Хазиналар маскани (2019 йил, 7 сон)

163

Ўзбекистон давлат Санъат музейининг юз йиллигига бағишланган  “Сирли авангард” номли  кўргазма очилди. Тадбирда таниқли музейшунос олимлар, санъаткорлар, рассомлар, халқ усталари,  элчихона ходимлари ва кенг жамоатчилик иштирок этди. Маросимда сўзга чиққанлар Марказий Осиёдаги энг йирик музейлардан бири бўлган  мазкур санъат маскани юз йиллик фаолияти  давомида    маданият ва маърифат тарқатувчи  илғор илмий марказлардан бирига ҳам айланганини таъкидладилар.

— Мазкур музей  ҳозирги кунда жаҳондаги энг машҳур музейлар қаторида туради, — деди таниқли олим Эдвард Ртвеладзе. — Музей Ўзбекистон Республикаси маданияти ва санъатини тарғиб этишга, кенг жамоатчиликни мамлакатимиз ва жаҳон маданияти дурдоналари билан таништиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Дарҳақиқат, ўз фаолиятини тўрт юздан зиёд шахсий тўплам билан  бошлаган музейда  ноёб  экспонатлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. 1974 йилдан буён музейнинг фаолияти   мустаҳкам қурилган, барча шарт-шароитларга эга  замонавий бинода давом этди.  Нодир жамғармалар тўпламларини сақлаш учун махсус хоналар  ажратилди. Бинонинг биринчи  қаватидан  маърузалар зали,  бадиий салон ўрин олган. Ўзбек меъморчилик санъати намуналари билан безатилган фойеда томошабинлар экспозиция билан танишиши учун  қулай шароит мавжуд. Музейнинг юқори қаватларида жойлашган намойиш залидаги эллик олтита хонадан  асосий кўргазмалар ўрин олган. Томошабинлар  қадимий санъат асарлари, турли  мамлакатларнинг амалий санъати  намуналари  ҳамда   ўарбий  Европа ва россиялик рассомларнинг ҳам ноёб асарлари билан танишадилар. Музей жамғармаси  авангард йўналишидаги ноёб асарлар  коллекциясига эга.

“Сирли авангард” экспозицияси кўргазма залларини безаб турган Р.Фалькнинг “Уйлар ва тоғлар”, А.Лентуловнинг “Кўприкдаги поезд” картиналари, шунинг­дек, Л.Попова, П.Кандинский, А.Экстер, А.Осмеркин, К.Малевич сингари ижодкорларнинг  асарлари авангард йўналишининг ёрқин намуналаридир. Мамлакатимизда яшаб ижод қилган А.Волковнинг “Ўзбек байрами”, О.Татевосяннинг “Қовун бозори”, Н.Караханнинг “Патефон тинглаш” каби асарлари миллий руҳиятга йўғрилгани билан диққатни тортади. Ҳунармандлар яратган палак, чойшаб, чинни буюмлар, турли безакли паннолар, кўрпа-ёстиқлар, бош кийимлар нафислиги билан томошабинларга манзур бўлмоқда.

Тадбир доирасида  “Ўзбекистоннинг жаҳон тўпламларидаги маданий мероси” лойиҳаси асосида чоп этилган “Ўзбекистон давлат санъат музейининг тўплами”  китоб-албомининг, шунинг­дек, музей коллекцияси ҳақида видеороликнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда музей иши ривожига ҳисса қўшган ходимлар, санъатшунос олимлар ва жамоат арбоблари тақдирланди.

 

С.ҚОСИМОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг