Тошкент

Сен бугун чиройли, эрта гўзалроқ,
Кўнглимнинг тўрида юксалган маъво.
Соғинч манзилисан, муҳташам, порлоқ,
Покиза хаёлсан, нурафшон дунё.

Олис овулларда ёшлигин эслаб,
Боболар пойтахтда юрганин сўзлар.
Орзу оғушида болалар тезлаб,
Эртакка айланган шаҳарни кўзлар.

Уммон ортида ҳам, мангу музда ҳам
Ўзбеклар жамолинг кўришар тушда.
Миллат паноҳисан, таянч, ягонам,
Маккадан ҳам қайтар бағрингга қушлар.

Сен бугун чиройли, эртага аъло,
Буюк халқ чулғагай сени зиёга.
Тошкентим, тенги йўқ кентимсан, танҳо,
Биз учун пойтахтсан бутун дунёга!


 

Мўйноқ орзуси

Вақир-вуқур қайнайди қозон,
Пиёла айланар қўлма-қўл.
Ташналиги ортаркан чандон,
Бу даврага суқланади чўл.

Карвон ўтса – чўл узра байрам,
Тўлқин-тўлқин бўлар барханлар.
Суюмлидир босилган қадам,
Чўлнинг кўнгли юмшаган дамлар.

Чўл орзуси – қайнаган қумғон:
Мисли денгиз мавжланаверар.
Кемалардан тизилса карвон,
Сандиқ-сандиқ тўлқинлар келар.

Бағри тўла қушлар, наҳанглар,
Минг товланса денгиз гуллари,
Соҳилида қумлар, харсанглар
Ва гулласа… саксовуллари!


Кутиш

Шамолдан арқон эшиб,
Ташладим сой устига.
Тўлқинлар мавжи жўшиб
Тортқилар қир пастига.

Сувга чиқармикан ёр
Сопол кўза қўлида.
Олам унга интизор
Жўшқин сойнинг бўйида.

Кўринарми гўзал қиз,
Яқиндир висол они.
Соҳилда ўзим ёлғиз
Узун ташлаб арқонни.


Эски уй

Хотиралар яшар бу уйда,
Айлангандай қадимий куйга.

Ўтган кунлар: ташвишли, шодон,
Вақт чанги қоплайди мудом.

Уйга келиб турар хаёллар –
Тез-тез, гоҳо тунаб ҳам қолар.

Энди эртак бўлар бу маъво
Фаришталар кетмаган аммо,

Кўнгил қўмсар бу уйни, зотан
Уй ҳам ватан, дўппидек ватан!

Ҳаётини тўлдириб сирга,
Яшайверар ойдин хотира.

Кимсасиз уй – дилдаги алам,
Файзи кетмас, фариштаси ҳам.


Саҳна

Хуллас, театрга бориш шарт эмас
Аслида ҳаётни билган одамга.
Тун чекинар – парда очилган нафас
Тонгги саҳна пайдо бўлар одимда.

Мана, автобусни кутиш бекати:
Олғирлар уловга чопишар чаққон.
Аммо кимдир – гарчи тамом тоқати,
Автолардан қолиб кетади мудом.

Метрода гўёки мизғиган полвон
Пайқамас қаршида турган кампирни.
Жой бермас, ўйлайсан, балки ногирон
Ва тўғри ўйлайсан ақли қосирни.

Ишхона саҳнаси – эски томоша,
Қайтишда бозорга тушиб ўтасан.
Кўчалар чиройли, юкинг ҳам ўша,
Мармар йўлаклардан жўшиб ўтасан.

Бунда актёрлар ўзларига хос,
Қойиллатиб қўяр вазифасини.
Ҳаёт тақсим қилган ролни жуда мос,
Ёши ҳам феълига қараб ҳар кимни.

Синчиклаб кузатгил томошаларни
Намойиш этилар фақат бир марта.
Балки кўролмассан қайта уларни,
Балки учрамайди улар ҳам қайта.

Йўлда қуёш ботар, тушгандай парда!
Кимлардир ўралиб қолиб қатида,
Уйига шошишар қилишиб зарда,
Қолган гаплар бари парда ортида!


Канглум

Икром Отамуродга

“Канглум,
мендан бошқа киминг бор сенинг!”1
Канглум,
сендан бошқа кимим бор менинг!
Қуёш сари
йўлга чиқайлик саҳар,
Нур етган гўшалар рангини сочар:
Тоғлар ҳайқиради,
саҳролар бўзлар,
Водийлар куйлайди,
тепалар сўзлар.
Излар –
йўлда излар,
бизларни излар,
Бу излар –
дарвишлар айтган соф сўзлар!
Канглум, равшан бўлсанг,
ҳамроҳимиз кўп,
Асли бу дунёда
бегонаси йўқ!
Токи бизга йўлчи юлдуз
қуёшдир,
Ким нурга интилса бизга йўлдошдир…
Биз юраверамиз
кунчиқар томон
Шунда қуёш ботмас,
ботмас ҳеч қачон!

1 И.Отамурод сатри.

ҲУМОЮН

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг