар яратилаётганига қарамай, ижро нуқтаи назаридан кинотеатрларнинг, уларнинг аввалги обрўси ҳам тикланишини, фильмларни ижарага бериш муассасалари таркибини, ишлаш тартибини қайта кўриб чиқиш зарур. Тарғибот масалалари ҳам қониқарли эмас. Бу ўринда ўнлаб фильмларнинг номларини келтириб, улар газета ва журналларда, телевидение ҳамда радиода таҳлил қилинганми, малакали изоҳ билан таъминланганми, деб савол берсак, ижобий жавоб олишимиз гумон. Бир-икки мисол келтирсам. “Ёлғиз ёдгорим” бадиий фильми (муаллиф Ҳ.Султон, режиссёр С.Назармуҳамедов) миллий кинематографиямизнинг мустақиллик даврида яратилган, ўзбек толерант­лигининг кўркам, теран ифодасини мужассам этган асар. Бу асар телеэкран дастуридан ўрин олиб туриши, мутахассислар, аввало, ижодкорлар изоҳи билан таъминланиши керак эмасми? Муаллиф-режиссёр Ё.Тўйчиевнинг бир-биридан ўтадиган “Илова” ёки “Сукунат” асарларини кўрганмисиз?.. Бу каби саволларга жавоб бериш учун социологик тадқиқотлар олиб борилиши, электр ҳисоблаш машиналар кўмагида рақамларни қиёслаш, илмий хулосаларга йўл излаш керак. Каминага кино маҳсулотлари ҳақида салбий фикр билдирган икки журна­лист­га ўнта фильмнинг номини айтдим. Уларнинг бу фильмларни кўрмагани маълум бўлди. Бундай ҳол бир неча бор қайтарилди. Фильмларни кўрмай, ўрганмай туриб бадиий ижоднинг катта соҳасига баҳо бериш адолатдан бўлмас. Бундай мулоҳазалар билан миллий кинематографиямизни оқлаш, унга мадҳия ўқишни ният қилмаяпман. Ҳал этилишини кутаётган масалалар кўп, албатта. Лекин ютуқлар билан фахрланишимиз, уларнинг қадрига етишимиз ҳам керак.

                                                                             

Кино ҳақиқати

“Берлин – Оққўрғон” компози­ция­си анча мураккаб, воқеаларга, рамз­ларга бой асар (муаллиф-режиссёр З.Мусоқов). Уларни англаш, идрок этиш учун тайёргарлик кўриш керак. Эстетик тамойиллар билан қуролланиш, айниқса, кино поэтикаси, монтажнинг хилма-хил, баъзан мураккаб йўллари ҳақида мушоҳада юрита билиш лозим. Фильм қаҳрамонлари турли замон ва маконда ҳаракат қилади. Бизга яқин ва эъзозли Оққўрғон ҳамда 75 йил муқаддам жангу жадал, адолатсизлик ҳукм сурган Берлин, тарихий шахс­лар, оддий фуқаролар узлуксиз намоён бўлиб, ўн йилликлар давомида рўй берган фавқулодда ҳодисалар, кундалик ҳаёт оқими бир-бирлари билан тўқнашиб, бири иккинчисини изоҳлаб, тўлдириб, муаллиф-режиссёр тасаввуридаги анча мураккаб шаклни ташкил этади. Ўтмишдан сақланиб қолган, ҳозирги “рақамли тасвирга” ўрганиб қолган томошабинга эриш туюладиган хроникал кадрлар киноҳикоянинг ҳаётийлигини таъкидлаб тургандек. Монтажнинг анъанавий йўлларига – кадрлар мазмунан ва мантиқан асосланган ҳолда бир-бирига уланишига ўрганиб қолганлар қисқа монтаж жумлалари бир-бирини фавқулодда “кесиб ўтиши”, воқеа ниҳоясига етмай қолишига кўникиши осон бўлмас. Шу боисданмикин, режиссёр кадр ортида сўз айтишга эҳтиёж сезган. Лекин тасвирга ҳам, сўзга ҳам бой “Берлин – Оққўрғон” фильмида эпик воқелик, унинг тасвирий ифодаси кадр ортида ҳам изоҳланиб боришига зарурат йўқдек кўринди. З.Мусоқов фильмида ижро ифода воситаларидан бири сифатида хизмат қилади. Малакали актёрлар ҳар лаҳзада персонажнинг бирор ҳолатини кўрсатади, режиссёрнинг қатъий талаби, кўрсатмаларини бажаради ва бу композициянинг салмоқли бир қисми сифатида гавдаланади.

