Қалб соҳилларида (2019 йил, 5 сон)

282

Инсон руҳиятининг нозик қатламларини саҳнада кўрсатиш осон эмас. Бундай асарларни саҳналаштириш учун режиссёрдан ўткир дид, актёрдан  ноёб қобилият талаб этилади. Эҳтиросу ҳиссиётларга қурилган томоша эса ҳар қандай мухлисни бефарқ қолдирмайди. Яқинда Ўзбекистон давлат Сатира театрида премьераси бўлган “Қалбим соҳили” спектакли фикримизга бир далилдир.

Атоқли қирғиз адиби ва драматурги Мар Байжиевнинг “Дуэль” номли новелласи асосидаги ушбу спектаклни театрнинг ёш режиссёри Жўрабек Рўзметов саҳналаштирди. Ўз вақтида мазкур асар ҳозирги Ўзбекистон давлат драма театрида режиссёр Эргаш Масафоев талқинида саҳнага қўйилган, бош қаҳрамонларни гавдалантирган таниқли актёрлар Тўғон Режаметов ва Ширин Азизованинг ижролари театр ихлосмандларини ҳаяжонга сол­ганди.

Асарда инсон ботинини анг­лаш, бахт ва бахтсизлик, севги ва нафрат сингари азалий тушунчалар соҳилдаги уч қаҳрамон кечмиши, дарду изтироблари орқали очиб берилади. Бу уч қаҳрамонни тақдир турфа қисматларга дучор этган, уларнинг феъл-атвори, мақсад-муддаоси, ҳаётий тутумлари ҳам турлича. Айни шу уч хил оламнинг бир нуқтада кесишуви, эрк ва виждон, инсоний муносабатлар қаршисидаги танлови спектаклнинг асосини белгилаб беради.

Режиссёр дастлабки саҳнада барча саҳна компонентларидан фойдаланиб, ўзига хос лирик, ҳис-ҳаяжонга бой, гўзал колорит яратишга ҳаракат қилади. Мўъжазгина саҳна қамишзорни эслатувчи декорация билан қопланган, соҳил муҳитини берувчи чағалайлар чуғур-чуғури, денгиз чайқалиши, ўртада чирсиллаб турган гулхан ва кимсасиз учта ўриндиқ. Бирин-кетин асар қаҳрамонлари пайдо бўлади.

Нози – гўзал ва латофатли аёл. Бироқ тақдирнинг аччиқ ёзиқлари, турфа қийноқларини кўравериб дийдаси қотган, турмушнинг не-не ситамларига дош бериб, алал-оқибат мулзам қиёфага кирган аёл. Ҳаёт шафқатсизликлари Нозининг нигоҳларини тийрак, қарашларини ўткир қилиб қўйган. Шу боис зоҳирий гўзаллиги, ҳусну малоҳатидан наф йўқ, фақат ягона илинжи – ёлғиз қолмаслик,  у шундан ҳайиқади, сукунат қўйнида изсиз йўқолишдан чўчийди. Ана шу қўрқув сабаб оилали эркакка илакишиб қолади, у билан соҳил бўйида дам олиб, ўткинчи туйғулардан таскин топиб юраверади.

Нози – мураккаб образ, феълу атвори, характерини гавдалантириш, руҳиятининг нозик қирраларини илғаш осон эмас. Спектаклда мазкур образни актриса Ҳуснора Рўзметова талқин этди. Актриса режиссёр ёндашуви ва кўрсатмаларидан келиб чиқиб, қаҳрамонининг ботиний дунёси, дарду аламларини ифодалашга интилади. Унинг эҳтирос қоришган монологлари, маъноли сукутлари, ҳамкорлари билан мулоқотлари, гоҳо қувноқ, гоҳи ҳазин кулгилари томоша бадииятини оширади. Азиз билан ҳамроз тутинганида Нозининг соф муҳаббати, тоза ва беғубор туйғулари намоён бўлса, Искандар билан суҳбати асносида ўтмишининг аламли хотиралари, дардли лавҳалари кўз ўнгидан ўтади. Ҳ.Рўзметова ҳар икки ҳолат учун ҳам муносиб ижро услубини шакллантирган, энг муҳими, пьесада актрисанинг ижодий имкониятларини очадиган, маҳорати ва потенциалини юзага чиқарадиган бой материал мавжуд. Аммо образ динамикасини сақлаш, ҳиссиётларни мақсадли йўналтириш борасида актрисага бироз тажриба етишмаётгандек кўринди.

Азиз ёруғ дунёда ўз ҳақиқатини излаган, доимо эзгу ғоялар, олижаноб туйғулар ила ҳаёт кечирган, иродали ва жасоратли қаҳрамон. Актёр Жаҳонгир Қўчқоров образнинг айни шу жиҳатларига урғу беради, софдил, дилкаш, ўзгалар учун жонини фидо қилишга тайёр инсон қиёфасини гавдалантиради. Ж.Қўчқоровнинг психологик талқини, ҳиссиётни мушоҳадага бўйсундириши, эмоционал ҳароратни реалис­тик бўёқларда ифодалаши эътиборга лойиқ.

Актёр Бобур Айтбагамбетов гавдалантирган Искандар турли шафқатсизликларни кўравериб худбин қиёфага кирган, ҳаётни фақат қора рангларда тасаввур қилувчи одам. Унинг яшашдан мақсади фақат пул орттириш, кайфу сафо. Тоза туйғулар, инсоний фазилатлар унга бегона. Назаримизда, муаллиф ва режиссёр талқинича, Искандарнинг шу кўйга тушишига тубанлашиб бораётган жамият айбдор.

Мар Байжиев пьесани “Дуэль” деб номлаган.  Дуэль – у икки кишининг тўқнашуви, росмана жанги, бинобарин, унда учинчи одамга ўрин йўқ. Асарда ҳам шундай: Нози ва Азизнинг покиза муҳаббати қаршисида Искандардек тубан кимсалар ортиқча. Лекин бахтга қарши бу икки кўнгил муҳиблари бирга бўлолмайди, вақт ҳукми уларни бир-биридан ажратади…

Таъкидлаш жоизки, режиссёр “Қалбим соҳили” спектакли билан театрнинг ижодий йўналиши, актёрларнинг ижро услубини бирмунча ўзгартирган. Аслида “Дуэль” – Сатира театрининг услуби, ижодий лабораториясига тўла мос тушадиган асар эмас. Ҳатто дунёнинг унча-мунча театрлари ҳам бу пьесага мурожаат қилавермайди.  Бунинг асосий сабаби, юқорида қайд этганимиздек, асарнинг инсон руҳияти, ботиний олами билан боғлиқлиги, сюжетнинг ҳис-кечинмаларга бойлиги ва диалогларнинг эмоционал кучи билан изоҳланади. Одатда бундай асарларни саҳналаштириш  режиссёр, айниқса, актёрлардан катта руҳий ва жисмоний қувват талаб қилади. Ж.Рўзметовнинг ёш актёрлар билан шундай мураккаб асарни саҳнага олиб чиққани эътиборга лойиқ.

Бироқ спектаклда диққатни тортадиган баъзи жиҳатлар мавжуд.  Аввало, “Дуэл”даги чуқур дард, изтироб, руҳий эврилишлар тўла англанмаган чоғи. Негадир, спектаклда айни хусусиятлар ташқи ифодавийликка қурилгандек (овоз, мусиқа, реквизитлар), матн жозибаси юзаки талқин қилингандек таассурот уйғонади.

Яна бир мулоҳаза шуки, актёрларда ҳиссиётни жиловлаш, назорат қилиш кўникмасига эҳтиёж сезилмоқда. Сабаби,  томошанинг бадиий яхлитлиги, умумий темпо-ритми сусайиб, воқеалар тадрижида тарқоқлик юзага келаётир. Фикримизча, ушбу нуқсонларни бартараф этиш учун режиссёр спектакль устидаги изланишларини давом эттириши лозим.

Мухтасар айтганда, театрнинг “Дуэль” асарини саҳналаштириши жамоа репертуарининг шаклланиши ва ёш актёрларнинг маҳорати ошишида муҳим вазифани бажарган. Ўз вақтида миллий театримиз солномасидан мустаҳкам ўрин эгаллаган мазкур асар Сатира театри ҳаётида ҳам янги саҳифа очишига ишонамиз.

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ,

Санъатшунослик институти таянч докторанти

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг