“Алишер Навоий” спектакли саҳналаштирилганининг 75 йиллигига

Атоқли санъаткор Зикир Муҳаммаджонов хотираларидан 

Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” пьесаси авжи уруш йилларида ўқилгани эсимда. Пьесани шоир Уйғун уч соатга яқин ўқиди. Сўнгра Маннон Уйғур бошчилигида муҳокама бошланди. Сўзга чиққанлар театрбоп асар бўлибди, дейишди.

Алишер Навоий ролини Аброр Ҳидоятов ижро этсин, асарни Маннон Уйғур саҳналаштира олади, деган таклиф бўлди. Албатта, муҳокама вақтида танқидий мулоҳазалар ҳам айтилди. Ҳусайн Бойқаро билан Алишер Навоий ўртасидаги дўстлик ўз даражасига етмабди, асарда айни шу дўстлик туфайли Темурийлар авлодининг маданиятга муносабатини тўла-тўкис акс эттириш мумкин, деган фикр билдирилди. Пьесадаги Алишер Навоий билан Гули ўртасидаги муҳаббат лавҳалари ҳақида турлича фикрлар айтилди. Шунда Воҳид Зоҳидов: “Мен бу асарда Навоий билан Гули ўртасидаги муҳаббат кўрсатилишига тарафдорман… Шунча ғазаллар ёзган зот ўзи муҳаббатдан холи бўлмаса керак”, деганида залда ўтирганлар уни якдил қўлладилар.

Маннон Уйғур асар устида иш бошлар экан, кўпроқ Ҳусайн Бойқаро билан Навоий ўртасидаги муносабатни юмшатишга ҳаракат қиларди. Навоий ролида Аброр Ҳидоятов, Ҳусайн Бойқаро ролида эса Шукур Бурҳонов эди. Хуллас, улар Навоий ва Бойқаро, аввало, инсон, қолаверса, улуғ дўст эканлигини эътиборга олиш лозим, дейишди. Халқимиз асарни шунинг учун ҳам севиб томоша қилганини унутмаслигимиз керак.

Бу спектаклда ҳатто энг кичик ролга ҳам истеъдодли артистлар жалб этилганди. Сарой қизиқчиси Абдулвосе ролини ижро этган Миршоҳид Мироқилов фақат кулгили қилиқлари билан эмас, балки томошабинларни фикран кулдира оладиган саҳналар яратганди. Ҳатто кичик лав­ҳалар ҳам режиссёр, актёр ва драматургнинг бевосита маслаҳати туфайли юзага келган эди.

Аброр Ҳидоятов билан Шукур Бурҳонов ўз ролларини ниҳоятда моҳирлик билан ижро этишди. Асардаги фожеали лавҳаларни фақат ана шу икки актёр даражасидаги баркамол артистларгина юзага чиқара оларди. Зотан, севгилисининг ҳарамда бўлиши, унгача укаси Дарвишалининг ҳибсга олиниб, уста Жалолиддиннинг ўлдирилиши, ариқ қазиш ишларининг тўхтатилиши, бунинг устига Мажидиддиндек маккорнинг тирик қолиши каби воқеаларни фақат Аброр Ҳидоятовдек зўр актёргина кўрсата олиши мумкин эди.

Ҳусайн Бойқаро роли ижрочиси Шукур Бурҳонов ўзининг машҳур роллари билан томошабинлар орасида катта шуҳрат қозонган актёр эди. Тилимизда “суюкли” деган сўз бор. Шукур Бурҳоновга хос суюклилик фазилати Ҳусайн Бойқаро образига залда ўтирганларнинг муҳаббатини ошириб юборганди. Зеро, охирги саҳнада, набираси Мўмин Мирзо қатли ҳукмига қўл қўйиб юборган Бойқаронинг ҳўнграб йиғлаши қанчалар жонли, ҳаётий чиққанди. Томошабин унга кўшилишиб йиғлаганди…

Спектакль давомида шундай мусиқа оҳанглари янграб турардики, бу албатта, актёрларимизнинг илҳомига илҳом қўшарди. Асарга ўша йиллардаёқ машҳур бўлган композитор Мутаваккил Бурҳонов мусиқа ёзиб берган эди. Ҳақиқатан ҳам, мусиқа ўша замон муҳитини тўла тасаввур этиш имкониятини берганди. Айниқса, мумтоз куйлар Ҳусайн Бойқаро саройида Мўмин мирзо ўлими муносабати билан бошланган мотамда маҳзун жаранглаб, унга мақомнинг энг юқори пардаларидаги ашулалар жўр бўлиб турарди. Астробод саҳнаси асарда алоҳида аҳамиятга молик эди. Чунки бу саҳна Алишер Навоийнинг ҳарамда заҳар ичиб, ҳаётдан кўз юмган Гулини эслашидан бошланади. Ана шу саҳнада Алишер Навоийнинг:

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,

Не ажаб чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур –

мисралари билан бошланувчи ашулани хонанда Берта Давидова бутун саҳна давомида куйлаб турарди. Хонанда ашулани ўзи ҳам воқеалардан таъсирланиб айтганига гувоҳ бўлганмиз. Берта Давидова ҳатто асар саҳнада ўйналмаган кунларда: “Спектаклни соғиндим, ўша воқеалар юрагимнинг энг тубидан ўрин олган. Шу боис, “Ўн саккиз ёшиндадур” ашуласини ҳар сафар севиб айт­гим келади”, деганди. Назаримда, ҳар бир санъаткор ўз ролини жони-дили билан ижод қилган. Рассом С.Миленин деярли барча саҳналарнинг жонли, табиий чиқиши учун жон куйдирган эди…     

Ўша йиллари Театр жамияти қошида спектакл­ларимиз учун кийим тикиб берадиган чеварлар ишларди. Алишер Навоий ролида чиқадиган артистга кийимни бир мўйсафид тикиб бериши лозим эди. Аброр Ҳидоятов кийим бичтиришга борганида, устанинг бетоблигини айтишади. Санъаткор устани кўргани уйига боради. У иситмаси баландлигига қарамай, Аброр Ҳидоятовни кўриши биланоқ ўрнидан туришга ҳаракат қилади. Аммо артистимиз “қўзғалманг”, дея ўзи бориб кўришади. Уста Алишер Навоий роли учун кийим тикишни аллақачон ният қилгани туфайли эртасигаёқ кийим тикиш цехига боради.  Шу жараёнда саломатлиги тикланган уста: «Мен Алишер Навоийга кийим тикиб, у кишига бўлган ҳурматим ва дилимдаги садоқатимдан бўлса керакки, соғайдим», деган экан.

“Алишер Навоий” спектаклининг муваффақиятини, аввало, режиссёр Маннон Уйғур таъмин этганди. У асар моҳиятидан келиб чиқиб, «Халқ ва Навоий» мавзусини биринчи планга олиб чиққанди. Биргина охирги кўринишда халқнинг Алишер Навоийни кутиб олиши турлича машқ қилиб кўрилган. Охири, Маннон Уйғур Алишер Навоий саройдан аста-секин орқа томонга қараб узун поёндоз солинган йўл бўйлаб саройдан узоқлашиб, халққа томон юрган саҳнани танлаб, Ҳазрат ҳеч қачон халқдан узилмайди, деган фикрни маъқуллаган эди.

Оммавий саҳналарни ишлашда халқ­нинг кучи, ғайрати ва Навоийга муҳаббати ҳар бир лавҳада алоҳида кўзга ташланиб турарди. Бу саҳналарда иштирок этадиган ҳар бир актёрга алоҳида эътибор берилган: кийиниши, юриш-туриши, бир-бирига муносабати, хатти-ҳаракатлари режиссёр кўригидан ўтган. Спектаклнинг оммавий саҳналарига талабалар танланган. Режиссёр улар билан ойлаб машқ қилгани эсимда. Навоий яшаган давр урф-одатлари дарс тариқасида ўтилган эди…

Спектакль тайёр бўлгач, уни биринчи бўлиб навоийшунослар ва театршунослар кўришди ва, асосан, маъқуллашди. Энг хавотирлиси, давлат раҳбарлари кўригидан ўтказиш эди. Яқин бир ой деярли ҳар куни спектакль турли ташкилотларга кўрсатилар, лекин ҳеч ким “Халққа кўрсатинглар” деб буйруқ беришга журъат этолмасди. Ахийри, ўша вақтдаги биринчи котибга кўрсатадиган бўлдик. У киши спектаклни диққат билан кўриб, охирида олимлару партия ходимларини бир хонага йиғиб, ҳар бирининг таассуротини эшитди, ва ниҳоят: “Халққа кўрсатинглар, қани “Алишер Навоий” спектаклини қандай қабул қилишларига қараб асарнинг келгуси тақдирини белгилаймиз”, деб айтди. Театр маъмурияти дарҳол икки кун мобайнида олийгоҳ талабалари ва ўқитувчиларни таклиф этишга қарор қилди. Талабалар ва ўқитувчилар спектаклни гулдурос қарсаклар билан қарши олдилар. Хуллас, “Алишер Навоий”  театр репертуарига киритилди.

Ўтган давр мобайнида бу асарнинг бир неча янги ижрочилари, янгича талқинлари пайдо бўлди, албатта. Алишер Навоий ролини ижро этганлар орасида томошабинларимизга маъқул бўлган, энг кўп саҳнага чиққан актёр Олим Хўжаев эди. Спектаклнинг 700-марта ижро этилишини Тожикистонда, Душанбе шаҳридаги Лоҳутий номидаги театр­да нишонлаган эдик. Ана шу спектаклда Навоий ролида Олим Хўжаев, Жомий ролида Тожикистон халқ артисти Гурминч Завқибеков чиқишганди. Ўтган йиллар мобайнида Навоий ва Гули муҳаббатини янги ижрочилар янгича ижро этишга уринишди. Қолаверса, саҳна безаклари даврга мос янги техника воситалари кўмагида бажарилди. Бу саҳна кўринишларининг ҳам ўзича жозибаси бор…

Хулоса шуки, ўша даврда улуғ Навоий ҳақида шундай саҳна асари яратилгани улкан воқеа эди. Мана, бугун музлар эриб, тиниқ сувлар оқа бошлади. Бугун ўша даврда айтилган, лекин саҳнага олиб чиқишнинг иложи бўлмаган яхши фикрлар ўз ижобатини топишига имкон яралди. Дарҳақиқат, эндиликда Алишер Навоий ҳақида чинакам, янада шарқона саҳна асарларни яратиш мумкин бўлар.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг