Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейининг асосий вазифаларидан бири хорижий мамлакатлар кутубхона ва қўлёзмалар фондларидаги мумтоз адабиётимизга доир китобларни ўрганиш, улардан кўчирма нусхалар олиб, юртимизга келтиришдан иборат бўлиб келган. Хусусан, музей раҳбари устоз Ҳамид Сулаймоновнинг ташаббуси ва раҳбарлигида Европа мамлакатлари фондларида сақланаётган Навоий асарларининг фан учун ғоятда асқотадиган мўътабар нусхалари келтирилган эди.

1975 йили шу мақсад билан Ҳиндистонга қилинган илмий-археографик сафар ҳам самарали бўлган эди. Ўшанда келтирилган микрофильмлар орасида Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”нинг кўчирма нусхаси ҳам бўлган. Бироқ бу нусха Бобурнинг девони билан бир муқовада сақланаётгани боис эътибордан четда қолиб келаётган экан. Адабиёт музейининг катта илмий ходими Отабек Жўрабоев мазкур девонни ўрганиш чоғида ушбу ҳолатни аниқлаган эди. Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Салоржанг кутубхонасида 18-рақами билан сақланаётган қўлёзма ҳижрий 1180 (милодий 1766 — 1767) йили китобат этилган. Котиби Али Котибий.  Агар шу вақтга қадар манбашуносларимизга “Муҳокамат ул-луғатайн”нинг атиги учта қўлёзма нусхаси маълумлиги назарда тутилса, мазкур топилманинг қиммати ўз-ўзидан аёнлашади. Қолаверса, қўлёзма ўзига хос жиҳатлари, матний хусусиятлари билан эътиборлидир. Ундаги дастлаб кўзга ташланадиган ҳолат матннинг ғайриодатий  йўсинда кўчирилганидир, яъни бир неча сатр диоганал ҳолда, сўнгра одатий тарзда ёки бир саҳифа тўлиқ диоганал кўринишда, нав­батдаги саҳифа бошдан охиригача горизонтал тарзда. Котибнинг қай мақсадда бундай йўл тутганини тушуниш қийин, у бир хилликдан қочган бўлса, эҳтимол. Ҳар қалай, котибнинг ишга эркин ёндашганлиги, ўзининг истак-майлига кўра иш тутгани матндаги яна бир жиҳатдан ҳам маълум бўлади. У баъзи сўз ва иборалар ўрнига уларга маънодош бўлган сўз ёки ибораларни ёзади: “баҳраманд” ўрнига “баҳравар”, “гулистонининг” ўрнида “гулшанининг”, “яна” ўрнига “тақи” каби.

Асарда Навоий турклар каттароқ холни “менг” деб аташлари таъкидланиб, сўнгра бунга мисол тариқасида келтирилган:

Анингким, ол энгинда менг яратти,

Бўйи бирла сочини тенг яратти —

байтидаги “энгинда” сўзини “юзида”га ўзгартириш “мақбул” топилган. Ҳатто “назм силкига кирмайдур” жумласини “назм силкига торт­майдур” қилиб ўзгартиришга “жазм этилган”.

Нусханинг яна бир жиҳати шундаки, ундаги жуда кўп сўз, ибора ҳамда жумлалар остига уларнинг форсий муқобиллари қизил сиёҳда ёзиб қўйилган. Чунончи: “чу оламни яратти маъбуд” жумласидаги “яратти” сўзи остига “пайдо кард”, “Сомни Абул-форс битарлар” жумласидаги “битарлар” тагига “минавишад”, “ул тиллар иборати” жумласи остига “иборати он забонҳо” деб ёзилган. Яна “кўзу қошлари” – чашму абру, “ўз маҳалида” – ба жойи худ, “ўзгаларни” – дигаронро, “чоқин” – барқ, “айтурлар” – мигуйанд, “билмаслар” – намидонанд, деб берилган. Бундай ҳолат муаллиф мисол тариқасида келтирган байтларда ҳам учрайди.

Дарвоқе, мазкур ҳолатни “Муҳокамат ул-луғатайн” билан бир муқовада китобат этилган Бобур девонида ҳам кўрамиз – ҳар бир саҳифадаги назмий матнда кўплаб қизил рангдаги мазмунан муқобил сўз ва иборалар қайд этилган, ҳатто баъзи мисралар остига уларнинг тўлиқ форсча таржимаси берилган. Афтидан, девон бирон-бир форсийзабон мухлис, эҳтимолки, бобурийлар саройининг фарзандларидан бири учун махсус кўчирилган кўринади. Қолаверса, форс тилини камситмаган ҳолда, унга қиёсан турк тилининг салоҳия­ти-ю имкониятлари юқори эканлигини далиллар асосида кўрсатиб берилган “Муҳокамат ул-луғатайн” асарининг девонга илова тариқасида кўчирилиши ҳам тасодифий ҳол бўлмаса керак. Ҳар қалай, қўлёзмани китобат этишдан кўзланган муайян бир мақсад бўлган.

Бу айтаётганларимиз қўлёзманинг муайян нусха сифатида тавсифи ҳамда матнининг таркибий жиҳатлари билан боғлиқ гаплар. Асосий масала эса, мақола аввалида зикр этганимиз, яъни қўлёзма нусханинг фан учун аҳамиятлилиги қай даражада эканлигидадир. Бу борада эса гапни узоқроқдан бошлашга тўғри келади.

“Муҳокамат ул-луғатайн”нинг мамлакатимиз қўлёзмалар хазиналарида биронта ҳам шундай нусхаси мавжуд эмас. Тўғри, ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инс­титути фондида асарнинг 5829-рақамли қўлёзма нусхаси сақланади. Бироқ  мазкур институтнинг кекса илмий ходимларидан бири Абдулла Носировнинг маълумотига кўра, бу нусха институт илмий ходими, малакали хаттот Ибодулла Одилов томонидан “1941 йили Истанбул босмасидан айнан кўчирилган” экан. Кутубхона фондларимизда фақат Истанбул босма нусхаси эмас, балки Париж (1841), Боғчасарой ва 1916 йили Қўқонда маърифатпарвар журналист ва олим Ашурали Зоҳирий чоп эттирган нашрлари ҳам сақланган.

1940 йили П.Шамсиев ва О.Усмонов Париж босмасига таянган ва, шу билан бирга, Истанбул ва Қўқон нашрларидан ёрдамчи нусха сифатида фойдаланган ҳолда ўша вақтдаги жорий лотин графикасида “Муҳокамат ул-луға­тайн”ни нашр эттирганлар. Ноширларнинг мақсади асарнинг муаллиф вариантига яқин матнини яратиш бўлган эса-да, Париж босмасига хос жиддий ва жузъий хато ҳамда камчиликлар мазкур нашрда ҳам акс этган. Мамлакатимизда биринчи бор ўтган асрнинг 60-йилларида амалга оширилган Навоий асарлари тўпламининг ўн тўртинчи жилдига киритилган “Муҳокамат…” матни ана шу муаллифлар нашри асосида тайёрланган ва Париж босмасига хос ўша нуқсонлар ҳам айнан такрорланган. Фақат бугина эмас, улар Навоий асарларининг кейинги кўп томлик тўпламларида яна кўзга ташланади.

Бу ҳолат эса сўзсиз “Муҳокамат ул-луға­тайн”­нинг муаллиф матнига яқин вариантини, яъни илмий-танқидий матнини яратишни тақозо этади. Табиийки, бу иш фақат асарнинг қадимги ҳамда ишончли нусхалари асосидагина амалга оширилади. Қўлёзма нусхалар эса… Муҳтарам устозимиз, марҳум Ҳамид Сулаймонов Навоий асарлари жамланмаси бўлмиш куллиётларнинг дунё фондларида сақланаётган саккизта қўлёзмасининг фотонусхаларини йиғиб, улар устида олиб борган тадқиқотлари натижаси ўлароқ мазкур куллиётларнинг қиёсий жадвалини тузган эди. Ўша жадвалдан маълум бўлишича, мазкур саккизта куллиётнинг атиги учтасининггина таркибида “Муҳокамат ул-луғатайн” асари мавжуд, холос. Бу “камчиллик”нинг сабаби ўз-ўзидан маълум – асар соф илмий асар бўлганлиги боис унга, асосан, илмий қатламгина талабда бўлган. Шунга кўра у кам кўчирилган. Юқоридаги учта нусха ҳам, албатта, куллиёт тузилиши муносабати билангина китобат этилган.

Ўша учта қўлёзманинг биринчиси Навоийнинг ўзи тасниф этган куллиёт таркибидаги нусхадир. 1496 ва 1499 йиллар орасида давомли тарз­да китобат этилган бу қўлёзма 808-рақами билан Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Тўпқопи сарой кутубхонасида сақланади. Иккинчиси Париж Миллий кутубхонасида 316-317-рақамлари билан сақланувчи икки жилдли қўлёзмадир. XVI асрнинг биринчи чорагида кўчирилган бу нусха Истанбул нусхаси билан бир қатор умумий жиҳатларга эга. Шунга кўра у ана шу нусхадан кўчирилган бўлса, эҳтимол ва ниҳоят, учинчи қўлёзма ҳам Туркиянинг иккинчи бир хазинаси – Сулаймония кутубхонасининг Фотиҳ бўлимида 4056-рақами билан сақланади. Қўлёзманинг китобат санаси (XVI аср биринчи ярми) аввалгилариникидан унчалик фарқ қилмаса-да, матнига кўра улардан бир қанча афзалликларга эга. Чунончи, унда жиддий тўлдириш ва таҳририй ўзгартиришлар учрайди. Бир сўз билан айтганда, уни асарнинг қай бир даражада тўлдирилган ва мукаммаллаштирилган кейинги варианти дейиш мумкин. Ҳайдаробод нусхасининг матни ана шу редакцияни беради. Унга Фотих нусхаси манба бўлгани аниқ. Юқорида айтганларимиз – тўлдириш ва таҳририй ўзгартиришлар бу нусхада ҳам айнан намоён бўлади. Бунга мисоллар келтирсак.

Навоий асарда форсийда муқобили бўлмаган юзта туркий тилдаги феълни санаб ўтади, сўнгра  улардан бири, эзилмоқ, қийналмоқ маъносидаги “бўхсамоқ” қўлланган байтни мисол тариқасида келтиради ва ёзади: “Форсийгўй турк беклар ва мирзодалар бўхсамоқни форсий тил била тиласаларки, адо қилғайлар”. Мазмунан дарак маъносидаги мазкур гап Истанбул, Париж қўлёзма нусхаларида ҳамда Париж босма нусхаси ва 1940, 1967 йиллардаги нашрларда шу тарзда битилган ва босилган ва ундан форсий тилда ижод қилувчи турк беклари ва мирзодалари “бўхсамоқ”ни форсий тилда қўлламоқчи бўлсалар, уни адо қила оладилар, деган маъно уқилади. Бу эса Навоий айтмоқчи бўлган гапга зиддир. Шунинг учун бўлса керак, йигирма жилдликнинг ўн олтинчи жилдидан ўрин олган “Муҳокамат ул-луғатайн” матнида гапга “не” сўроқ олмоши киритилган ва шу билан сўроқ гапи ҳосил қилингандек бўлган: “Форсигўй турк беклар ва мирзодалар бўхсамоқни не форсий тил била тиласаларки, адо қилғойлар?”.

Энди сўз бораётган гапни Ҳайдаробод нусхасидан ўқиймиз: “Форсийгўй турк беклари ва мирзодалар бўхсамоқни форсий тил била тиласаларки, адо қилғайлар, ойо, не навъ қила олғайлар?”.

Бунда энди маънони уқиш қийин эмас: форсий тилда ижод қилувчи турк беклари ва мирзодалари истасаларки, “бўхсамоқ”ни форсий тилда қўлласалар. Ажабки, буни қандай қила олгайлар?

Асарда ичиш ва таомланиш билан боғлиқ атамалар устида ҳам сўз боради. Ўша қисм Истанбул ва Париж қўлёзма нусхаларида, барча нашрларда қуйидагича кўчирилган ва босилган: “Яна ғизо ва ҳар таомки, еса бўлур, егулик дерлар ва сорт (форс) элининг кўпи, балки барчаси емакни ҳам ва ичмакни ҳам “хўрдани” лафзи била адо қилурлар”.

Шу парчани Ҳайдаробод нусхасидан ўқиймиз: “Яна ғизо ва ҳар таомки, еса бўлур, егулик дерлар ва сув ичмак ва ҳар ниманики ичса бўлғайё ичкулик дерлар ва сорт аҳлининг кўпи, балки барчаси емакни ҳам ва ичмакни ҳам “хўрдани” лафзи била адо қилурлар”.

Бу келтирганларимиз, асосан, Истанбул қўлёзма нусхаси котиби ғайриихтиёрий равишда тушириб қолдирган гап ва жумлалардир. Яна шундай ўринлар ҳам борки, уларда муаллиф ўзининг фикрларини далилловчи мисоллар давомидан қўшимча тарзда янги мисоллар киритган.

Бу каби тузатилган ва тўлдирилган ўринлар нусхада талайгина. Шунга кўра айтиш мумкинки, “Муҳокамат ул-луғатайн”нинг Ҳайдаробод нусхаси асарнинг илмий-танқидий матнини яратишда ишончли манба бўла олади.

               

Юсуф ТУРСУНОВ,

ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи катта илмий ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг