- МУҲИМ ХАБАРЛАР, Назм ва наср

“Қалам сўзнинг соясини чизади” (2019 йил, 6 сон)

“Тундаликлар”дан

*  Китоб – бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани.

*  Бу танқидчи мисли жарроҳдек: аввал жиндек мақтов билан ухлатиб, кейин операция қилади.

*  Ёзувчи саёз жойда чўкади.

*  Биз Союзда бир қўлёзмани икки йил қидирдик. Муаллифнинг тазйиқи билан нечаларга ҳайфсан эълон қилинди, ёзишмаларимиз икки жилд бўлиб ётибди. Икки йилдан кейин мўъжиза юз берди: “дурдона”лар топилди. Ўқидик. Мана, улардан бири:

Ҳуснингни жамоли зор этди,

Ҳар кеча кўзимни хумор этди,

Ишқинг юрагимни тор-мор этди,

Кўз ёшимни сувомбор этди.

*  Ўзингникигина эмас, ўзгаларнинг нодонлиги ҳам ёзишга халақит беради.

*  Талант ҳақида куюниб гапирганларнинг ҳаммаси ҳам талантли бўлавермайди. Чунки ҳеч ким ўзини талантсизман деб ўйламайди.

*  Тошнинг бардоши зўр.

*  Лаганбардор бошлиқнинг эриш нуқтасини билади.

*  Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.

*  Кичкина бир аҳмоқдан қўрқинг (масалан, у “қизил” тугмачани босиб юбориши мумкин).

*  Танқидчи ёш адибни қимматбаҳо фикрларининг олтин ёмбиси билан уриб майиб қилди.

*  Шоир бўлиш яхши, шоирлик даъво қилиш ёмон.

*  Икки маҳбус қамоқхона панжарасидан таш­­қарига қараб тураркан, бири ахлат уюмини кўрибди, бири – юлдузларни…

*  Даҳолар ўз касблари доирасидан чиқиб кетадилар. Фалончи – шоир, фалончи – олим, аммо Навоий – Навоийдир, Эйнштейн – Эйнштейн.

*  Милтиқ ҳар отганда ўзи сесканиб ор­қага тисарилади.

*  Олма нега қизаради? Балки, Одам Атонинг Момо Ҳаво қулоғига шивирлаган гапларини эслаётгандир?..

*  Қалам сўзнинг соясини чизади.

*  Ўзбек халқининг номини Ўзбекхон исми билан боғлашади. Ўзбекхон ўзи қаердан келиб чиққан? Менимча, бу сўзнинг (демак, халқ номининг ҳам) тарихи анча узоқ. 721 йилда туркий қабилаларнинг қурултойи бўлган. Шунда Билга хоқон ўз нутқини бундай сўзлар билан бошлайди: “Эй, турк ўғиз беклари!” “Ўғиз” у вақтда “қабила” маъносида ишлатилган. Демак, “Ўғиз беги” – қабила бошлиғи деган сўз. Ўғиз беклари замонида элнинг анча имтиёзли бир қатлами бўлган. Ўзбеклар туркийларнинг ана шу қатламига мансуб табақадан келиб чиққан, деган фаразим бор.

*  Сонет – шеъриятнинг олифта камзули.

*  Асал – уруғликдир, гўшт – қотиллик, сут – бузоқнинг ҳақи… Ё Оллоҳ, гуноҳларимиздан кечармикансан?!

*  Тун шафақнинг тасмасини кесди…

*  Бойликни бойлик қилган – ўзимиз. Агар унга бунчалик сиғинмасак, у бир тийинга арзимас эди.

*  – Танқидга қалайсиз? – деб сўради мухбир.

– Фақат қоғоз гул ёмғирдан қўрқади, — деб жавоб берди адиб.

– Сизга театр ёқадими киноми? – деди мухбир.

– Сизга одам ёқадими ё унинг сояси? – деди адиб.

– …Баъзи одамлар бўладики, ўзидан соя­си тузук, — деб ҳaзил қилди мухбир ҳам.

Кулдилар.

*  Ҳар хил экстрасенсу азайимхонларнинг айби йўқ: улар алдангиси келганларни алдайди.

*  Илгари мен абстракт санъатни тушунмас ва ҳазм қилолмас эдим. Инсон самога учиб, космос даври бошлангач, бу санъатга қизиқиб қолдим. Абстракт санъат Космос образининг эстетик ибтидоси бўлсамикин?

*  Туркий “Искандарнома”нинг муаллифи Тожиддин Аҳмадий (XIV аср) Амир Темур билан кўришгандан кейин Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарини турк тилига таржима қилган экан. Бу – Соҳибқирон сиймосига яна бир чизги.

*  Рассом қўлида палитра. Гўё учмоқчи-ю, лекин қаноти биттагина.

*  Оҳангдорлиги билангина эмас, мазмунан ҳам қофиядош сўзлар кўп: тош-дош, оҳанг-жаранг, замон-ёмон…

*  Авваллари яшаш учун ёздим, энди ёзиш учун яшамоқдаман.

*  Бой бўлиш учун кўп нарсани қурбон қилиш керак: ҳаловат, саломатлик, гоҳо балки виждонни ҳам… Йўқ, меним бунга қурбим келмайди, мен унчалик бадавлат эмасман.

*  Ҳаёт шундай ажойиб мўъжизаки, ўлим унинг эвазига берилган арзимас бождир.

*  Юрак қони билан ёзган одам узун ёзолмайди.

*  Мумтоз бадиий образлар кўп қаватли, яъни чуқурроқ ўйлаганингиз сари янги-янги маънолар касб этгувчи бўлади. Рассом Рембрандтнинг “Гумроҳ ўғилнинг қайтиб келиши” деган асарини биласиз, албатта. Тағин бир эсланг… Бир қарашда, бу – шахсий тақдир: уйдан қочган бола экан, эсини йиғиб олгач, отасининг олдига қайтиб келибди, ўз уйим – ўлан тўшагим-да, дейсиз. Яна бир ўйлаб қарасангиз, жами инсон болаларининг қисмати шундай: ёшлигида кўп уринади, адашади, хатолар қилади, тавбасига таянади, қуйилади, “от айланиб қозиғини топади”да, тинчийди. Яна чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз, бу – халқлар тақдирига ҳам хос. Мана, биз. Инқилоблар қилдик, қонлар тўкдик, кишилик қонунларини буздик, шариатга қарши бордик. Пешонамиз тақ этиб деворга текканда жон тинчлиги – иймон эсимизга тушди. Қуйила бошладик, ўзлигимизни топгандаймиз. Аслимизга (уйимизга) қайтмоқдамиз…

*  Қовоқари – чўғ, тегиб бўлмайди.

*  Истеъдодсиз шуҳратпараст жуда тубан ва шафқатсиз бўлади.

*  Таржимондан аниқлик талаб қилманг. У чизмакаш эмас, рассом!

*  Кимнингдир ёзганига офарин, кимнингдир ёзмагани учун раҳмат.

*  Рус ерларини талаб пайҳон қилган, бош чаноқларидан тоғлар ясаган… Ё Раб! Бу сиймони авлодлар қулоғига қуйилган бундай туҳматлардан мосуво қилиш, аслига қайтариш учун тарихимиз саҳифаларига тез-тез кўз солишимиз керак эмасми?!

Мана, шу саҳифалардан бири:

“Амир Темур Кама дарёсини кечиб, Маласда тўхтади… Навкарлари қирғоқдаги овулларга жойлашдилар. Кун совуқ, қор қалин, йўллар лой, юриш мушкул эди.

Зай дарёсининг қуйи оқими Байрашхон тасарруфида эди. Темур шу хонга мактуб йўллади, яъни қорли-қировли кунларни шу ерда ўтказсам, деб.

Байрашхон жавоб қилдики, “Султон Амир Темур, бош устига, биз хизматингизга доим шаймиз. Тангри ризқимизни берса, сиз жанобга жону молимиз қурбон”.

Байрашхон дарё ёқасидаги тепаликда бир қаср солдира бошлаган эди. Шу тайёр бўлгач, Амир Темурни таклиф қилди. Ўзининг хос соқ­­­чи­лари қуршовида келган меҳмонни хон асъаса билан кутиб олди.

– Содиқ қулингиз сиз учун ушбу қаср­ни иншон этдим, кўнгилларига хуш келса, марҳабо, қабул қилғайлар.

Амирга қаср жуда ёқди. Байрашхонга хазинасидан мўл-кўл совға ва сарпо буюрди. Шу ерда қишлаб қолди. Бухородан келиб қазо қилган уламо Мулла Ҳофиз қабрини зиёрат қилди. Минзала водийсининг беги Мустафохон саройида меҳмон бўлди. Қорлар кетганда йўлга отланди. Байрашхон уни Ийқ дарёси бўйига, Туғошхон мулкигача кузатиб қўйди. Амир Темур Самарқанд сари йўл олди”. (Ҳисомиддин Булғорий (XVI аср). “Таворихи Бул­ғор” асаридан).

*  Талант диалектик моҳиятини очади; ўртамиёналик эклектика даражасида қолади.

*  “Мен камтарман” деган одамни камтар экан деб ўйламанг.

*  Ҳар бир Шахс – мустаснодир.

*  У адабий баҳс ва муҳокамаларга сара фикрларини қимматбаҳо тақинчоқлардай тақиб, кўз-кўз қилгани келарди.

* Ёлғон ўзи унча хавфли эмас, унинг ҳақиқатга ўхшаб кетиши хавфли.

*  Табиат – яхшилик ва гўзалликнинг бевосита ифодаси.

*  Бир қолипдаги (типовой) иморатлар, бир қолипдаги шаҳарлар худди шундай бир қолипдаги одамлар ва бир қолипдаги фикр­ловчиларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради.

*  Деҳқон меҳнати – ҳаётнинг илоҳий ақидаси.

*  Унинг шоир бўлиши учун фақат бирорта камчилик етишмасди.

*  Одамлар сени билмаса ҳам, сен одамларни бил.

*  Фақат классика мунозарасиз қабул қилинади. Биз эса классик эмасмиз. Бизнинг асарларимиз қаршиликка учраши, баҳс қўзғаши керак.

*  Францияда, Виши шаҳри яқинида Лапалисс деган жанобнинг қабри бор. У ҳаётлигида ҳаммага маълум ҳақиқатларни гапириб одамларни безор қилиш билан машҳур бўлган экан. Қабр тошига шундай деб ёзибдилар: “Вафотидан бир дақиқа олдин тирик эди”.Баъзи бировларга шундай эпитафия таклиф қиламан: “Вафотидан анча олдин ўлган эди”.

*  Бир эсипаст гавҳарни денгизга улоқтиради, кейин уни мингта доно излаб топа олмайди.

*  Қадимда бир донишманд айтган экан: “Мен вақтнинг нима эканини биламан. Аммо “Вақт нима?” деб сўрасалар, айтолмайман”.
Назаримда, шеърият ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. У бениҳоя, у битмас-туганмас. У ўзи рад этган одамгина уни рад этади.

*  У ўз сўзига ўзи хўжайин: бугун беради, эртасига қайтиб олади.

*  Аҳмоқ аҳмоқлигини билмай ўлиб кетади, чунки буни ҳеч ким унинг юзига айтмайди.

*  Қурумсоқ тежамкорга исрофгардан бегонароқдир.

*  Эрталаб туриб нималарни кўраман? Ана кўзгу – ёруғлик ва кристалларнинг сирли ўйини… Қаердадир тутун уйғониб, қўли билан шамол келган томонни кўрсатяпти…
Дунё катта, мўъжизаларга чулғанган: чинорларнинг мардлиги, гулларнинг архитектураси… Ўсимликларда ижодкор шарбат ёғду бос­қич­ларидан кўтарилади, ерга яшиллик пуркайди.

– Ҳой танобчи ариқлар! Тоққа неча чақирим қолди? Улар нима қиляпти?
– Осмон тубида қорамтир биқинларини ювяпти!

*  Шоир учун асосий иш – кўнгил кўзи билан кўриш; қоғозга тушириш эса – касб.

*  Вақт инсон ҳукмида эмас. У – Оллоҳнинг мулки. Шунинг учун судхўрлик (қарз бериб, фоизи эвазига кун кўриш) ҳаромдир. Зеро, суд­хўр вақтни (ўзига тегишли бўлмаган нарсани) сотади.

Асқад МУХТОР

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan