Бобур ижодининг олмос жилолари (2019 йил, 7 сон)

1

Истиқлол йиллари ўзбек адабиётшунослигида навоийшунослик билан бир қаторда янги илмий тармоқ — бобуршунослик ҳам узил-кесил шаклланди. XIX асрдаёқ ўарбий Европада пайдо бўлган ва XX асрда ривожланиш босқичига кирган бобуршунослик илми энди нафақат шаклланди, ҳатто бу соҳада “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” (“Шарқ” НМАК, 2014, 2017) ва “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Библиография” (Москва, 2016) сингари фундаментал нашрлар ҳам дунё юзини кўрди.

Бобур таваллудининг 330 йиллиги тантаналарида халқаро анжуманга қатнашган жаҳоннинг машҳур бобуршунослари Эйжи Мано (Япония), Магда Махлуф (Миср), Азиз Қаюмов, Саидбек Ҳасанов (Ўзбекистон), Мансура Ҳайдар (Ҳиндистон), Ильза Сиртаутас (АҚШ), Рамиз Аскер (Озарбойжон), Билол Южел (Туркия) бобуршунослик илмининг маркази Ўзбекистонга — Тошкентга кўчганини бир овоздан эътироф этдилар. Бу соҳада Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раёсати ва раиси Зокиржон Машрабовнинг алоҳида хизматлари борлиги қайд этилди.

Ўшандан буён ҳар йили бобуршуносликка доир юзлаб мақола ва ўнлаб рисола, монография ёзилиб нашр этилмоқда. Жумладан, 2017 йили Бобур таваллудининг 535 йиллиги олдидан ўтказилган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро анжуман ва унинг материалларининг “Бобур абадияти” номида нашр этилгани ҳам бобуршуносликдаги муҳим воқеа бўлди.

Ўтган йилги — Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллигига бағишланган Мирзо Кенжабекнинг “Мубаййин” ва “Волидия”га доир янги тадқиқотлари ва таниқли бобуршунос Ҳасан Қудратуллаевнинг “Бобурнинг адабий-эстетик олами” (“Маънавият” нашриёти, 2018) монографияларининг чоп этилгани ҳам илмдаги сезиларли ишлардан бўлди.

“Бобурнома” қомусий асар бўлгани учун ўнлаб фанлар маълумотлари сақланган хазинага ўхшайди. Бу хазинага адабиётшунос кирадими, тилшунос бош суқадими, тарихчи варақлаб кўрадими, ҳар гал ўзидан олдинги тадқиқотчининг кўзи тушмаган янги-янги маълумотларга дуч келаверади.

Биз қуйида филология фанлари доктори, профессор Ҳасан Қудратуллаевнинг “Бобурнинг адабий-эстетик олами” асари ҳақида сўз юритамиз.

Ҳ.Қудратуллаев бу китобигача Бобур ва “Бобурнома” хусусида кўп китоблар ёзди. Ўқувчилар, айниқса, унинг “Бобурнинг армони”, “Бобурнинг давлатчилик сиёсати ва дипломатияси” китобларини севиб мутолаа қилганлар.

Тадқиқотчи янги асарида “Бобурнома”га типология нуқтаи назаридан ёндошишни асосий мақсад қилиб олган. Муаллиф моҳирлик билан “Бобурнома”даги воқеа-ҳодисалар, шахслар ва уларнинг қисматлари ҳақидаги матнларни ўша замоннинг улуғ адиблари ва тарихчилари Алишер Навоий, Зайниддин Восифий, ўиёсиддин Хондамир, Абдураззоқ Самарқандийнинг китобларидаги маълумотларга қиёсан таҳлил қилган. Айни пайтда муаллифларнинг мавқеи, шахси, иқтидори, эътиқоди, шахсий услуби ҳақида ҳам мушоҳада юритиш пайида бўлган.

Олим асар мундарижасини тузишда илмдаги академизм­га хос йўл тутган: текширишларини аввал форс-тожик ва ўзбек адабиётида ҳақиқий наср ва ёдномалар яратилиш тарихидан бошлаган. Ҳатто насрдаги туркий тилдаги мунозаралар ҳам Ҳ.Қудратуллаев назаридан четда қолмаган. Мунаққиднинг насрий асарларининг жанр ранг-баранглиги хусусидаги мушоҳадалари ҳам диққатга сазовордир. Чунончи, у ёзади: “Шундай қилиб, Хусрав Деҳлавий ва бошқа насрий асарлар муаллифларининг қарашларига асосан, форс-тожик насрий асарлари жанр шаклларининг тўққиз хили қуйидагилардир: афсона, достон, ҳикоят, қисса, мақомот, масал, латифа, тарассул (нома), тарих ва сайр
(тарихий адабиёт)”.

Тадқиқотчи профессор Ҳ.Ҳомидийнинг “Асримизгача насримиз” мақоласига асосланиб форс-тожик ва туркий (ўзбек) адабиётидаги наср намуналари таснифини ҳам келтиради: 1. Ҳикоя, ҳикоят, тамсиллар; 2. Ишқий-саргузашт, ахлоқий-таълимий, қаҳрамонлик руҳидаги қиссалар; 3. Саргузашт-романлар; 4. Тарихий, тарихий-ёднома; 5. Илмий-фалсафий, таълимий мазмундаги насрий асарлар.

Бобуршунос олимнинг Бобур ифода услубига хос тўрт жиҳатни инобатга олгани эътиборга моликдир: “Биринчиси, Бобурнинг атроф-муҳитни теран идрок этиши, мавзу танлаши ва уни ҳар қандай ҳолатда ҳам реал тасвирда бериши; иккинчиси, мавзуни илмий-амалий таҳлилдан ўтказиб, бадиий тарзда ифодалаши; учинчиси, ўзига хос услуб — “ҳар сўзни ростини” битиши; тўртинчиси, юксак маҳоратда ўқувчига етказиш хусусиятидир”. Шу йўсинда у Абдураззоқ Самарқандий, Алишер Навоий, Зайниддин Восифий ва Хондамир услубларининг ўзларига хос ифода тамойилларини мушоҳада этади ва ана шу тасвир усулларида бир шахс ёки бир воқеа тал­қинини тўрт муаллифнинг тўрт китобидаги фактларга қиёслайди. Чунончи, “Бобурнома”да муаллиф юзлаб воқеа-ҳодисалар талқинида ўз шахсини иккинчи, учинчи планга олишга уринса, Восифий “Бадоеъ ул-вақоеъ”да ҳамиша ўзини тасвирнинг биринчи ўринида тутади. Ҳ.Қудратуллаев “Восифий… ўзининг аҳволи, замондошлари, дўстлари ва ошна-суҳбатдошлари ҳақида ҳикоя қилар экан, бирон сўз ва иборани пардали ифодаламайди, барчасини очиқ баён этади. У ҳатто бизнинг замонимиз учун ҳам одобсиз ҳисобланадиган сўз ва ибораларни бемалол асарида ишлатган. Шунинг учун биз “Бадоеъ ул-вақоеъ”да муаллиф давридаги воқеа-ҳодисалар, шахсларнинг тарихий мавқеи­ни очиқ, ёрқин, “яланғоч” ҳолда кўрамиз”, деган устод Садриддин Айний мушоҳадаларини келтиради.

Бобур ва Навоий эса сўз ва иншо маданияти, баён пардалилигига алоҳида аҳамият берганлар. Навоий, Хондамир ва Бобур услубларида баёндаги холислик, босиқлик, воқеа-ҳодисаларнинг давр ва замон учун муҳимлигига асосий эътибор қаратилса, Восифий ўзи ва атрофидагиларга боғлиқ воқеа-ҳодисаларни гоҳ икир-чикиригача, гоҳ саргузаштларнинг фавқулодда авантюристлигигача ёзиб юбораверади. “Алишер Навоий таҳлилида адабиётнинг ижтимоий вазифалари, нозик талаблари биринчи масала бўлиб, адиб ижодига моҳир педагог, мураббий сифатида ёндашади”, деб ёзади Ҳ.Қудратуллаев.

Бобур эса жуда талабчан ва ҳатто қаттиққўл адабиётшунос. Навоий ва Бобурнинг Сайфий Бухорий ва Бадриддин Ҳилолий каби олим ва шоирларга берган баҳоларида умумийлик бор. Ҳар иккови уларнинг Ҳирот адабий муҳитининг таниқли вакиллари, истеъдодли олим ва шоирлигини қайд этишда, айниқса, Ҳилолий ҳофизасининг кучлилиги хусусида якдилдирлар. Аммо уларнинг шахс ва ижодга муносабати турлича: Навоий одоб билан, мураббий сифатида ижобий фазилатлари ҳақида сўз юритса, Бобур кучли таҳлил билан танқидий нуқтаи назардан улар ижодидаги камчиликларини очиб ташлайди.

Ҳ.Қудратуллаев Алишер Навоий, Хондамир, Абдураззоқ Самарқандий, Восифий ва Бобур асарларидаги бадиий тасвир масаласига ҳам тўхталиб, қай бирининг ўта содда, айримининг баландпарвоз “юксак услуб”лари моҳиятини мушоҳада этади. Жумладан, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асаридаги Шоҳрух мирзонинг отдан йиқилиш воқеаси бир бетча ҳажмда ёритилса, Бобур отдан йиқилганини икки сатрда ифодалаганини жуда мароқли қиёслайди. Қуйидаги парча “Бобурнома”даги Ахсидаги жанг лавҳасидан: “Ушбу ҳолатда мен етиб бордим, қилич тегурур маҳалда отимнинг оёғига ўқладилар. Отим букулуб, оёғи­нинг ўртасиға мени урди. Чуст қўпуб бир ўқ оттим”. Бу ҳодисани ҳозирги замон адиби ҳам бир бетда ифодалаши мумкин. Бобур услуби эса сўзга “хасислик”, фикрда аниқликнинг намунасидир.

Тадқиқотчи Бобур насрига хос ҳикматпарастликка ҳам маҳорат кўрсаткичи сифатида қараб, қуйидагидек яхши иқтибосларни келтиради: “Мулкгирликда ва мамлакатдорликта гарчи баъзи ишлар зоҳирда маъқул ва муважжаҳ кўринур, вале ҳар ишнинг зимнида юз минг мулоҳаза вожиб ва лозимдур”; “…агар ота ёмон иш қилғон бўлса, яхши иш билан бадал қилмоқ керак”; “…ҳар кимдин яхши қоида қолғон бўлса, анинг била амал қилмоқ керак”. Ҳ.Қудратуллаев тадқиқда шу даражада синчилик қиладики, Бобур шахсининг турли ёшдаги, турли амалдаги қиёфасини унинг сўзларидаги фарқ билангина эмас, балки муайян воқеа борасида бош­қаларнинг муомала маданияти билан Бобурнинг муомала маданияти ўртасидаги тафовутигача қаламга олади. Сайфи Бухорий исмини Навоий, Хондамир, Восифий ўз китобларида “Мавлоно Сайфи Бухорий” десалар, Бобур “Бобурнома”да  жўнгина “Сайфи Бухорий” деб у ҳақидаги жиддий ва танқидий фикрларини келтираверади: “Яна Сайфий Бухорий эди, филжумла муллолиғи бор эди”. Ёки: 17 яшар Заҳириддин Муҳаммад Самарқандни иккинчи маротаба қўлга киритганида Алишер Навоийдан табрик мактуби олади ва унга ёзган жавоб мактубидаги рубоийсида Навоий номини тилга олишга ийманиб:

Эйким, бори назм аҳлиға

          сен хон янглиғ,

Шеъринг бори шеърларга

          султон янглиғ.

Мазмуни ани хатти саводи ичра

Зулмат аросида оби ҳайвон янглиғ —

дея улуғлаган бўлса, “Бобурнома”да Навоий ҳақида маълумот бераётиб “Мавлоно Алишер Навоий” ёки “Амир Низомиддин Алишер Навоий” сингари Хондамир ифодаларини ишлатмайди, балки “Алишербек назири йўқ киши эрди” дея ёзади.“Бобурнома”нинг 1494 йилги воқеаларида даҳо шоир исм-шарифи бир мартагина “Мир Алишер Навоий” тарзида, 1506 йил воқеаларида бир мартагина “Алишербек Навоий” дейилади, қолган ўн бешдан ортиқ ўринларда “Алишербек” тарзида қайд этилади, холос.

Китобнинг “Бобурнинг портрет яратиш маҳорати” боби ҳам муҳим тад­қиқларга бойдир. Ҳ.Қудратуллаевнинг: “Бобур томонидан яратилган бир минг олти юз нафардан ошиқ кишилар портретининг аҳамиятини уларнинг ҳар бирини диққат билан мутолаа этгандан кейин, муаллифнинг ҳар бир шахс хусусиятини чизишда бошқасига ўхшамаслиги, бетакрор персонажга айланишга интилганини идрок этганда, унинг бадиий маҳоратига яна бир карра тан берамиз” деган хулосасига жўровоз бўлгимиз келади.

Афсуски, яхши ёзилган ушбу бобда Ҳ.Қудратуллаевга хотира панд бериб қўйган кўринади. Китобда шундай сўзларни ўқидик: “Бироқ Бобур Маждиддин салтанат иқтисодини мустаҳкамлагани учун Ҳусайн Бойқаро Навоийни вазифасидан “маъзул” этганини айтади” (164-бет). Биз “Бобурнома”дан бундай жойини тополмадик. Ҳусайн Бойқаро Навоийга нисбатан бундай чора қўлламаган. Монографиядан яна шундай мулоҳазаталаб жойни ўқидик: “1503-1504 йиллар воқеалари. Ҳусайн Бойқаро вафотини эшитиб Кобулдан Ҳиротга йўл олган Бобурнинг йўқлигидан бувиси Шоҳбегимнинг фитнаси билан султон Муқим (Бобургача ­Кобулда салтанат қилган ­темурийзода — Ҳ.Қ.) ва бошқалар ­Кобул салтанатини Муҳаммад Мирзога олиб бериш режасини тузадилар” (57-бет). Биринчидан, 1503 — 1504 йил воқеаларига Ҳусайн Бойқаро вафоти санаси тўғри келмайди. У 1506 йил май ойида вафот этган. Иккинчидан, Кобул исёнига Муқимнинг дахли йўқ. У темурийзода ҳам эмас. Учинчидан, исёндан мақсад тахтни Мирзохонга (Султон Увайс бинни Маҳмуд) олиб бериш бўлган. Муҳаммад Мирзога эмас. Тўртинчидан, исёнчилардан бири Бобурнинг поччаси Муҳаммад Ҳусайн Мирзо бўлган. Айни пайтда “Маънавият” наш­риётига ҳам мумтоз адабиётдан яхши хабардор олим-муҳаррирлар керак экан, деган иддаомиз ҳам йўқ эмас. Мисралардаги айрим сўзларнинг тушиб қолиши, имловий хатоликлар, Чоштўба “Чошбута”, “тамаим” , “тамоил”, Валибек “Валихон” тарзида ёзилгани каби ўнлаб нуқсонларнинг шундай ажойиб тадқиқотда учрагани китобхонга ёқин­қирамайди.

Бироқ, умуман, китоб ҳақидаги хулосамиз ижобий: олим кексайганда илми қаримаслиги, аксинча теранлашувини биз ушбу сермазмун, оҳорли янги фикрларга бой монографиядан кўриб, билиб турибмиз. Бу китоб бобуршунослигимиз илмига қўшилган йирик ва муносиб ҳисса эканлигини қайд этамиз.

 

Ваҳоб РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, халқаро Бобур мукофоти совриндори

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here