“Акахон” деб номланган киноқиссада эса актёрлар роллар устида бевосита образ яратадиган ижодкор сифатида ишлаганлар. Айниқса, бош қаҳрамон образини яратган истеъдод соҳиби Фахриддин Шамсиматов ижрочилик техникасинигина эмас, теран руҳий ҳолатларни эҳтиросли тарзда кўрсата олди. “Акахон” лақабини олган, кўз илғамас ўша қаҳрамон ҳолатига кириб, халқаро бизнесда ном чиқарган шахснинг драмасини экраннинг юксак талаблари даражасида гавдалантирди. Режиссёр Мирмақсуд Охунов яратган уюшқоқ актёрлар ансамблида Ф.Абдуллаев (ҳайдовчи, бош қаҳрамоннинг доимий ҳамроҳи), Н.Каримбоева (марказий қаҳрамон, рафиқаси), ҳатто эпизодик ролларни ўйнаган (С.Мухтор, Р.Саъдуллаев) актёрлар сценарийда тасвирланган образларнинг ҳаётий ифодасини таъминлаганлар. Бундай теран, қамрови кенг, бадиий тили бой асарнинг пайдо бўлишида, аввало, ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг характер яратиш, у билан боғлиқ медиамуҳитни тасвирлаш борасидаги хизмати катта. Кинога адибнинг кириб келиши, ўзининг катта адабиётда орттирган тажрибасини олиб келиши, экран санъатининг эстетик, техник имкониятларидан хабардорлиги миллий кинемато­гра­фия­мизда мукаммал асарлар яратилишида ҳал қилувчи омилдир.

Чингиз Айтматов ижрочилар яйраб ўйнаши, насрий асарлар қаҳрамонлари экранда рўй-рост гавдаланиши учун кино санъатига пухта замин яратиб кетган. Бироқ барча қалам соҳибларининг асарларини “кинобоп” деб бўл­май­ди. Масалан, буюк Э.Хеменгуэйнинг асарларини. Шу боис ўлкамизда адибнинг “Сарвқомат дилбарим” асари экранлаштирилишидан хурсанд бўлиш билан бирга хавотир олдим. Шу дамгача бу асар асосида уч марта фильм суратга олинган, бироқ бирортаси оригинал қисса даражасига кўтарилмаган. Масалан, туркиялик ҳамкасбларимиз қиссани экранда оддий мелодрама сифатида кўрсатганлар. Довон ошиш билан боғлиқ сюжет йўли сценарийга кўчмаган, бинобарин, суратга ҳам олинмаган. Машҳур турк актрисаси, продюссер Туркан Шорай Асал роли устида катта қизиқиш билан ишлаганини завқ-шавқ ила бизга сўзлаб берган, ўша “Қизил дуррача” фильмида ўраган рўмолини ҳадя этиб: “Биз томошабинга қандай томоша кераклигини ўрганиб борамиз. Мелодрамани хоҳлашяптими – шу жанрда яратамиз фильмимизни, деб қарор қилган эдик. Қаҳрамон давон ошадими, катта автомобилни бош­қариб борадими, йўқми, бу тафсилотлар томошабинни қизиқтирмайди”, деб ўзининг мелодраматик сюжет билан боғлиқ бадиий концеп­ция­сини ҳимоя қилгани эсимда. Янги ўзбек – қирғиз фильмида ҳам шундай йўл тутилган.  Аслида довонни биринчи бўлиб забт этган Илёснинг жасорати билан бирга ўша юксак тоғлар, дала-дашт, эримайдиган қорлар маконидан етиб келадиган мусаффо ҳаво тўлқинлари тинимсиз эсиб турадиган ўлка — иродали қиз Асалнинг ватани. Уни бу заминдан ажратиб олган ҳолда тасвирлаб бўлмайди. Шу боис бир-икки образ, эпизодларни истисно қилган ҳолда, қиссанинг жозибаси, чуқур лиризми, ижтимоий юки эмас, икки субъектнинг — Илёснинг саргузашти, қиссадан ўрин олмаган кафеда мастона ҳолатда рақс тушишлар, интим муносабатнинг умумий кўринишлари, Илёснинг “хотинимга қайтадиган бўлдим”, деб Хадичага айтиши биринчи планга чиқиб қолади. Адолат юзасидан эътироф этиш керакки, салбий образ – Хадичанинг сюжет йўли, ижроси нисбатан батафсил кўрсатилган. Бу лавҳаларда бир томондан, эҳтирос, иккинчи томондан, иккиланиш ҳис-туйғулари сезилади.

Сценарий, фильм ҳамда қиссанинг драматургик қурилмаларига тўла қиёсий таъриф бериш имконига эга эмасмиз. Ҳар қалай, мустақил адабий асарни экран тилига кўчиришда матн­га нисбатан сергак бўлиш, уни авайлаш, таркибидаги бирор воқеа, юки бўлган кўриниш, манзарани суратга олиш имкони бўлмаса, унга тенг келадиган эквивалент излаш зарурлиги амалиётда тасдиқланган, назария­да асосланган.

Актёрлар ижроси ҳам эътироз уй­ғотди. Бойтемирни ўйнаган актёрга ёқимтойлик, чеҳрада товланиб турадиган меҳр-мурувват хислатлари етишмайди. Дастлабки кадрларда Асалнинг хушкайфияти, самимиятини, содда тоғ қизини таърифлай олган қирғиз ижрочиси Мадина Толипбек қизига драматик саҳналарда юрак изтиробларини, мураккаб кечинмаларни кўрсатиш оғирроқ кечгандек кўринди. Бош қаҳрамон Илёсга (актёр Адиз Ражабов) ажратилган адабий материал актёрни чеклаб қўйгандек, назаримизда. Шу боис унинг сўнгги кадрларда чўкка тушиб юк машинасига қараб ўтириши, куни кеча севиб, тўй-томоша қилиб уйланган Асалга муносабати — фавқулодда совиб қолиши асосланмаган. Аслида бу катта юк машинасини фильмда бошқа (енгилроқ, арзонроқ, суратга олиш осонроқ) автомашинага алмаштириш ҳам мумкин эди. Чунки фильмда бу техник воситанинг юки (сўзнинг том ва кўчма маъносида) йўқ…

Бугунги фильмларда кино муҳити ўз аксини топаётганини уч янги экран маҳсулоти мисолида кузатдик. Бири теран фикрни, ҳис-ҳаяжонни, экранда мужассам этадиган шакл, ифода воситаларини излаш жараёнига мисол бўлса, иккинчиси воқеликни кенг қамраб олиб жўшқин ижро, ёрқин тасвир(жумладан, мажозий маънодаги кадрлар)да кўрсатиш, адабиёт, унинг йирик вакиллари тажрибасига таяниш самара беришини исботлади. Учинчи фильм эса, адабиёт қонуниятларига биноан ёзилган асарни экранга олиб чиқиш қанчалик мураккаблигини яна бир бор эслатди.

 

Ҳамидулла АКБАРОВ,

профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг