Навоийшунослик Алишер Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган яна бир қўлёзма билан бойиди. Шоир ихлосмандлари томонидан 1481 йили оққўюнлилар ҳукмдори Султон Яъқуб учун кўчирилган шеърлар мажмуаси мавжудлиги аниқланди.

Алишер Навоий қаламига мансуб қуйидаги байт ҳаммамизга маълум:

 

Олибмен таҳти фармонимға осон,

Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Хуросон демаким, Шерозу Табрез

Ки, қилмишдур найи килким шакаррез.

Айни байтда Навоий фахр билан қайд этгани — асарлари довруғи Шерозу Табризгача етиб боргани шунчаки гап эмаслиги 2012 йили ўз тасдиғини топган эди. Ўшанда 1471 йили Оққўюнлилар салтанати маркази — Шерозда, Халил Султон саройида кўчирилган Алишер Навоийнинг “Оққўюнли мухлислар девони” навоийшуносликка маълум қилинди. Навоийнинг ижод кўлами муносабати билан Шерозни ёд этиши асосли эканлиги исботини топди. Навоий юқоридаги шеърида бежиз “Шерозу Табриз”ни тилга олмаган. 1480 — 1481 йил Табриз томонларда кўчирилган Алишер Навоий шеърларига эга яна бир тўплам аниқланди. Мазкур тўпламда Навоийнинг бир неча шеъри бўлиб, у Оққўюнлилар ҳукмдори Султон Яъқуб буюртмаси бўйича тузилган. Бу ҳукмдор 1478–1490 йиллари сулола тахтида ҳукм сурган. Табриз шаҳри эса узоқ вақт мобайнида Оққўюнлилар пойтахти бўлиб келган.

Қўлёзма сўнгида котиб шундай деб ёзган: “Тамм ал-интихоб биъавни малик ул-ваххоб ъала яд ил-ъабд уз-заъийф ал-муҳтож ила роҳматиллаҳил-ғаний Абдурраҳим ал-Яъқубий саттароллоҳу ую убаҳу ва ғафароллоҳу зунубаҳу, санаи хамсу ва саманийн ва самон миа бил-хaйри”. Яъни: бу сайланма малик ва ваҳҳоб бўлган Аллоҳнинг изни ила Бой парвардигорининг раҳматига мухтож ва ожиз банда Абдурраҳим ал-Яъқубийнинг қўли билан (Аллоҳ хатоларини бекитиб, гуноҳларини мағфират қилсин), 885 ҳижрий санада, яхшилик билан тамомланди.

Алишер Навоий шеърлари кирган мазкур тўпламни шартли тарзда “Султон Яъқуб сайланмаси” деб аташ мумкин. Нега? Гап шундаки, у тайёрланган вақтда айни ҳукмдор тахт­да ўтирганди ва Абдураҳим Хоразмий ўзи кўчирган қўлёзмаларда “Яъқубий” тахаллусини қўлларди. Абдураҳим Хоразмий 1471 йили Навоийнинг “Оққўюнли мухлислар девони”ни, тахминларга кўра, Шерозда кўчирган. 1471–1478 йиллари Оққўюнлилар сулоласи ҳукмдори Узун Ҳасаннинг (1453–1478) ўғли Халил Шероз шаҳрига ҳокимлик қилган ва отаси ўлимидан кейин 1478 йили олти ой мобайнида Табризда тахтда ўтирган. Шу йили укаси Султон Яъқуб уни ўлдириб, ҳокимиятни эгаллайди. Шундан кейин Абдураҳим Хоразмий Султон Яъқубга  яқинлашади. Авваллари у шеър ёзганида Анисий тахаллусини қўллаган, қўлёзмаларда эса ўзини Абдураҳим Хоразмий деб кўрсатиб келган бўлса, кейинчалик ҳукмдорига садоқат ва яқинлик ифодаси сифатида қўлёзмаларни Абдураҳим ал-Яъқубий номи остида кўчира бошлаган. “Султон Яъқуб сайланмаси”да ҳам у ўзини шу ном билан атаган. Демак, қўлёзма Султон Яъқуб ҳомийлиги остида юзага келган. Умуман олганда, Султон Яъқуб эски ўзбек тилидаги адабиётга қизиққан. Унинг буюртмасига кўра Ҳайдар Хоразмийнинг “Махзан ул-асрор” асари 883 йили 25 жумод ул-аввал(милодий 1478 йил 24 август)да кўчирилган.

Шу ўринда икки оғиз Алишер Навоий ва Султон Яъқуб муносабатлари ҳақида. Навоий Султон Яъқуб билан дўстона муносабатда бўлган. «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида Султон Яъқуб ҳақида маълумот бериб, уни мақтайди ҳамда форс тилидаги шеърларини асарининг еттинчи мажлисида келтиради: “Яъқуб Мирзо – туркман салотинида анингдек писандида зотлиғ ва ҳамида сифотлиғ йигит оз бўлғай. Дарвешсифат ва фонийваш эрди. Бу рубоий анингдурким:

Оламки, дар у сабот кам мебинам,

Дар ҳар тарабаш ҳазор ғам мебинам,

Чун кўҳна работестки, аз ҳар тарафаш

Роҳе ба биёбони адам мебинам”.

Ҳусайн Бойқаро даври маданий муҳитининг машҳур тарихчиси ўиёсиддин Хондамир (1475–1536) ўзининг “Ҳабиб ус-сияр” (1524 йили ёзиб тугалланган) асарида Навоий ва Султон Яъқубга алоқадор воқеани эсга олади: бир куни Навоий Султон Яъқубга Абдураҳмон Жомий куллиётини юборишга қарор қилибди. Жомийнинг китоби муқовасини бош­қа унга ўхшаши билан адаштирган кутубхоначи элчига бошқа китобни топширибди. Бу элчи ўзининг олимлиги билан мақтанмоқчи бўлган экан. Султон Яъқуб элчидан: “Йўлда зерикмадингизми”, деб сўраганида, у зерикишга ўрин қолдирмаганини — Навоий томонидан Султонга совға сифатида юборилган Жомий асарларини йўлда мутолаа қилиб келганини айтибди. Султон Яъқуб бу китобни кўришни истабди. Шунда элчи ўзи билан бошқа китобни келтиргани маълум бўлибди. Бу айби туфайли элчи Навоий назаридан четда қолибди.

Демак, Навоийнинг бевосита Оққуюнли ҳукм­дор Султон Яъқуб билан муносабатлари яхши бўлган. “Султон Яъқуб сайланмаси” — Оққуюнли ҳукмдорнинг Алишер Навоийга ва унинг ижодига ихлоси баланд эканидан далолатдир.

Хўш, “Султон Яъқуб сайланмаси” таркиби қандай? Аввало шуни таъкидлаш керакки, бизнинг қўлимизда мазкур тўплам қўлёзмасининг атиги беш саҳифаси бор. Гап шундаки, айни мажмуа хорижда шахсий кутубхонада сақланади ва унинг тўлиқ таркиби тўғрисида маълумотга эга эмасмиз. Билганимиз, қўлёзма антиқа буюмлар савдоси билан шуғулланувчи Сотбис аукционида сотилган ва ўшанда 12 варақдан иборат бўлган. Бизга бундан-да камроғи маълум – кичик қўлёзмадан олти саҳифасининг нусхасини қўлга киритишга муваффақ бўла олдик, холос. Унда турли ҳажмда ўнта шеърий парча келтирилган ва уларнинг ҳаммаси ҳам тўлиқ эмас. Мана шу парчаларга қараб фикр юритишга тўғри келди.

 Энди “Султон Яъқуб сайланмаси” аниқланиши муносабати билан Навоий  девонларининг яратилган даври аниқлилигига доир масалани чуқурроқ ўрганиш имкони яратилади.

Маълумки, оққўюнлилар даврида адабий асарлар  ўғуз туркчаси ва форсий тилда битилган. Шу боис, мазкур сайланмада Навоий шеърларидаги айрим сўзлар айнан ўғуз лаҳжасига ўгирилгани (масалан: топқасен — допасен, учун — ичун, бўлурмен — ўлурам), айрим сўзлар ҳатто бутунлай бошқасига алмаштирилганини (масалан: янглиғ — нисбат, эмас — дагил, ийнак — ишта) кўриш мумкин. Ёдингизда бўлса, “Оққўюнли мухлислар девони”да ҳам шундай ўғузлаштириш унсурлари мавжуд эди. Икки шеърий мажмуани ҳам бир шахс – Абдураҳим Хоразмий-Яъқубий кўчирганини ҳисобга олсак, бу тушунарли ҳодиса ва айни пайтда ўрганиладиган алоҳида мавзу.

“Оққўюнли мухлислар девони” ҳамда “Султон Яъқуб сайланмаси” айнан бир киши – Абдурраҳим Хоразмий-Анисий-Яъқубий томонидан 10 йиллик даврий тафовут билан кўчирилган. Афтидан, бу хаттот “Султон Яъқуб сайланмаси”да “Оққўюнли мухлислар девони” матнидан фойдаланиб, ундаги ўзига манзур бўлган байтлардан тўплам яратган бўлиши ҳам мумкин.

Шу ўринда 1508 йили Навоийнинг шахсий котиби Абдулжамил томонидан тартиб берилган “Туҳфат ус-салотин” (“Султонларнинг туҳфаси”) номли тўпламни эслаш ўринли. Матншунос олим Порсо Шамсиев маълумотига кўра, мазкур тўпламни яратишда Абдулжамил сайланма асарлар ёки терма девонлар тузишдан кўра анча мураккаброқ вазифани бажарган: Навоий ғазалларини кўчириб, улардаги шоҳбайтларни танлаб олиб, тўплам тузган. “Султон Яъқуб сайланмаси” ҳам айни ҳукмдор учун Навоий шеърларидан танлаб олинган ва шоир яшаган давр – XV асрга хос шоҳбайтлар мажмуаси сифатида аҳамиятли.

“Султон Яъқуб сайланмаси”нинг  қўлимиздаги нусхасига асосланадиган бўлсак, ундаги шеърларнинг барчаси “Хазойин ул-маоний”нинг бизга яхши маълум бўлган Тошкент наш­рида учрайди. Афсуски, қўлёзманинг барча саҳифалари қўлимизда мавжуд эмас, шу сабабдан бу ҳақда узил-кесил фикр билдиришга имконимиз йўқ. Нима бўлганда ҳам, мазкур қўлёзма Алишер Навоийнинг тириклик пайтида кўчирилган нодир манба сифатида навоийшунослик учун қадрлидир. Қуйида бизнинг қўлимизга етиб келган қўлёзма саҳифаларидан ўрин олган Навоий қаламига мансуб шеър­ларни келтирамиз.

               

Афтондил ЭРКИНОВ,

                филология фанлари доктори,

                Рустам ЖАББОРОВ,

                тадқиқотчи

Парчалар

***

Чун тикандин айру эрмаз дойимо гул яфроғи,

Не учун олур кафи пойин кўзум мужгонидин?

***

Ким эмас ошиқ сенга, солсанг мени кўздин вале,

Ошиқеким содиқ ўла, ман кими кам допасен,

Эй насиҳатгў, Навоий яхшидур деб истадинг,

Билмадингким, буйла бир расвойи олам  допасен.

***

Юз бало ҳар дам допар ҳижрон бу маҳзун жон ичун, 

Тенгри гўёким яратмиштур мени ҳижрон ичун.

***

Сенсизин, эй умр, бир соат манга жон ўлмасун,

Сен  бўлу  бас, тўбию фирдавсу ризвон ўлмасун.

Сўйламишсен, куйдурум бир доғ ила кўнглин анинг,

Ҳар нечук доғ ўлса ўлсун, доғи ҳижрон ўлмасун.

***

Қошиға қилғач сужуд, ўлтурди ул кофир мени,

Ҳеч мусулмон ёри, ё раб, номусулмон бўлмасун.

 

***

Бир хабар вер, эй сабо, сарви равонимдин маним,

Ким куяр жон лолатак доғи ниҳонимдин маним.

Ҳар насимеким келур ул соридин, сўрунг хабар

Кўнгул отлиғ бир заифи               нотавонимдин маним.

Ногаҳон фикр айласамким, не кишидин айрумен,

Мен билурам не кечар ул лаҳза жонимдин маним.

Эй Навоий, мақталимдин бош чихаран лолалар,

Доғи кўнглумдин манимдур, ранги қонимдин маним.

***

Новакинг кўнглум аро санда дею пайванд ичун,

Кўз қораси обнўсу қон ёшим ўлмиш бақам.

***

Ишқ ила ўлдум масал савдо била афсона ҳам,

Шукр яна ким,  яна ошиқмену девона ҳам.

То унутди ошнолиғ душман  ул бегонаваш,

Ошно йиғлар менинг ҳолим кўруб, бегона ҳам.

Халқа  меҳринг бор, бузуқ кўнглумға ҳам бир зарра боқ,

Ким гунашнинг  тобидин маҳрум эмас вайрона ҳам.

***

Эй Навоий, гар сўзунгни ёр эшитмаз айб эмас,

Дурдуғи илан қулохдур ҳеч эшитмаз панд гул.

 

***

Гард эмас гирдинда, балким кўрмасун деб эл кўзи

Волаву саргашта жони хоксоримдур маним.

Маркабининг наълидин ҳар дам чохилғон ўд эмас,

Ким кўнгул одлу  заифи беқароримдур маним.

***

Висол ичра юзин кўргач, ажаб йўх шодлиғ ашким,

Баҳор айёмида кун чихса ҳам ёғмур ёғар гоҳи.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг